Дилбандининг қадрига етмаган она

1

Хонадан жаннат ҳиди анқиётгандек. Боғдаги гуллар, осмоннинг мусаффолиги одамнинг дилини яйратиб юборади. Гўдакнинг йиғиси сокинликни бузиб, онани ўзи томон чорлар, меҳри дарё қайнона эса неварасининг йиғиси тугул, инграшини эшитган заҳоти келинидан олдин чопқилларди.

— Қизим, Умиджондан тез-тез хабар олиб туринг!

— Хўп бўлади, ойижон.

— Ишларингизни тўхтатиб, болага қаранг! Иш қочиб кетмайди, болага эса ҳамиша она меҳри керак.

Хайринисо кулиб қўяди.

— Ойижоним-эй, бирам меҳрибонсизки. Фақат ювилмаган кирлар озгина қолди. Шундоққина…

— Хавотир олманг, ўзим ювиб қўяман қолганини.

— Аммо, ойижон, доим хижолат қиласиз, — аразлаган бўлди Хайринисо.

— Ҳечқиси йўқ, қизим, боринг, болага қаранг.

* * *

Хайринисо билганидан қолмади. Эри у деса бу деди, қайнонаси бу деса у деди. Хуллас, оёқ тираб туриб олди. Ўқишни ҳам давом эттираман, академик таътилга ҳожат йўқ, деди. Ишдан ҳам бўшамайман, декрет керакмас, деди. Шўрлик Умиджонга қийин бўлди. Тўғри, қайнона кўпни кўрган, ҳамма нарсани билади, тажрибаси катта. Аммо она, барибир, она-да! Гўдак минг қилмасин, онасига талпинади. Хайринисо уйга эртароқ келиш ваъдасини бера-бера қайнонасини ҳам, эрини ҳам кўндирди. Умиджон тетапоя бўла бошлади. Қайнонанинг эса ҳамиша кўзи эшикда. Мана, бугун ҳам қўшниси билан гаплашиб ўтирибди-ю, хаёли келинида.

«Хайринисо қачон келади-ю, қачон боласини эмизади. Ундан ташқари, «Тез қайтаман», дегандан кейин тезроқ келса бўлади-ку, норасидани меҳрга ташна қилмасдан».

Шу пайт Хайринисо ҳорғин қиёфада кириб келди.

— Уйингизда болангиз борлиги эсингиздами? — деди жаҳли чиқиб кетган қайнона қўшни ўтирганига ҳам қарамай. — Намунча кеч қолмасангиз?

— Узр, ойижон, дарсларим кўпайиб кетди, — хижолат бўлди келин.

— Эрта қайтаман, дегандингиз, эртангиз шуми ҳали?

— Қўшимча дарслар қўйилган экан. Бу кунга қўйилганидан хабарим йўқ эди.

— Тезроқ болани эмизинг!

— Хўп, ойижон.

Хайринисо ичкарига кириб кетгач, қўшниси уни юпатган бўлди.

— Қўйинг, сиқилманг, қўшни. Ҳали ёш-да, тушуниб қолади.

— Биринчи навбатда оиласини, фарзандини ўйласин, дейман-да. Иш тугамайдиган нарса. Ўқиш ҳам қочиб кетмайди-ку ахир.

— Келинингиз ҳам келажагини ўйлаётгандир.

— Фарзанд онанинг келажаги эмасми?

Қўшни аёл бунинг саволга жавоб тополмай, лабини тишлаб қолди.

* * *

Ўша кундан эътиборан Хайринисо қайнонаси эрини гиж-гижлаб қўймаслиги, эри эса уйда ўтир, деб қолмаслиги учун уйга тезроқ қайтиш учун чора излай бошлади. Бунинг уддасидан чиқди ҳам. Эндиликда ўқишидагилар ҳам, уйидагилари ҳам унга тез-тез жавоб бериб юборишар, сабаби эса ўзига энг яқин олган иккита дугонаси — Лобар ва Шоҳсанамгагина аён эди. Лобар бир куни чидаб туролмай, ёрилиб кетди.

— Дугонажон, ўғлингиз нақадар нимжон-а, шифокорга мунтазам кўрсатяпсизми?

— Вой, нега унақа дейсиз, Лобар? — гина аралаш сўз қотди Хайринисо. — Худога шукр, ўғлим отдек, паҳлавонгина. Кўз тегмасин.

— Ахир қачон қарама, дарслардан жавоб сўраб юрасиз-ку, — бўш келмади Лобар ҳам. — Болам касал, бормасам бўлмайди, деб…

— Соддасиз-а, Лобархон?! Нима касал деганим билан чиндан касал бўлиб қолармиди? Кетишга рухсат олишим керак-да. Шунчаки баҳона-ку булар!

— Вой, тавба-а!

Бу сўз ҳар иккала дугонанинг тилидан бирваракайига чиқди.

Аммо Хайринисонинг айтгани бўлмади. Ўғлига кўз тегди. Чиндан касал бўлиб қолди. Олдин худди катталардек ўқтин-ўқтин йўталадиган, сўнг тинмасдан чинқираб йиғлайдиган бўлди. Ота-онаси шифокорма-шифокор қатнаб сарсон бўлишди. Ҳали икки ёшга тўлмаган бола ҳушидан кетиб қолганида эса кўзларига дунё қоронғу бўлиб кетди.

* * *

Хайринисо хазонларни бир-бир босиб, бемажол юриб келяпти. Кеча ўқишидан академик таътил беришган эди. Бугун ишидан ҳам вақтинча озод этишди. Аммо, афсуски, энди кеч эди. Энди шошилгани билан уйда Умиджони кутиб ўтиргани йўқ. Нафақат уйда, балки бу ёруғ дунёда энди у йўқ. Бояқиш норасиданинг умри қисқа экан.

Жўшқинбек ҚЎЧҚОРОВ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

1 ТА ФИКР

  1. Shunaqa qaynonalar kup bulsin ilohim,qadriga yetish kk bunaqa qaynonani,ayrim qaynonalar bulsa hizmatimni qilolmiyapti,bolani bahona qilyapti,degan tushunchasi past qaynonalar qancha,huddi ular kelinni ish qilishi uchun olganday,bu kelin ahmoq ekan essiz gudak,qaynonang tillo ekan utirmiysanmi bola parvarish qilib…

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here