Жароҳатни газак олиб кетишдан асровчи малҳам

0

— Менинг оёқларимга чипқонга ўхшаш, ичида бези ва кўз ярадек ўртасида чуқурчаси бор яра чиққанига анча бўлди. Шу пайтгача касалхонада ётиб даволандим, яъни замонавий услубда муолажалар олдим, қон алмаштириш профилактикасини амалга оширдим. Аммо ҳеч бир натижа бўлмади. Агар иложи бўлса, жароҳатлардан уй шароитида халқ табобати ёрдамида қутулиш чоралари ҳақида тавсиялар берсангиз?

Зилола ҚАЛАНДАРОВА,

Хоразм вилояти

— Энг аввало, шуни унутмангки, ҳар қандай шароитда ҳам яра-чақаларни ўзбошимчалик билан даволаш ярамайди. Яралар тананинг ташқарисида бўладими, ичкарисидами, бунинг фарқи йўқ, уни мутахассис шифокорга кўрсатиб, етарли маслаҳатларни олиш, маълум муддат назорат остида даволаниш ва ҳеч қандай ўзгариш сезилмагач, халқ табобатидан фойдаланиш лозим. Ана шунда ҳам фойдаланаётган дармондорингизни шифокорга кўрсатиб, ундан маслаҳат олинг.

ҲАМИД ЗОҲИДОВНИНГ «КАНЗИ ШИФО» АСАРИДАН
ТАВСИЯЛАР:

Зубтурум (подорожник) газак олиб, йиринг тўплаган жароҳатни даволайди. Бунинг учун тери орасидан безланиб чиққан ҳар қандай ярага янги узилган зубтурумни ҳовончада эзиб қўйсангиз, тезда газагини олади ва пишиб, ёрилишига ёрдам беради.

Танадаги куйган жойларга ёки яраларга туйилган баргизубни боғласангиз, тезда давосини топади. Бундай муолажани кунига бир маҳал кечаси ухлашдан олдин қўлласангиз, етади.

Шивитни куйдириб, кулидан жароҳатга суртсангиз, битиши тезлашади.

Сиздаги яра сувланиб кетадиган бўлса, унга сурма қўйиб боғласангиз, у сувланмайди ва тез битади.

Алоэ (сабир) шираси кўз, оғиз, бурундаги яраларни, шишларни ва қўтирни даволашда энг яхши дармондоридир. Бунинг учун унинг ширасини яраланган жойга томизиб турсангиз, етади.

Агар туя юнгини куйдириб, кули жароҳатга сепилса, йирингли жароҳат тез қотиб, яхши бўлади.

Оёқ-қўлларда чиқадиган безли ва чуқур ўйиқли яраларга гулхайри илдизидан тайёрланган қайнатма ҳамда алоэ шарбати даво. Бунинг учун яра йўқолгунча ҳар кечаси ухлашдан олдин, гулхайри илдизи қайнатмаси билан жароҳатни чайиб тозалаб, сўнг алоэ шарбати боғланса, албатта, шифо топади.

Қуённинг қони янги без бўлиб чиққан жойга боғланса, оғриқни қолдиради ва безнинг ёзилиб кетишига ёрдам беради.

Йиринг ва зардобли яраларга жайра қонидан суркалса, ёки боғланса, барча рутубатларни йўқотади.

Типратиканнинг куйдирилган териси юқумли яра, танадаги ўсиб чиққан ортиқча гўштларни қуритиб юборади. Бунинг учун ана шундай жойларга бу дармондоридан кунига 2 маҳал эрталаб ва кечқурун боғлаб қўйсангиз, кифоя.

Қуритилган ошқовоқ пўстини туйиб яра ва кесиб олинган жойларга сепсангиз, қон оқишини тўхтатади.

Қуриган сунбулни туйиб, яра устига сепсангиз, у жароҳатдаги йиринг ҳамда зардобли сувини олади ва яранинг битишини тезлаштиради.

Тирноқгулнинг барги арпа уни билан аралаштириб қўйилса, без ва йирингли яраларга даво бўлади.

Ялпизнинг ҳўл баргини бир неча соат қайнаган сувга солиб, тери ярасига боғласангиз, даво бўлади.

Ҳўл шивитни эзиб, шишган, газак олган ва чуқурлашиб кетаётган без устига боғласангиз, уни пиширади.

Зулфизар ИСОҚОВА,

«Ҳордиқ плюс» газетасидан олинди

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here