АРОСАТ… (Ўн тўққизинчи қисм)

0

 

Оллоҳим, ташаккур борлигинг учун,

Бошимга тизгинсиз дардлар ташладинг.

Беҳад хурсанд бўлдим ситамларингга,

Бандалар ичидан мени танладинг…

Ташаккур, тишимни тишимга қўйдим,

Руҳимда товушсиз нурли куласан.

Дардлар юборибсан… Ғамлар юборибсан…

Демак, борлигимни ўзинг биласан… (қўшиқдан)

 

ҚУВҒИНДА

* * *

Мана, бобомни қабрга қўйганимизга ҳам ўн кундан ошди. Ҳануз нурли чеҳраси, оппоқ, узун соқолларини аҳён-аҳёнда тараб олиб менга насиҳат қилишлари, елкамга қоқиб эркалашлари, бошимга ташвиш тушса, бошини сарак-сарак қилиб ер чизишлари кўз ўнгимдан кетмасди.

Бобом доим намоз ўқийдиган хонага кирсам, энди қайтиб кўришмаслигимга сира ишонгим келмайди. Ана, жойнамозини жойига тахлаб қўйишибди. Ҳассаси ҳам уй бурчагида. Ўзи-чи?.. Нега кела қолмайди? Наҳотки одам ўлгач, умуман қайтмаса? Қандай чидаш мумкин бу кўргиликка?..

Айниқса, бувижоним шу кунларда чўкиб қолди. Кўзларидан ёш аримайди, лаблари титрайди, кимгадир сўзламоқчи бўлса, қалқиб кетаверади.

Афсус, ҳаммасига кўз юмиб катта шаҳарга жўнашим лозим. Машинамнинг бензини ҳам туман марказигача зўрға етса керак. Бувимнинг ҳеч кимга кўрсатмай қўлимга тутқазган пулига бензин сотиб оламан-у, яна сершовқин шаҳар томон йўл оламан.

Бир қарорга келиб ҳам бўлганман. Кира қилиб уч-тўрт сўм пул топгач, ижарага уй қидириб кўраман. Нима бўлганда ҳам ётар-тураримни ҳал қилиб қўйишим шарт. Ундан кейин, ўқишимнинг тадбирини кўришим зарур бўлади. Худо кўрсатмасин, муаллимлар ёмонига олса, шунча кун дарсларга бормаганим учун ҳайдаб юборишлари ҳам ҳеч гап эмас.

Бувим билан қучоқ очиб хайрлашгач, бир четда мулзамгина боқиб турган онамга бир қараб олдим-да, машинага ўтирдим.

Ташқарида қор учқунлай бошлаганди. Демак, ҳадемай тағин қиш келади. Қишли-қировли кунларда катта шаҳар қозонида қайнашнинг ўзи бўлмайди. Тирикчилик кўйида темирдан тўн кийиб изғишим, елиб-югуришимга тўғри келади. Ишқилиб, шу кунимга кўз тегмасин.

Кўз очиб юмгунча туман марказидаги ёқилғи қуйиш шохобчасида машинамни бензинга тўлдирдим-да, оғир хўрсинганча олис йўлга отландим.

* * *

Неча кундан бери тўйиб ухламаганим панд бера бошлаганини дарёга яқин қолай деганда сездим. Кўзларим юмилиб борар, қанча уринмай, ҳеч ўзимни қўлга ололмасдим.

Мижозлар ҳам пайқашди чоғи, улардан бири секин елкамга туртди:

— Ака, бироз мизғиб олинг! Ухлаб қоляпсиз. Биз эсон-омон манзилга етиб олишни хоҳлаймиз. Илтимос, тўхтатинг машинани!..

Улар ҳақ эди. Агар шу тахлит кетаверсам, ҳалокатга учрашимиз тайин. Буёқда қоронғи ҳам тушиб қоляпти. Яхшиси, беш-ўн дақиқа мизғиб оламан-да, ана ундан кейин ҳушёр калла билан рулга ўтираман.

Сирдарёга яқин жойда машинани тўхтатдим. Мижозлар менга халал бермаслик учун пастга тушиб, атрофни томоша қилишга тутинди…

Бирпас ухлашга уриндим. Аммо аксига олиб, уйқум кела қолмасди.

Ҳиссиз нигоҳларимни Сирдарё томон тикканча ўйга толдим. Шу тобда қишдан дарак берувчи изғирин бироз пасайиб, ҳаво сал юмшади. Лекин кутилмаганда кучли шамол турди. Сирдарё қутургандан қутурди. Улкан тўлқинларни соҳилдан-соҳилга улоқтириб, пишқира бошлади.

Ана, табиат аллақачон зулмат қаърига шўнғибди. Ҳеч қачон дарёни бу қадар яқиндан туриб томоша қилмагандим. Бўрон гўё дарёни қайсидир айби учун калтаклаётгандек, тўлқинларни икки-уч метр юқорига кўтариб отарди…

Бир маҳал машина ойнасини кимдир чертгандек бўлди. Мен чўчиб ён томонга боқдим.

Йўқ, ойнани чертган мижозларим эмасди. Шундоқ қаршимда оппоқ соқолли, паст бўйли кекса бир чол менга тикилиб турарди. Қариянинг қайсидир жиҳатлари худди бобомга ўхшаб кетарди. Юрагим така-пука бўлиб ойнани пастга туширдим.

— Сизга ким керак? — сўрадим ваҳима аралаш. — Кимсиз?..

— Мен бобонгнинг бобосиман, қароғим, — деди қария. — Ҳа, ўша сен яқинда қабрга қўйган бобонгнинг бобоси бўламан.

— Қ-қанақасига?.. — бу гапни эшитиб тилим калимага келмай қолди. Пешонамни совуқ тер босиб, этим увишди. — Мендан нима истайсиз?.. — дея олдим эшитилар-эшитилмас. — К-кетинг!..

— Ҳайдамасанг ҳам кетаман, болам, — деди қария салмоқ билан. — Фақат… Сени огоҳ этгани келдим… Қулоқсиз бобонг нуқул сени олиб кетаман, деб тихирлик қилаверди. Уришиб ташладим уни. Ахир… Унинг ҳаққи йўқ сени безовта қилишга!.. Қароғим, кумуш узугингнинг тоши тушиб қолибди. Бу яхшиликка эмас. Эҳтиёт бўлгин, буёғига ҳаётинг таҳлика-ю хавфлардан иборат бўлади. Ҳар бир қадамингни ўйлаб босгин!..

— Ака, тура қолинг энди, кеч бўлиб кетяпти!..

Мен кимнингдир қаттиқ турткисидан сесканиб кўзимни очдим. Мижозлар экан. Улар аллақачон машинага чиқиб ўтиришар, уйғонишимни кутишарди.

Нималар бўлаётганига ҳануз тушунмай, шоша-пиша чап қўлимни кўздан кечирдим. Қачонлардир бувим совға қилган кумуш узук бармоғимда турибди. Лекин… Тепасидаги бежиримгина тоши йўқ эди…

Дарров юрагим ғаш тортиб, бошимни чангалладим…

«Босинқирабман шекилли», — кўнглимдан ўтказдим машина ойнасини очиб тоза ҳаводан нафас олиш асносида. Ким эди у қария? Нега тушимга кирди? Ўзи нима эди бу? Тушмиди?

Ҳолатимни ўтирганларга сездирмаслик учун бўшашибгина моторни ўт олдирдим ва газни босдим…

* * *

Катта шаҳарга кириб келгандан кейин ҳам кўнглимдаги безовталик аримади. Кўз ўнгимда дарё бўйида тушимга кирган қариянинг сиймоси гавдаланиб, юрагимдаги ғашлик ортаверди. Айниқса, болаликдан ҳар бир майда-чуйда гап-сўзни юракка яқин олиб ўрганганим бошимга бало бўлаётгандек туюларди. Мижозларни қуёш тиккага келгунга қадар тарқатиб, ортга қайтаётганимда ҳам фақат ёмонлик, кўнгилсизликлар кутишдан нарига ўтолмадим.

Аммо бу тахлит юравериш ҳам яхшиликка олиб келмайди. Бувимнинг «Ҳамиша Яратгандан яхшилик сўра, ёмонликнинг кетидан қувма!» деган гаплари ёдимга тушиб, сал енгил тортгандек бўлдим. Тўғри-да, тушларга эътибор бериб ўтириш керак эмас. Ҳаёт давом этяпти. Кейинги ҳаётим ҳақида қайғуришим лозим. Ҳали ижара уй топишим, имтиҳонларга тайёрланишим керак…

Шу пайт йўл четида бола кўтарган аёл қўл силтаб машина тўхтатаётганига кўзим тушиб, тормозни босдим.

— Қўйлиққа обориб қўйинг, — деди аёл совуққонлик билан. — Массивга!..

Бу жойнинг номини эшитишим билан вужудимга муз югурди. Яна ўша уй олдидан ўтишимни ўйлаб, негадир иккиланиб қолдим. Хўш, олсамми, олмасамми?.. Нима қилай?.. Э, борсам нима бўларди? Аёлни ташлайман-у, ортга қайтаман. Бир-икки минг сўм пул ортиқчалик қилмайди-ку ахир!..

— Ўтиринг, — дедим аёлга юзланиб. — Қўйлиқ бўлса, Қўйлиқ-да, кеннойи!..

* * *

Худди ортимдан биров қувлаётгандек шошилардим. Мижозни айтган жойига ташладим-да, кўп қаватли уйларни оралаб катта йўл томон жўнадим. Шу аснода кўз қирим билан яқиндагина бахтли онларим кечган қадрдон уйимга қараб олишни ҳам унутмадим.

Афсус, бу уй менга эзгулик ҳадя қилмади. Шу уйга кўчиб келиб етти ухлаб тушимга кирмаган хиёнатга рўбарў бўлдим. Ҳақоратлар йўлимни тўсди, бошимни эгди, ғуруримни топтади. Яхшики, ҳозир ўша зулматдан нариман. Худонинг раҳми келди чоғи. Мени вақтида ёмонликлардан нари қилди…

— Ҳой, тўхта! Тўхта дейман, ҳезалак, тўхта!..

Кутилмаганда қулоғимга чалинган таниш овозни эшитиб, бирдан эсанкирадим. Оёғим қандай тормозга қадалганини ҳам пайқамай қолдим.

Юрагим ҳаприқиб, гўё кўнгли беҳузур бўла бошлаган бемор каби отилганча пастга тушдим…

Не кўз билан кўрайки, чамаси йигирма метрча нарида Шарифа ва кенжа синглиси мен томонга баравар чопиб келишарди. Шарифа йўл-йўлакай овозининг борича қарғанарди.

— Худоё аварияга учраб ўлгур! Менинг пулим ширин, ўзим ёмон эканманми?! Ҳали кўрсатиб қўяман сенга!

У етиб келди дегунча машина эшигига ёпишди.

— Калитни бер, ярамас! Сендақаларга тушиб қолган машинам йўқ!

— Мана, олавер, жойида турибди! — дедим титроқ аралаш. — Шу холосми? Дардинг шумиди?

— Биз билан юрасан, — йўлимни тўсди Шарифа. — Ўша кунги ишинг учун жавоб берасан! Юр!

— Сенламай гапирсанг бўларди, — дедим ўзимни босишга уриниб — Ҳар ҳолда…

— Э, аслида сенлашгаям арзимайсан! Қаранглар-а, мени бузуққа чиқариб қўйиб, энди машинамда ҳеч нарса бўлмагандай катайса қилармиш бу кишим! Яхшиликча юр, бўлмаса мелиса чақираман ҳозир!

— Шунақами? Хўп, юраман, қўрқадиган жойим йўқ! Қани, бошла!

— Машинани уйимнинг олдига обориб берасан!

Шарифа шундай деб синглиси билан олдинма кетин машинага ўтириб олди.

Мен азбаройи асабийлаша бошлаганимдан зарда билан машинага ўтирдим ва газни босдим.

* * *

Айни паллада нималар бўлаётганини деярли идрок этмасдим. Хаёлларим чалкашиб кетганди. Шарифанинг ортидан эргашганча юқори қаватга кўтарилардим-у, қалбимда унга нисбатан қандайдир илиқлик туяр, ҳализамон юмшаб, шаштидан тушишига ишонардим.

«Ҳарқалай, қилган ишидан пушаймондир, — ўйлардим ўзимча. — Мени уйга қайтариш учун шу усулни ўйлаб топган бўлса керак. Биладики, мен ўз ихтиёрим билан қайтмайман. Шу сабабли шармандаликка ўтган бу айёр… Ҳали қараб тур, пойимга тиз чўкиб ялинганингда ҳам кечириш-кечирмасликни ўйлаб кўраман. Жуда яхши билиб турибсан бундай ишлар осонликча кечирилмаслигини…»

Афсуски, ичкарига қадам қўйгач, йўл-йўлакай хаёлимдан ўтган ўйлар сароб эканига амин бўлдим.

Уй тўрида қайнонам қаддини ғоз тутганча ёвга ташланмоқчи бўлган аскар каби шайланиб турарди.

— Ҳа-а, кепти-ку зўравон! — дея мен томон бир қадам ташлади қайнонам. — Хўш, бойвачча, қизимни катта шаҳарда хўрлаш, туҳматга кўндаланг қилиш учун опкелганмидингиз?

Мен сал ўзимни тутиб олган бўлдим-да, каравотда пишиллаб ухлаётган ўғлимга бир кўз ташлаб олиб, қайнонамга нафрат аралаш боқдим.

— Ким кимни хўрлабди? Олдин қизингиздан сўрадингизми?

— Ие, ҳали тилингизам чиқиб қолибдими? Одам бўлиб қолдингизми? Ярамас, Шарифамни калтаклаб, ҳаммаёғини моматалоқ қилиб ташлабсан-ку!

— Нима? — бу гап нақ миямни тешиб ўтгандек бўлди. Ҳатто икки чаккам қизиб, бошим ғувуллаб кетди. — Оғзингизга қараб гапиринг! Қаерини моматалоқ қилибман? Қани ўша жойи? Қачон калтаклабман?

Бунга жавобан Шарифа пилдираб келди-да, болдирини кўз-кўз қилди.

— Мана, эна, кўрдингизми? Мана шу ерларим кўкариб кетган. Кўряпсизми?

— Кўряпман, — деди қайнонам бўғиқ товушда. — Сенам ғирт жиннисан, қизим! Калтаклабди, туҳмат қилибди, ўша куниёқ мелисага бервормайсанми? Ўшандан бери нимани кутиб ўтирдинг?

— Вой, қўрқаман ундан! — саннай кетди Шарифа. — Ўша кунги важоҳатини кўрганингизда эди. Шеригимга ўйнаш қилиб, роса тепкилади. Бақириб-чақирди. Қўшнилар олдида бўларим бўлди, эна!

— Ўйнаш қилмай ҳар бало бўлсин, илойим! — қарғанишга тушди қайнонам. — Ўзи ким-у, сенга туҳмат қилишига бало бор эканми?! Чақир акангни, бир таъзирини бериб қўйсин!

— Акамни овора қилмай қўя қолайлик, эна! — деди Шарифа менга ўқрайиб қараб оларкан. — Мелисага ариза бердим. Ўша куни ичволганиниям ёзганман. Ҳаммасини тўкиб солганман аризамга!

— Вей, ўйлаб гапиряпсанми? — тутақиб кетдим мен. — Ким ичволган? Менми? Қанақасига?

— Э, бас қил! Гапиргилигинг йўқ сенинг! Сендақаларнинг адабини мелисалар берсин! Бундан кейин аёл кишига қўл кўтармайдиган бўласан!

Мен шу лаҳзаларда қулоқларимга, кўзларимга ишонмасдим. Шу Шарифами? Ҳамма гапларни унинг ўзи айтдими? Наҳотки виждони қийналмаётган бўлса? Туҳмат қилаётганини, ўша кеча ростдан ҳам бегона эркак билан шивир-шивир қилганини билади-ку! Нега ҳамма айбни менга ағдариб, ўзини бечораҳол қилиб кўрсатяпти? Нияти нима ўзи?

— Менга қараларинг! — дедим она-болаларга бир-бир назар ташлаб олиб. — Мендан нима истайсанлар? Машина керакмиди? Ана, олларинг! Бошларингга ёстиқ қилларинг! Уй торлик қилдими? Марҳамат, мен аллақачон чиқиб кетганман. Фақат… фақат бир нарсадан афсусланяпман. Боя сен қилмишларингдан пушаймон бўлиб, узр сўрамоқчисан, бирга яшашга ундамоқчисан, деб ўйлабман. Чучварани хом санаган эканман. Минг афсус!..

— Ўл-а, қўрқиб кетяпсанми? — энди Шарифа йиғи аралаш жаврай бошлади. — Мелисалар келсин, ақлингни киритиб қўйишади. Бировга туҳмат қилишни…

— Ўчир! — азбаройи аламим келганидан хотинимнинг тепасига бостириб бордим. — Ҳозир бир уриб абжағингни чиқараман!..

— Ур! Нега қараб турибсан? Урмайсанми, эркак?! Ур!

Бу орада қайнонам дод сола кетди.

— Вой-дод! Ёрдам беринглар! Ким бор? Қизимни ўлдириб қўяди бу зўравон!

Шу маҳал ташқари эшик тақиллаб, кимларнингдир дўриллаган товуши қулоққа чалинди.

— Очинг эшикни! Ҳой кеннойи, очинг!

Овозларни эшитган Шарифа бирдан йиғлашдан тўхтади-да, апил-тапил кийимларини тўғрилаган бўлиб йўлакка чопди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here