“PROlogue – 2017” матбуот анжумани бўлиб ўтди (Фото)

0

Жорий йилнинг 27-30 ноябрь кунлари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ёш киноижодкорлар кенгаши, Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан “PROlogue” – ёш киноижодкорлар томонидан суратга олинган қисқа метражли фильмлар III Республика фестивали ташкил этилмоқда.

Фестиваль доирасидаги тадбирлар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига тўлиқ ахборот бериш мақсадида 24 ноябрь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ёшлар пресс клуби залида матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бош директори Ф.Зокиров, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари К.Бекназаров, Ёш киноижодкорлар кенгаши раиси О.Абдушукуров, киношунос О.Копадзе, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган актриса Р.Шодиева иштирок этиб, фестивалнинг аҳамияти, сараланган фильмлар бадиий савияси ҳақида гапириб ўтишди.

Жумладан, О.Копадзе, Р.Шодиева бу йилги “PROlogue” учун танлаб олинган фильмлар орасида халқаро фестивалларда ҳам иштирок этишга муносиблари борлигини айтишди. Шунингдек, баъзи киноижодкорларнинг ўта савиясиз фильмларни ҳам фестиваль саралаш комиссиясига тақдим этишганини ҳам айтиб ўтиришди ҳамда ёшларга кино асарларини топширишдан аввал бадиий раҳбарлар билан ишлаш кераклигини маслаҳат беришди.

Матбуот анжуманида бу йилги фестивалнинг илк бора Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилаётгани ҳам таъкидланди.

Бугунги кунда хорижий мамлакатда истиқомат қилувчи таниқли режиссёр ҳамюртимиз Али Ҳамроев ҳам матбуот анжуманида иштирок этди ва шундай деди: “Ёшлар, сиз агар 30дан ошган бўлсангиз ўзингизни ёшман деманг, ёш режиссёр бу менимча 20-22 ёш. Шунинг учун ёшман деб ўтирмасдан, тезроқ энг яхши асарларингизни яратишга киришинг”.

Ёш киноижодкорлар кенгаши раиси О.Абдушукуров Али Ҳамраева жавобан қуйидаги фикрни билдириб ўтди: “Ҳақиқатдан ҳам, биз бугунгача севиб томоша қиладиган “Маҳаллада дув-дув” каби фильмларимизни устоз санъаткорларимиз 30 ёшгача бўлган даврларида суратга олишган. Демак, бугунги ёш киноижодкорларимиз ҳам тезроқ ўз устиларида ишлаб, яхши киноасарларини яратишлари зарур”.

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари дастур доирасида барча саволларига жавоб олишди.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here