«Хиёнаткор эримнинг тақдирига ачинаман»

0

— Собиқ турмуш ўртоғим билан қўшнимиз орқали танишгандик. Тўғрироғи, қўшним уларга мени тавсия қилган. Ўз навбатида бизга ҳам куёв томонни мақташганди. Учрашдик, бир-биримизга маъқул бўлдик ва тўйимиз ўтди. Тўйдан сўнг бир ой ўтар-ўтмас, эримга қизлар қўнғироқ қилаётганини сезиб қолдим.

— Уйланмасимдан олдин гаплашган қизларим, — деди пинагини бузмай изоҳ бераркан эрим. — «Нега менга уйланмадингиз?» дейишяпти.

Бу гапдан сўнг нима дейишни билмай, дардим ичимда қолди. Эрим аввал беркитиб гаплашган бўлса, эндиликда ёнимда ҳам бемалол ҳиринглашиб ўтирарди. Ўзимни хўрланган, ҳақоратлангандек ҳис қилардим, бироқ жанжал қилишга ботинолмасдим.

Энг ёмони, ўзимни бепарво тутишга ҳаракат қилсам-да, барибир, аччиғим чиқаётгани, рашк қилаётганим сезиларди, шекилли, эрим жаҳлимни чиқарарди:

— Жаҳл қилманг, яхши қиз. Булар шунчаки телефондаги ўйин, бу ўйин менга завқ беради, холос. Наҳотки шунга ҳам ақлингиз етмаётган бўлса?

Бора-бора бунақа гаплар ва ғиди-биди айтишувлар тез-тез такрорланадиган бўлди. Шунинг учун узоқ ўйлаб, дардимни қайнонамга айтдим:

— Ўғлингизни уришиб қўйинг. Менинг кўз олдимда қизлар билан гаплашади.

Қайнонам эса пинагини ҳам бузмай: «Ҳеч нарса қилмайди. Эртага болали бўлсин, бу қилмишлари қолиб кетади. Шукр қилинг, сиздан ҳеч нарсани яширмайди. Одамларнинг эрига ўхшаб, ортингиздан хиёнат қилиб юрмайди. Шундан билингки, боламнинг қилмиши фақат тилида. Яхшиси, унга парво қилманг. Ана шунда тинчийди-қолади», деди.

Бу гап аввалига жаҳлимни чиқарди. Кейин ўйлаб, сабрли бўлишга ва эътибор бермасликка қарор қилдим. Бироқ ўзимга берган овунчим узоққа чўзилмади. Ичимда яна гумон бош кўтарди: «Балки, хиёнат ҳам қилаётгандир? Олдимда шунчаликка борадиган эркак, кўздан четда нималар қилмайди?»

Шундай ўйларга борсам-да, қўлимдан ҳеч нима келмасди. Сиқила-сиқила, ўғлимни дунёга келтирдим. У соғлом кўринса-да, жуда кичкина, нимжон ва анчагина инжиқ эди. Тинимсиз йиғларди. Туни билан уни кўндириш учун кўтариб чиқардим. Қўлларим толиб қолганида эримга ялинардим:

— Сиз ҳам озроқ қарашинг.

— Ухлагани қўясанми, йўқми? Ишдан чарчаб келганман, ўзи?

Шу билан тилимни ютардим. Бола билан овора бўлиб, унга эътибор қилмабман. Не кўз билан кўрайки, бир куни кўрпанинг тагида телефонда гаплашиб ётибди.

Ўзимни тутиб туролмадим ва жаҳл билан:

— Мен ҳеч ким эмасдирман! Аммо мана бу гўдак ўз болангиз-ку! Ё телефондаги одам шунчалик азизми? Инсофингиз борми? — дедим.

Эрим шаҳт билан тураркан: «Инсофим борлиги учун ҳам бу уйда хотиним бўлиб юрибсан! Бўлмаса, аллақачон телефондагини олиб келардим!» деди.

Бу гап жон-жонимдан ўтиб кетди. Битта болам бўлса, катта қилиб оларман, дея тонг отиши билан ота уйимга кетдим. Ҳамма гапни онамга айтдим. Онам ҳам ҳеч нарса дея олмади. Қайнонам бизни олиб кетишга икки марта келди. Билдимки, эримнинг биз билан иши йўқ. Шунинг учун ажрашишга қатъий қарор қилдим. Икки ой ўтмай, эрим уйланганини эшитиб, нотўғри иш қилмаганимга яна бир карра амин бўлдим. Менга бир нарса алам қиларди: «Нега у мени бахтсиз қилди? Нима учун болам ҳали отасини танимай туриб, тирик етимга айланди? Менга уйланиш нима учун керак бўлди?». Бу саволларни ҳар куни ўзимга берардим ва жавоби йўқ эди буларнинг. Болам бир ёшдан ошгунча ўзимни-ўзим еб битирдим. Ахир йигирмага кирмай эридан ажрашган аёлга айландим. Энди тақдирим нима бўлади? Кўп ўйланганимдан паришон, одамови бўлиб қолганим учун уйдагилар хавотирга туша бошлашди. Ана шундай кунларнинг бирида отам:

— Болангга онанг қарайди. Сен бирорта ўқишга кир, овунасан, — деди.

— Шу пайтда қандай ўқиш бор экан? — дея ажабланди онам.

— Ўқув курслари бор-ку! Ҳунар ўргангани яхши эмасми? — деди отам янада қатъийлик билан.

Бу фикр онамга ҳам ёқди. Шаҳар марказига ҳафтада икки бор қатнаб тикувчилик ва компьютердан дарс ола бошладим. Компьютер ўргатадиган ўқитувчимиз ёш ва жуда шўх эди. Биринчи дарсданоқ менга лақаб қўйди:

— Дарсимда қовоқарилар бўлса, дарс ўтолмайман.

— Қанақа қовоқари?

— Қани? — чуғурлашди ўқувчилар.

Фақат мен жим ўтирардим. У эса менга имо қилди. Ҳамма ялт этиб қарагани учун қизариб кетдим.

— Қовоқарилар асаларига айланса, дарс бошлаймиз, — у шундай дея стулини доскага буриб, тескари ўтириб олди.

Яна ҳамма менга қаради. Нима қилишни билмасдим. Охири ноилож дедим:

— Менга парво қилмай, дарс ўтаверинг. Аслида, шунақаман!

У терс ўтирган кўйи:

— Қовоқари ғўнғиллаяптими? — деди.

Шу пайт:

— Ҳаммани ўзига қаратишни яхши кўрадиганларни жиним суймайди, — деди мендан олдинда ўтирган қиз эшиттириб.

Асабим чарчаган эмасми, бақириб юбордим:

— Сен мени ўзига қаратиш учун шунақа ўтирибди, деб ўйлаяпсанми?! Мен ҳақимда яна нима биласан?! Мен кўрганларимни сен кўрсанг, ўзингни бир бало қилган бўлардинг!

Ортиқ чидолмадим. Йиғлаб, дарсдан чиқиб кетдим. Шундан сўнг бу дарсга кирмай қўйдим. Фақат тикувчиликка қатнай бошладим. Сезардимки, ҳалиги ўқитувчи йигит мени кузатарди. Бир куни уйимизгача кузатиб келганини ҳам билдим. Одамлар олдида гап-сўзга қолмай дея, эртасигаёқ ёнига бордим-да:

— Мени кузатишни бас қилинг. Гап-сўзга қолишни истамайман, — дедим.

У эса мени эшитмагандай:

— Нега дарсга кирмаяпсиз? Ахир отангиз ўқишнинг уч ойлик пулини тўлаган, — деди куюнчаклик билан.

— Керак эмас! — дедим унга жавобан ва ортимга бурилиб, кета бошладим.

У шошганча менинг йўлимни тўсди:

— Нега бунча ғамгинсиз? Ҳеч бўлмаса, шу ҳақда бирор нарса денг. Балки, бирор ёрдамим тегар?!

Унинг бу ҳаракатидан аччиқландим ва:

— Сизга нима?! Мен билан ишингиз бўлмасин! — дедим-у, жаҳл билан чиқиб кетдим.

Тўғрисини айтсам, унинг гаплари самимийга ўхшаса-да, ишона олмасдим. Худди устимдан кулаётгандек эди. Чунки мен ажрашган аёл, бир фарзанднинг онасиман, у эса уйланмаган йигит.

Шунга қарамай, у мени тинч қўядиганга ўхшамасди. Атрофдагининг диққатини тортмаслик учун ҳам дарсга қатнай бошладим. У ҳар бир дарсни қизиқарли ўтар, кулдиришга, кайфиятимизни кўтаришга ҳаракат қиларди. Аммо фақат мен бепарво эдим. Кейин эса унинг дарсида ўтирган чоғимда қўл телефонимга «internet» деган ёзув билан латифалар келадиган бўлди. Шунинг учун буни телефон компаниясидан келаётгандир, деб ўйлардим.

Бир куни одатдагидай жуда қизиқ латифа келди. Латифани ўқиб, кулиб юбордим. Сал ўтмай, яна хабар келди: «Чиройли жилмаяр экансиз. Доим кулиб юринг, сизга ярашаркан!» Қўрқиб кетдим. Бу қанақаси бўлди? Кимдир мени кузатиб турибдими? Атрофга алангладим. Унинг нигоҳи менда эди. Нима қилишни билмай қовоғимни осиб, экранга термулдим. Яна хабар келди: «Қовоқари!» У юборяпти! Лекин қандай қилиб? Рақамимни қаердан олган? Шундан сўнг телефонимни ўчириб қўядиган бўлдим. Аммо, барибир, у мени кулдириш йўлини топди. Компьютеримга сет орқали латифа юбора бошлади. Чидолмадим. Дарсдан сўнг ҳамма кетса ҳам ўтиравердим. Ниҳоят, иккаламиз ёлғиз қолгач:

— Мени кечиринг, аммо қилаётган ишингиз асабимга тегяпти. Илтимос, мени тинч қўйинг! — дедим.

— Бировни хурсанд қилишга уриниш асабга тегишини энди эшитяпман! — жавоб берди у.

— Жимгина дарсингизни ўтинг, шунда хурсанд бўламан.

— Сиз хафа ўтирсангиз, мен дарс ўтолмайман.

— Унда бошқа ўқитувчидан дарс оламан. Мен билан ўйин ўйнаманг, бунақа гапларга тоқатим йўқ.

— Сиз ҳақингизда ҳамма нарсани биламан.

— Билсангиз, янаям яхши, ана энди мени тинч қўярсиз?

— Қўлимдан келмайди. Менга ишонинг, кўп марта уриниб кўрдим, аммо сиз менинг онгу шууримни, юрак-юрагимни эгаллаб олдингиз…

Мен ортиқ чидай олмадим ва унинг гапини кесиб: «Сиз ҳали уйланмаган йигитсиз, мен эса… Яхшиси, гапни шу ерда тўхтатайлик. Сиздан илтимос, мени маломатга қолдирманг!» дедим.

Ана шу гапимдан кейин у қўлимдан ушлаб, тўхтатди ва: «Ким айтди мени уйланмаган, деб. Мен аввал уйланганман. Фарзандсизлик туфайли ажрашганмиз. Сизни севиб қолганим баробарида ўғлингизга ҳам меҳрим тушди. Шунинг учун сизга уйланмоқчиман», деди.

Унинг бу гапларидан кейин ҳеч нарса дея олмадим…

Айни вақтда ўқитувчимга турмушга чиққанман. Худойимнинг марҳамати билан яна ҳомиладорман. Бундан эримнинг боши осмонда.

Аммо ҳаётим давомида бир нарсага иқрор бўлдим: хор қилган хор бўларкан. Эшитишимча, мендан кейин собиқ эрим уйланган бўлса-да, фарзандли бўла олишмабди. Унинг устига, яқинда ўша суйган хотини бошқа биров билан хорижга кетиб қолибди. Айни дамда у хотинининг хиёнатидан бош кўтара олмай, уйга қамалиб олганмиш.

РУХСОРАнинг сўзларини ЗУЛФИЗАРБОНУ
оққа кўчирди.

«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here