Бахтнинг олис манзили (23-қисм)

0

— Кейинчалик ўзинг тушуниб оласан, — деди диққат билан юзимга тикилиб турган оқсоқол. Сўнг қўлимдан тутиб, ўрнимдан туриб олишимга кўмаклашди. Кейин юрғизиб кўрди. Чўлоқланиб юришимдан кўнгли тўлмай:

— Мен сени опичлаб оламан, — деди.

Бир кулгим қистайди, бир жаҳлим чиқади. Ёши юз ўттиздан ошган бу чол ушоқдай гавдаси билан мени ортмоқлаб қаергача борарди? Кўтараман деб қоқилиб кетмаса бўлгани. Қолаверса, биздаям ғурур бор, чоллар устига миниб оладиган хотинчалишлардан эмасмиз.

— Шарт эмас, аста-секин ўзим боравераман.

Оқсоқол жилмайди. Сўнг мендан сўраб ҳам ўтирмай, бир қўлимдан тортиб, оёғимдан чаққон кўтариб, елкасида хуржундай осиб олди. “Баттар бўл, ҳозир йиқиласан”, деб ўйладим. Лекин у пилдираб юриб кетди. “Озгина юр, ундан кейин кўраман ҳолингни, қари чол”, деган хаёлда индамай кетаяпман. Юз метр, икки юз метр юрди, кейин қалин ўрмон бошланди. Бироқ қария тўхтай демайди. Қайтанга, шундоғам шилиниб кетган юзимга шох-шабба урилиб баттар азоблайди. Манглайимдаги ғурранинг лўқиллашини-ку, айтмай қўя қолай.

Ўрмоннинг ўрталарига етганимизда чол мени секин елкасидан ерга туширди. Бу чол мени ортмоқлайман деб бели чиқиб кетди-ёв, дегандим, у ҳатто ҳансирамасди ҳам. Мени кўтариб олганда қандай бемалол турган бўлса, ҳозир ҳам худди шундай қаққайиб турибди.

— Бу ёғига ўзинг йўл топиб  борасан, — деди у  илжайиб. — Огоҳлантириб қўяй: таёққа суянадиган бўлсанг, ўзингдан кўр.

“Онангни эмгур! — ичимда сўкдим уни. — Бу аҳволда қандай етаман? Соғ оёғимниям майиб қилайми? Ўзи, сен дўстга ўхшамайсан. Агар сал одамгарчилигинг бўлганида, мени бунча қийнамасдинг”.

Оқсоқол хайр-маъзурни насия қилиб, ортига бурилиб кетди. Ўрмоннинг ўртасида ёлғиз қолдим. Аламим келиб, ерга чўзилдим. Бош, оёқ оғриғига хўрлигим қўшилиб кайфиятим бузилди. Кўп азобларни кўрдим-у, лекин бу падар лаънати нинзага ўхшаб ҳеч ким мени усталик билан лаққа туширмаган. Камбағални урма-сўкма, кўйлагини йирт, дейишади. Оқсоқол ҳам шундай қилди. Беихтиёр кўзимдан ёш чиқиб кетди. Бурнимни торта-торта, кўз ёшларимни кафтим билан артдим. Сўнг секин ўрнимдан турдим. Аввалига: “Оқсоқол уриб ўлдирмайдими, бирорта таёқ топиб суяниб кетаман”, деган ўйга бордим. Лекин қўрқдим. Одам тинимсиз калтак еяверса ҳам безиллаб қоларкан.

Бир оёқда чўлоқланиб ҳаккалаб кета бошладим. Бахтимга, дарахтлар қалин, уларга суяниб, нафас ростлайман, сўнг яна йўлимда давом этаман.

Азобдан, очликдан тинка-мадорим қуриб, оқсоқолнинг уйига етиб борганимда қуёш тиккага келган эди.

— Мана келдим, — дедим кўзимни зўрға очиб. — Яна қаерга бориб келай?

Бўсағада чордона қуриб, чой ичаётган оқсоқол тиржайди (чой ичиб ўтирган жойини қаранг).

— Яхши, — деди пинагини бузмай чол, — ёнимга ўтир.

— Ўтирмайман.

— Нега?

— Кейин туришим қийин.

— Ўтир, бошқа турмайсан.

Кампирлардан бири тоғора кўтариб кирди. Унинг ортидан келган қизнинг қўлида ҳар хил кўкатлар бор эди. Чол аввал тоғорадаги сувда оёғимни ювди. Сўнг шишган жойига кўкатни эзғилаб сувини чиқариб босди-да, устидан латта билан сиқиб боғлади. Манглайимга ҳам кўкатни сиқиб босиб, боғлаб қўйди.

Уч кун чўлоқланиб юрдим. Чол мени ётқизиб қўймади, қўлимга арабча ёзувдаги китобни берди. “Нима қиламан буни? Ўқий олмасам”, дегандим, яна калтак остида қолдим.

Тўртинчи куни оқсоқол оёғимдаги латтани ечиб ташлади. Шиш қайтибди.

— Тузук, — деди чол, — дардга бардошли экансан. Манглайингдаги ғурра ҳам қайтибди.

Лекин бундан мен қувонганим йўқ, ҳозир тузалган бўлса, кечқурун бундан баттар аҳволга тушади, деб ўйладим.

— Баракалла. Демак, бирон жойингни жароҳатламаслик ўзингга боғлиқ, чидасанг — шу, — деди у хаёлимни уққандай.

Мен жавоб беролмадим. Нима ҳам дердим, у ҳақ эди. Чунки ўзим улардай чаққон бўлишни, ҳар қандай шароитда рақибдан устун келишни истадим.

— Сёхэй! — дея чақирди оқсоқол.

Оқсоқол ҳамманинг кўз ўнгида мени шарманда қилган йигитга бу сафар ўз тилида гапирди. Ҳар доим олдимда мен тушунадиган лаҳжада гапиришларига ўрганиб қолган эканман, хафа бўлиб кетдим.

Табиийки, гап мен ҳақимда эди. Демак, улар менинг тушунишимни исташмаяпти. Бунинг устига, Сёхэй менга беписанд қараб қўйди. “Шошмай тур, — кўнглимдан ўтказдим, — менсимаслик қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман ҳали сенга. Пушаймон едиртирмасам…”.

— Сёхэй билан бирга ишлайсан, — деди гаплашиб бўлишгач оқсоқол менга юзланиб. “Шарт эмас”, демоқчи бўлдим-у, лекин тилимни тийдим. Норозилигимни кўзимдан илғаган оқсоқол елкамга қўлини қўйиб:

— Ҳаммаси яхши бўлиб кетади, — дея юпатган бўлди.

Сёхэй ўрмон бошланадиган жойгача мен билан ёнма-ён борди. Сўнг туйқусдан югуриб ўрмонни оралаб кетди. Ортда қолиб кетмаслик учун мен ҳам югурдим. Тан олиб айтай, Сёхэй оқсоқолдан чаққон эди. Унинг шох-шаббаларга чап бериб ўтаётгани сезилмасди. Лекин мен ҳам энди пишиқ бўлиб қолгандим. Ички бир туйғу билан шохларни ёнлаб ўтишга интилардим. Тўғри, ҳозир кундуз, ёруғда ҳамма нарса кўзга яққол кўриниб турибди. Аммо барибир ялангликка чиққунча пешонам ғурра бўлди. Ўпкам бўғзимга тиқилаёзди. Сёхэй эса ҳеч нарса кўрмагандек, ҳатто ҳансирамасди ҳам.

Бир оз дам олдик. Тўғрироғи, мен нафас ростладим. Анави қанотсиз “қуш” эса бир дақиқа бўлсин тинмади. Ҳали сакрайди, ҳали умбалоқ ошади… “Илон рақси”гаям тушди. Кейин ёнимга келиб:

— Энди ёнма-ён югурамиз, гавдамни қандай тутишимни, нафас олиб нафас чиқаришимни кузатиб бор, — деди.

У кўкрак қафасини олдинроқ, бошини озгина орқага ташларкан, менга ўхшаб тез-тез эмас, балки секин ва чуқур нафас оларди. Югура туриб бундай қилиш осон эмаскан. Белим толиқиб, анча қийналдим.

Орадан бир ой ўтгач, югуришни ўргандим. Бўш вақтимда араб имлосини ўқиб, ҳарфларини бирма-бир ёдладим. Ҳижжалаб сўзларини ҳам ўқишга кириша бошладим. Албатта, ўқиш қийин, ўқиган сўзларим маъносини билмасдим. Дастлаб мени бу нарса қизиқтирмади ҳам. Сўнгра ўз-ўзидан ўқиган сўзларим хаёлимда такрорланаверадиган бўлди. Югураётганимда, шохларга усталик билан чап бериб югураётиб ўша сўзларни ўзим сезмаган ҳолда такрорлайверардим.

Кейинги ойдан янги машғулотни бошладим. Оқсоқол ҳассадай келадиган таёқларни ерга қоқиб чиқди. Кейин Сёхэйни чақириб, таёқларни тепиб синдиришни буюрди. Сёхэй худди эрмак учун тепаётгандай, таёқларни ҳеч бир қийинчиликсиз синдириб ташлади. Навбат менга келишини ич-ичимдан сезиб турардим. Шундай ҳам бўлди.

Биринчи таёқни тепишим билан чинқириб юбордим. Суякларим синиб кетгудай бўлди. Вой-войлаб оёғимни ушлаб ўтириб қолдим. Оқсоқол қўшимчага эшимча қилиб бошимга урди ва кейинги таёқни тепишга мажбурлади. Оқибати шу билан тугадики, иккала оёғим ҳам латтага ўралди. Ҳар қалай, суякларим мустаҳкам экан, шикаст етмабди. “Бир ҳафтада отдай бўлиб кетасан”, деди оқсоқол. Лекин бу сафар дам олдириб қўймади. Ҳар хил машқларни қилдириб, кун бўйи юрғизар, орада икки соатча китоб ўқитарди. Кечга бориб қўшдан чиққан ҳўкиздай овқатни ейишга ҳам мадорим етмай қотиб ухлаб қолардим. Яна тонг бўзармай уйғонишим, қуёш терак бўйи кўтарилгунча бадантарбия билан шуғулланишим шарт эди. Фақат орадан саккиз ой ўтганидан сўнггина таёқларнинг етти-саккизтасини синдироладиган бўлдим. Бошқа машқларга ҳам уқувим келиб қолди. Сёхэй билан навбатдаги спарингларнинг бирида унинг оёғига бир мартагина тепишга ҳам улгурдим. Тўғри, шундан кейин унинг жаҳли чиқиб, бир дақиқага қолмай, мени ерга чўзилтириб қўйди. Лекин кундан-кунга маҳоратим ошиб бораётганини сезардим. Шуниси муҳим.

Бу ерда илгари бир-икки марта қор ёққан экан. Уни ҳам оқсоқолдан бошқа ҳеч ким кўрмаган. Демак, бунга ҳам камида етмиш-саксон йил бўлган. Қадамим “қутлуғ” келдими ёки вақт-соати етганми, шу йил қор ёғди. Қанчалик чаққон бўлмасин, совуқдан бу ернинг одамлари анча дийдирашди. Ўша кунлари мен билан оқсоқолгина ташқарида юрдик. Одатдаги машқларни бажармадик, балки орол шимолидаги тоққа бориб келдик. Бу тоғни мен узоқдан кўргандим. Аммо ёнига бирор марта бормагандим. Тоғда унчалик узун бўлмаган, оғзи ҳам торгина (бир кишигина сиққулик) ғор бор экан. Оқсоқол, унинг уруғ-аймоғи бу ғордан омбор сифатида фойдаланаркан. Ун ва бошқа егуликларни олиб қайтдик. Қизиқ, уларнинг деҳқончилик билан шуғулланганларини кўрмагандим, қаердан шунча озуқани йиққан, ҳайронман. Қолаверса, бутун қавмда тўрттагина сигир бор. Елинлари ерга теккудай, кўп сут беради. Эшакдан каттароқ, отдан кичикроқ, ўзимизнинг хачирлардай келадиган отдан бошқа улов йўқ.

Уч-тўрт кунда қор эриб, ҳаво илиди. Аввалгидай машғулотлар бошлаб юбордик.

Орадан икки йил ўтиб, тезлик ва муштлашишда оролдаги етти-саккиз ёшлиларни ортда қолдириб кетдим. Сёхэй ва у қаторидагиларга эса етиш қийин эди. Оқсоқолнинг айтишича, бундан у ёғига ўтолмас эканман, ёшим ўтиб қолибди. Кўнглимда яна кўп нарсани ўрганиш ниятим бор эди-ю, бу ердагиларнинг ўргатиш истаги йўқлигини сезиб, индамай қўя қолдим. Аммо ҳар куни оқсоқол билан бирга тўрт-беш соат китоб ўқир ва ўқиганларимнинг мағзини чақишга уринар эдим. Бирорта араб билан гаплашганим йўғ-у, лекин араб тилини анча-мунча ўрганиб олдим.

— Дунёни англадим, — деб қолди бир куни оқсоқол.

— Шу пайтгача билмасмидингиз? — сўрадим ҳайрон бўлиб.

— Йўқ. Билмасдим. Дунёда Оллоҳгагина сиғиниб, Унинг буюрган амалларинигина бажариш керак экан, холос. Дунёга эга чиқаман деганлар… Кел, бир нарсани сенга кўрсатаман, — деб у ташқарига юрди, мен орқасидан эргашдим. У ўрмонга кирди ва ниманидир қидиришга тушиб кетди. Нимани излаётганини сўрасам айтмади. Ўзи қидирди. Ярим соатлар ўтганидан кейингина излаганини топди.

— Манави чумолиларга қара, — деди ҳашаротларни кўрсатиб.

Қарадим, бироқ ҳеч балони тушунмадим. Оддий чумолилар. Ғизиллаб бориб-келиб, хас-хашак ташиётир.

— Буларнинг подшосини ўлдириб қўйсанг, мана шундай беозор, меҳнаткаш ҳашаротлар ўртасидаям қирғин-барот бошланиб кетади. Токи биттаси ҳокимиятга эга чиқмагунча бир-бирини қираверади.

— Кейин-чи?

— Ҳеч нарса. Ҳоким еб ётади, холос, бошқалар ишлайди. Яна кўпайиш даври бошланади. Сўнг бошқа чумолилар билан уруш бўлади. Қирғин-барот такрорланади. Биласанми, уруш нимадан келиб чиқади? Сабаб битта — емиш талашиш. Қорин ғамининг ташвиши. Бошқа мақсад йўқ. Ҳокимият учун жанжалларнинг моҳиятида шу нарса ётади, аслида. Бегона чумолилар маҳв этилгач, уларнинг тўплаган озуқаси бу ёққа ташиб келтирилади. Демак, бу йўл пешонангни терлатгандан кўра самаралироқ. Беш-ўн минг чумоли ўлса, ўлибди-да! Ҳокимга зиён етмаса бўлгани, шуниси муҳим. Агар ҳокимнинг бу билан ҳам нафси қонмаса, яна бошқа чумолиларга, бошқа ҳашаротларга ҳужум бошланади… Одамлар орасида бу ҳолат бошқачароқ кечади. Чунки одамларнинг чумолилардан фарқли томони — ақли бор. Айтайлик, битта уруғ иккинчисини босиб олиши, ерларига эга чиқиши лозим. Замонавий тактикада қилич яланғочлаб, чумолиларга ўхшаб “ура-ура” қилинмайди, балки ҳийла ишлатади. Яъни сопини ўзидан чиқаради.

— Қанақа соп, қанақа ҳийла?

Оқсоқол менга қараб кулди. Афтидан, эзмалик қилаяпман, деган хаёлга борди. Ваҳоланки, мен унинг гапларини жон қулоғим билан эшитаётгандим. Чумолилар “фалсафа”си  бироз  энсамни  қотирганди-ю, лекин  кейинги гаплари қизиқ эди.

— Айтайлик, битта уруғ бошқасининг устига бостириб борди. Енголмади. Аниқроғи, енгди. Подшосини ўлдирди. Лекин халқ тинчимади. Ҳали у бурчакдан, ҳали бу бурчакдан бош кўтарганлар кўп. Шунда у ўзи қўйган қўғирчоқ ҳокимни атрофидагиларнинг қўли билан йўқ қилиб, ўрнига ўғлини қўяди. Уйингни чумоли босса, қутулишнинг энг осон йўли, биттасини заҳарлаб қўйиш. Бир оз фурсат ўтар-ўтмай, ҳамма чумолининг оёғи осмондан келади. Ўғилнинг ҳам ўз қондошларига нисбатан нафрати қўзийди. Отасини ўлдирганларни биттама-битта йўқ қилишга тушиб кетади. Қарабсанки, жиғибийрон, жангари уруғ ўз-ўзидан итоаткор, ҳар битта сўзингни қулоқ қоқмай бажарадиган бўлиб қолади.

— Мен оддий одамман. Бунақанги ишларга алоқам йўқ.

— Биламан, лекин юртингга етгунингча ҳали кўп воқеаларни бошингдан кечиришингга тўғри келади. Харитадан сенинг юртинг қаердалигини кўрдим. Биламан, у ер ниҳоятда тинч, одамлари аҳил. Мана, неча йиллардан бери ўша ерда уруш бўлганини эшитмайман. Лекин сен босиб ўтишинг керак бўлган бошқа тупроқлар ҳам бор-да. Ҳозир нефть деган бир бало чиққан. Унинг эгаси сўзсиз дунёнинг энг бой кишисига айланади. Бу эса у ернинг уруш ўчоғига айланишига олиб келади. Чунки бой бўлишни истаганлар ниҳоятда кўп. Айниқса, зўравон давлатлар.

— Сиз буларни қаердан биласиз? Бу ерда на телевизор, на газета бор. Сиз айтган урушлар неча минг километр нарида бўлаяпти.

Оқсоқол менга қараб қолди. Сўнг кўзимнинг устидан бармоқларини юргизиб:

— Юр бу ёққа, — деди.

Биз озиқ-овқатлар сақланадиган омбор — ғорга кирдик. Ғорнинг сўл томонида тошдан ишланган эшик бор экан. Уни бир қарашда пайқаш мушкул эди.

Оқсоқол ташқи томонга бўртиб чиқиб турган тошни итарган эди, эшик очилди. Ичкарини кўриб оғзим ланг очилиб қолди. Ўрмонда бу қавм ибтидоий ҳаёт кечирса-да, бу ерда энг замонавий техникалар ўрнатилганди. Афсуски, бу техникаларнинг номи, қандай қўлланилишини билмасдим. Уларнинг тугмалари, майда чироқлари кўплигидан ҳайратга тушдим. Эсимда, бир вақтлар Қозоғистондан ракета учиришганларида, мана шунга ўхшаш аппаратуралар билан бошқаришганини телевизордан кўрсатишганди. Миямга келган хомхаёлни қаранг: “Булар ҳам яширинча ракета учиришса керак”.

Икки йигит беш-олтита радиодан таралаётган овозларни магнит тасмасига ўхшаш тасмаларга ёзиб олаётганди.

— Буларнинг бари тўлқин тутадиган мосламалар, — деди оқсоқол тушунтирган бўлиб, — қаерда қандай тўлқин тарқатилса, тоғ тепасидаги сим орқали мана шу аппаратлардан эшитамиз.

У шундай дейиши билан ёнимизга ҳовлиққанча Сёхэй кириб келди:

— Пароход яқинлашаяпти.

Оқсоқолнинг ранги ўзгарди, бир муддат хабарчи йигитга термилиб турди-да:

— Ҳали вақт бор эди-ку. Бир ҳафтадан кейин келади, деб кутгандим. Бирон нарса бўптими? — деди.

Сёхэй жавоб қилмади. Шундан сўнг биз шошганча ташқарига чиқдик ва гўё ким ўзарга чопгандай хабарчи кўрсатган томонга югурдик. Шу пайт эътибор қилдим: югуришда оқсоқолдан ўтиб кетарканман. Унга кексалик энди кучини кўрсатаётганга ўхшайди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Бахтнинг олис манзили (1-қисм)

Бахтнинг олис манзили (2-қисм)

Бахтнинг олис манзили (3-қисм)

Бахтнинг олис манзили (4-қисм)

Бахтнинг олис манзили (5-қисм)

Бахтнинг олис манзили (6-қисм)

Бахтнинг олис манзили (7-қисм)

Бахтнинг олис манзили (8-қисм)

Бахтнинг олис манзили (9-қисм)

Бахтнинг олис манзили (10-қисм)

Бахтнинг олис манзили (11-қисм)

Бахтнинг олис манзили (12-қисм)

Бахтнинг олис манзили (13-қисм)

Бахтнинг олис манзили (14-қисм)

Бахтнинг олис манзили (15-қисм)

Бахтнинг олис манзили (16-қисм)

Бахтнинг олис манзили (17-қисм)

Бахтнинг олис манзили (18-қисм)

Бахтнинг олис манзили (19-қисм)

Бахтнинг олис манзили (20-қисм)

Бахтнинг олис манзили (21-қисм)

Бахтнинг олис манзили (22-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here