АРОСАТ… (Йигирма учинчи қисм)

0

 

Оллоҳим, ташаккур борлигинг учун,

Бошимга тизгинсиз дардлар ташладинг.

Беҳад хурсанд бўлдим ситамларингга,

Бандалар ичидан мени танладинг…

Ташаккур, тишимни тишимга қўйдим,

Руҳимда товушсиз нурли куласан.

Дардлар юборибсан… Ғамлар юборибсан…

Демак, борлигимни ўзинг биласан… (қўшиқдан)

 

ДАРДКАШЛАР

 

* * *

Вақт кундузги соат ўн иккидан ўтганда, қария ҳарсиллаганча кириб келди. Қўлидаги елим халтачани айвонга қўйди-да, бизни бирпас кузатган бўлди. Шу аснода негадир бир неча марта норози бош чайқаб олди.

Биз унга қарайдиган аҳволда эмасдик. Ваня амаки билан олдинма-кетин картошка жойланган қопларни орқалаб подвалга чопардик.

— Ҳалиям яримлатмадиларингми? — қичқирди қария, ниҳоят. — Вей, инсоф борми ўзи сенларда? Кун яримлаб бўлди-ку! Нимага қоплар енгилламаган?

Ваня амаки толиққан белини тиклаб, важоҳат билан уй эгасига яқинлашди.

— Қорин очди! — деди у хириллаб. — Қани овқат?

— Э, келиб-келиб сенларниям ишга опкеламанми? — қария қўл силтаганча айвондан елим халтача олиб келди. — Ма, пиражка олиб келганман. Еб олларинг заҳрингга!..

— Вей, ота, — деди Ваня амаки тоқати тоқ бўлиб. — Ҳаддингиздан ошманг! Мендаям бор ўша жаҳл!

— Бўпти, бўпти, — гапни кесди қария. — Тезда манавиларни еб олларинг-да, ишга туш! Ҳадемай кеч киради…

Мана буни ўлганнинг устига тепган деса бўларди. Қария келтирган пиражкалар гўё музга айланганди.

На илож? Ўз уйимизда эмаслигимизни иккаламиз ҳам яхши биламиз.

Қўлимизга биттадан пиражка олиб, бир-икки тишлаган бўлдик. Йўқ, бундай оғир юмушни бажарадиган одамнинг совиган пиражка ейиши сира ақлга сиғмайди.

Мен-ку, индамай қўя қолардим. Ҳар қалай, ишлаётганимдан, оч-наҳор қолиб кетмаётганимдан мамнун эдим. Бироқ шеригим чидаб туролмади. Сапчиб ўрнидан туриб, қаергадир отланаётган уй эгасининг йўлини тўсди.

— Пулларни беринг, ота! — деди Ваня амаки икки қўлини белига тираб. — Биз кетамиз, тамом!

Бу гапни эшитиб, қариянинг қалин қошлари чимирилди. Қўлидаги гулдор ҳассани ерга уриб-уриб олди.

— Пулми? — деди Ваня амакининг кўзларига нафрат аралаш боқиб. — Ишни тугатмасдан ҳақ олмоқчимисан?.. Вей, бола, жаҳлимни чиқарма! Ёмонига олсам, ҳозироқ ўғилларимни чақириб келаман, таъзирингни бериб қўяди. Нима қилай? Чақираверайми ё ишни давом эттирасанми?

Ваня амаки бирдан паст тушиб, ортга тисланди. «Э, ўзингизам ўтакетган қайсар одам экансиз», дея ғудранганча қоплардан бирини олиб елкасига босди.

* * *

Ярим соатча ўтгач, иккаламиз ҳам ҳолдан тойиб, айвон устунига суянган кўйи ўтириб қолдик.

Ваня амакини билмадим-у, аммо мен бўлганимча бўлгандим. Очлик тинка-мадоримни қуритган, тиззаларим дир-дир титрарди.

— Бас, ортиқ ишламаймиз, — деди Ваня амаки аҳволимни тушунгандек қатъийлик билан. — Барибир, бу сассиқ чолдан пул ундиришимга ақлим етмаяпти.

— Унда қуруқ қўл билан кетамизми? — сўрадим бўшашиб. — Картошканинг ярмига яқинини ташиб қўйдик-ку!

— Қуруқ кетадиган аҳмоқ йўқ. Сен шу ерда ўтир, кўчадан кўз-қулоқ бўл! Мен пастга тушиб, подвални ўрганиб кўрай-чи!

Шеригим олдиндан ниманингдир режасини тузиб олганми, зум ўтмай, бир қути коньяк кўтариб чиқди.

Бу манзарага кўзим тушиб, жон-поним чиқиб кетаёзди.

Ахир нима қилмоқчи бу одам? Ишни ташлаб қўйиб, кайф-сафога берилмоқчими? Қария келса, нақ балога қоламиз-ку!..

— Манавини кўр, — оғзининг таноби қочиб, коньякларни кўз-кўз қилди Ваня амаки. — Буларнинг ярмисини сотсак ҳам, чол берадиган пул чиқади. Қолганини маза қилиб ичардик.

— Нима? Ўғирлаб қочамизми? — сўрадим соддаларча. — Ахир бу яхши эмас… Уй эгаси билиб қолса…

— Сен жим бўл! — кўрсаткич бармоғини лабларига босиб, атрофга аланглади Ваня амаки. — Туя кўрдингми, йўқ!.. Ҳозир буни елкага ортамиз-у, қуён бўламиз.

— Қария етиб олса-чи бизга?

— Ҳаётда ета олмайди. Агар шундай қилмасак, кечга бориб, иккаламиз ҳам хор бўламиз… Тез бўл, бўшашма! Бор, кўчани разведка қил!..

Мен итоат билан кўчани кўздан кечирдим. Ҳеч ким кўринмади. Белги бердим дегунча Ваня амаки коньяклар жойланган қутини елкалаб ҳовлидан чиқди.

— Ҳов анави дала тарафга кетдик! — деди у қадамини тезлатиб. — Тез-тез орқангга қараб юр! Тағин анави нусха хитланган бўлмасин!..

* * *

Катта йўл бўйлаб кетишимизнинг умуман иложи йўқ эди. Ҳеч қанча юрмай, қарияга рўбарў бўлишимиз тайин. Шунинг учун кенг далани кесиб ўтиб, катта кўприкка етганда тўхтадик. Кўприк остидан анҳор оқиб ўтганди.

Ваня амаки бироз нафас ростлагач, осмонга боқди.

— Туман қалинлашяпти, — деди коньякларга суқ билан термилиб. — Буям бизнинг бахтимиз. Башарти чол қувиб келиб қолса, ғойиб бўлиш осон кечади… Тўхта, ҳов анави ёққа қара-чи! Кимлардир келяптими?..

Мен қатор ҳовлилар томон кўз ташладим. Ҳақиқатан, қуюқ туман орасида икки-уч эркак ҳамроҳлигида қария югуриб келарди.

— Тамом бўлдик! — дедим Ваня амакини туртиб. — Ҳозир етиб олишади. Энди нима қилдик?..

Ваня амаки ўйлаб ўтирмай, қутини қўлига олди ва кўприк остига қараб чопди.

— Югур орқамдан! Тез бўл!.. Беркинамиз!

— Қаерга? Қаерга беркинамиз?

— Сувга тушамиз! Э, лапангламай, тезроқ юрсанг-чи!..

У ўйлаб ўтирмай, шарқираб оқаётган анҳорга тушди-да, кўприк остига беркинди.

Мен ҳам шеригимга эргашишга мажбур эдим. Гарчи этим жунжикса-да, ўзимни анҳорга ташладим.

Бу орада бақир-чақирлар аниқ-тиниқ қулоққа чалина бошлади.

— Қаёққа ғойиб бўлди ярамаслар? — сўкинарди қария. — Шу ёққа қараб юришганини кўргандим-ку!..

— Ота, қаёқдаги бир қути коньякни деб дала кезишимиз шартми? — норозиланди бошқа бирови. — Қўяверинг, ичса ичар заҳрига! Тиқилиб ўлмайдими!?.

— Қоплар-чи? Қорда ётаверадими шундай?

— Бошқа мардикор олиб чиқаман ўзим.

Бу гапдан кейин атрофга бирпаслик сукунат чўкди. Сал ўтиб, оёқ товушларининг узоқлаша бошлаганини эшитдим…

Оёқларим гўёки кесакка айланиб қолганди. Танамга югурган муз вужуд-вужудимга пичоқ кесган каби ёқимсиз оғриқ берарди.

— Чиқаверсак бўлар? — Ваня амакига юзландим тоқатсизланиб. — Мен чидолмайман. Қотиб қолдим!..

— Чиқамиз, — деди шеригим эҳтиёткорлик билан соҳилга оёқ қўяркан. — Кетишди. Коньяклар ўзимизга қолди… Бопладик ўзиям!.. Юр, меникига жўнаймиз!..

* * *

Бу ишимиз гуноҳми-йўқми, идрок эта олмасдим. Хаёлим коньяклардан келадиган пулда эди. Киссаси қуп-қуруқ одам фикрлашдан йироқ бўларкан. Совқотганимни ҳам унутиб, йўл-йўлакай ўзимча хомчўт қилар, қанча пулни нимага сарфлаш ҳақида бош қотирардим.

Шу кўйи ярим соат деганда Ваня амакининг кўримсиз, хоналарида шароб, ароқдан бўшаган шишалар думалаб ётган квартирасига кириб келдик.

У эшикни ичкаридан тамбалади-да, қутидаги коньякларни бир-бир чиқариб олиб нам латта билан эринмай артди. Сўнгра ўн донасини бўздан тикилган халтага жойлади.

— Ие, кўкариб кетибсан-ку, хумпар! — Ваня амаки кутилмаганда мен томон ўгирилиб, иягимдан тутди. — Ҳозир сенга юз грамм қуйиб бераман. Зўр бўлади.

Шундай деб югурганча ошхонага ўтди-да, четлари сарғайган стакан келтириб, коньяклардан бирини очди ва яримлатиб стаканга қуйди.

— Ма, тезда ичиб юбор! Бўлақол!

— Қ-қандай бўларкин? Умримда бунақанги нарсани ичмаганман.

— Ич дедим! Дарров ичингга иссиқ киради. Шамоллаш ҳам кетади.

Мен таваккал стакандаги ичимликни кўтардим.

Йўқ, бу нақ заҳарнинг ўзгинаси эди. Томоғимни нимадир қаттиқ куйдириб ўтиб, кўринмас олов ичакларимни ҳам чулғаб олди. Бир неча сония нафас ололмай тек қотиб тургач, жонҳолатда Ваня амаки тутқазган совуқ сувни сипқордим. Шундан кейингина кўзларим очилиб, ўзимга келдим.

Лекин ҳақиқатан, танам бирдан қизиб, пешонамни тер босди. Бир неча дақиқа ўтиб эса бошим ёқимли айланиб, кайфим чоғланди. Энди бегона квартирада ўзимни эркинроқ ҳис эта бошладим. Ҳатто Ваня амаки ҳам кўзимга эски қадрдонлардек кўриниб кетди.

— Ма, яна элликта от! — деди у стаканга коньякдан пича қуйиб менга узатаркан. — Отдай бўласан-қоласан. Қара, ҳалитдан рангингга қон югурди. Ичақол! Ў, яша! Мана бу ўғил болача иш бўлди! Энди сен диванга ёнбошлаб дамингни ола тур! Мен ғизиллаб манавиларнинг ярмисини пуллаб келай.

Ваня амаки ҳақ эди. Иккинчи қадаҳдан сўнг анча бўшашдим. Турган еримда оёқларим чалишиб, гапирсам тилим ғўлдираб кетаверди.

Деворни ушлаб аста залга кирдим-да, ўзимни диванга ташладим. Шу заҳоти хаёлларим ёввойи каптардек аллақаёқларга уча бошлади. Гоҳ Шарифа тортиб олган машинамда қишлоқ кўчаларини керилиб кездим, гоҳ ҳашаматли ҳовлидан чиқиб башанг кийинган катта шоирларни қарши олдим. Бу ҳам негадир кўнглимга ўтиришмай, университет биносига жадал кириб бордим. Келишимни интиқ кутаётган муаллимлар билан истар-истамас сўрашган бўлдим. Улар дарров мени юмшоқ курсига ўтқазиб қўлимга чўғдек қип-қизил дипломни тутқазишди ва барчалари баравар қарсак чалиб мени олқишлашди…

Бир пайт ташқари эшик кетма-кет тақиллай бошлади. Кайфимни бузгани учун тақиллатган кимсани ичимда қарғай-қарғай ўрнимдан турдим-да, эшикка яқин бориб товуш бердим.

— Ким у?

— Ваня дома? — русчалаб сўради ташқаридаги одам.

Аввалига эшикни очгим келмади. Лекин овоз негадир жуда танишдек туюлиб зулфинга қўл чўздим.

Не кўз билан кўрайки, ўзим кўп бора телевизор орқали кўрган машҳур шоир қаршимда турарди.

Илгари у ўқиган шеърлардан илҳомланиб, мен ҳам қоғоз қоралаб юрганман.

— Сиз… Олим Одиловсиз-а? — сўрадим тап тортмай. — Ўша инсонсиз. Тўғрими?..

— Ҳа, ўшаман, — деди шоир сўрашиш учун менга қўл чўзиб. — Ўзинг ким бўласан, йигит?

Кайф ҳар қандай одамни шер қилиб юбориши тўғри шекилли. Агар ичкиликни оғзимга олмасам, ҳозир бу одам билан дадил гаплаша олмасдим.

— Талабаман, — дедим бош қашиб. — Мен ҳам шеърлар машқ қилиб тураман. Айтганча, ичкарига киринг!

— Йўқ, — деди Олим ака. — Ваня керак эди. Ошхона чироғи ёнмай қолди. Созлаб берармикан девдим.

— Ваня амаки монтёрми?

— Ҳа, шундай. Сен билмасмидинг?

— Билмасдим. Чунки у киши билан бугун танишдим. Илтимос, ичкарига кирсангиз. Шеъримдан ўқиб берай, йўқ деманг!

— Қизиқ, — Олим ака йўлакка ўтиб ташқари эшикни ёпди-да, эшитилар-эшитилмас ғудраниб олди. — Пиёнисталарнинг шеър ёзишини эшитмаган эканман.

— Ака, — дея ўзим истамаган ҳолда ғўлдирадим. — Мен пиёнистамасман. Совуқ ўтиб кетганига Ваня амаки озгина қуйиб берди. Ишонинг, умримда ичкиликни оғзимга олмаганман.

— Қаерликсан? — сал дағалроқ оҳангда сўради Олим ака.

— Водийданман.

— Ие, шунақами? Ҳамюрт экансан-ку! Қаерда ўқийсан?

— Университетда.

— Шунақа дегин? — Олим ака мени обдон кузатган бўлди-да, жилмайди. — Қани, ўқи шеърингни, ука! Эшитайлик-чи!

Одамнинг кайфи ошса, мияси ҳам тезроқ ишлаб кетади чоғи, бир неча сония ўйланиб турган бўлдим-у, яқинда қоғозга туширган шеъримни ёддан ўқий бошладим.

Ҳою ҳавасларнинг бўлмади нафи,

Савобу гуноҳим қоришиб кетди.

Умримнинг паст-баланд кўчаларида,

Озғин оёқларим чалишиб кетди.

Жуда алам қилар кимсасиз ҳаёт,

Мени тортаверар домига таҳқир.

Бир сўкким келганди бўралаб…

Тилим айланмади негадир.

— Чаккимас, — менга маъноли боқди Олим ака. — Сендан чиқади шоир, чиқади… Фақат бир нарсага ҳайронман. Нимага шеъринг тушкун кайфиятда? Ё…

— Аламга тўлганимда ёзгандим-да!

— Нимага аламга тўласан? Очиқроқ гапиравер! Мени қизиқтириб қўйдинг.

— Бошдан кўп иш ўтиб қўйди, ака, — дедим қовоғим уйилиб. — Оилам билан ажрашдим, уйдан ҳайдалдим. Ҳозир… Ижара уй қидиришим керак. Ўқишимниям сиртқига ўтказсамми, деб турибман. Шароит кўтармаяпти.

— Оиланг билан нимага ажрашдинг?

Барибир очиқ гапиришни ўзимга эп кўрмадим. Қисқагина жавоб бериб қўя қолдим.

— Келишолмадик.

— Болалардан борми, ишқилиб?

— Ҳа, бир ўғлим бор.

Олим ака бир муддат жимиб қолди. Бот-бот бош қашиб олди. Ора-сирада менга синчиклаб тикилиб ўзича нималарнидир мулоҳаза қилган бўлди.

— Кўринишингдан ёмон болага ўхшамайсан, — деди ниҳоят бошини кўтариб. — Шаҳарда анча қийналибсан-да унда!. Ҳимм… Бирор жойда ишлайсанми?

— Йўқ, ҳали улгурмадим ишга киришга.

— Ваняни қаердан танийсан?

— Бугун бирга мардикорчилик қилгандик. Тунашга жойим бўлмагани учун…

— Тушунарли, — Олим ака шундай деб ўрнидан қўзғалди. — Унда сенга бир маслаҳатим бор. Агар қулоқ солсанг, кам бўлмасдинг, ука. Хўш, нима дейсан?

Мен шоирнинг нимага шаъма қилаётганини англамаганим сабаб елка қисишдан нарига ўтолмадим.

— Бир қайнсинглим бор, — давом этди Олим ака. — Бахти очилмаяпти шўрликнинг. Ўзи жуда ақлли, одобли қиз. Айтганча, уям университетнинг филология факультетини тамомлаган. Бир ўзи алоҳида квартирада туради. Агар… Бориб кўрганингда, тақдир бўлса, тўй қилиб юборармидик. Ишинг масаласиниям ҳал қилардик.

Яширмайман, шундай катта шоирнинг кутилмаган таклифи қулоқларимга мойдай ёқиб тушганди. Шунчалар довдираб, хижолатда қолдимки, қулоқларимгача қизариб, кўз-у оёқларимдан олган ичкилик кучи изсиз ғойиб бўлгандек туюлди.

— Ҳа, нега индамай қолдинг? — сўради Олим ака кулимсираб. — Ёки бошқа режаларинг бормиди?

— Йўғ-э, — дедим ер чизиб. — У-ундаймас… Фақат… Нима десам экан? Қ-қандай бўларкин, ака?

— Ўйланма, — деди шоир. — Ижодкор одам сенга ўхшаб қийналиб юрса, тоқат қилолмайман. Бардам бўл! Бошингни тик тутиб юр! Ма, мана бу телефон рақамим. Қўнғироқ қилсанг, бирор жойда учрашиб ҳаммасини гаплашволамиз…

Шу кеча ярим тунгача кўз юма олмадим. Йўқ, бугун азоблар, қийинчиликлар, нохуш ўйлар безовта қилмасди. Ниҳоят, аччиқ қисмат чангалидан халос бўлишим яқинлиги ҳаяжонга соларди. Худойимнинг менга унча-мунча ижодкорга насиб этмайдиган бахтни раво кўрганидан жуда-жуда мамнун эдим.

Кўз ўнгимда Олим аканинг маъюс кулимсираганча квартирани тарк этаётгани, қўнғироқ қилишимни қайта-қайта тайинлаб қўл силтагани гавдаланиб, хаёлан нуқул бир жумлани такрорлардим:

«Раҳмат сизга, Олим ака!»

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here