АРОСАТ… (Ўн саккизинчи қисм)

0

 

Оллоҳим, ташаккур борлигинг учун,

Бошимга тизгинсиз дардлар ташладинг.

Беҳад хурсанд бўлдим ситамларингга,

Бандалар ичидан мени танладинг…

Ташаккур, тишимни тишимга қўйдим,

Руҳимда товушсиз нурли куласан.

Дардлар юборибсан… Ғамлар юборибсан…

Демак, борлигимни ўзинг биласан… (қўшиқдан)

 

“ҚАЕРДАСИЗ, ОТА?..”

* * *

Одам темирдан-да метин экан. Кечаги ҳақоратлар, Шарифанинг шанғиллашлари, ўз уйимдан шармандаларча ҳайдалишим, уйимда бегона эркакнинг керилиб ўтириши-ю, менга масхараомуз назар ташлаши ҳийла унут бўлгандек эди. Айниқса, икки ёни бедазор, сўлим қишлоқни кўришим билан вужудимга илиқлик югурди.

Ҳа, бу қишлоқ аслида менга бегона эмас. Шу ерда киндик қоним тўкилган. Мен бу кўчалардан қаддимни ғоз тутиб ўта оламан. Агар маҳалла одамлари мени таниб қолишса, ҳайрат ва ҳавас билан боқишса керак. Нима бўлганда ҳам ота юртнинг кишилари яқинроқ ва меҳр-оқибатлироқ бўлади дейишади. Ишқилиб, рост бўлсин!..

Тасаввур этганимдек, қишлоққа киришим билан ёш-яланг, қари-қартангларгача гоҳ ўзимга, гоҳ машинамга ҳавас билан боқишди.

— Ботиржон аканинг уйи қайси? — дедим тол тагида суҳбатлашиб ўтирган қарияларга салом бергач. Шунда улар орасидан бир қария чиқиб келди-да, икки елкамдан ушлади.

— Шошма, — деди сўнг менга синчковлик билан тикилиб. — Сен Қодиржонмисан-а? Ўшамисан?

— Ҳа, Қодиржонман, — дедим жилмайиб. — Сиз мени танийсизми?..

— Албатта, танийман-да. Худди отангнинг ўзи бўлибсану, сени танимайманми. Бор, болам, сенинг уйинг ҳов анави дала ёқасида. Ўша ерда яшил дарвозани кўрсанг, тўғри кириб боравер! Ботир ҳам уйда бўлса керак…

* * *

Қария айтган дарвозани топиб машинамни четроққа қўйдим-да, аста яқин бордим.

Мана менинг ота уйим. Худди қўрғонга ўхшаркан. Узумзор боғ ҳам савлат тўкиб турибди.

Мана шу уй менга ота мерос. Уни қанча қадрласам, тупроғига бош қўйиб, бўсағасини ўпсам арзийди.

Қизиқ, нега шу пайтгача миямга келмади? Нима учун умримни сарсон-саргардонликда, бир кечага бўлсин макон қидириб ўтказдим? Кимларгадир сарғайдим, кимларгадир турткиландим, кимлардир ўзи хоҳлаганча ҳақорат қилди. Мен бўлсам ҳамиша чидадим, тишимни тишимга қўйдим, бош эгдим, ялиндим, ёлвордим, мўлтирадим, ўзим йиғладим, яна ўзим юпандим. Ўша пайтлардаёқ бу уйга келсам, шу уйда уйлансам бўлмасмиди?..

Мен ростакамига шайланиб, ўзим учун жуда-жуда қадрдон бу ҳовли остонасини ўпмоқчи, бир зумга бўлса-да, тупроғига бош қўйиб сукут сақламоқчи бўлдим. Аммо сал наридаги ҳовли қаршисида менга тикилганча турган аёлни кўриб ўзимни тийдим ва дарвоза тирқишидан ичкарига мўраладим.

Ҳовли ўртасига каттакон сўри қўйилган, олди ром қилинган айвон четида нималардир тўлдирилган иккита сумка думалаб ётарди.

Таваккал дарвозани очиб ҳовлига қадам қўйдим.

Сўрида икки эркак шанғиллай-шанғиллай бир-бирига нималарнидир исботлаш билан овора, дастурхон устида яримлаб қолган ароқ шишаси турарди.

Танидим. Менинг кирганимни кўриб даст ўрнидан турган одам отам эди. Тасаввурларим алдамабди. У анча кексайган, сочлари оқарган, қадди бироз букилганди.

У жойидан жилмай менга бирпас қараб турди-да, бақириб юборди:

— Саминбой, ўғлим келди, ўғлим!

— Нима?!

Бегона эркак ҳам бу гапни эшитиши билан ўрнидан сапчиб турди.

Шу лаҳзаларда кўз олдимда ўтмиш гавдаланди.

Кунларнинг бирида бувим мени ясантириб, Сожида аммамникига киритиб юборганди.

— Даданг келибди! Югур, болам, дадангминан кўриш! — деганди бувим кўзлари чақнаб. — Сенга ўйинчоқлар опкелгандир. Балки ўзинг орзулаган велосипедниям олиб берар. Борақол!

Мен ўшанда қувончдан теримга сиғмай аммамникига чопқилладим.

Кириб борганимда эса… Буткул бошқа манзарага кўзим тушди. Дадам чорпояда оёқларини ерга осилтирган кўйи қўлидаги пиёладан ароқ симирарди. Мени кўриб ўрнидан жилмади. Кайфи таранглигидан аранг бир қимирлаб қўйиб, менга қучоқ очди…

Йўқ, ўшанда барча умидларим саробга айланганди. Отам, қаршимдаги мана шу одам велосипед тугул қўлимга битта хўрозқанд ҳам тутқазмади…

Мен эса ундан қўрққанимдан қочиб кетгандим. Уйимизга келгач, анча маҳалгача йиғлаб ётгандим. Отамнинг пиёнисталиги, менга ўйинчоқлар олиб келмагани алам қилганди…

Мана, ҳозир ҳам худди шундай манзарага гувоҳ бўлдим. Қаршимда ўша пиёниста отам турибди. Яна ичкиликдан қизариб кетган кўзларини менга тикиб кўришиш учун қучоғини очяпти…

Билмадим, лекин негадир ҳозир ҳам ўзимни таҳқирлангандек, умидларим поймол бўлгандек ҳис этдим. Ҳол сўрашиш ўрнига ғазабнок нигоҳларимни отамга тикдим.

— Нега ичяпсиз? — сўрадим ундан. — Нима етмайди ўзи сизга?

Отамнинг ўрнига бояги эркак жавоб қилди:

— Э, ўғлим, кел бизминан ў-ўтир! Биз янги уйни ювяпмиз!

— Қанақа янги уй? — сўрадим ҳеч нарсага тушунмай. — Қани ўша янги уй?

Отам мендан бундай муомалани кутмаган эканми, секин ортга чекиниб бош эгди.

— Мана шу уй-да, ўғлим! — шанғиллаб давом этди улфати. — Отанг шу уйни менга нақд беш юз минг сўмга сотди. Шуни ювяпмиз. К-кел, келақол, юз грамм ич! Ҳой, йигит, нега қараб қолдинг? Келмайсанми? Отангнинг соғлиғи учун юз грамм ичсанг-чи!

Бу гапни эшитиб, эсхонам чиқиб кетаёзди. Бу нима дегани? Нега отам уйни сотади? Атиги беш юз мингга-я? Ахир бу пулга уйнинг дарвозасиниям бермайди-ку!

Хаёлларимни бир жойга йиғиб улгурмай отам гандираклаганча келиб, елкамдан тутди.

— Ш-шундай бўп қолди, — деди афтини бужмайтириб. — Ма-ана шу амакингдан қарзим бориди. Маж-жбур бўлдим уйни сотишга.

— Шундай денг?

Мен айни дамда тубсиз дарёга чўкаётган кимсага ўхшаб қолгандим.

Нима қилишни, нимадан таскин излашни билмасдим. Қаршимдаги икки пиёнистанинг эса, парвойи фалак. Гўё бу ҳовлига ҳеч ким кирмаган, ҳеч кимни кўришмаган ва ҳеч қандай гап-сўз бўлмаган каби қайтадан сўрига ўтириб, ароқ симиришни бошлаб юборишди.

Шу тобда шартта бориб дастурхонни ағдариб ташлагим келди. Бироқ номаълум куч мени тўхтатиб қолди. Иложи борича ўзимни босишга, бу ҳовлидан тезроқ чиқиб кетишга уриндим.

Лекин бунинг тагига етмасдан қандай кетаман? Балки булар мастликда шунчаки алжираётгандир?

Секин отамга яқин бордим-да, қўлидаги пиёлани олиб дастурхонга қўйдим.

— Сиз алдадингиз-а мени? — сўрадим ундан. — Айтинг, шунчаки мастликда гапирдингиз, шундайми? Уйни сотмагансиз-а? Ҳаммаси ёлғон-а?

— Сотдим! — деди отам оғзидан тупук сачратиб. — Уй меники! Хоҳласам сотаман, хоҳ-ҳласам ёқвораман!

— Шунақами? Унда яхши қолинг!

Отамнинг сўнгги гаплари юрагимни тешиб ўтай деди. Миямда оғриқ туриб, вужудим музлаб кетди.

Энди ортга ўгирилиб кетмоқчи бўлганимда, отам билагимдан маҳкам ушлаб қолди.

— Қ-қодирбой, ўғлим…, — у кутилмаганда тиз чўкди-да, кўзларини лўқ қилди. — Мениям ўзинг билан опкет. Катта йўлгача холос, ҳа. Машинангда опкет. Б-бугун уйни бўшатишим керак. Й-йўқса, манави амакинг кўчага ҳайдаб солади. Опкет, ўғлим, опкет!

— Шу холосми? — сўрадим аламимни ошкор этмасликка тиришиб. — Бошқа ишингиз йўқми?

— Йўқ, йўқ, бошқа сени безовта қилмайман! Опкетасанми?

— Бўпти, юринг, — дедим зардали оҳангда. — Олиб кетмай қаергаям борардим…

* * *

Энди ярим соат илгари керилиб ўтган қишлоқ кўчаларига, ҳамқишлоқларимга боқиш мен учун оғир эди. Мен ҳар бир учраган киши қаршисида бош эгишга, орқа ўриндиқда ўтириб ўзича нималардир дея саннаб бораётган дадамни тинглашга, чидашга маҳкум эдим.

Қисматим шунчалик оғир экан-да. Қай манзилга қадам қўйсам, қай кўчага кирсам, тўсиқлар, қарама-қаршиликлар, таҳқир, алам, ҳақоратларга рўбарў бўлавераман. Қайси гуноҳларим учун бу қадар жазо оламан? Айбим, шўрпешона бўлиб туғилганимми? Шунча йилдан бери аччиқ қисматимнинг заҳру заққумларини керагича тотган эдим-ку! Кимлар топтаб ўтмади, кимлар устимдан кулмади. «Бу етим бизнинг тенгимиз эмас» дея аллакимлар мени оёқ учида кўрсатганда, очиқчасига юз ўгириб кетганда ҳам лаб тишлаб қолишдан ўзга чора тополмадим. Энди эса ўз отам мени беватан қилиб ўтирганига қандай бардош берай? Наҳотки, ҳеч қачон ўз уйим бўлмаса? Ахир бу дунёда ҳамманинг дўлу ёмғирлардан, қорлару шамоллардан асровчи кулбаси бор! Нега меники йўқ? Кўча кезиб умр кечиришим пешонамга ёзилганмикин ё?

— Тўхтат! Тўхтат машинани! — хаёлимни бўлиб қичқирди отам. — Ана, катта йўлга чиқдик! Буёғига ўзим кетаман.

Пайқамабман. Дадам шу ерга келгунча яна бир шиша ичкиликни паққос туширган экан.

Машинадан базўр пастга тушди-да, бўш шишани йўл четига ирғитиб, бир жойда чайқалиб қолди. Мен уф тортиб машина эшигини очдим ва истар-истамас пастга тушдим.

Унинг нимадир демоқчилиги оғиз жуфтлашидан сезилиб турарди.

Лекин гапиришга қўймадим. Ичимдаги аламларимни ҳозир айтиб олишим шарт эди.

— Мени ватансиз қўйдингиз, — дедим совуққонлик билан. — Болалигимда-ку бир дона хўрозқанд олиб беришга ҳам ярамагандингиз. Йиғлаб-сиқтаб ҳаммасига кўнгандим. Бугунги ишингиз ошиб тушди. Энди бир умр армон қилиб ўтадиган бўлдим. Эшитяпсизми-йўқми?!

Баланд овозда бақиришимни кутмаганми, отам менга қараб бироз жавдираб турди-да, беихтиёр йиғлаб юборди.

Йўқ, унинг бу йиғиси менда заррача шафқат ҳиссини уйғотмади. Қайтанга баттар ғазабимни қўзғади. Мени дунёга келтирган одам аслида ғирт пиёниста эканига қайта-қайта амин бўлаётгандим. Пиёниста одамга йиғлаш, турли ваъдалар бериш нима бўпти?!.

— Қодиржон! — дадам қўрқа-писа менга яқин келди. — М-мана кўрасан. Сенга зўр уй олиб бераман, ҳа, олиб бераман! Буни мен — отанг айтди…

— Олиб берармиш, — ўзимча ғудраниб машинага қайтишга чоғландим.

Бу гал ҳам дадам билагимдан тутиб кетишга қўймади.

— Минг сўм бер, болам, минг сўм! — ялинишга тушди у. — Ахир, отангман-ку! Минг сўм бер, борадиган еримга етволай-й!

Нақадар даҳшатли ҳолат эди бу! Умрим бино бўлиб ҳеч ким менга бунчалар ялиниб, сўнгги жавобимни кутмаганди. Қаршимда худди ёш бола каби жавдираб турган отамга дардли нигоҳ билан боқарканман, гоҳ раҳмим, гоҳ нафратим келарди. Ҳатто, нима дейишни билмасдим.

У эса энди росманасига тиз чўкиб ёлвора бошлади:

— Минг сўм бе-ер, болам! Отангдан пулингни аяма!

Ҳа, қайтар дунё деганлари ҳеч кимни аяб ўтирмас экан чоғи. Мен бир пайтлар дадамнинг қўлида ўйинчоқ ёки ширинлик ўрнида ароқ тўла пиёла кўрганимдан сўнг шундай куйиниб йиғлагандим. Кўзларимга дунё қоронғи кўриниб, ўксиниб дод солиб йиғлагандим.

Бугун бўлса…

Йўқ, бундай бўлмаслиги керак. Нега қараб турибман? Нима учун қўлтиғидан тутиб ўрнидан турғазишга уринмаяпман? Отам-ку! Шу одам бўлмаса, мен туғилармидим?

— Туринг, — дедим сал ҳушимни йиғиб олиб. — Кўрганлар нима дейди? Уят-ку!

— Берасан-а минг сўм, Қодиржон? Йўқ демайсан-а?

— Албатта. Манг, манави беш минг сўмни олиб қўйинг! Фақат илтимос, мени ҳеч қачон йўқламанг!

Дадам бу гапларимга эътибор ҳам бериб ўтирмади. Пулни шоша-пиша чўнтакка урди-ю, хайр-маъзурни ҳам насия қилиб жўнаб қолди. Мен эса бу аянчли манзарани анча маҳалгача унутолмай машинамга суянганча туриб қолдим…

Бўшашиб машинага ўтирдим. Қалбимни оғир бир дард каламуш каби кемириб борарди. Гўё саҳрода адашган кимсадек қай тарафга юришни билмай ўн дақиқача рулни қучоқлаб ўтиргач, бир қарорга келдим. Ҳа, буёғи маълум. Мен яна катта шаҳарга қайтаман ва киракашлик қилиб, ўқишимни давом эттираман.

Ҳар ҳолда кўчада қолиб кетмаслигимни биламан. Негаки, қадрдон машинам мени қишнинг қировли кунларида ҳам асрайди.

Шундай хаёллар билан таваккал газни босдим.

Машина ҳам менинг шошаётганимни пайқаган каби одатдагидан тезроқ уча бошлагандек эди.

Бир маҳал автобус бекатидан сал ўтишим билан эскироқ бир машина мени қувиб ўтди. Ҳайдовчи негадир икки-уч марта машинанинг олд чироқларини ёқиб-ўчирди-да, йўл четига ўтиб тўхтади.

Қизиқ, ким бўлди бу? Нега тўхтатди мени?

Ҳайрон бўлиб тормозни босдим-у, секин ойнадан бошимни чиқардим.

— Э, ука, сени қанча жойдан қувиб келяпман-а! — деди машина эгаси.

Не кўз билан кўрайки, бу одам биздан учта уй нарида турадиган Меливой ака экан. Бувим бу одамни жуда яхши кўради. Сабаби, қачон йўлда пиёда кетаётганини кўрса, дарҳол машинасида уйгача элтиб қўяркан.

— Ҳа, Меливой ака, — дедим қучоқ очиб кўришгач. — Тинчликми?..

Меливой ака йиғламсираган кўйи елкамга қоқди.

— Тинчликмас-да, ука, тинчликмас! Ҳаммамизга сабр берсин! Бобонг қазо қилиб қолди? Яхшиям сени кўриб қолдим. Холаларинг катта шаҳарга одам жўнатмоқчи бўлиб туришганди. Юр, ука, бардам бўл! Ўзингни қўлга ол!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here