ҚАРОҚЧИ-26…

0

 

* * *

Самолёт ҳавога парвоз қилганданоқ Ниғмат юраги сиқила бошлаганини ҳис этди. Негадир кўз ўнгида Майсаранинг қайноқ истараси, шўх-шодон сўзлашлари, гоҳо ер чизганча уялинқираб туришлари қайта-қайта гавдаланаверди. Уни ҳар эслаганда асабий лаб тишлайверди, нималардир дея телбанамо шивирлаб, қимир-қимир қилаверди.

Ниғмат шу аҳволда ўзга юртга етиб келди. Аммо унга ҳурмат кўрсатишлари, илиқ муносабатлар, мулозаматлар кўзига кўринмади. Қовоғини уйганча тўппа-тўғри Юранинг квартирасига етиб келди ва олиб келганларга ташаккур изҳор этиб шоша-пиша зиналардан юқорига кўтарилди. Нияти битта эди. Бугуноқ Юрага асл ниятини айтади, масалани кўндаланг қўяди, қалбини очади. Бусиз бўлмайди…

Эшикка яқинлашиб келди-ю, Ниғмат таққа тўхтади. Сездики, Юра уйда ёлғиз эмас. Ўйлаганидек, шу заҳоти ичкаридан аёл ишининг қувноқ кулгиси қулоғига чалинди. У нима қилишни билмай бирпас эшик олдида гарангсиб турди. Ортга қайтмоқчи бўлди. Бироқ айтмоқчи бўлган гапларини яна ичга ютишни хоҳламади. Ниғмат подъездда ўтириб, Юра бўшашини кутишга қарор қилди ва зина тутқичига суянди.

«Қалбим, — дея сўз қотди хаёлан. — Қачон етамиз мақсадимизга? Бировларнинг кетмонини чопиш, қош-қовоғига қараш жонга тегди-ку! Қачон зўрлар зўрига айланамиз? Йўл кўрсатсанг-чи мундай! Нега жимсан? Ё тилдан қолганмисан?»

— Сен ҳозироқ ўрнингдан тур, — овоз берди қалби Ниғматга жавобан. — Юрага гапириб ўтирганингдан фойда йўқ. Сени ажойиб, лекин хавфли саргузаштлар, учрашувлар кутмоқда. Ана шу учрашув ҳаётингни буткул ўзгартириши мумкин. Аммо Тимофей Афанасьевичдан ҳам юз ўгирма. У келажакда жуда асқотади. Керакли одамлардан юз ўгириб бўлмайди. Тураверма қотиб! Юра ҳали-вери бўшамайди. Керак бўлганингда ўзи сени қидириб топади. Қўзғал! Олдинга бос! Акс ҳолда кеч бўлади!..

Ниғмат бу ундовдан беихтиёр жонланди ва даст ўрнидан туриб пастга чопди…

* * *

Шаҳарни қаҳратон заҳри ҳийла тарк этган, юзга илиқ шабада уриларди. Одамлар ҳам аввалгидек қалин кийимларга ўралиб олишмабди.

Ниғмат негадир шу тобда шаҳарда пиёда сайр қилишни ихтиёр этди. Такси тўхтатишга хоҳиши бўлмади. Кўчанинг бир четидан шошилмасдан кетаверди. Бир-биридан гўзал дўконларни, биноларни томоша қилди. Хаёлан шуларнинг барчаси ўзиникига айланишини, ҳеч бўлмаганда итоат этишларини орзулади.

«Мен албатта шу мақсадимга етаман, — кўнглидан ўтказди пештоқларига шарқона нақшлар чизилган ресторан ёнидан ўтаётиб. — Мана шу ҳуснини кўз-кўз қилиб турган ресторан, дўконлар, бағрига одам сиғмас бозорлар фақат меники бўлади. Шу ниятимга етмасам, одам эмасман!..»

Бир маҳал орқадан қоп-қора, узун хориж машинаси ўқдек учиб келди-да, Ниғматнинг олдини тўсган ҳолда тўхтади. Тормоз чийиллаши атрофни тутди. Машина тўхташи билан эшиклари очилиб, тўрт нафар барваста йигитлар қўлларида тўппончалар тутганча тушиб Ниғматни ўраб олди. Сўнгра машинанинг нариги орқа эшиги очилди ва у томон жуда ва жуда таниш кимса шошилмасдан юриб кела бошлади. Ниғмат уни кўрди-ю, кўзларига ишонмади. Гарчи қалби жиддий хавфни сезиб Ниғматни бирор кескин ҳаракат содир этишини талаб қилса-да, атайин пинагини бузмади. Соли аканинг гапиражак гапини кутди. Ўзини ўраб турган босқинчиларга ҳам алоҳида қаршилик кўрсатмади. Ниҳоят, Соли ака, ўша яқин ўтмишда уни уйига олиб кетган, ҳовлисига мурда кўмиб юборишдан-да тийилмаган, зўрларнинг зўри унга яқин келди. Кўзидан қора кўзойнакни аста ечиб олиб Ниғматга сирли тикилиш қилган кўйи бир неча ўн сония жим туриб қолди.

— Қара-я, кимларни учратдим, — деди Соли ака қўл остидаги барзангиларга бир-бир кўз қисиб. — Укахоним, ҳамшаҳарим шундай катта шаҳарда йўқолиб қолдимикан, ёмонларнинг қўлига тушдимикан деб кечалари ухлолмай чиқардим. Хайрият, тирик, омон экан. Хўш, ҳамшаҳар, қалайсан? Касал-пасал бўлмаганмидинг ишқилиб? Ё ажиналаринг адаштириб кетишдими?..

Ниғмат Соли аканинг кинояларини аллақачон илғаган, шу сабабли жаҳдини аранг босиб турарди. Сўнгги саволи вужудини музлатиб юборди.

— Ажина сизмас адаштириб, — тилга кирди лаб тишлаб. — Сиздақалардан худо асрасин!

— Шунақами? Яхши гап бўлди, жуда яхши гап бўлди! Майли, катта кўчада тортишмайлик! Уйда гаплашамиз. Хўш, укам, ўз оёғингминан чиқасанми машинага, ё манави акаларинг кўтариб ўтқазиб қўйишсинми?

— Ўз оёғимдан қўймасин! — деди Ниғмат совуққонлик билан. — Ҳали оёқдан қолмадим, ака!

— Хўп, юр унда! Меҳмоним бўласан!..

Ниғматнинг тақдирга тан беришдан бўлак иложи йўқ эди. Машина томон юриб бораркан, қалбига мурожаат этди.

«Нима бўлади энди? Наҳотки, шунинг қўлида ўлиб кетсам?..»

Қалби жавоб бермади. Худди тошга айланган муз каби қилт этмади. Юраги баттар аламга тўлган Ниғмат пешонасига бир муштлаб қўйди-ю, машинага ўтирди.

* * *

Кутилганидек, Соли ака меҳмондорчиликни бошқачароқ бошлади. Ниғматни барзангилар судраклаганча ертўлага олиб тушишди. Сал ўтмай, ўзгача виқор билан Соли аканинг ўзи ҳам ертўлага тушиб келди ва шошилмасдан бориб тўрдаги оромкурсига ўзини ташлади-да, қаршисида мағрур боқиб турган Ниғматга совуқ назар ташлади.

— Хўш, ҳамшаҳар, бизнинг кошонага хуш кепсан! — деди бир неча сониялик сукутдан сўнг Соли ака Ниғматга еб қўйгудек ўқрайиб. — Нега индамайсан? Адашмасам, йигитларим ҳали оғзингга толқон солиб қўйишмади-ёв!

— Кучлари етармикан толқон солишга? — дея Соли акага нафрат аралаш боқди Ниғмат. — Балки кучларини синаб кўришар?

— Вей, ҳезимкаш, — ўрнидан туриб Ниғматнинг иягига қўл чўзди Соли ака. Аммо негадир шу заҳоти қўлини тортиб олди-да, қайтадан жойига ўтирди. — Сен нима иш қилиб юрганингни биласанми? Ментларга хизмат қилишни ким қўйибди сенга, аблаҳ? Ё мени — ҳамшаҳарингни сотиб бермоқчимисан-а? Майли, Валерани тутиб берибсан, маладес! Лекин сендақалардан ҳамма нарсани кутса бўлади. Хўш, гапир, сотасанми мениям?

— Сизнинг паймонангиз тўлиб бўлган, — тилга кирди Ниғмат ижирғаниб. — Мен-ку, сотмасман, лекин аллақачон жар ёқасига келиб қолгансиз, ака. Мени қўйиб юборинг, акс ҳолда ўзингизга ёмон бўлади!..

— Вей, итдан тарқаган, ҳароми! Ҳув томорқага кўмилган мурдаданам хабардоридинг-а? Ўшанинг ёнидан жой олгинг келяптими? Намунча осмондан келмасанг? Мен аҳмоқ ҳамшаҳарим экан, бегона юртларда хор бўлмасин деб бағримга олибман-а! Ғирт ҳароми экансан-ку сен, ит!..

— Сизга охирги марта айтаман, — бошини баландроқ кўтариб сўз қотди Ниғмат. — Кейин пушаймон бўлиб юрманг, ака! Мени қўйворинг! Бекордан бекорга ушлаб турманг бу ерда!

— Ур буни, Талъат! — кутилмаганда буюрди Соли ака орқароқда турган барзангига юзланиб. — Бир пўстагини қоқиб қўй-чи! Ажабмас эси кириб қолса! Шундай ургинки, қайтиб ҳаётда сотқинлик қилмайдиган бўлсин!..

Барзанги эгнидаги курткани ечди-да, бир четга ирғитиб Ниғматнинг қаршисига келди.

Шу маҳал зина тарафдан дупур-дупур оёқ товушлари эшитилди. Кўз очиб юмгунча ичкарига юзларига ниқоб тутган қуролли йигитлар бостириб кирди. Уларнинг ўн чоғлиси ертўланинг ҳар ер ҳар ерига турди-да, қуролни Соли ака ва барзангилар томонга ўқталди. Ушбу ҳаракат жуда қисқа муддатда, юқори тезликда амалга оширилгани боис Соли ака ўтирган ерида бақрайганча қолиб кетганди.

— Бостириб кирганларнинг яна беш нафари улар томон чопиб келди-да, Ниғматдан бошқа ҳаммани юзтубан полга ётишга мажбур этди. Ниғмат эса қалбан бу ишлардан хабардор бўлгани учунми, сира ҳайратланмас, қур-қур икки қўли билан бўйнини қучганча ётган Соли акага аламли нигоҳ ташлаб оларди.

Ертўлага энди Тимофей Афанасьевич кириб келди. У тўғри Ниғмат томон юриб келиб, елкасига қоқди.

— Баракалла, — деди Соли акага ишора қилиб. — Яна бир бўрини қопқонга тушириб бердингиз. Шу бўри жа хавфлиларидан эди. Мана, худога шукр уям қўлимизда! Ука, сиз сира хижолат тортмай, ташқарига чиқинг-да, менинг машинамга ўтиринг! Узоқ кутдирмайман! Буларни олиб чиқайлик, кейин жўнаймиз!

Ниғмат қўлини кўксига қўйганча Тимофей Афанасьевичга миннатдорчилик изҳор этиб, ташқарига йўл олди.

* * *

Машина уларни шаҳар бўйлаб умуман номаълум тарафга олиб кетди. Ниғмат кўнгли сезиб турса-да, атайин Тимофей Афанасьевичга юзланиб сўради:

— Қаерга кетяпмиз? Тинчликми?

— Тинчлик, тинчлик, — жавоб қилди подполковник қовоқ уйиб. — Сизга сюрпризим бор, ука!

Шунинг билан суҳбат барҳам топди. Ниғмат ортиқча саволга эрк беришни лозим топмай, сукутга толганча машина ойнасидан ташқарини томоша қилди, ора-сирада Майсарани ёдга олди. Унинг ёрқин чеҳраси, қайрилма қошлари кўз олдидан яшин каби ўтиб-ўтиб қўйди. Сўнгги шеърини эслаб, чуқур хўрсинди. Сўнгра Маъмуранинг тўйи эсига тушди. Уни келинлик либосида Баҳром киссавурнинг ёнида тасаввур этди. Дарров ижирғаниб, қўлларини мушт қилди. Бир кунмас бир кун киссавурдан ўч олишни кўнглига тугди.

Бу орада машина кўп қаватли уйлардан бири рўпарасига келиб тўхтади.

Подполковник Ниғматга бирпас кулимсираган кўйи қараб турди-да, ташқарини кўрсатди.

— Қани, укам, етиб келдик, туша қолайлик энди!

Ниғмат аста машина эшигини очиб пастга тушди.

— Юринг, — деди рўпарадаги подъездга ишора қилиб подполковник. — Тезроқ кирайлик ичкарига! Вақт жуда зиқ!..

Уни жиҳозланган, ораста квартирага бошлаб киришди. Подполковник кирганлари заҳоти сумкасидан қандайдир ҳужжатларни чиқариб олди-да, стол устига қўйди.

— Олдин манави ҳужжатларга имзо қўясиз, — деди у Ниғматга. — Қўяверинг, хавфлимас!..

Ниғмат бир сўз демай, ҳужжатларга имзо чекди. Шундан кейин подполковник унинг қўлига квартира ҳужжатлари ва калитини узатди.

— Энди шу квартира сизники, — деди ёнидагиларга жилмайиб. — Бундан буёғига керак бўлсангиз, худди шу ерга келамиз.

— Меники? — олдиндан ҳаммасини сезиб улгурганига қарамай, ясама ҳайратланиш қилди Ниғмат. — Нимага?

— Ҳалол хизматларингиз учун ташкилотимиз сизга тақдим этди квартирани. Ҳали бу ҳаммасимас. Майда харажатлар учун пул ҳам ҳозирлаб қўйилган. Пулларни кассадан оласиз. Хўш, хурсандмисиз?..

Ниғмат жавоб бериш ўрнига квартирани айланиб томоша қила бошлади. Учта хона, бир-биридан бежирим жиҳозлар, деворга ўрнатилган каттакон, замонавий телевизор, бўйи ўзи тенги музлаткич, ёзда совитадиган, қишда иситадиган совиткич… Буларнинг барчаси Ниғматга ҳақиқий бахтдек туюлиб кетди. Аммо қувончини атрофдагиларга сездирмади. Ўта босиқлик билан юриб келиб подполковникка жилмайиб боқди.

— Ташаккур, Тимофей Афанасьевич! — деди паст овозда. — Арзимас хизматимни шунчалик юқори баҳолайсиз деб ўйламовдим. Раҳмат!..

— Энди ётиб дам олсангизам бўлади, — деди подполковник. — Биз қайтамиз. Ҳали анави босқинчилар билан шуғулланишимиз зарур бўлади. Фақат бир шартимиз бор. Кўнглингизга оғир олмайсизми?

— Йўқ албатта, — Ниғмат хиёл бош эгиб жавоб қилди. — Ўлибманми кўнглимга оғир олиб? Айтаверинг!

— Бизнинг рухсатимизсиз шаҳардан ташқарига чиқмай турасиз. Топшириқ чиқди дегунча дарҳол одам жўнатаман.

— Тайёрман! Тушундим.

— Эртага машина келади. Сизни ташкилотга олиб боради. Кассадан иш ҳақингизни оласиз. Кейин яна ўша машина сизни қайтариб олиб келиб қўяди.

— Яхши, ҳаммаси учун яна бир марта раҳмат, Тимофей Афанасьевич!

— Хўп, унда ҳозирча хайр! Яхши дам олинг!..

Улар чиқиб кетишгач, Ниғмат бир керишиб олди-да, балконга чиқиб деразаларни очиб юборди. Шу заҳоти юзига ёқимли шабада урилди.

* * *

Ниғмат ярим тунгача ухлай олмади. У шундай каттакон шаҳарда шахсий квартираси борлигига ҳануз ишонгиси келмас, ора-сирада ҳужжатларни қўлига олиб текшириб кўрарди. Ҳақиқатан квартира ўз номида эканини кўргач, азбаройи севинганидан сакраб-сакраб ўйнагиси келарди…

— Биз уларга ҳеч нарса демаймиз, — сўзлана бошлади ёта-ёта уйқуга кетавермагач, даст ўрнидан туриб Ниғмат. — Мақсадимизни ҳеч бирига айтмаймиз. Аксинча ими-жимида иш тутамиз. Худога шукр, йиртқич бўриларнинг иккаласиям қопқонга тушди. Энди шаҳар буткул тинчиб қолгани аниқ. Эртагаёқ ҳаракатга туша қоламиз. Нима дейсан, қалбим, ҳамроҳим, суянчим?..

Ниғмат шундай деб кўксига кафтларини босди. Чақириғига жавобан юраги дукиллаб кетди. Сўнгра қалби садо берди.

— Жуда тўғри ўйлабсан, — деди у потирлаб. — Уларга билдирмаганимиз маъқул. Бозорларга чиқасан, дўконларни айланасан, автобус бекатларини кузатасан. Ўзингга ёрдамчилар топасан. Катта пул ваъда қиласан. Ишон, улар албатта рози бўлишади. Фақат бўшашма! Зарур бўлганда барчаларини гипнозга солишданам тойма! Чунки сен танлаган йўл жуда қалтис. Сал бўшашсанг, кавушингни тўғрилаб кетишади. Қандай бўлмасин, ниятга ет! Подполковникнинг ишлариданам бўйин товлама! Бу сен учун ниқоб. Ниқобинг бор экан, асл башаранг кўринмайди, бировларда шубҳа уйғотмайсан!..

— Ҳа, — деди қалбига жавобан Ниғмат. — Жуда тўғри йўл бу! Мен бегона юртдалигимниям унутиб қўймаслигим лозим. Ҳар бир қадамимни ўйлаб босишим шарт. Худога шукр, азалий орзумга етадиган бўлдим. Илойим энамнинг руҳи қўллаб турсин! Қалбим мен билан ёвлашиб қолмасин! Ёмонларнинг кўзини кўр, қулоқларини кар қилсин! Мен энди зўрларнинг зўрига айланишим керак! Шу йўлда ҳеч нарсадан қайтмайман!..

Шуларни ўйларкан, Ниғмат нимадир ёдига тушгандек, залга ўтди-да, кўзгу ва шам қидира бошлади.

У шу кеча марҳума онаси билан гаплашиш, онасининг рози-ризолигини олишни хоҳлаётганди.

* * *

Бу гал негадир Ниғматнинг иши юришмади. Онаси раҳматлининг руҳи қанча чорламасин, овоз бермади. Азбаройи жаҳл отига минган Ниғмат нима қилишни билмас, нуқул хонанинг у бурчагидан бу бурчагига бориб келарди. Шу аснода кимларнидир сўкиш, ҳақоратлашдан ҳам ўзини тия олмасди.

— Менинг айбим нима-а? — қалбига мурожаат этди у тоқати тоқ бўлиб. — Худо берган экан-ку менга шу қудратни! Нега энам мендан юз ўгиряпти? Нима ёмонлик қилдим унга? Нимага ўтган гал келди-ю, энди овоз бермади? Нега?

— Бунга сўнгги қароринг сабабчи бўлди шекилли, — жавоб қилди қалби сокин тортиб. — Зўравон бўлишингни марҳума онамиз сира хоҳламаётган кўринади. Акс ҳолда барча ҳаракатларни тўғри бажардинг. Келиши шарт эди.

— Шунақами? — дея икки қўлини баланд кўтарди Ниғмат. — Биз зўравон бўлсак, раҳматли энамизга нима зиёнимиз тегаркан? Бизни дуо қилиб турсалар, юз кўрсатсалар бўлмасканми? Шунча азоблар тортдик, кўрмаган кунларимиз, емаган катлакларимиз қолмади. Энамиз бир марта бўлсин, биздан хабар олмаганди. Энди аразлабдиларми? Майли, биз бунисигаям чидаймиз. Хабар олмасалар, тиллашмасалар, бизга нима? Лекин менинг сўзим сўз. Мен албатта зўрлар зўри бўлишим керак. Бусиз ҳаётимда мазмун бўлмайди. Бўлмайди-и!!!

— Ҳой, марҳумлар ҳақида бундай ёмон ўйлаб бўлмайди, — дея ҳайқирди қалби. — Улар ҳаммасини кўриб, эшитиб, ҳис этиб турадилар. Балки онамиз раҳматли бизни тўғри йўлга бошламоқни истагандир? Биз қайдан биламиз?

— Сен билмайсанми? Сен-а? Ахир, менга шу кунгача йўл кўрсатиб келган ким? Сен эмасми?

— Бунинг йўриғи бошқайди.

— Э, сенам ўлгудай эзма экансан. Кўриб туришади эмиш. Майли, кўришсин. Менинг қудратимга гувоҳ бўлсин ўша энамиз! Мен айтдим-ку, ўз йўлимдан қайтмайман. Ортга қайтган одаммас!..

Ниғмат шундай деди-ю, кўнглининг ғаш тортганига-да, эътибор қилмай, шоша-пиша кийинди. Сўнгра деразадан ташқарига кўз ташлади. Тонг ёришибди. Кўчаларни машиналар ғиз-ғизи тутибди. У бир муддат ишни нимадан бошлаш, қаерга боришни хаёлан режалаган бўлди-да, бир қарорга келган каби обдон керишиб олиб, ташқарига йўл олди.

* * *

Ниғмат аввал шаҳардаги энг катта бозорни кузатишга қарор қилди. У айни шу бозор Соли акага тегишли бўлганини биларди. Қолаверса, кўнгли худди ўша ёққа талпинар, бошқача йўлни сира маъқул кўрмаётганди.

У умри бино бўлиб бу қадар зўравонликларга қўл уриб кўрмагани, қўполроқ айтганда, «катта товоқдан ош ейдиганлар»га қарши бормаганига қарамай, ҳозир ишни нимадан бошлашни, кимларга учрашиш, нималар дейишни жуда яхши биларди. Шу сабабли дадил қадам ташлаганча бозорга кириб келди.

Бу ерга ҳам худди ўз юртидагидек одам сиғмайди. Сотувчилар харидор чорлаш, харидорлар сумкаларини маҳсулотга тўлдириш билан банд.

Ниғмат шошилмасдан бозорни тўлиқ айланиб чиқди. Харидорни, сотувчини, шунчаки айланиб юрганларни ҳам эринмай кузатди. Уларнинг ҳаракатларига разм солди. Ниҳоят диққатини ўзига нисбатан ёшроқ, киссага қўл солган кўйи гўёки сайр қилиб юрган узун бўйли, кенг елкали оқ-сариқдан келган йигитга қаратди. Туришидан бу йигитнинг спорт билан шуғулланиши аниқ кўриниб турар, у ўзига қаттиқ ишонган ҳолда мағрур қадам ташларди.

«Бу чўнтаккесарлик қилади, — дея хаёлидан ўтказди Ниғмат шу йигитнинг ортидан қолмай. — Ҳозир пайт пойлаяпти. Агар бирортанинг сумкасини тортқилаб қочса, ҳеч ким етолмаслигига кўзи етади Шу ишининг орқасидан арзимаган пул топади. Яна бунга қўшимча рэкетларга улуш узатиб туради… Ҳа, уни йўлдан қайтараман. Менинг йўриғимга юради албатта. Юрмай қаергаям борарди…»

— Ҳой, Миша, — дея йигитнинг елкасидан маҳам ушлаб тўхтатди Ниғмат. — Қалайсан, укам? Ов бароридан келяптими?

Киссавур Ниғматга бошдан оёқ қараб олди-да, совуқ кулимсиради.

— Мени қайдан танийсиз? — сўради у атрофга аланглаб. — Сизни… Таниёлмадим негадир.

— Танимайсанам, — деди Ниғмат киссавурнинг кўзларига тик боқиб. — Мен Соли акангга қарашлиман.

Киссавур бу гапни эшитгани ҳамоно кўзлари аланг-жаланг ўйнаб эҳтиёткорлик билан ортга тисланди.

— А-алдаманг, ака, — дея икки қўлини орқага беркитган кўйи ортга тисланишда давом этди у. — У киши… Ҳалигидай… Қамалди деб эшитгандим.

— Тўғри эшитибсан, қамалди. Лекин бу иш тўхтаб қолади дегани эмас-ку!

— Билмасам, — елка қисди киссавур. — Мен… Унақа нарсаларга… Ҳалигидай… Тушунавермайман.

— Манави киссавурлигингдан ўн баравар кўпроқ пул топишни хоҳлайсанми? — мақсадга ўтишга шошилди Ниғмат. — Фақат тезроқ айт, вақтим жуда зиқ. Шошиб турибман.

— Ҳ-ҳа, нега истамас эканман? — кулимсиради киссавур ортга тисланишдан тўхтаб. — И-иш бормиди, ака?

— Иш бўлмаса сени тўхтатмасдим. Сал қалтисроғ-у, аммо тушуми зўр.

— Гап йўқ, қилаверамиз. Ҳ-ҳа… Айтганча… Одам ўлдиришми?

— Башарти одам ўлдириш бўлса-чи?

Киссавур бу саволга нима деб жавоб беришни билмай бир муддат гарангсиди. Шу орада чор теваракни яна бир бор ими-жимида кўздан кечириб олишга улгурди. Шундан кейингина аста Ниғматга яқинлашиб қулоғига шивирлади.

— Бу ишниям қилиб кўраверамиз, ака. Бизга «Така бўлсин, сут берсин» — да!..

— Йўқ, одам ўлдирмайсан, — қовоқ уйиб ер чизган кўйи сўз қотди Ниғмат. — Иш анча енгил.

— Айтаверинг, қанақа иш? Қанча тўлайсиз?

— Бозор катталарига сим қоқиб Соли акага бериши керак бўлган улушни талаб қиласан. Агар бермаса, солиқчи, прокурорларга чақиб беришингни айтасан. Ўзингни таништирмайсан. Пулларни фалон жойдаги ташландиқ бино ичига олиб келишларини тайинлайсан.

— Шу холосми? — елка учириб сўради киссавур.

— Ҳа, ҳозирча шу. Хизматинг эвазига яхшигина пул оласан. Қўрқма, норози қилмайман. Мен унақанги хасислардан эмасман. Мабодо кейинчалигам мен билан ишлашни хоҳласанг, марҳамат, ишлайверамиз.

— Хўп, келишдик! Қачон бошлай ишни?

— Ҳозироқ. Бироқ бу ердамас. Меникига борамиз, яхшилаб танишамиз, қиттай-қиттай қиламиз. Ана ундан кейин бошлайсан.

— Кетдик унда! Мен тайёр!

Ниғмат киссавурни қалби кўмагида яна бир карра текширувдан ўтказди. Дангал, чўрткесар эканига қайта амин бўлгач, уни эргаштирганча ортга қайтди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here