Бахтнинг олис манзили (25-қисм)

0

Аввалига ундан ўзимни тортдим. Сўнг индамадим. Кўнглимда ҳадик бор эди. Битта-яримтаси кўриб қолишидан чўчиётгандим.

Қарасам, Рена тобора “чуқурлашаяпти”.

— Бу ер яланглик, мумкин эмас, — дедим унга.

У бир зум ўзини тийди, ён-атрофга қаради. Кейин ўрнидан туриб, қўлимдан тортди.

Гарчи ўрмон ичи бехавотир эса-да, барибир одам ҳадиксирайди. Устига-устак, бизнинг ялаб-юлқашишимиз чўзилиб кетди.

…Совиб, нечоғли тубан кетганлигимни ҳис қилганимдан кейин этим увишди. Бировлар менга пасткашлик қилган бўлса-да, ўзимнинг тубан кетишим ҳеч қачон хаёлимга келмаган. Туз еган тузлуғимга тупурмайман, деб ўйлаб юрардим. Мана энди… Оқсоқолнинг, Ренанинг туғишган акаси Сёхэйнинг кўзига қандай қарайман? “Бошқа миллат, халқнинг одамига ишонмайман”, деган эди оқсоқол. Мана, унинг гапи тасдиғини топди.

— Аканг сени ўлдиради, — дедим кўксимга бошини қўйиб ётган Ренага. — Мен ҳам ҳаёт билан видолашсам бўлаверади.

— Қўрқаяпсанми? — деди Рена.

— Йўқ. Лекин уларга хиёнат қилдим. Бу ҳар қандай жазога лойиқ.

— Мен учун жазолашса афсусланасанми?

— Афсусланмайман. Лекин қондошдай бўлиб қолган одамларнинг кўзига чўп тиққанимга ўзимни кечиролмаяпман.

— Мен акам билан гаплашганман. У сендан бола орттиришимга рози бўлган. Оқсоқолни ҳам кўндиради.

— Аканг?! Шундай ориятли йигит кўндими?! — дедим ҳайрон бўлиб.

— Дарровмас. Бир йилдан кейин.

— Бир йил! — беихтиёр ўрнимдан туриб Ренага қарадим.

— Ҳа. Келганингдан кейин икки ой ўтиб сени яхши кўриб қолганман. Нэнэ ҳам яхши кўрган. Икковимиз ҳам севгимизни ичимизда сақлашга мажбур эдик. Сенга ўхшаб оқсоқолдан қўрқардик. Мен сени доим кузатиб юрардим. Эсингдами, оёқларинг сингани. Ич-ичимдан эзилганман…

— Нега менга шу пайтгача айтмадинг?

Рена жавоб қилмади. Ўрнидан туриб ўтирди-да, елкамга бошини қўйди. Мен унинг сир сақлай олишига қойил қолдим. Бироқ бу на мени ва на уни оқлаёлади.

Рена кетди. Мен талай муддат жойимдан жилмай хаёл суриб ўтирдим. Ўзимнинг гуноҳсизлигимни исботлаш учун баҳона қидирдим. Тополмадим. Шундан кейин энг олий жазога лойиқлигимни ич-ичимдан ҳис этдим.

Кечки пайт Сёхэй ёнимга келди ва еб қўйгудек тикилди. Кўзидаги қаҳр олови тешиб ўтгудек. Бошқа пайт қилт этмасдим, лекин ҳозир айбдорман. Рена “акамни кўндирдим”, деб алдаганга ўхшайди. Йўқса, у бундай қарамаган бўларди… Пешонамдан тер чиқиб кетди. “Палид, бунинг ўрнига яхшилаб битта мушт тушир”, дедим ичимда. У эса, тикилишдан нарига ўтмайди. Бирор икки дақиқа у уккидай кўз қадаб турди. Индамасам, тураверадиган.

— Яхшиси, сўйиб ташла, ҳар қалай, шунда кўнглинг жойига тушади, — дедим.

— Йўқ, — деди у тусини ўзгартирмай, — жияним отасини кўришини истайман. Қариндошим бўлганинг билан табриклайман.

У мени маҳкам қучди. Шундан кейингина бўшашиб, эркин нафас олдим.

Рена билан тез-тез яширинча учраша бошладик. Бир-биримизга тўймасдик. Гапларимиз ҳеч тугамас, биздан-да бахтли одам йўқ эди, гўё. Яшаб турган оролимиз бу дунёнинг жаннатидай туйиларди.

Бироқ кўнглимнинг бир чеккасида ғашлик бор, чин бахтга эришишимга нимадир халал берарди.

Орадан тўрт ой ўтиб, Ренанинг қорни билиниб қолди. Бироқ бу мен, Рена ва Сёхэйдан бошқа ҳеч кимни қувонтирмади. Айниқса, оқсоқол қаттиқ жаҳлланди.

— Мен сенга ҳаммасини тушунтирган эдим. Нега айтганимни қилмадинг?! — деди у Ренанинг ҳомиладорлигини пайқаган заҳоти.

Нима деб жавоб қилишни билмадим. Юзим қизариб, кўзимни ерга қададим.

— Бу айбдор эмас, — деди Рена, — ҳаммасига ўзим сабабчиман. Соғлом фарзанд кўришни истадим.

— Соғлом фарзандингнинг қони бегона. Шунга ақлинг етадими? Демак, бизнинг авлодимиз охирлабди. Бир марта қон бузилдими, тамом, уни қайтиб тозалаб бўлмайди! — бақириб юборди оқсоқол.

— Сиз Исломни қабул қилган эдингиз. Мусулмон мусулмонга уйланиши, турмушга чиқиши мумкин, — дедим мен. Шу пайт хаёлимга ҳамқишлоғимнинг татар қизга уйлангани келди. Ўшанда қишлоғимизда бу ҳақда кўп гап бўлган эди.

Оқсоқол кескин ўгирилиб менга қаради. Қошлари чимирилди. Пешонаси тиришди.

— Сенга, — деди у вазминлик билан, — битта қайиқ, қилич, камон бераман. Эртага эрталаб бу ердан кетасан!

Рена иккаламиз бир-биримизга қарадик. Мен севган қизнинг кўзидан икки томчи ёш сизиб чиқди. Оқсоқол эса гап тамом, дегандек илкис бурилди-да, бир-бир қадам босиб биздан узоқлашди. Мен пешонамни ушладим. Сёхэй қўлини елкамга қўйди ва оқсоқолга:

— Мен жиянимнинг отасиз қолишини истамайман! — деб бақирди.

Оқсоқол юришдан тўхтади. Ортига қайтиб, тез-тез юриб Сёхэйнинг ёнига келди ва унинг юзига шапалоқ тортиб юборди. Бундай бўлишини мутлақо кутмаган эдим. Бир қалқиб тушдим. Ренанинг акаси қизариб кетди ва шу ондаёқ тиз чўкиб бошини эгди. Оқсоқол унга бироз сўзсиз тикилиб турди-да, яна изига қайтди.

Ренанинг ёнимга келишини тақиқлашди. Шу боис,  тонгга қадар хонада ёлғиз бедор ўтирдим. Тиқ этган товушга қулоғим динг. Худди Рена кириб келаётгандай. Бироқ қуёш чиқишидан тахминан икки соат олдин оқсоқол кирди. Ҳурмати учун ўрнимдан туриб, бошимни эгдим.

— Ухламадингми? — деди у ҳеч нарса бўлмагандай, ёғоч курсига ўтираркан.

— Йўқ, — бош чайқаб жавоб қилдим.

— Мен ҳам ётмадим, китоб варақладим. Сенга ўрганиб қолган эканман. Кетишингни тасаввур қилолмаяпман.

— Ўзингиз ҳайдаяпсиз-ку.

— Мен ҳам ўйландим. Қарорим тўғрими, нотўғрими, билмоқчи эдим. Агар адашган бўлсам, сени кетказмайман, деган ўйда эдим. Аммо, оқлашим учун бирор далил тополмадим. Мусулмончиликда ҳам эркак билан аёл никоҳсиз қовушиши мумкин эмас. Бу энг оғир гуноҳлардан бири, деб ёзилган. Менинг сенга берадиган жазом Оллоҳники олдида ҳеч нарса эмас. Шунинг учун тинимсиз тиловат қил, зора, Парвардигор гуноҳингдан ўтса. Билиб қўй, бизнинг суяк ҳеч қачон бошқа қавмники билан аралашган эмас. Агар Исломни қабул қилмаганимда, сенинг каллангни олишим, Ренани боласи туғилмасидан бурун нобуд қилишим керак эди… Бошқаларга ибрат бўлсин, деб фақат кетказиб юбораяпман сени, холос. Менинг ҳам умрим охирлаяпти. Сени бу ерда қолдирадиган бўлсам, ўлганимдан кейин уруғимиздан асар ҳам қолмайди. Йигитлар бошқа жойларга  ошиқади. Ўзга  юртнинг қони бошқа қизларини олиб келишади. Қайтишса, албатта. Қизлар ҳам қараб туришмайди. Бошқа юрт эркакларини хоҳлаб қолишади. Қарабсанки, йигирма-ўттиз йил ўтмай урф-одатимиз, қонимиз бутунлай ўзгариб кетади. Биз буткул унутиламиз…

— Унда Ренани мен билан бирга жўнатиб юборинг. Увол-савобимиз ўзимиз билан. Акулаларга ем бўлмай, ўтиб кета олсак…

— Йўқ. Бир ўзинг кетасан. Рена тавбасига таянади. Бола туғилганидан кейин бошқа бировга никоҳлаб қўяман. Шундоғам озчиликмиз. Уруғимизни камайтирма.

Оқсоқол илтимос оҳангида гапирди. Қараши ҳам мунгли эди, ичим ачиди. Ўзимни ёмон кўриб кетдим. Бошқа гапирмадим.

Оқсоқол кетди. Бир оздан кейин Рена Нэнэ билан бирга келди. Унинг кўзлари қизарган, демак, туни билан йиғлаган. Бечора, қийналибди. Мени деб юзи қора бўлди. Кетганимдан кейин қандай бош кўтариб юради?..

У менга термилиб турди, сўнг бирдан бўйнимга осилди. Шунда унинг юраги гурсиллаб ураётганини аниқ эшитдим.

— Сенга сиқилиш мумкин эмас. Боламизга таъсир қилади, — дедим. Гўё бошқа йўл билан уни юпатиб бўлмайдигандай. — Соғ-омон туғсанг, мени эслатиб туради.

Гапларимга у чидолмади, чоғи, ҳўнграб йиғлаб юборди. Шу маҳал Нэнэ келиб, унинг қўлидан тортди:

— Бўлди, ўзингни бос. Иродали бўлишинг керак, унутма. Ҳар қандай қайғуга тушганингдаям Накамура авлодидан эканинг эсингдан чиқмасин.

Накамура деган зот қачон яшаб ўтганини бу ердагиларнинг ўзлари ҳам билишмайди. Лекин гап-сўзларига қараганда, улар шу зотнинг авлодлари. Накамура тенгсиз ақл эгаси, жасур жангчи бўлган экан.

Рена Нэнэга жаҳл билан қаради, бироқ бир сўз деёлмади. Сўнг бурилиб, чиқиб кетди.

Менга иккита қайиқ беришди. Бири кичкина, фақат бир одам сиққулик. Иккинчиси кенг, чуқур, ўнта одам бемалол жойлашади. Сёхэй қўлимга битта қилич ва камон тутқазиб, қучоқлашиб хайрлашди. Кетишимдан олдин оқсоқол ҳам мени бағрига босди.

— Рена билан фарзандингдан хавотирланма. Улар доим соғ-саломат бўлишади. Бола туғилганидан кейин унга сен ҳақингда, албатта, айтамиз. Манавини бўлса, — деди у мени қучоғидан бўшатиб, кафтимга мусичанинг кўзидай келадиган брильянтни қўйиб, — йўқотма. Бизни эслатиб туради… Яна сенга насиҳатим, душманларингдан ўч олишда шошқалоқлик қилма. Ақл билан иш тут.

— Хўп, ҳаммаси айтганингиздай бўлади.

Оқсоқол мендан узоқлашгач, қолганлар ҳам мен билан бирма-бир хайрлашди. Ёнимга Рена келишини истардим. У ҳаммадан орқада, менга тик қараб турарди. Лекин жойидан жилай демас, балки шундай қилгани тузукдир, уни тезроқ эсдан чиқаришимга, қийналмаслигимга ёрдам берар, деб ўйладим. Албатта, шунчаки таскин эди. Ҳеч қачон Ренани унутолмаслигимни билардим. Лекин айни чоғда қўлимдан ҳеч бало келмасди!

Ўтган йиллар мобайнида қариндошимдек бўлиб қолган одамлар билан хайрлашгач, улкан уммонга юзланиб, сал нарида қалқиб турган кемалар томон сув кечиб кета бошладим. Кўнглимда бир дунё армон, алам. Ҳеч вақт пушти камаримдан бўлган боламни бир жойда қолдириб кетаман, деб ўйламагандим. Ичимда: “Рена ақлли, унинг қўлидан ҳар иш келади. Болани яхши тарбия қилади, соғлом ўстиради”, дея ўзимга таскин берардим-у, бироқ барибир юрагим жизиллаб оғрирди.

Қайиққа зўрға чиқдим. Қирғоқда мени кузатиб қолаётганларга қарамасдан эшкакни эша бошладим. Шу пайт:

— Тўхта! — деган чинқириқ эшитилди. “Ялт” этиб овоз келган тарафга қарадим. Не кўз билан кўрайки, сувни шалоплатиб Рена югуриб келар, қирғоқда турганлар уни қайтарай демас, қаққайганча қараб туришарди.

— Қайт! Орқангга қайт! — деб бақирдим. Аммо Рена гапимга қулоқ солмади. — Сёхэй, тўхтатиб қол!

Бироқ қизнинг акаси ҳам қилт этмади. Сакраб қайиқдан сувга тушдим-да, қиз томон юрдим (сув белимдан келар, югуришнинг иложи йўқ эди).

Рена етиб келиб бўйнимга осилди, кўзидан дув-дув ёш оқиб:

— Сен билан кетаман! Мени олиб кет! — деди йиғлаб.

— Мен билан кетишинг хавфли! Сен… Сен, яхшиси, қол! — дедим. Лекин у гапимга қулоқ солмади. Бўйнимга маҳкам осилганча тураверди. Шундан сўнг:

— Сёхэй! Сёхэй! — деб акасини чақирдим.

Овозимни эшитган акаси олдинга интилди, аммо оқсоқол унинг елкасидан тутиб қолди. Ҳаммаси тушунарли: оқсоқолнинг ўзи Рена мен билан кетишига рози. Кўзимга ёш қалқиди.

— Раҳмат! Раҳмат ҳаммангизга! Мен сизларни ҳеч қачон унутмайман! Ренани бахтли қиламан!

Оқсоқол ортига ўгирилиб кета бошлади. Унинг орқасидан бошқалар эргашди. Аммо Сёхэй қимирламади.

Орол кўринмай кетгунча Рена она тупроғидан кўзини узмади. Унинг кўзидан оқаётган ёш ҳам тинмади. Мен эса жим, бир маромда эшкак эшардим. Ичимда хурсанд эсам-да, қадрдон бўлиб қолган жойдан узилиб кетаётганимга юрагим ачишарди.

Қуёш ботишига бир терак бўйи қолганида узоқдан антеннага ўхшаш бир нарса биз томонга шитоб билан яқинлашаётганига кўзим тушди. Дарров эшкакни қўйиб, ўрнимдан турдим-да, шу томонга қарадим. Антенна аста-секин катталашди. Аввалига сув остида сузадиган кема бўлса керак, деб ўйладим. Адашибман. Акуланинг думи ёки қаноти экан.

— Акула! — пичирладим. Бошини эгганча хаёл суриб ўтирган Рена ҳам бирдан сергакланиб:

— Қани?! — деди хавотирли товушда.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Бахтнинг олис манзили (1-қисм)

Бахтнинг олис манзили (2-қисм)

Бахтнинг олис манзили (3-қисм)

Бахтнинг олис манзили (4-қисм)

Бахтнинг олис манзили (5-қисм)

Бахтнинг олис манзили (6-қисм)

Бахтнинг олис манзили (7-қисм)

Бахтнинг олис манзили (8-қисм)

Бахтнинг олис манзили (9-қисм)

Бахтнинг олис манзили (10-қисм)

Бахтнинг олис манзили (11-қисм)

Бахтнинг олис манзили (12-қисм)

Бахтнинг олис манзили (13-қисм)

Бахтнинг олис манзили (14-қисм)

Бахтнинг олис манзили (15-қисм)

Бахтнинг олис манзили (16-қисм)

Бахтнинг олис манзили (17-қисм)

Бахтнинг олис манзили (18-қисм)

Бахтнинг олис манзили (19-қисм)

Бахтнинг олис манзили (20-қисм)

Бахтнинг олис манзили (21-қисм)

Бахтнинг олис манзили (22-қисм)

Бахтнинг олис манзили (23-қисм)

Бахтнинг олис манзили (24-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here