Бахтнинг олис манзили (24-қисм)

0

Оролнинг шимоли-шарқига етганимизда биз томон яқинлашиб келаётган пароход кўринди. Оқсоқол Сёхэйга қўли билан ишора қилди. Бу, ҳаммани йиғиб олиб кел, дегани эди. Аввал ҳам унинг бу ишорасини кўргандим.

Кўп ўтмай, оролдаги бола-ю қариялардан бошқа ҳамма йиғилди. Ҳаммасининг бўйнига найзалар осилган, белига қилич тақилганди. Оқсоқол ҳам улар келтирган қурол билан қуролланди. Ёлғиз менгина асбоб-анжомсиз эдим.

Кема қирғоқдан икки юз метрлар нарида тўхтади ва ундан битта қайиқ сувга туширилиб, биз томонга сузиб кела бошлади. Бир оздан кейин қайиқ қирғоққа етиб келди ва мен анграйиб қотдим: қайиқдан биринчи бўлиб тушиб, оқсоқолнинг ёнига келиб у билан қучоқлашиб кўришган одамни танирдим! Бу ўша — бизни итдай ишлатиб, сўнг ўлим оролига жўнатганлардан бири эди. Унинг пароходда иржайиб-тиржайиб бизни кузатиб қолганлигини аниқ-тиниқ эсладим.

Билагимга куч йиғилди: “Ҳозироқ, ҳозироқ ўлдираман. Энди мен ожиз эмасман. Буни тилка-пора қилишга қурбим етади. Ўлиб кетган шерикларим учун, ўзим учун ҳозирнинг ўзидаёқ ўч оламан! Менинг биринчи қурбоним шу бўлади!” — дея ўйладим. Қўлларимни мушт қилиб тугиб, унга яқинлаша бошладим. Мақсадим, бир зарба билан уни асфаласофилинга жўнатиш эди.

У томонга икки қадам ташлашим билан оқсоқол ўгирилиб менга шунақа ўқрайдики, жойимда таққа тўхтаб қолдим. “Наҳотки оқсоқол у билан ош-қатиқ бўлса?! Наҳотки шерикларимнинг ўлиб кетишида, сунъий брильянт тайёрлашда унинг ҳам қўли бўлса?” Билимли, доно қариянинг бу нопок ишларга аралашиши мумкинлигига ишонгинг келмайди. Лекин унинг лўттибоз жиноятчиларга шериклигини кўриб турибман-ку! Қариянинг ҳозирги қилиғига унинг дунё бузғунчилари ҳақидаги гаплари мутлақо тескари-ку! Бошим қотди. Бир томондан, оқсоқол менга устоз. Бошқа тарафдан, қилаётган иши…

Оқсоқол билан ўша мен танийдиган, кўзимга балодай кўринаётган чақирилмаган меҳмон қўлтиқлашиб биздан нари кетишди. Талай муддат ниманидир гаплашишди, баҳслашишди ҳам. Охири бир тўхтамга келишди чоғи, бир-бирининг қўлини сиқиб қўйишди-да, ёнимизга қайтишди.

Оқсоқол бизга бир оғиз: “Олиб келинглар”, деди. Мен нималигини тушунмасам-да, йигитларга қўшилиб кетдим.

Сёхэй отни аравага қўшаётганида:

— Нима қиламиз? — дея сўрадим.

— Бизга мол олиб келишган. Тушириб оламиз, — жавоб қилди Сёхэй иши билан андармон бўлиб.

“Қанақанги мол? Нега айнан ўша қаллоб олиб келади? Қандай алоқа боғлаган?” — деб унинг бошини қотириб ўтирмадим. Яхшиси, ҳаммасини кузатай, шунга қараб иш тутаман, деб кўнглимга тугиб қўйдим.

Биз боргунимизча кема қирғоққа яқинлашиб, беш-олти қайиқ устига оқсоқол айтган турли-туман “мол”ни ортиб сузиб келарди.

Иш қизиди. Биз омборга тўрт марта қатнадик. Ун, ёғ, гуруч, кийим-кечак, яна турли идишлардаги егулик-ичкиликларга омбор тўлди. Булардан ташқари, оқсоқол элликтадан зиёд турли тилдаги қалин-қалин китобларни ҳам олди. Шундан кейин кема изига қайтиб кетди.

Ишлар тугаб, кутубхонага кирдим, янги китоблардан бирини берилиб варақлаётган оқсоқолнинг ёнига бордим.

— Сизни бошқача одам деб ўйлардим, — дедим имкон қадар ўзимни жиддий тутиб, — лекин қилган ишингизни кўриб оғзим очилиб қолди.

Оқсоқол аввалига юзимга ажабланиб қаради, сўнг кулди-да:

— Энди ким деб ўйлаяпсан? — деб сўради.

Бир муддат каловланиб қолдим. Миямга тузукроқ фикр келмай, қийналдим. Ниҳоят тилим айланди:

— Сизга бу нарсаларни бериб кетган одамни яхши танийман. Аслида у одаммас, ҳайвондан баттар. Ўша-да бизни эшакдай ишлатган, кейин таги тешик қайиққа ўтқазган. Сиз бўлсангиз, у билан олди-берди қилаяпсиз. Шунинг учун кўнглимда шубҳа пайдо бўлди.

— Бу жудаям яхши. Одам фикрлай билиши ва фикрини бировга уқтира олиши лозим. Акс ҳолда, унинг роботдан фарқи қолмайди. Сен айтган одамнинг исми Пийя. Унинг кимлигини яхши биламан. Мен у билан савдо қилдим. Пул бердим. Эвазига нималар олганимни кўрдинг. Бу билан унинг шеригига айланиб қолмайман. Айни пайтда савдо қилишимиз учун ундан ишончлироғи йўқ. Тахминан йигирма беш йил бурун учта савдогарнинг молини сотиб олгандик. Орадан икки ой ҳам ўтмай, улар навбатма-навбат бостириб келишди. Ўшанда элликта одамимиз нобуд бўлди. Улардаги қурол бизда йўқ эди. Бунинг устига, улар биздан уч баробар кўп эди. Кемалари қирғоққа яқин келмади, узоқдан туриб тўпга тутди. Йигитлар сузиб бориб чўктириб юборгунча биз ҳам анча талафот кўрдик. Мана, кундан-кун камайиб, ер юзидан уруғимиз бутунлай йўқ бўлиб кетиш арафасида. Аёлларимиздан бирортаси ҳомиладор бўлса: “Ишқилиб, чақалоқ ногирон туғилмасин”, деган хавотирда юрагимни ҳовучлаб тураман. Чунки бу ердагиларнинг ҳаммаси бир-бирига яқин қариндош. Тушунасанми шуни?!

Сўнгги гапни айтаётганида оқсоқолнинг кўзи ёшланди, ияги титради, қўллари мушт бўлиб тугилди.

— Мен, — дедим бошимни эгиб, — мен сизларга бегонаман-ку. Фойдам тегиб қолар.

— Мен сендан олдин бу фикрга келганман. Ҳатто бир сафар Ренага уйлантирмоқчи ҳам бўлгандим.

Кўз ўнгимдан истараси иссиқ, кўзлари катта-катта, юзи оппоқ, доимо ялтираб кўзни олувчи қора сочлари белига тушган хушбичим, юзида кулгичи бор қиз ўтди.

— Лекин дарров ниятимдан қайтдим. Чунки суяк бузилади. Туғиладиган фарзанд биздан кўра сенинг миллатингга яқинроқ бўлади. Суяк ўзгаради. Ундан  кейин  бошқалардан фарқимиз қолмайди.

— Фақат қариндош-уруғлардан туғиладиган болаям сиздай ақлли бўлмайди-ку. Бир кун ўзингиз хавотирланиб айтаётган воқеа рўй беришидан қўрқмайсизми?

— Бошқа жойларда ҳам нинзалар яшашади. Муҳими, уларнинг қони айнимаган бўлсин, улардан кўпайишимиз учун фойдаланамиз. Агар қизлари бўлса, бир йигитимизга учтасини олиб бераман. Агар йигит дуч келса, икки-учта қизимиз уники… Умуман, бу гапни тўхтатайлик, ўзингга тегишлисини билиб олдинг, тамом. Бошқа бу ҳақда оғиз очма.

— Кечиринг, билмасдан гапириб қўйдим.

— Ниятинг ёмон эмас, шу боис, хафа бўлганим йўқ. Билсанг, дарахтда оёғидан осилиб турган чақалоқни, ўзинг бир аҳволда бўлсанг ҳам, ечиб олгансан. Бу яхшиликдан дарак. Шунинг учун ҳам сенга қўлимиздан келганча ёрдам бераяпмиз.

— Раҳмат.

— Энди манави китобни ўқи, рус тилида ёзилган.  Ўзингга таниш сўзларни топсанг ажабмас, хурсанд бўласан.

Чолнинг бу гапидан чиқиб кетишим лозимлигини тушундим.

У берган китобнинг муқовасига қарамадим ҳам. Кутубхонадан чиқиб, ўрмонга кирдим, узоқ кетмадим. Бир оз юргач, майса устига ўтирдим. Китобни варақлаган киши бўлдим-у, аммо ўқиёлмадим. Нигоҳим сатрлар устида югуради-ю, хаёлим оқсоқол билан бўлган суҳбатда. Ўринсиз берган саволларимдан виждоним қийналаётир. “Бегона эмишман, ёрдамим тегиб қолармиш”. Яна нималарни кўнглинг тусаб қолди, йигитча? Ўзи асли кимсан? Шу чол ёрдам бермаганида, аллақачон ҳайё-ҳуйт деб нариги дунёга равона бўлардинг. Ўлигингни ит топмасди.

Кўнглимда оқсоқолдан кечирим сўраш илинжи туғилди. Аммо бир ҳафта давомида чол билан тузук-қуруқ гаплашолмадим. Ҳар куни эртадан кечгача баданимни чиниқтириш билан овора, бўш вақтимда китоб ўқиш билан машғул бўлардим. Оқсоқол эса кутубхонасидан чиқмас, мутолаадан бош кўтармасди. “Бунга нима зарур экан, шунча ўқигани етмайдими? Ундан кўра оёғини узатиб дамини олиб ётмайдими?” — деб ўйлардим.

Кема келиб кетганидан саккиз кун ўтгач, оқсоқол кутубхонадан чиқди. Унинг юзи қизарган, кўзлари кулиб турарди. У ҳамма билан аввалгидан бошқача, мулойим сўрашди (оқсоқол илгари ҳам юмшоқ гапирар, лекин бу гал у бошқача эди. Балки менга шундай туюлаётгандир). Сўнг бизга қўшилиб ҳар хил машқларни бажаришга тушиб кетди.

— Оқсоқол, одатда, кутубхонадан чиққанидан сўнг аччиқ чой ичар, ўрмон кезарди.  Ўзгариб қолибди.  Ишқилиб, ажали яқинлашмаган бўлсин, — деди уни кузатиб турган Сёхэй.

Бу гапидан юрагимга ғулғула тушди. Агар чол ўлиб қолса, менинг аҳволим не кечади? Ўрнига бўладиган оқсоқол ёрдам бероладими-йўқми? Ахир, буларнинг ҳам ҳар хили бор. Худо кўрсатмасин, “Келган жойингга жўна”, деса нима қиламан? Қаёққа кетаман? Шунча илм кимга керак? Сувга чўкиб ўламан, балиқларга ем бўламан.

Оқсоқол кечгача уруғ-аймоқлари билан гаплашиб, чақчақлашиб ўтирди. Менинг кўнглимда эса ўша ҳадик. Унинг ҳар бир ҳаракатидан бир нима қидираман. Охири чидамадим. Ҳамма уй-уйига кириб кетганидан сўнг кутубхонага — оқсоқолнинг ёнига кирдим. У китоб мутолааси билан машғул. Мени кўргач, юзида табассум пайдо бўлди.

— Яхши келдинг, — деди, — сенга айтадиган гаплар бор эди.

— Берган китобингизни ўқиб чиқдим, — дея баҳона қилдим.

— Менда эса сен учун янгилик бор.

— Қанақа?

— Энди сен билан диндошман. Ислом динини қабул қилдим.

— Йўғ-э! — дедим ҳайратим ошиб.

— Дунёдаги бор динларни ўрганиб чиқдим ва Ислом энг мукаммал дин эканига амин бўлдим. Бу динда ҳамма саволга жавоб бор. Ислом одамни маънан поклайди. Жисмонан тетик сақлайди. Мен бундан буён мусулмон, Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам — пайғамбарим. Эртадан бошлаб намоз ўқишни ният қилдим. Қандай таҳорат олиш, намоз ўқиш ҳақида қўлимда китоб бор, — деб у столи устидаги китобни олиб менга кўрсатди.

Тўғриси, уялиб кетдим. Оқсоқол шу ёшигача яшаб энди мусулмон бўлиб, намоз ўқишни ният қилибди. Мен эса мусулмон фарзанди бўлиб ҳали бирор марта саждага бош қўйган инсон эмасман.

— Илтимос, — дедим қизариб-бўзариб, — менга ҳам ўргатинг.

— Фақат сенга эмас, ҳаммага ўргатаман. Бутун уруғимиз бундан буён намоз ўқийди.

Биз қучоқлашдик. Оқсоқолнинг кўзи ёшланди ва чуқур нафас олди.

Шундан кейин гапларимиз фақат мусулмончилик ҳақида бўлди.

— Биласанми, сўфийлар қандай пайдо бўлган? — сўраб қолди у гап орасида.

Мен “йўқ” дегандек бош чайқадим.

— Саккизинчи асрда араб халифалигида таниш-билишчилик, мол-дунёга ҳирс қўйиш кучайиб кетган. Ана шунда бундай қилмишлардан норози бўлган тақводор одамлар норозилигини билдириш мақсадида тарки дунё қилганлар. Яъни моддиятдан мутлақо воз кечишган. Нимадан манфаат келса, барини ўзларидан нари суришган. Кейинчалик бундайлар орасидан авлиёлар чиққан…  Эсингда бўлса, сен билан манфаат тўғрисида гаплашгандик. Ўшанда гапимиз чала қолганди. Хуллас, манфаат шундай нафс балосики, афсус, тўқсон фоиз одам шуни деб яшайди. Мана, оддийгина мисол. Сени нега алдаб-сулдаб самолётга ўтқазиб юборишди? Чунки ўша аёл пул олди сен учун. Бойлик орттирди. Сени чавақлаб, юрагингни, ўтингни сотишни мўлжаллашди. Мақсад — манфаат кўриш. Ундан кейин, текин ишлатганларнинг ҳам, шубҳасиз, бойликдан умидлари катта бўлган. Буларнинг бари ҳали кичкина манфаат — узоғи билан йигирмадан зиёд одам шу йўл билан пулдор бўлишга интилган. Катта манфаатда эса, беш-ўн эмас, балки минглаб одамлар қурбон бўлади. Сўфийлар уларнинг ҳар иккисидан ҳам воз кечишган. Ҳаттоки манфаат боласидан келса-да, ҳеч иккиланмай уни ҳам бегоналар қаторига қўшиб қўйган.

Оқсоқолнинг гапларига ишонгим келмади. Чунки кўнглимда кўплаб саволларим бор эди, уларга ўзим ишонадиган жавоб олишим керак эди. Лекин ўтган сафаргидай, оқсоқолдан сўраб, унинг дилини ранжитиб қўйишни истамасдим. Шу боис, ростлигини билиш учун кўзим билан кўришни ният қилиб қўя қолдим.

Орадан яна бир қиш ўтди. Мен жанг санъатини анча-мунча ўзлаштирдим. Сёхэй билан бемалол спаринг тушар, унинг зарбаларига қийналмасдан чап берардим. Лекин ундан устунлик қилиш қўлимдан келмасди, барибир. Албатта, буни тан оламан. Аммо оддий одамларнинг беш-олтитасини бемалол енгаман. Бу даражага етгунимча оёғим уч, қўлим икки марта синди. Ҳар сафар оқсоқол даволаб қўяверди.

Кунларнинг бирида қишлоғимни, отамни, укаларимни соғиниб, сув бўйига бордим-да, узоқларга термилганча хаёл суриб ўтирсам, Рена келиб қолди. Индамай ёнимга — намчил қум устига ўтирди.

— Кетгинг келаяптими? — деди мен тикилиб турган тарафга қараб.

— Ҳа, — бош силкидим.

— Бу ер зерикарли, тўғрими?

— Унчаликмас, лекин…

— Яширмай қўяқол, биламан. Беш-олти кундан бери қовоғинг очилмайди. Демак, зериккансан. Оқсоқол қўйиб юбормаяптими?

— Ундан сўраганим йўқ. Менимча, рухсат берса керак.

— Биз озчиликмиз. Шунинг учун у сени жангга тайёрлади. Одатда, бегоналарга бизнинг сиримиз ошкор этилмасди. Лекин оқсоқол сени хабардор қилди. Балки, нимадандир умиди бордир… Ахир, шу аҳвол бўлса, яқинда бутунлай қирилиб кетсак керак.

— Нега бунақа деяпсан?

— Икки ой аввал Нэнэ туққан болани кўрдинг.

Нэнэ Рена билан тенгқур. Қомати келишган қиз. Эркаклар қилолмайдиган ишни ҳам бемалол уддалайди. Чиройи ҳам жойида. Ўтган йили  уни  оқсоқол Харуки  исмли йигитга турмушга берган эди. Бу йил туғди. Лекин бола жуда нимжон, бунинг устига, чақалоқ бор-йўғи икки кун яшади. Ҳаммадан оқсоқолга қийин бўлди — у изтиробга тушди. Ўн кун кутубхонасидан чиқмади. Тинимсиз тиловат қилди.

Ренага ўгирилиб қарадим, кўзлари жиққа ёш.

— Нэнэ билан Харуки, — гапида давом этди у, — ака-уканинг фарзандлари. Уларнинг кейинги боласи ҳам ногирон туғилишидан қўрқаман.

— Балки ундай бўлмас…

Рена бирдан мени қучоқлаб елкамга бошини қўйди. Овоз чиқариб йиғлади.

— Сен кетма, мен сени келган кунингданоқ ёқтириб қолганман. Қонунларимиз сенга турмушга чиқишимга йўл қўймасаям, бола кўрмоқчиман сендан.

— Нима? — дедим у томонга ўгирилиб, юзини кафтларим орасига олар эканман. — Яна бир қайтар.

— Менинг болам ҳам Нэнэникига ўхшаб чала туғилишини истамайман, тушунаяпсанми, истамайман! Агар сен кетиб қолсанг… Бу ерда ҳамма менга қондош.

— Шунинг учун ёқтирганмидинг мени?

— Йўқ! Лекин бу ҳам битта сабаб. Сен яхшисан, ёқимтойсан…

— Тисс, — дедим уни қучиб, — бўлди, гапирма. Эшитиб қолишлари мумкин. Мен сенга уйланолмаслигимни яхши биласан. Мен сенга етти ёт бегонаман. Агар оқсоқол гапларингни эшитиб қолса…

— Бегоналигинг учун ҳам кераксан менга.

У мени ўпа бошлади.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Бахтнинг олис манзили (1-қисм)

Бахтнинг олис манзили (2-қисм)

Бахтнинг олис манзили (3-қисм)

Бахтнинг олис манзили (4-қисм)

Бахтнинг олис манзили (5-қисм)

Бахтнинг олис манзили (6-қисм)

Бахтнинг олис манзили (7-қисм)

Бахтнинг олис манзили (8-қисм)

Бахтнинг олис манзили (9-қисм)

Бахтнинг олис манзили (10-қисм)

Бахтнинг олис манзили (11-қисм)

Бахтнинг олис манзили (12-қисм)

Бахтнинг олис манзили (13-қисм)

Бахтнинг олис манзили (14-қисм)

Бахтнинг олис манзили (15-қисм)

Бахтнинг олис манзили (16-қисм)

Бахтнинг олис манзили (17-қисм)

Бахтнинг олис манзили (18-қисм)

Бахтнинг олис манзили (19-қисм)

Бахтнинг олис манзили (20-қисм)

Бахтнинг олис манзили (21-қисм)

Бахтнинг олис манзили (22-қисм)

Бахтнинг олис манзили (23-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here