Камҳаракатлилик – бепуштликка сабаб

0

Соғлом ва аҳил оилада соғлом бола туғилади. Бу, ўз навбатида, ҳаёт абадийлиги ва авлодлар бардавомлигини таъминлайди. Дунёда ҳеч қандай бойлик билан инсон саломатлигини ўлчаб бўлмайди.

Хасталикларнинг олди олиниши, ўз вақтида аниқланиб, тўғри ташхис қўйилиши, самарали даво чоралари қўлланилиши ҳам оилавий бахт тўкис бўлишига олиб келади.

— Ҳар бир инсон оила қуриб, бахтли ҳаёт кечиришни истайди. Эр-хотин ўртасидаги аҳиллик, меҳр, бир-бирини тўғри тушуниш, ўзаро ишонч оила аталмиш қўрғонни мустаҳкамлайди. Агар ота-онани икки қирғоққа қиёсласак, фарзанд уларни боғлаб турувчи кўприк десак, муболаға бўлмайди. Шу боис фарзандсиз оилалар ўта мураккаб, тиббий, ижтимоий-демографик муаммо ҳисобланади, — дейди 1-шаҳар клиник шифохонаси урология маркази урологи, тиббиёт фанлари номзоди Баҳодир РАҲМАТУЛЛАЕВ. — Бепуштликка 40-50 фоиз ҳолатда эр-хотиндан бирининг репродуктив тизимидаги ўзгаришлар, 25-30 фоиз ҳолатда эр-хотин ҳар иккаласининг репродуктив тизимларидаги нуқсонлар сабаб бўлади. 8-10 фоиз ҳолатда эса бепуштлик сабабини аниқлаб бўлмайди, бу репродуктив тизимга таъсир кўрсатадиган омилларнинг ранг-баранглиги билан изоҳланади.

Эркак бепуштлиги хасталиги бирламчи ёки иккиламчи бўлиши мумкин. Бирламчи бепуштликда турмуш ўртоғида бирон марта ҳам ҳомиладорлик кузатилмайди. Иккиламчи бепуштлик эса фарзандлари бор, аммо қайта фарзанд кўриш имкони бўлмаётган ҳолатдир. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бепуштликка қандли диабет, асаб, сил, простата бези яллиғланиши, юқори нафас йўллари касалликлари ҳам сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Баъзи беморларда жарроҳлик муолажаларидан кейин бола кўриш хусусияти вақтинча камаяди.

Варикоцеле вена қон томирларининг патологик кенгайиши бўлиб, унинг оқибатида бепуштлик пайдо бўлади. Ушбу хасталик сабаб 50 фоиз эркакларда патологик ўзгаришлар рўй беради. Бу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида қондаги тестостерон миқдори аниқланади.

Эркаклар бепуштлигини даволашда ички аъзолар кўриги, лаборатор, МАР-тест, гормонлар текшируви (ФСГ, пролактин, тестостерон, ЛГ), қон таҳлили муҳим ҳисобланади. Зарурат бўлганда, яна қўшимча текширувлар ўтказилади.

Шу ўринда, ҳозирги замон эркакларининг энг катта камчилиги кам ҳаракатланиш эканини алоҳида айтиб ўтмоқчиман. Биринчи навбатда, соғлом бўлиш учун ҳар бир эркак кунига 30-40 дақиқа жисмоний тарбия билан шуғулланиши шарт. Серҳаракат, жисмоний машғулотлар билан шуғулланадиган ва кам ҳаракат кишилар организмида катта тафовут бор. Масалан, биргина мисолни олайлик: доимий ҳаракатда юрадиган эркакларда эркаклик гормон миқдори кўплиги аниқланган, кам ҳаракатларда эса бунинг акси.

Асабий-руҳий зўриқиш, ҳаётий фаолият омилларининг инсон танасига таъсири, сув, ҳаво ва заминнинг ифлосланиши, озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги турли қўшимчалар, синтетик дори воситаларидан фойдаланиш, одатий турмуш мароми жуда тез ўзгариши каби жиҳатлар ҳам эркакларнинг репродуктив тизимига салбий таъсир кўрсатади. Юқори ҳароратда симоб, кадмий ва бошқа оғир металлар, гербицид сингари кимёвий воситалар билан узоқ ишлаш, чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиш бир қатор хасталикларни келтириб чиқаради.

Кашандаликнинг зарари ҳам бунга мисол бўлади. Бу зарарли одат жинсий аъзоларда қон айланишига салбий таъсир кўрсатади. Кашандалик оқибатида тухумларнинг озиқланиши ёмонлашади, уруғдон йўллари мушаклари заифлашади, сперманинг уруғлаш қобилияти сусаяди, уруғ ишлаб берувчи тўқималар фаолияти бузилади, чунки никотин заҳарли таъсир кўрсатади. Шу ўринда айтиш жоизки, никотин қон томирларини торайтириб, қон босимини ошириш хусусиятига эга. Бунинг натижасида юрак мускуллари ишдан чиқади. Бу ҳол тез-тез такрорланаверса, юрак инфаркти, стенокардия (юрак хуружи) каби касалликлар юзага келиши мумкин. Тамаки мия ҳужайраларига ҳам салбий таъсир кўрсатиб, чекувчида уйқусизлик ва бош оғриғини келтириб чиқаради. Оқибатда асаб тизими фаолияти бузилади.

Спиртли ичимликлар эса жигар фаолиятига салбий таъсир этиб, эркакнинг жинсий ҳаётини издан чиқаради. Асаб тизими ва ички аъзолар фаолиятининг бузилиши ҳамда ўзгариши ҳар қандай миқдордаги алкоголли ичимликни истеъмол қилиш билан намоён бўлади. Ароқни кам-камдан ичиб кўриш оқибатида касаллик аломатлари кузатилади, яъни у кишида мазкур ичимликка ружу қўйишни келтириб чиқаради. Бу ҳол эса айнан алкоголизмнинг гиёҳванд моддаларга ўрганиб қолишга ўхшаш кўриниши ҳамда туридир. Бунинг ҳар қандай ҳолатида марказий асаб тизимидаги моддалар алмашинуви жараёни бузилади. Алкоголнинг эркак соғлиғига билвосита ҳам таъсир кўрсатиши исботланган. Жумладан, қонда тестостерон миқдори камаяди. Сперматогенез бузилиш даражаси эса истеъмол қилинаётган алкоголь миқдорига мутаносиб. Кунига 80-160 грамм ёки ундан кўпроқ спиртли ичимлик истеъмол қилган эркакларнинг фақат 21-37 фоизида меъёрдаги сперматогонез сақланади. Бундай кишиларнинг 54-74 фоизида эса сперматогонез қисман ёки тўлиқ бузилади.

Насл қолдириш хусусияти соғлом организм кўзгуси ҳисобланади. Агар сиз соғлом турмуш тарзини олиб борсангиз, тўғри овқатланиш тартибига риоя қилсангиз, организмингизда туғма анатомик аномалиялар аниқланмаса, уруғдон яллиғланиш касалликлари, уларнинг травмалари кузатилмаган бўлса, сизнинг бахтли ота бўлишга имкониятингиз юқори бўлади.

Хулоса қилиб айтганда, эркаклик бепуштлиги қанчалик даражада муаммолигига қарамасдан, ўз вақтида шифокорга мурожаат қилинган ҳолатларда ижобий кўрсаткичларга эришиш мумкин.

«Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here