Бахтнинг олис манзили (21-қисм)

0

Кўзимни очсам, қум устида ётибман. Олтмиш-етмиш қадам нарида ўрмон: дарахтларнинг шохлари шамолда тебранаяпти. Кўнглим беҳузур бўлди, ўқчий бошладим. Ичимда сувдан бўлак ҳеч вақо йўқ эди. Чарчаб қолдим ва юзимни қумга қўйдим. Ана шу пайт қулоғимга чақалоқнинг чинқирган товуши эшитилди. Бошимни кўтардим. Овоз ўрмон томондан келаётганди. Ўрнимдан турдим. Худди маст одамдай гандираклаб товуши тинмаётган чақалоқни ахтариб йўлга тушдим.

Биринчи, иккинчи дарахтнинг ёнидан ўтдим, учинчисига етганимда ғалати манзарани кўрдим: олти-етти ойлик чақалоқ оёғидан дарахт шохига осиб қўйилганди. Шўрлик гўдак шамолда ҳар тебранганида, дарахтнинг танасига манглайи билан уриларди. Уни ечиб олдимми-йўқми, тўғриси, аниқ билмайман, бирдан кўкрагимга бир нима гурсиллаб урилди. Эҳтимол, менга шундай туйилгандир, ишқилиб, нима бўлган тақдирда ҳам, орқамга ағанаётганимни эслайман, холос.

Қанча вақт беҳуш ётганимни билмайман, кўзимни очсам, оппоқ соқоли кўкрагига тушган бир чол бош учимда ўтирибди. Ўрнимдан турмоқчи бўлдим, у “қимирлама” дегандек кўкрагимдан босди.

— Қаердаман? — сўрадим ўзбекчалаб.

Қария жавоб ўрнига кулиб қўйди. Шундан кейин гапимни таиландчада такрорладим.

— Менинг уйимдасан, — деди чол ўша кўйи жилмайиб.

— Қандай… келиб қолдим?

— Бу саволингга ўзинг жавоб беришинг керак. Фақат ҳозир эмас, кейинроқ. Аввал ўзингга келиб ол, қара, суягинг қолибди, холос.

Мен жилмайишга уриндим, лекин уддалай олмадим. Кўзим юмилиб кетаверди.

— Ухлашни бас қил, — деди чол майин овозда, — уч кундан бери ухлаяпсан. Қайтиб уйғонмайсанми, деб қўрққандим. Жонинг тошдан экан. Кел, манавини ич.

У қўлини бўйнимдан ўтказиб бошимни кўтарди ва оғзимга пиёлада қандайдир суюқлик тутди. Икки марта ҳўплаёлдим, холос. Учинчи қултум томоғимга тиқилиб қолди. Ўқчидим, лекин қусмадим. Пешонамдан тер чиқиб кетди. Чол бошимни оҳиста ёстиққа қўйди. Мен чуқур-чуқур нафас ола бошладим. Кўзимга ҳар бало кўриниб кетаверди: қишлоғимиз, отам, укаларим ўтди кўз олдимдан. “Ўлаяпман, шекилли, — деб ўйладим. — Бунча тез? Бунча осон? Жон бериш қийин бўлади, деганлари бекор экан”. Йўқ, чол айтгандай, жоним тошдан экан. У пешонамга нимадир қўйганини сездим.

— Мен ўлмайманми? — сўрадим ундан.

— Хавотир олма, энди яшайсан.

Дарҳақиқат, кўп ўтмай бемалол кўзимни очдим.

— Ана, айтдим-ку, — деди чол хурсанд бўлиб, — энди манавидан ич, тетиклашасан.

У берган суюқлик тахир эди. Бу таъмни мен аввал ҳам туйгандайман. Лекин қаерда татиб кўрганимни эслаёлмадим.

Беш кун жойимдан қимирламай ётдим, чол ҳам ёнимдан жилмади ҳисоб. Соқоли уникидан қолишмайдиган, кўзлари қисиқ, пешоналарини ажин босган уч-тўрт киши ҳам кириб-чиқиб туришди. Ҳаммаси мен биладиган таиландчада гапирарди. Уларнинг гап-сўзларига қараганда, сувдан чиқиб келибман. Сўнг дарахтда осилган чақалоқни ечиб олиб, ерга қўйибман.

Улар менинг жудаям озғин, мурдага ўхшашимдан хавфсирашибди. Чақалоққа зиён етказиб қўйишимдан чўчишиб, “пегана” (бамбукдан ясалган думалоқ қурол) билан уриб ағдаришибди. Сўнг бу ерга — оқсоқолнинг ёнига олиб келишибди (қизиқ, кўринишидан бари бир-бирига ўхшайди, оқсоқолини қандай ажратиб олиш мумкин?). Ҳа, эсладим: улардан дастлаб:

— Мени семиртириб, кейин сўйиб емайсизларми? — деб сўраганман.

Чоллар бир-бирларига ажабланиб қарашди, сўнг менга юзланишди. Берган саволимдан ўзим ҳам ноқулай аҳволга тушдим-у, лекин нима қилай, мудом одамхўрлар қўлига тушавериб, юрагим зада бўлиб қолган эди-да.

— Хавотир олма, — деди оқсоқол, — уйингга бемалол етиб оласан.

Бирдан кўзимда ёш ҳалқаланди, йиғлаб юборишдан ўзимни зўрға тийдим.

— Энди тур, ётаверсанг оғирлашиб қоласан. Еттита касалинг бор. Иккитасини даволадим, холос. Қолганини, ҳаракат қилмасанг, тузатолмайсан.

Унинг гапи таъсир қилиб, ўрнимдан туришга ҳаракат қилдим. Бир уринишда кучим етмади. Чоллар ёрдам берай демади, безрайиб қараб туришибди. Алам қилиб, иккинчи уринишда ўрнимдан туриб ўтирдим. Бошим айланди, ётиб қолмай деб ерга қўлимни тираб олдим.

— Яхши, — деди оқсоқол кулиб, — иродали йигит экансан. Тез орада ўзингга келасан.

Улар оёққа туришимга ёрдамлашишди-ю, лекин ташқарига чиқиб олишимга кўмаклашишмади. Бу қариялардан нима умид? Ўзларининг гавдасини кўтариб юришсаям катта гап. Ёшлариям етмиш-саксонга бориб қолгандир, деб ўйладим.

Ташқарига чиқиб, тоза ҳаводан нафас олдим. Ёғочдан тикланиб, томи қамиш билан ёпилган тўртта уй қўққайиб турарди. Беш-олти қадам наридан бошланадиган ўрмонга кўз ташладим. Буларнинг барини мен аввал кўргандай эдим, шу боис, ҳайратланмадим, шунчаки бош чайқаб қўйдим. Уйлар олдида беш-олти бола чопқиллаб юришар, ора-чора енгил сакраб ҳавода ўмбалоқ ошиб тушишарди, бунга ҳайратланмай иложим йўқ эди.

Болакайлар нари борса олти-етти ёшларда. Уларни кўриб ёшлигим, кўча чангитиб юрганларим эсимга тушиб, йиғлаб юбораёздим. Тўғри, уларга ўхшаб ҳавода учиб айланиб ерга тушиш менинг қўлимдан келмасди. Аммо болаликдаги завқ-шавқим буларникидан кам бўлмаган.

Оқсоқол билан бирга овқатландим. Кўп емасам-да, дарров тўйиб қолдим.

— Ҳали ўрганиб кетасан. Ошқозонинг кичрайиб кетган. Ҳа, сенга маслаҳатим: сувга қарама. Бирор ўн кундан кейин қарайсан, — деди оқсоқол.

Нега бундай деганини тушунмадим, шундай эса-да, “хўп” дегандек бош силкиб қўйдим.

— Мана, анча ўзингга келиб қолдинг, — деди у гапини давом эттириб. — Энди нима бўлганини бирма-бир гапириб бер.

Мен учун ўтмишимни эслаш жуда оғир эди. Не кунларни бошдан ўтказмадим. Қанақанги каззобларнинг қўлига тушмадим. Энди ўшаларни бир бошидан қайта эслаш… Оғир… Жудаям оғир.

Бир муддат тин олдим. Мардикорликка борганимдан оролда одамхўрни ўлдирганимгача кўрган-кечирганларимни хаёлимдан ўтказдим. Шундан кейин гапиришга тушдим.

Оқсоқол, бирор марта бўлсин, гапимни бўлмади. Тўхтаб хаёл суриб қолган кезларим юзимга диққат билан тикилиб тураверди. Аммо одамхўр билан рўй берган воқеани айтаётганимда чидаб туролмади: менга тушунарсиз тилда бир нима деб қаттиқ гапирди. Сўнг менга “давом эт” дегандек ишора қилди.

— Биламан, — деди у гапларимни охиригача эшитиб бўлгач, — улар Исо пайғамбар — Оллоҳнинг элчисининг хочга михланишига сабабчи бўлишган. Мана, неча юз йиллар ўтса ҳамки қони тўкилган, вайронагарчилик рўй берган ҳодисаларга улар аралаш. Умрларининг ҳар бир сониясида Оллоҳга ширк келтириш билан овора. Қани, бу ёққа юр, сенга кўрсатадиган нарсаларим бор.

У ўрнидан туриб уй томон юрди. Ортидан эргашдим. Зиналардан иккинчи қаватга кўтарилдик. Сиртдан қарасангиз, бу уйни ҳечам икки қаватли деб ўйламайсиз. Саксондан ошиб қолган қариянинг зиналардан енгил кўтарилиши янада таажжубланарли. Тепадаги қаватга чиққанимизда оғзим очилиб қолди. Пастда учта хона бўлса, тепадаги қаватда бу жой яхлит бир хона, ичи китобга лиқ тўла эди. Кичкина бир оролда, гадойтопмас бир жойда бунчалик кўп китоб борлиги ҳар қандай одамнинг ақлини шошириб қўяди. Ҳайҳотдай хонани китоб жавонлари тўлдириб турарди. Мен кирган жойимда анграйиб туриб қолдим. Оқсоқол жавонлар орасидан адашмай бориб битта китобни олди-да, варақлади. Сўнг мени ёнига чақириб кўрсатди.

— Мана, — деди у китобдаги тагига қизил қалам билан чизиб қўйилган сатрларни кўрсатаркан, — мана бу ерда аниқ-тиниқ ёзиб қўйилган.

Ёзувнинг арабча эканини билардим, бироқ ўқишга тишим ўтмасди. Шу боис, бир китобга, бир оқсоқолга қарадим.

— Дининг нима? — сўради у.

— Ислом.

— Нега унда билмайсан?

— Ҳеч ким ўргатмаган.

— Нега ўргатмаган?

— Билмадим.

— Яхшимас, ўзининг динини билмаслик… Бу бетда Исо воқеаси ёзилган. Ўз қавмининг одамлари римликларга Исони сотишади, унинг устидан бўҳтон уюштиришади. Исо калтакланади, минг бир қийноққа солинади. Бироқ сотқинлар бу билан ҳам қаноатланмай, Оллоҳнинг элчисини хочга михлашни талаб қилиб туриб олишади… Балки ўшанда Исо уларни қарғагандир, лаънатлагандир. У ёғи бизга қоронғи. Лекин далил шуки, ўша лаънатланганлар ўта маккор, ўта ақлли. Қаердаки, бойлик бўлса, унга эга чиқишга ҳаракат қилишади, буни уддалашади ҳам. Улар аввал ишончига киради. Бунинг учун минг хил найрангни ўйлаб топади. Кейин жуда устомонлик билан алдаб, бор-будига эга чиқади. Қарабсанки, қуп-қуруқ тошлоқ жойда осмонўпар миноралар, сайилгоҳлар, фавворалар пайдо бўлади.

Сен ёш болаларни супрадаги ун устига яланғоч ўтқазишиб бигиз тиққанларини эшитганингни гапирдинг. Бу ҳали ҳолва. Улар шундай хунрезликларга қўл уришганки, ҳайратдан ёқангни ушлайсан… Буни сенга кейинроқ гапириб бераман… Сени ертўлага олиб тушганларида емоқчи бўлишмаган. Ўпка, жигарингни, юрагингни сотишни мўлжаллашган. Дунёда шундай бой одамлар борки, битта юракни сотиб олиш учун миллион-миллион долларни аямайди. Аслидаям, аяб нима қилади? Агар юраги ишдан чиқиб, яшашдан маҳрум бўлиб қолса, пулларининг кимга кераги бор? Энди ер остида қилган ишинг хусусида: уларнинг нияти, албатта, сенинг аъзоларингни сотиш бўлмаган. Кимёвий йўл билан олмос ясаш мумкин. Лекин бунинг учун ҳам махсус тош керак. Хуллас, сени ишлатишган, холос. Кейин мурувват кўрсатишган…

— Сиз буларнинг барини қаердан биласиз? — дея оқсоқолнинг гапини бўлдим.

У жилмайди ва китобларни кўрсатди:

— Бу ер — хазина. Ҳар битта китобни камида ўн мартадан ўқиб чиққанман.

— Қандай қилиб?

— Еттита тилни биламан. Шунинг учун ҳам сен билан бемалол гаплашиб турибман.

— Тил билган билан… бунча китобни ўқиб чиқиш учун озмунча вақт керакми?

— Нима, сенингча, бир юз ўттиз икки йил кам вақтми?

— Ни-ма? — дедим мен ҳайратланиб, — бир юз ўттиз икки?!

— Ҳа, мен шу ёшдаман, — деди оқсоқол жиддий тортиб. — Суҳбатимизни шу ерда тугатамиз. Сенга кўп ҳаяжонланиш мумкин эмас, касалинг оғирроқ.

Мен карахт эдим. Қулоқларимга ишонгим келмасди. Одамзод қандай қилиб бир юз ўттиз икки йил яшаши мумкин? Ақлга сиғмайди. Балки оролдаги ҳалиги чолларнинг ёшлари ҳам юздан ошиб кетгандир. Қаерга келиб қолдим ўзи? Танимда еттита касаллик борлигини бу чол қаёқдан била қолди? Дўхтир эмас-ку… Балки ёшлигида табиблик билан шуғуллангандир. Майли, бунисигаям ишонса бўлади. Лекин сохта олмос  ясаш, қайси  қавмнинг қандайлиги тўғрисидаги гаплари зўр-ку!.. Миямда минг бир савол туғилган, бироқ уларнинг ҳеч бирига жавоб тополмасдим. Чол мени ухлашинг керак, деб ётқизиб қўйди. Кўзимга уйқу келмайди. Юрагим безовта.

— Манавини ич, — деди бир маҳал оқсоқол мен ётган хонага кириб.

Индамай унинг айтганини қилдим — пиёладаги суюқликни ичиб бўлибоқ ухлаб қолдим.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Бахтнинг олис манзили (1-қисм)

Бахтнинг олис манзили (2-қисм)

Бахтнинг олис манзили (3-қисм)

Бахтнинг олис манзили (4-қисм)

Бахтнинг олис манзили (5-қисм)

Бахтнинг олис манзили (6-қисм)

Бахтнинг олис манзили (7-қисм)

Бахтнинг олис манзили (8-қисм)

Бахтнинг олис манзили (9-қисм)

Бахтнинг олис манзили (10-қисм)

Бахтнинг олис манзили (11-қисм)

Бахтнинг олис манзили (12-қисм)

Бахтнинг олис манзили (13-қисм)

Бахтнинг олис манзили (14-қисм)

Бахтнинг олис манзили (15-қисм)

Бахтнинг олис манзили (16-қисм)

Бахтнинг олис манзили (17-қисм)

Бахтнинг олис манзили (18-қисм)

Бахтнинг олис манзили (19-қисм)

Бахтнинг олис манзили (20-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here