Бахтнинг олис манзили (26-қисм)

0

Мен Ренага жавоб қилмасдан: “Акула бизни четлаб ўтиб кетармикин?” — деган хаёлда ундан кўзимни узмай тикилиб туравердим. Лекин йиртқич бошқа томонга бурилай демас, тўғри устимизга бостириб келарди. Бирор чора кўрмасам, қайиқни иккига бўлиб, мен билан Ренага қўшиб боламизни ҳам нобуд қилиши аниқ. Шатакка олинган кичик қайиқ устига сакраб тушдим-да, қиличимни қинидан суғурдим.

— Аввал манавини синаб кўр, учи заҳарга ботирилган, — дея Рена камонни менга ирғитди.

Оролда камон отиш машқининг ҳадисини олган эдим. Кўп ҳолларда нишонни бехато урардим.

Отилган ўқ акуланинг кўриниб турган қаноти ёнига тушди, аниқ мўлжалга теккан-тегмаганлигини билолмадим. Шу боис, яна бир марта камон ипини чўздим. Иккинчи ўқ ҳам мўлжалга борди-ю, бироқ акула тўхтамади. Демак, ўқим тегмаган ёки таъсир қилмаган.

Кичик қайиқни каттасидан ажратдим-да, акуланинг рўпарасига сузиб бордим. Энди бу ёғи худодан эди: агар йиртқич мени енгса, Рена ҳам соғ қолмайди. Тўғри, у жангда мендан устароқ-ку, аммо ҳозир ҳомиладор. Қалтис ҳаракат қилиши мумкин эмас.

Хаёлимда акуланинг ҳаракати сусайгандай эди. Кўнглимда балки у енгилишини билиб изига қайтар, деган умид туғилди. Бироқ йиртқич ортига қайтмади. Баттар тезлашди. Менга етишига беш, тўрт, уч, икки… ва ниҳоят бир метр қолди. Шу маҳал мен у томонга сакрадим. Бундай ҳаракатни кутмаган шекилли, акула мен ўтирган қайиққа ўзини урди. Мен эса унинг устига тушаётиб, қиличимни бандигача орқасига суқиб юбордим-да, ёнига босганча сувга қуладим.

Қилич ниҳоятда ўткир эди. Йиртқични деярли иккига бўлиб юборди. Лекин у осонликча жон таслим қилмади, мени думи билан уриб юборишга улгурди. Бир муддат карахтландим. Оёқ-қўлим ўзимга бўйсунмай, сувга чўка бошладим. Худонинг раҳми келдими, ҳар қалай, сониялар ичида ўзимни ўнглаб, тезда юзага сузиб чиқдим. Сув юзида ҳали қон сингиб кетмаган, анча ёйилган экан. Йиртқич кўринмасди. Демак, уни ўлдирганман. Падар лаънати чўкиб кетган.

Хавотирланиб Рена ўтирган қайиққа қарадим. Кўрдим, у тик турибди. Қонли сувдан кўзини узгани йўқ. Қўлимни юқорига кўтардим. Шундагина у мени кўрди, шекилли, бирдан ўтириб олди. Агар унинг ўрнида бизнинг қишлоқ қизлари бўлганида, дод-фарёд қилиб дунёни бошига кўтарарди. Буларнинг эса, хавотир олганиям, қўрқиб кетганиям билинмайди.

Энди суза бошлаганимда, ўнг қўлим қаттиқ оғриб инграб юбордим. Йиртқич ёмон урганга ўхшайди. Бир қўллаб сузиш оғир. Рена аҳволимни сезди ва қайиқни шу томонга буриб эшкак эшди.

Қайиққа чиққанимдан сўнг Рена бўйнимдан маҳкам қучоқлади. Елкамдаги оғриқдан инграб юбордим.

— Нима бўлди? — сўради Рена ва шоша-пиша кийимларимни ечди. Елкам шишибди. Қиз бечора қайиқнинг орқа томонидаги латта-путталар орасидан сочиқ олди. Дарвоқе, оролдагилар қайиққа беш-олти кунга етадиган егулик, кийим-бош, сочиқ, тоза сув ва яна алламбалолар юклашганди.

Рена баданимни сочиқ билан яхшилаб артгандан сўнг, қўлимни силаган бўлиб, силтаб қаттиқ тортди.

— Имм! — дея инграб юбордим. — Нима қилаяпсан?

— Қўлинг чиқибди.

У юзимдан чўлпиллатиб ўпди-да, елкамнинг шишган жойига қандайдир ёғ суртди. Танамнинг бошқа аъзолари лат еган-емаганини текширди. Кейин мени ғалаба билан олқишлади. Унинг гапига қараганда, йиртқич мен томонга думини бир силтабди-ю, ғарқ бўлибди.

— Сениям ўзи билан чўктириб кетди, деб қўрқдим. Тўғриси, жуда қалтис сакрадинг, озгина кутишинг, шундан кейин унинг устига ўмбалоқ ошиб тушиб, қилич солсанг бўларди. Сен эса…

— Барибир енгдим-ку, — дедим мен тиржайишга уриниб.

Акула билан тўқнашувдан кейин Рена оролини бир оз унутди, очилиб гаплашиб ўтирди, тамадди қилди, менга ҳам овқат едириб қўйди.

— Тўхта, — дедим мен орадан бирор соатча ўтганидан сўнг, — нега ҳалиям бир жойда турибмиз? Акулалар қонни тез пайқайди, деб эшитганман. Биттасидан қутулиб, бошқаларига тутилиб қолмайлик тағин.

Рена жилмайди. Унинг табассуми бирам гўзал эдики, айниқса, кун ботарда, қуёш қизғиш нурларини сочиб турганда унинг чеҳраси очилиб кетганди. Кўзларидан чексиз меҳр балқиб турарди. Агар Ренани биров билан жанг қилаётганида кўрсангиз, уни ҳечам меҳрибон деб ўйламайсиз. Баджаҳл, қайсар, эркакшода, қўпол, деган хаёлга борасиз. Лекин ҳозир ожиза, кўркам аёлда неки назокат, нафосат бўлса, бари Ренада мужассам.

У эшкак эшиб менга ёрдамлашмоқчи бўлди. Очиғи, толиққандим. Гарчи елкамнинг шиши тез қайтган эса-да, ўнг қўлим кучсизлангандай эди, назаримда. Шундай эса-да, Ренани эшкак эшишга қўймадим.

— Энди дам оламиз, йўқса йўлдан адашиб, айланиб-айланиб яна оролга қайтиб бориб қоламиз, — дедим мен.

— Ҳов анави ёруғ юлдузни кўраяпсанми? — деди Рена қўлини осмонга чўзиб. — Унинг оти “Безмамур”, ғарбдан чиқади. Шуни мўлжал қилиб кетаверсак адашмаймиз.

— Демоқчисизки, хоним, тонггача тиним билмаслигимиз керак.

— Эвазига кундузи дам оламиз. Ҳозир эса эшкакни мен эшаман.

— Сенга мумкин эмас.

— Ўзимни зўриқтирмайман. Хавотир олма.

Рена айтганидай атроф ёришиб, юлдузлар ўчгунга қадар навбатма-навбат эшкак эшдик. Сўнг ухладик. Қуёш тиккага келганида уйғониб тамадди қилдик. Тўғриси, бир текис мавжланиб турган кўм-кўк сувни томоша қилишнинг завқи бошқача эди, лекин унинг чек-чегарасизлиги, довул туриб уммоннинг ваҳимали чайқалишини ўйласанг, юрагинг орқага тортиб кетади. Сафарга отланганимизга ҳам бир кун бўлди. Ҳозирча океан сокин. Ишқилиб, шундай бўлиб турсин.

Ренанинг саволлари борган сари кўпайди: “Яшайдиган жойларинг қанақа?”, “Уйларинг қандай қурилган?”, “Оилаларингда неча кишисизлар?”, “У томонлар иссиқми, совуқми?”, “Одамлар кўпми?” ва ҳоказо. Барига батафсил жавоб бергунимча нақ икки соат ўтди. Кейин у:

— Севган қизинг борми? — деб сўраб қолди.

Нима дейишни билмай каловландим. “Тўғрисини айтсам, хафа бўлиб қоладими?” — дея хавотирландим. Алдасам, қишлоғимизга боргач, ҳаммасидан хабар топиб, кейин бир умр кўнглидан чиқаролмай юриши ҳам мумкин.

— Ўзинг нима деб ўйлайсан?

— Албатта, бўлган. Сен қизларнинг кўзига яқин йигитсан. Очиғини айтавер, ҳечам хафа бўлмайман.

— Тўғриси, сенга нима дейишни билмаяпман. Агар севганим бор эди десам, ёлғон гапирган бўламан. Бирга ўқиган…

— Ким ўқитган?

— Ўқитувчилар.

— Оқсоқолга ўхшаганми?

— Нима десам экан? Ҳа, шунга ўхшаган.

— Келганингда ҳеч балони билмасдинг-ку. Югуришни ҳам эплолмасдинг.

— Биз бошқача ўқиганмиз. Ҳеч мактаб деб эшитганмисан?

— Гонгконгда, Японияда, кейин Хитой деган жойда яхши мактаблар бор, деган оқсоқол. Уларда ўқиб чиққанлар жуда яхши уришишаркан. Лекин барибир бизникидай мукаммал эмас, дейишади.

Мен кулиб юбордим. У худди ёш болалардай соддадил эди. Очиғини айтсам, оролга борганимда мен ҳам худди Ренадай содда эдим. Ҳар нарсага ҳайратланиб қарардим. Балки буни чақалоқ билан қиёсласа бўлар. Бундан беш йил бурунги воқеаларни эсласам, ўзимни гўдакдай тасаввур қиламан. Айни чоғда Ренанинг мактаб ҳақидаги саволлари ҳам шунга ўхшаб кетаётганди.

— Бизнинг мактаб мутлақо бошқача. Борганингда ўзинг кўрасан. Хуллас, бирга ўқийдиган қиз хат ёзувди менга. Хатида севишини ёзган. Бор гап шу.

— Сен мени ёлғиз ташлаб кетмайсанми?

— Ёлғиз… Отам, укаларим бор, мен бирон жойга кетганимда шулар билан бирга ўтирасан. Уйга етгунимизча кўзинг ёриб қолса керак.

— Юртинг Америкадан ҳам узоқми?

— Ҳужжат чатоқ, — уни қучоқладим. Шундай қилмасам, ҳали-бери саволлари тугамайдиганга ўхшайди.

Икки кундан кейин бўрон турди. Бахтимизга, унчалик кучли эмас. Лекин қайиғимиз сувга тўлаёзди. Аммо кундуз куни тўфон кўпам зарар етказмади.

Орадан яна тўрт кун ўтгач, Рена узоқда элас-элас  қорайиб турган қуруқликни пайқаб қолди. Қийқирдик, қувондик, кейин мен жон-жаҳдим билан эшкак эша бошладим. Тун бўйи ишлаганим, чарчоғим билинмади. Манзилга эртароқ етиш учун бор куч-қувватимни ишга солдим. Ўша лаҳзаларда менга қараб жилмайиб қўяётган Ренани ҳам унутиб қўйгандим. Уни кўрардим, лекин хаёлим бошқа ёқда, юрагим ҳаприқади. Қани имкони бўлса-ю, сув устида югуриб кетсам (бир сафар Сёхэйнинг сув устида югурганини кўрганман. Кўп эмас, уч қадамча босган. Ўзиям шамолдан илдам эди у).

Қуруқликка яқинлашганимиз сайин Ренанинг чеҳраси ўзгариб, ранги ҳам бир оз оқаринқиради.

— Тинчликми, бирон жойинг оғримаяптими? — сўрадим ундан.

— Оғримаяпти, — деди у бош чайқаб, — лекин негадир кўнглим ғаш. Қуруқликда баланд уйлар кўп экан, катта кемалар ҳам сузиб юрибди, қаерга келиб қолганимизга ҳайронман.

— Шаҳар бўлса керак, — дедим ортимга бир қараб олиб, — бирорта порт шаҳарга келдик, шекилли.

— Нима деганинг у? — ҳайрон бўлиб сўради Рена.

— Шаҳарми? Шаҳарда минг-минглаб одамлар яшашади. Ер камлигидан мана шунақанги баланд иморатлар қуришади. Кемалар кўп тўхтайдиган жойни порт дейишади.

— Бўлмаса, у ерга бормайлик. Бизни бегона деб ҳайдаб солишса ёки ўлдириб юборишса нима қиламиз?

Унинг гапида жон бор эди. Лекин ҳозир Ренанинг кўнглини чўктирмаслигим лозим. Шу боис:

— Шаҳарда бир-бирини танимаганлар қанча, сен билан мен уларнинг орасига сингиб кетамиз, чўчима, — дедим жилмайиб.

У менга ишонгандай бўлди, қарашидан буни пайқадим. Бироқ кўнглининг ғаши тарқамагани аниқ. Ундаги ғашлик менга ҳам кўчгандай. Қуруқликка интиқ бўлиб интилгандим, энди ҳечам қирғоққа тушгим йўқ.

Одатда, узоқ вақт сувда юрсанг, тупроқни соғинасан, ерга қадам қўйсам, ётиб ўпаман, кўзларимга суртаман, дейсан. Лекин бизнинг ерга оёқ қўйишимиз бошқача бўлди. Бандаргоҳдагилардан ҳайиқиброқ, атрофга олазарак боқиб қадам босдик ва бу билан соҳилдагиларни чўчитиб ҳам қўйдик.

Қолган-қутган егуликларни қопга солиб орқалаб олдим-да, Ренанинг қўлидан ушлаб, секин бандаргоҳдан чиқиб кетиш йўлини қидира бошладим. Ҳар қадамда худди маймунни томоша қилаётгандай иржайган башараларнинг таъқибида юриш оғир эди. Мен уларга эътибор бермасликка уриндим, Ренага ҳам: “Бировга қарама”, деб тайинладим. Аммо сигарета тутатиб турган тўрт-беш кишининг ёнидан ўтиб кетаётганимизда улардан бири йўлимизни тўсди. Аввал у бизга бошдан-оёқ разм солди. Сўнг шерикларига мен тушунадиган таиланд тилида:

— Манави исқиртларни қаранглар, қайси гўрдан пайдо бўлишди? — деди сарғайиб кетган тишини иржайтириб.

— Ҳиндуларга ўхшайди, — деди нарироқдаги шериги.

— Тўғри, қара буларнинг устидаги латта-путталарга, — деди йўлимизни тўсиб чиққан кимса енгимдан тутиб.

— Тегинма, — деб унинг қўлини силтаб ташладим.

— Эй-й, — деди қисиқ кўзини йириб очган йўлтўсар, — ҳиндуга ўхшамайди-ку.

— Пияниста бўлса керак, — деди шерикларидан бири, — гапираверсанг пул сўрашга тушади.

Мен Ренага қараб “кетдик” деб ишора қилиб, йўлимда давом этмоқчи эдим, йўлтўсар қўлимдан тутиб қолди.

— Мен алкашларнинг қопини титишни яхши кўраман. Уларнинг ҳаёти қизиқ, — деди у тиржайиб, — бунинг устига, ойимчанг ҳам зўр экан. Зерикиб турганимизда озгина валақлашсак, вақт ўтармиди?

Мен ҳақоратга ортиқ чидолмадим.

— Яхшиси, улфатларинг билан чақчақлашиб туравер, — дедим унга қовоғимни уйиб.

Қаршилигим йўлтўсарнинг шерикларигаям баҳона бўлди, шекилли, дарҳол бизни ўраб олишди. Уларнинг қиёфаси бандаргоҳдаги юк ташувчиларникига ўхшамасди. Афт-ангорлари, оғизларидаги сақичларини чайнаб тиржайишлари кўпроқ безориларни эслатарди. “Буларга фарқи йўқ экан-да, — дея ўйладим, — ўзлари бизни пиянистага чиқариб туришибди-ю, тағин чўнтакларимизни ковламоқчи, аслида пиянистадан ҳам баттар, шекилли булар”.

Йўлтўсар иягимдан ушлаб, бошимни у ёқ-бу ёққа қимирлата бошлади. Чидаб туролмадим — қорнига тизза қўйдим. Буни унинг шериклари сезишмади ҳам, гўё қорни туйқусдан бураб оғриб қолгандай у букчайди.

Ортиқча валақлашиб тургим келмади, бир оёқ кўтаришда иккитасининг тумшуғига тепиб юбордим. Бироқ қолган иккисини уришга улгурмадим, Рена мендан олдин уларга зарба беришга улгурибди.

Тўртала шериги ерда чўзилиб ётганини кўрган йўлтўсар “қорин оғриғи”ни ҳам унутиб, орқа-олдига қарамай қочишга тушди. Рена иккаламиз ортидан қараб кулдик-да, у кетган тарафга юрдик.

Бир пайт қарасам, иккита полициячи биз томонга шитоб билан келаяпти. Ренанинг кўнглида хавотир уйғотмаслик учун унга жилмайиб қараб, бу ернинг ҳавоси лоҳас қилаётганини айтдим. У сергак эди. Чалғимаслиги керак эди. Умуман, Рена ҳушёр, у мен олган таълимни маромига етказганди. Ҳозир ҳам полициячиларнинг нима мақсадда чопқиллаб келаётганини сезиб турарди.

Булардан ҳам осонлик билан қутулиб кетишимизга  шубҳам йўқ. Лекин қуруқликка қадам босар-босмас шунча муаммога дуч келаётганимиз ёмон-да. Бошида шунақа бўлса, ҳали бизни тағин нималар кутиб турибди, ёлғиз худога аён.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Бахтнинг олис манзили (1-қисм)

Бахтнинг олис манзили (2-қисм)

Бахтнинг олис манзили (3-қисм)

Бахтнинг олис манзили (4-қисм)

Бахтнинг олис манзили (5-қисм)

Бахтнинг олис манзили (6-қисм)

Бахтнинг олис манзили (7-қисм)

Бахтнинг олис манзили (8-қисм)

Бахтнинг олис манзили (9-қисм)

Бахтнинг олис манзили (10-қисм)

Бахтнинг олис манзили (11-қисм)

Бахтнинг олис манзили (12-қисм)

Бахтнинг олис манзили (13-қисм)

Бахтнинг олис манзили (14-қисм)

Бахтнинг олис манзили (15-қисм)

Бахтнинг олис манзили (16-қисм)

Бахтнинг олис манзили (17-қисм)

Бахтнинг олис манзили (18-қисм)

Бахтнинг олис манзили (19-қисм)

Бахтнинг олис манзили (20-қисм)

Бахтнинг олис манзили (21-қисм)

Бахтнинг олис манзили (22-қисм)

Бахтнинг олис манзили (23-қисм)

Бахтнинг олис манзили (24-қисм)

Бахтнинг олис манзили (25-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here