АРОСАТ… (Йигирма тўртинчи қисм)

0

 

Оллоҳим, ташаккур борлигинг учун,

Бошимга тизгинсиз дардлар ташладинг.

Беҳад хурсанд бўлдим ситамларингга,

Бандалар ичидан мени танладинг…

Ташаккур, тишимни тишимга қўйдим,

Руҳимда товушсиз нурли куласан.

Дардлар юборибсан… Ғамлар юборибсан…

Демак, борлигимни ўзинг биласан… (қўшиқдан)

 

ҚАЕРДАСАН, ҚАЛЛИҒИМ?..

* * *

Мен эртаси куниёқ Олим ака тайинлаган жойга етиб бордим.

Хижолатдан ерга киргудек эдим. Гоҳ қаршимдаги машҳур шоирга, гоҳ эгнимга ёпишмайгина турган кўримсиз кийимларга боқардим. Олим ака ҳолатимни пайқаган каби йўлга тушиш олдидан елкамга қоқиб тинчлантирган бўлди.

— Қўявер, ука! Ҳозир сени келин боланикига олиб борай, ҳамма ташвишларинг арийди. Фақат айтиб қўяй, мени уялтириб қўйма!

Мен учун бундай таниқли ижодкор, дид билан кийинадиган, салобатли инсоннинг ёнида бўлиш, у билан суҳбатлашишнинг ўзи катта бахт эди. Қолаверса, бошимни иккита қилмоқчи. Ахир, қандай уялтирай? Бундай меҳрибон, жонкуяр одамнинг бошидан сув ўгириб ичсам ҳам кам-ку!..

— Сизни уялтиришдан Худо асрасин! — дедим ишонч билан. — Бу яхшиликларингизни умрбод унутмайман, ака!

— Эҳ, — Олим ака автобус ойнасидан ташқарига ўйчан боқиб сўз қотди. — Қайнсинглим тилла қиз-да, Қодирбой, тилла қиз! Илм дегани борки, ҳаммасини сув қилиб ичган. Камсуқумлиги, маданиятлилигини айтмайсанми!.. Ишонавер, пешонаси ярқираган йигит экансан!

— Айтганингиз келсин! Шу кунгача тортган азобларим арийдиган бўлди, устоз!..

— Яша! — деди Олим ака сўнгги сўзимдан мамнун бўлганини яшира олмай. — Буёғига устоз деявер! Божа бўлволайлик, сенминан кўп шеърлар ёзамиз. Нима дединг, куёв бола?

Олим аканинг бу ҳазили мени янада тўлқинлантириб, кулдим ва негадир шу заҳоти бош эгдим.

* * *

Олим акага эргашиб қайнсинглиси Наргиза яшайдиган квартира эшигига яқинлашганимданоқ беихтиёр вужудим алангаланиб, ҳаяжондан дағ-дағ титрай бошлаганимни ҳис этдим. Мени бу қизнинг қандай қарши олиши хавотирга солар, насиб бўлса, бўлғуси қаллиғим билан кечадиган суҳбатни тахмин қилганим сайин қўрқувга туша борардим.

Тўғри-да, Олим ака мен ҳақимда бор гапни айтган бўлса, илмли, шаҳарда ўсган қиз юзакироқ муносабатда бўлиши ҳам мумкин-ку! Унга ёқмасам-чи?.. Нима қиламан? Аламимдан ёрилиб кетмасмиканман?..

Олдиндан келишиб қўйишганми, Олим аканинг юмалоқдан келган, қорача, юпқа лаб хотини Соҳиба опа мени кулиб қарши олди. Эндигина залга ўтмоқчи бўлиб турганимда эса…

Қаршимда худди опасига ўхшаб кетадиган юмалоқ юз, сочлари қалин, қошлари ой ўроғи каби қайрилма қиз пайдо бўлди.

Бу менинг тинчимни ўғирлаб қўйган Наргиза эди…

Биз билан эшитилар-эшитилмас саломлашди-да, бошини эгганча балконга ўтиб кетди…

Наргизанинг бир марта нигоҳ ташлаши мен учун етарли бўлди. Худди кўксимга кимдир чўғ ташлагандек, қизариб кетдим. Оғзимнинг таноби қочиб, вужудим кўзга айланди-ю, Олим акага сездирмай бир неча маротаба балкон тарафга ўғринча қараб олишга улгурдим. Ҳа, бу қизнинг юзларидан гўёки нур ёғиларди. Қарашлари самимий, ўзи соддадил ва меҳрибон экани шундоқ кўриниб турибди.

Мен шу лаҳзадаёқ Наргиза билан осойишта, аҳил ҳаёт кечира олишимга қаттиқ ишондим…

— Қани, ука, тўрга ўтинг! — майин жилмайиш билан мулозамат қилди Соҳиба опа. — Тортинманг!

— Ҳа, сира уялма! — Олим ака хотинига сирли боқиб, дастурхондаги нондан ушатди, эпчиллик билан идишлардаги қанд-қурсларни менга яқинлатди. — Ҳали ҳаммаси олдинда, шоир!

Олим ака шундай деб аста биқинимга туртди-да, балконга ишора қилди.

Бу билан «қиз ёқдими?» дея сўрамоқчилигини дарров илғадим ва эҳтиёткорона бошимни қимирлатиб қўйдим.

Шу кўйи биз бир соатча ўтириб қолдик. Олим ака ҳам, хотини ҳам менга деярли савол беришмас, ўзаро қандайдир газеталар, китоблар ҳақида суҳбатлашишарди.

Мен бўлсам, фақат Наргиза киришини кутар, гўзал чеҳрасини қайта-қайта томоша қилиш илинжида эдим.

Бахтга қарши Наргиза биз ўтирган хонага кирмади. Ҳатто, дастурхонга фотиҳа ўқилиб, биз олдинма-кетин йўлакка чиққанимизда ҳам юз кўрсатмади.

Сезардим. У ҳам хабардор. Мақсадимни, ниятимни фаҳмлаган. Шу сабабли уялиб менга кўриниш беришни хоҳламаган. Ишқилиб, ёқиб тушган бўлай-да!..

Ташқарига чиқаётганимизда, Соҳиба опа Олим акага қаттиқ тайинлади.

— Мени бекатда кутинглар! Тағин кетиб қолманглар!..

Ҳа, демак, опаси Наргиза билан гаплашади. Мен ёққан-ёқмаганимни суриштиради.

Ишқилиб, бахтимга кўз тегмасин-да!

* * *

Бу аёлни биринчи марта кўриб турган бўлсам-да, ортимиздан етиб келиб менга ўзгача меҳр билан боқиши, мулойим оҳангда сўзлаши қалбимни мумдек эритди. Соҳиба опани худди туғишганимдек кўра бошладим. Шу тобдаги муомаласидан сўнг пойига тиз чўкишга-да тайёр турдим.

Ахир, бу одамларни Худонинг ўзи етказди. Икковлашиб бахтимни, тотли лаҳзаларимни қайтаришмоқчи, мени тушкунлик ботқоғидан қутқаришмоқчи.

— Ука, тортиниб, бегонасираб ўтирманг! — тайинлади менга Соҳиба опа. — Синглим рози. Ёқиб тушибсиз. Илойим қўша-қаринглар!

— Ие, мен топгандан кейин ёқади-да! — ҳазиллашди Олим ака. — Қодирбойнинг шеърларини бир эшитгин! Дод солиб йиғлайсан, онаси!..

Соҳиба опа эса эрининг ҳазилига эътибор қилмай сўзида давом этди.

— Қодиржон, ҳаммасини эшитдим. Кеча акангиз айтиб берганди. Қайғурманг, сиз кўрган кунлар бизниям бошимиздан ўтган. Эр-хотин ҳазилакам қийналмаганмиз. Мана, ўтди-ку ҳаммаси!.. Энди-чи, бошингизни баланд тутиб, фақат келажагингизни ўйланг! Насиб бўлса, Наргиза икковингиз ҳали бировларнинг тушигаям кирмаган яхши кунларни кўрасиз. Тўй масаласидаям ташвиш чекмасангиз бўлади. Ҳамма харажатни мана, ўзимиз кўтарамиз. Худога шукр, савобталаб одамлармиз. Икки ёш бахтли бўлсангиз, шунинг ўзи етади…

Бундай ширин ва ёқимли сўзларни фақат бувижонимдан эшитардим. Ўшанда эътибор қилмас эканман. Ширин сўз, қайноқ меҳрнинг қадри, қиммати бошқача бўларкан. Одам ўзини енгил ҳис этиб, қаноти бўлса олис-олис осмонларга учиб кетишга тайёр тураркан.

Эҳ, Соҳиба опа, кошкийди айни паллада кўнглимдан кечаётган сўзларни, миннатдорчилигимни юрак ютиб сизга айта олсам!.. Қанийди имконим бўлса-ю, руҳимни кўтариш учун айтган ҳар бир сўзингиз эвазига сизни бошингиз баробар зарларга кўмсам!.. Ишонинг, синглингизни, бўлғуси ёримни, орзиқиб кутган бахтимни кафтимда кўтариб, балолардан авайлаб яшайман. Унга гард юқтирмайман!..

* * *

Олим аканинг уч хонали квартираси жуда шинам эди. Хоналар дид билан безатилган, деворларга ўтмишда яшаб ижод қилган таниқли шоирларнинг суратлари илинган. Залдаги каттакон жавон китобларга лиқ тўла. Уларни кўрдим-у, кўзларим ёниб, юрагим ҳаприқди.

Уй эгалари ҳам бу ҳолатимни сезишдими, залга жой тўшаб беришди.

Тақдиримга хаёлан қайта-қайта тасаннолар айтиб, алламаҳалгача китоб мутолаа қилдим.

Шу кўйи кўзим илинибди-ю, ғалати туш кўрибман…

Қаҳратон қиш. Поёнсиз, яхобланган шудгор ёқасида Наргиза икковимиз қўлтиқлашганча турардик. У нимадандир қаттиқ хафа. Қур-қур кўз ёшларини кўйлаги енгига артиб оларди.

Мен нимадан хафалигини билмасам-да, юпатишга уринар, аммо кўнмасди. Шу кўйи анча вақт бир жойда қолиб кетдик. Бир маҳал Наргиза бошини кўтарди-да, кўзларимга совуқ тикилди.

— Сиз аблаҳсиз! — деди шивирлаб. — Эшитяпсизми, аблаҳсиз!?.

— Нега ундай деяпсиз? — сўрадим ҳануз гап нимадалигини англай олмай. — Айтинг, нега мени айблаяпсиз? Нима ёмон иш қилдим?

— Менинг севимли даламни яхоблатибсиз. Ҳаммаёқ лойга ботибди. Оппоқ пахталар лой орасида қолиб кетибди.

— Қани пахта? Йўқ-ку!..

— Кўрмаяпсизми? Лойга беланиб ётган оппоқ пахталарни кўрмаяпсизми? Қанақа шафқатсиз одамсиз ўзи?

— Илтимос, оғринманг, — Наргизани овутиш илинжида елкасига қўлимни қўйдим. Афсуски, у зарда билан қўлимни елкасидан олиб ташлади-да, дод солганча шудгор ичига чопиб кетди.

То ортидан югуриб унга етгунимча суюклигим қоп-қора лойга беланди.

— Нима қилиб қўйдингиз? — қичқирдим мен. — Лойга ботдингиз-ку! Энди нима бўлади?

— Дард бўлади! — менга жавобан йиғлаб бақирди Наргиза. — Ўзимнинг шўрлик пахталарим! Золимнинг қўлида нобуд бўлди, нобуд!..

Бахтга қарши Наргизани шудгордан олиб чиқа олмадим. Кимларнингдир ғўнғир-ғўнғир товушидан уйғониб кетдим.

Соҳиба опа экан.

— Бечора Қодиржоннинг уйқусидаям ҳаловат йўқолибди, — дерди у Олим акага. — Жуда қийналган йигит экан. Илойим, ҳаракатларимиз яхшиликка бўлсин, дадаси! Шу йигит ҳам тинчиб, одамлардай яшай бошлармиди…

Мен бошимни чангаллаганча ўрнимдан туриб ўтирдим. Ҳозир уй бекасининг гап-сўзлари қулоғимга кирмасди. Миямни бир хаёл кемирарди. Бувим қачонлардир «Тушда лой кўрса яхшиликкамас, тезда гадойга садақа бериб юбориш керак» дегувчи эди…

Наҳотки, яна кулфатлар мени таъқиб қилаётган бўлса?.. Мен-ку, майли, ҳаммасига чидайман. Фақат Наргизага зиён етмасин! Унда гуноҳ йўқ, Худойим!..

* * *

Орадан бир ҳафта вақт ўтди. Мен ҳар куни Олим аканинг квартирасида ёлғиз қолардим. Фақат улар мени бир марта бозорга олиб тушиб турли кийимларни кийдириб кўришди. Тўғғри келганини харид қилишди.

Бўлаётган ишлардан жуда-жуда хижолатда қолгандим. Ҳеч ким мендан пул талаб қилмаса, ейиш-ичишим, ётар-турарим текин бўлса…

— Наҳотки, куёвни шу қадар иззатлайдиган одамлар ҳам бўлса? — ўйлардим ўзимча. — Шарифа билан яшаган кезларимда бунчалик ҳурматни, қадр-қимматни кўрмагандим. Аксинча, пайти келганда узоқ-яқиндан тараладиган қарғишларни тоқат қилиб тинглашга маҳкум эдим. Олим ака эса гоҳида хавотирга ҳам тушиб қўяди. Кўнглимга қарайди, ҳар бир гапни олдин мулоҳаза қилиб, ўта эҳтиёткорлик билан гапиради. «Бўлғуси божамни ранжитиб қўймай» деса керак-да!..

Фақат битта армон қалбимнинг туб-тубида қолиб кетадиган бўлди. Тўйимга қариндош-уруғларим келишмайди. Амма-холаларни-ку, айтмасам ҳам бўлади. Тўйга айтиб борган тақдиримдаям бош силкиб қўйишдан нарига ўтишмайди. Онам-чи?.. Нурмат қоранинг чизган чизиғидан чиқишга ўзида куч тополмаса керак. Бувижонимни таклиф қилай десам, кексайиб қолган. Бунинг устига бобомдан айрилгач, юрагига қил сиғмайди…

Эссиз!.. Кулгига қолмасам гўргайди. Наргиза тарафдан биров-ярим «Куёвимизнинг яқинлари кўринмайди-я?» деб қолмасайди. Адойи тамом бўламан унда. Ер қаттиқ, осмон олислик қилиб, аросатда куйиблар кетаман…

Наргиза билан гаплашиш имкони бўлганда-ку, ётиғи билан тушунтирардим. Ҳали бирор марта ёлғиз учрашмадим ҳам. Илк бор кўрганимдан сўнг юрагимда пайдо бўлган ишонч ва ёввойи меҳрга суянган кўйи яшаб келмоқдаман. Майли, таваккал-да!.. Шундай муниса қизнинг яқинлари аҳмоқ эмасдирлар, ахир!..

* * *

— Қани, куёв бола, тез кийин! — деб қолди ажойиб кунларнинг бирида Олим ака. — Ҳаммаси тахт. Тўйни тезлатмасак бўлмайди!

Мен ҳайрон эдим. Ҳеч ким Наргизага совчи ҳам бўлмади. Учрашмадик ҳам. Бир-биримизни яқиндан танишга-да улгурмадик. Бирдан тўй бошланиб кетса, қандай бўларкин?..

Бу тахлит саволларга жавоб излашнинг мавриди эмасди. Соҳиба опа эрта тонгда машинага буюртма бериш учун қаергадир кетибди. Биз Олим ака билан бирга тайин этилган манзилга етиб олишимиз ва ундан кейин Наргизани олиб кетишга боришимиз лозим экан.

Ҳайрат-у ўйларни йиғиштириб қўйдим-да, сарполар ичидан керакли кийимларни олиб кийиндим.

— Мана, энди мушкулотлар ростакамига ортда қолди, — дея ҳайқирарди қаллбим. — Ойнинг ўн беши қоронғи бўлса, ёруғ кунлари ҳам жуда яқин қолди. Ҳадемай қаторга кирасан, Қодир! Бошқалар каби тотли ташвишлар қуршовида яшай бошлайсан!..

Бугун тинчлик бўлса нима қиларди? Аксига олгандек, қор шамол аралаш гупиллаб ёғар, изғирин этингни узиб олгудек чийилларди.

Бундай ҳавода тоғ ошиб водийга боришнинг ўзи бўлмаса керак. Одатда қалин қор ёққан кунлар тоғ йўлини ёпиб қўйишарди. Ишқилиб, очиқ бўлсин-у, биз вақтида Наргизанинг ота уйига етиб олайлик. Тўйимиз, бахтимиз бизларга маҳтал қолмасин!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here