Кузги аллергияга шифо бўлувчи 8 маҳсулот

0

— Куз келиши билан тинимсиз аксириш ва тумов мени безовта қила бошлайди. Шу сабаб аллерголог шифокорга мурожаат қиламан ва мавсумий аллергиядан енгилроқ ўтиш учун махсус муолажани оламан. Агар мумкин бўлса, уй шароитида халқ табобати ёрдамида аллергиядан халос бўлиш чоралари ҳақида маълумот берсангиз?

Рисолат
ТОШҚУЛОВА

Куз фасли яқинлашгани сари аллергияга мойил кишилар бироз хавотирга туша бошлайди. Чунки куз келиши билан ушбу дард мавсуми ҳам бошланади. Аслида, аллергия одамларни йилда икки марта — баҳор ва кузда безовта қилади. Улар бир ном билан аталса-да, бир-биридан анча фарқ қилади.

Ёдингизда бўлсин, кузги аллергия августнинг бошидан токи ноябргача давом этади.

Яна бир нарсани унутманг, агар сизда аллергияга мойиллик бўлса, уни бошқа ердан эмас, ўз оилангиздан ахтаринг. Чунки аллергик мойиллик асосан, ирсиятга боғлиқдир. Ўғил болаларга кўпроқ она томондан, қиз болаларга эса кўпроқ ота томондан ўтади. Баъзиларда озиқ-овқат маҳсулотлари, масалан, мош, нўхат, ёнғоқ, тухум, помидор, от гўшти, тропик ва субтропик мевалар, бошқаларда эса қуруқ ёки нам об-ҳавога, шунингдек, ҳидларга, мисол учун, бензин, бўёқ, керосин, ёқилган хазоннинг ҳидига ҳам аллергик мойиллик бўлади.

АЛЛЕРГИЯ
БОШЛАНГАНИНИ ҚАНДАЙ БИЛСА БЎЛАДИ?

Бурун битиши (бурундан томчилаб сув келиши);

тинимсиз аксириш;

кўзларнинг қизариши;

кучли ёки кучсиз йўтал тутиши, томоқнинг қуриши;

қулоқларнинг қичишиши, ачишиши;

ҳар хил тошмаларнинг тошиши ва ҳоказо.

Юқоридаги аломатлар шамоллаш ёки гриппнинг аломатларига ўхшаб кетса-да, улардан фарқли равишда аллергия бошланган кишининг тана ҳарорати кўтарилмайди.

Агар юқоридаги ҳолат 3-4 кун давом этиб, тана ҳарорати кўтарилса, бу танада аллергик жараёнга инфекциянинг қўшилганидан далолат беради. Яна шуни унутмангки, аллергиядан батамом қутулиб бўлмайди, аммо уни қўзғовчи симптомлардан халос бўлиш мумкин.

УЙ ШАРОИТИДА ДАВОЛАШ

Узум ғўрасини туйиб, танангизга суртсангиз, бадан қизиши ва қичиши (бозиллаши) барҳам топади.

Укропни майдаланган ҳолда қайноқ сувга дамлаб, тиндириб қўйинг ва кун давомида ундан аллергик дерматит касаллигига қарши ичинг.

АЛЛЕРГИЯГА ШИФО
БЎЛУВЧИ 8 ТА МАҲСУЛОТ

Броккол — бу аллергик симптомларни енгувчи ўсимлик. Унда организмни инфекциядан тозаловчи С витамини сақланади. Шунинг учун унинг шарбатидан кунига 2-3 маҳал 1 стакандан ичинг.

Салат баргидан кун давомида ҳар
овқатланишдан олдин есангиз, аллергия қўзишининг олди олинади. Чунки унда каротиноидлар (А витамини) етарлича бор.

Карам баргида ҳам каротиноид кўплиги боис аллергиядан халос бўлишингизга ёрдам беради. Бунинг учун карамни майда тўғраб, қатиқ аралаштириб енг.

Пиёз ва саримсоқ таркибида кверцетин кўплиги боис улар аллергияга қарши курашишда энг яхши антигистамин дармондоридир. Чунки кверцетин худди С витамини каби кучли таъсирга эга.

Қовоқ ҳам А витаминига бой бўлгани учун аллергияга қарши дармондоридир. Шунинг учун ундан таомларга солиб истеъмол қилинг.

Сабзи ҳам каротиноид ва бета-каротинга бой. Худди шунинг учун ҳам у аллергиядан ҳимоялайди. Бунинг учун сабзи шарбатидан кун давомида 4-5 маҳал 1 стакандан ичинг.

С витаминига бой сельдерей ҳам аллергиядан халос бўлишингизга ёрдам беради. Ундан кўнгил тортганча истеъмол қилишингиз мумкин.

Қичитқи ўти анъанавий таомбоп ва кузги ўсимлик бўлмаса-да, аллергияга қарши кураша оладиган дармондори сифатида жуда таниқли. Чунки унда табиий слополетин моддаси бор. Қуритилган қичитқидан чой тайёрлаб ичсангиз, аксириш ва кўз ёшланишидан халос бўласиз.

Унутманг! Бу мавсумда аллергия қўзғовчи маҳсулотларни истеъмол қилманг. Улар: банан, қовун, бодринг, қовоқча (кабачки), помидор, мойчечакли чой, эхинацея, асал ва ёнғоқдир.

«Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here