Бахтнинг олис манзили (5-қисм)

0

Ташқарига қадам қўйганимни биламан, калламга бир нима қарсиллаб урилди. Бошимни ушлаганча, нафасим тиқилиб, ҳарсиллаб қочдим. Тўғриси, ўшанда қаёққа кетаётганимни ўзим ҳам билмасдим. Мақсад — қочиш, анавилардан узоқлашиш. Ниҳоят, оёғимдан дармон кетиб, тўхтадим ва бурилиб ортимга қарадим. Мени ҳеч ким қувламаётган экан. “Ўл-а! — дея янидим ичимда ўзимни-ўзим. — Юрак ҳам қуённикидан баттар экан-да”. Лекин негадир хурсанд эдим. Ҳар қалай, бопладим. Ҳақимни бериб қўймадим. Энди бировга қўл кўтаришдан олдин у ёқ-бу ёқни ўйлайди.

Бироқ бироздан кейин кайфиятим тушиб кетди, чунки энди мардикорлар ёнига боролмас, бирорта иш қилолмас эдим. Бошим қотди, нима қиларимни билмай, анча муддат ўйланиб турдим. Миямга тузукроқ бирор фикр келмади. Шундан сўнг, Шокир ака билан Нормат акани топмоқчи бўлдим. Энди битта илинжим шулардан. Ҳартугул, Нормат аканинг қўлидан икки-учта одамни бир ёқли қилиш келаркан. Ўлибдими, бу сафар ҳам яккалатиб қўймас. Кўзим жиққа ёшга тўлди, ўксиндим ва тез-тез юриб уларни қидириб кетдим.

Йўқ, юк тушираётганлар орасида улар кўринмади. Сўнг мардикорлар тўдалашиб турган жойга яқин бордим. Улардан беш-олти қадам берида тўхтаб, мушукка ўхшаб пойладим. Юрагим гурсиллаб урар, елкамдан бир дунё хавотир босарди.

Мени дўконига олиб бориб урган одам билан шериги кўринмади. Лекин барибир кўнглимда ҳадик бор, ваҳима босади. Назаримда, у пойлаб тургандай, тўдага қўшилишим билан, кела солиб, ёқамдан бўғадигандай туйилади. Шу боис, пойлаб туравердим. Билмадим, қанча турдим. Бир маҳал Шокир акага кўзим тушди. У елкасининг чангини қоқиб, “ҳамкасблар”ининг ёнига келаётганди. Энтикдим, югурганча унга етиб олдим.

— Ака, — дедим йиғламсираб, — бунақамас-да энди.

— Нима бўлди? — сўради у овозимдан хавфсираб.

Мен гапирмадим, йиғлаб юборишдан уялдим, ортимга ўгирилиб кета бошладим. Табиийки, у: “Тўхта, тўхта”, дея орқамдан эргашди. Икки-уч қадам юргунимча, ҳар қалай, бироз ўзимни босиб олдим ва тўхтаб ортимга ўгирилдим. Қаердандир Нормат ака пайдо бўлибди.

— Ака, — дедим энди Нормат акага мурожаат қилиб, — менга уришишни ўргатинг.

Гапимдан иккаласи ҳам ҳайрон бўлиб, бир-бирига қараб олишди.

— Ҳов бола, — деди Шокир ака, — гапир бундай, нима бўлди ўзи?

Шундан кейин мен уларга бўлган воқеани айтиб бердим. Гапимнинг охирида:

— Отамга ваъда берувдингиз-ку, Шокир ака, қараб юраман деб, — дея ўпка-гинамни ҳам билдириб қўйдим.

— Ким юр деса кетаверасанми, эшшак?! — бақирди Шокир ака. — Сал одамнинг турқи-тароватига қараш керак, кимлигини билиш керак, ундан кейин ишга борилади-да!

Мен ғинг демадим, бошимни эгиб туравердим. Бунга сайин, Шокир ака жазавага тушиб, боласини уришгандай бидирлайверди.

— Қўйинг, ака, — деди охири Нормат ака уни  “сайраш”дан тўхтатиб, — бу ҳали ёш бола-да, яхши билан ёмоннинг фарқини қаердан билсин? Бу-ку, майли, ўзимиз ҳам ҳозир биров етакласа, кетаверамиз, тўғрими? Кетдик, ҳали иш кўп. У ёғи бир гап бўлар. Дунё сўроқсиз эмас-ку, магазини бўлгани билан осмонни ушлаб турмагандир.

Унинг гапидан кўнглим кўтарилди, ҳурматим ошди. Худди ўзимнинг акамдай кўриб кетдим. Сал қолди қучоқлаб олишимга. Шу маҳал ёнимизга бир йигит келди. Ўши ўттизлар атрофида.

— Йигитлар, иш бор, қиласизларми? — дея сўради.

— Неча пул берасиз? — сўради Шокир ака унга бошдан-оёқ қараб чиқиб.

— Кароче, эллик сўмдан. Фақат яна учта одам. Сизлар камлик қиласизлар.

— Нима иш? — деди Шокир ака.

— Битта тунука бор. Шуни узоғи билан бирор километр наридан олиб келишимиз керак.

— Қўшинг.

— Ўзи битта тунука бўлса, нимасига қўшаман?

— Биз қиладиган меҳнатимизга яраша сўраяпмиз. Бир километр жойга бориб келгунча битта мошинадаги юкни туширса бўлади, олти киши. Юздан ками кам.

— Бўпти, етмиш беш! Бирпасда бўлади.

Шокир ака кўнди, мен хурсанд бўлдим. Ҳар қалай, анави ярамаслардан узоқроқ, кўнглим хотиржам бўлади. Ҳеч кимдан хавфсирамайман.

Бозордан чиқиб, бироз тепаликка юрдик. Дарахтзор бошланди. Ҳаммаёқ қоп-қоронғи, ҳеч ким гапирмайди, жим кетиб борамиз. Ора-чора дарахт шохида бир қуш сайраб қўяди. Юракка ғулғула тушади. Шериклардан ортда қолмасликка ҳаракат қиламан. Ҳеч юракнинг ўйноғи босилмайди. Сабабки, қабристон ичидан кесиб ўтаяпмиз. Тўғриси, қабристонга кундузи боришга қўрқардим, ҳозир оқшомда юришнинг ўзи бўладими? Ўлганнинг устига тепгандек, олдинда кетаётган иш берувчи: “Эҳтиёт бўлларинг, эски қабрлар омонат, босволиб ичига тушиб кетманглар тағин”, деб огоҳлантириб қўядики, одамнинг юраги ортига тортиб кетади.

Масжидга ўхшаган бир иморат қурилаётган экан: пишиқ ғиштдан терилган баланд деворлари битган, устига шифер қоқилган, лекин ҳали эшик-роми ўрнатилмабди. Бино ичига кирдик. Тўғриси, аввалига ичкарига оёғим тортмади. Чунки кинода кўргандим, одамларни мана шундай овлоқ жойга олиб келишиб, отиб ташлашади. Бироқ ташқарида қолишга ҳам юрагим бетламасди, чунки йигирма қадам нарида, баланд-паст, бирининг атрофи панжара билан ўралган, бошқасининг усти, қоронғида яхши кўринмайди-ю, ҳар қалай, бетонми, мармарми, ишқилиб, нима биландир ёпилган қабрлар дўмпайиб турибди.

Йўл бошловчи тимирскиланиб ниманидир топди-да:

— Келинглар, кўтаринглар, — деди.

Биз у айтган нарсани ушладик, ҳақиқатан ҳам, қанақадир тунука экан. Эни икки метрча келади-ю, лекин узунасига олти-етти метрдан кам эмас. Оғирлиги ҳам шунга яраша. Олти кишилашиб инқиллаб-синқиллаб кўтардик. Сўнг уни бинонинг ичидан олиб чиқиб, ортимизга қайтдик. Йўлак хийла тор, гоҳ-гоҳида юмшоқ жойларни ҳам босардик. Эҳтимол, бу қабрдир, оёқ остига қарашнинг эса иложи йўқ.

Хуллас, айтилган манзилга тунукани элтиб бердик, очиғи, бўларим бўлди. Айниқса, ўша одамнинг дўкончилардан бири билан талашиб-тортишиб: “Ока, бу нарсани қимматга олганман”, деган гапини эшитганимда, устига-устак, ваъда қилинган пулдан йигирма беш сўмдан қисиб қолганида, қоним кўпчиди.

— Манавини олиб қўйинг, — дея у берган пулни Шокир акага узатдим.

— Нега? — деди у.

Чироқ ёруғида унинг ҳам норозилиги шундоққина юзидан кўриниб турарди.

— Кейинроқ берарсиз. Менга сал илвирагани тушибди. Йиртиб қўяман, пулларингизнинг орасига қўйсангиз, яхши туради.

Бу оқшом ҳам тонг отгунча ишладик. Шерикларимдан камроқ топдим-у, лекин улардан кўпроқ чарчабман. Оёғимни судраб ижара уйга етиб, бошим ёстиққа тегиши билан ухлаб қолдим. Одатда, мен камдан-кам туш кўрардим. Кўрган тушларим ҳам эсимда қолмасди. Ишонасизми, қишлоққа оппоқ “Нексия” миниб борибман. Ҳамма мени кутиб олгани чиққанмиш. Олдинда отам, укаларим турибди. Улардан сал орқароқда Нозима. Пушти ранг кўйлак кийиб олган, сочларини алламбало қилиб, лабини қизилга бўяган… бир сулув-бир сулув эмишки, кўриб кўзимга ишонмасмишман. Яна қариндош-уруғимиз бир четда қолиб, айнан унинг ёнида машинамни тўхтатибман-да:

— Қани, хоним, ўтиринг, — дебман илжайиб.

У ҳам атрофидагиларга “кўриб қўйинглар” дегандек кеккайиб бир сидра қараб чиқибди-да, секин машинага ўтириб, менга жилмайибди. Оҳ, ўшанда унинг сулувлигини бир кўрсангиз эди! Менинг ўрнимда сиз бўлганингизда ҳам бу дунёсидан кечиб юборган бўлардингиз! Аммо ширин лаҳзалар узилди, кимдир: “Онагинангни…”, деб сўкди. Ортимга ўгирилиб қарасам, отам. “Ўлдим!” — деб бақирибман ва машинадан туша солиб қочибман…

У ёғини билмайман, нима бўлди? Уйғониб кетдим. Қарасам, шерикларим аллақачон ўринларидан туриб, ювиниб ҳам бўлишибди. Соат кечки бешни кўрсатиб турибди. Ноилож жойимдан турдим.

Кўрган тушим ҳеч кўз олдимдан кетмайди. Юрганимдаям-турганимдаям хаёлимда айланаверади. Машина миниб қишлоққа борганимга хурсанд бўлсам, отамнинг сўкканидан эса кайфиятим тушиб кетади. Шунданми, билмадим, ишимнинг ҳам тайини бўлмади.

Орадан ўн кун ўтди. Анча-мунча пул жамғариб қўйдик. Энди бу пулларни ўзимиз билан олиб юришимиз ёки ижара уйда (гарчи бу ер аввалгисидан ишончлироқ бўлса-да) қолдириб кетиш хавфли эди. Хотин, бола-чақасидан хабар олиб келиш учун Нормат ака қишлоққа кетадиган, биз бир кун ейиш-ичишимизга етадиган пул олиб, қолганини унга бериб юборадиган бўлдик. Лекин мен унинг кетишини ҳечам истамаётган эдим. Ҳар қалай, камгап бўлса-да, Шокир акадан кўра, унга кўпроқ суяниб қолгандим. Хоҳламаётганимнинг яна бир сабаби эса, мени урган ўша дўкончининг (уни бошқа кўрмадим, балки бирон ёққа кетгандир, эҳтимол, шу жипириқ бола билан муштлашиб юраманми, дея қўл силтаб қўя қолгандир) мени қидириб келиб қолишидан хавфсираётгандим. Аммо начора? Унинг бола-чақаси қишлоқда, хабар олиб келиши керак.

Орадан икки кун ўтиб, у қайтиб келди. Айтишича, отамнинг димоғи чоғ бўлибди: “Лақманинг боласидан ҳам одам чиқаркан-да”, деганмиш. Бу гап менга алам қилиб, Нормат акага ўқрайиб қарадим. Назаримда, у менинг, отамнинг, умуман, уруғ-аймоғимнинг лақмалигини эсимга солаётгандай, камситаётгандай эди.

— Ишқилиб, бериб юборган пулларимиздан чўнтагингизда оз-моз қолиб кетмадими? — дедим унга ҳам бир ниш санчиб қўйиш мақсадида.

— Ни-ма?! — деди у бирдан кўзи олайиб устимга бостириб келаркан. — Яна бир қайтар-чи!

— Қўй, — деб унинг олдини тўсди Шокир ака, — ёш бола, билмай гапириб қўйди-да. Шунга уришишинг керакми? Кап-катта, бола-чақали одам…

— Йўқ, эшитдингизми унинг гапини… Ҳов бола! — деди у ўқрайиб. — Бир тийинингни обориб бермайман энди. Сволич! Яхшиликни билмаган ҳайвон!

Шунақанги тилим қичидики, зўрға тишимни-тишимга босиб чидаб турдим. Биламан, агар бирор нима дейдиган бўлсам, аяб ўтирмайди. Бундай пайтда жим туриш — энг яхши йўл (ўша пайтда мен содданинг шунга ақлим етганини қаранг).

Шундан кейин ҳам анча вақтгача Нормат аканинг қовоғи очилмади. Шокир акага гапиради-ю, менинг юзимгаям қарамайди. Ўлай агар, ёрилиб кетай, дедим. Охири кечирим сўрадим. “Билмай гапириб қўйибман”, дедим. Шу-шу олам гулистон, аввалгидек ака-укага айландик.

Бозор энди қишлоғимдай бўлиб қолди. Қаерда нима сотилади, дўкони қанақа-ю одамлари — хуллас, менга беш қўлдай маълум. Энди қаерга бўлса, шерикларимсиз кетавераман. Шундай кунларнинг бирида биз макон қурган чойхона ёнидаги майдончага (дарвоқе, бу чойхонанинг бошлиғи ғалати эди. Бошида оппоқ салла, эгнида оҳори тўкилмаган чопон, оёғида ялтираган маҳси-калиш, чиройли соқол қўйган. Лекин оғзидан боди кириб шоди чиқади. Қаердан бу сўкишларни ўрганган экан, деб ўйлаб қоласан киши. Яна денг, қўлида, албатта, қамчи бўлади. Мабодо, мардикорлар унинг чойхонаси яқинида тўпланиб қолишса, аяб ўтирмайди: инидан учиб чиқиб дуч келган одамни савалаб кетади) кўзойнакли, галстук таққан, қўлида пакет кўтариб олган бир киши келди. У аввал эринмай мардикорларни кузатди. Сўнг менинг ёнимга келиб:

— Бир иш бор эди, ука, — деди мулойим жилмайиб.

Очиғи, унинг юмшоқ муомаласидан ҳайиқдим, бироз орқага тисарилиб:

— Қанақа иш? — дея сўрадим.

У кулди. Менимча, чўчиганимни пайқаб шундай қилди.

— Агар, — деди юзидаги ҳалимликни ўзгартирмай, — бир-иккита акаларингиз (шу пайтгача ҳеч ким, ҳатто укаларим ҳам мени сизламаганди, ғалати бўлдим) ёки шерикларингиз бўлса айтинг, улар ҳам боришсин. Бир ўзингиз эплаёлмайсиз. Камида икки киши керак. Томга шифер қоқиб берсанглар бўлди. Кўп эмас, узоғи билан йигирматача.

Тўғриси, ўшанда: “Юр, иш бор”, деганида, ўлақолсам ҳам бирга кетмаган бўлардим. Лекин нима ишлигини очиқ айтганидан сўнг бироз ишончим ортиб, қишлоқдошларимни қидирдим. Нормат акани топдим-у, лекин Шокир акани кўрмадим. Кетиб қолибди бир машина ортидан. Ҳалиги нотаниш одамга: “Ҳозир келаман”, дедим-у, Нормат аканинг ёнига югурдим. Бориб қанақа иш чиққанини айтдим.

— Яхшиям вақтида усталик ҳам қилган эканман. Борсак бораверамиз. Бугун душанба. Юк кам бўлади. Шу баҳона шаҳарниям томоша қиламиз, — деди у.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Бахтнинг олис манзили (1-қисм)

Бахтнинг олис манзили (2-қисм)

Бахтнинг олис манзили (3-қисм)

Бахтнинг олис манзили (4-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here