Жасоратнинг майда зарраси

0

— Рухшона, хаёлинг қаерда? Мени эшитмаяпсан, чоғи? Нимага тўрвасини йўқотган гадодек анграясан? Ахир гапимни тугатиб, икки-уч дақиқадан бери сени кутяпман!

Мунисанинг баланд овозидан Рухшона чўчиб тушди. Сўнг ўзига келгандек:

— Ўртоқжон, мен бугуноқ Жамшид билан учрашаман. Нимага SMS… — дея ўзининг асардаги сўзларини такрорламоқчи бўлди-ю, хаёлини жамлай олмай, яна кўзини бир нуқтага тикиб, жим қолди.

Муниса ўртоғига яқинроқ ўтирди.

— Рухшона, дугонажон, сен ростдан ҳам Мунис икковимиз бир йигитга кўнгил қўйдик. Мунис мен учун Жамшиддан воз кечяпти, деб ўйлаяпсанми? Вой, жиннивой-ей, ахир бу асар-ку. Саҳна, тушундингми? Саҳна! Биз икковимиз имтиҳондан ўтиш учун роль ўйнаяпмиз, роль, тушундингми?

Рухшона бирпас жим қолди-да, кейин:

— Мунис, ке, қўй. Бошқа пайтда репетиция қилармиз. Бошим оғрияпти. Ўзимни қўлга ололмаяпман, — деди.

Мунисани Рухшонанинг бу жавоби қаноатлантирмади, шекилли:

— Ростдан бошинг оғрияптими? Ҳозир ошхонага чиқиб, аччиқ кўк чой дамлайман. Босиб-босиб ичсанг, оғриғи ёзилади, — деб ўрнидан турди.

Рухшона бир хаёли билан уни тўхтатмоқчи, «Ҳозир кўк чой тугул, ундан зўр дорини ичсам ҳам бош оғриғим ёзилмайди», — демоқчи бўлди-ю, яна ҳозир ҳеч кимга, ҳатто яқин дугонасига ҳам тоқати йўқлиги учун бош ирғади. Муниса човгумни кўтариб, чиқиб кетгач, йиғлагиси келди. Ахир бу ўқишга осонликча кирганмиди? «Санъат институтига кираман, саҳнада роллар ўйнайман», деганида уни онасидан бошқа ҳеч ким қўлламади. Ҳатто:

— Қўнғироқдек овозинг бор. Бунинг устига, Парпи қассобдан тортиб, Карима пистафурушгача ўхшатиб пародия қиласан. Ўзингни кўрмаган одам, ўлай агар, ўшалардан бири деб ўйлайди, — дея унга қойил қоладиган тоғаси ҳам танлаган ўқишини эшитиб:

— Қўйсанг-чи, артист бўлиб нима қиласан? Қиз бола бўлсанг… — деди.

Лекин Рухшона:

— Ҳозир қиз бола, ўғил бола деган гаплар йўқ. Мен актриса бўлиб, саҳнада яшамоқчиман, — деди.

Ўшанда шартнома пули ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганди. Назарида, давлат гранти асосида ўқишга иқтидори етадигандек эди. Ўқишга киришга кирди-ю, контракт бўлиб қолди. Бирпас қувонган бўлиб, сўнг қувончи ташвишга айланди.

Бир пайтлар Рухшонанинг дадаси гилос тераётиб, дарахтдан йиқилган. Орқа мияси ерга қаттиқ урилиб, шифохонага ҳам етмай, жони узилган. Онасини эса бобоси вақтида ўқитмаган. «Шаҳарга кетган қизлар йўлдан чиқиб кетяпти», деб йўлини тўсишган. Бўлмаса, Рухшонанинг онаси «Чаман ичра»ни айтганида аёллар давраси: «Ҳалимахоним бўлиб кет-ей, кам бўлма», — дея алқашар экан. Лоақал ҳамшира бўлишига ҳам қўйишмаган.

Шунинг учун бўлса керак, Рухшона «Ўқийман, актриса бўламан», деганида онаси дарров рози бўлди.

— Мен сенга кўп пул бера олмайман, қизим. Фаррошнинг маоши ўзингга маълум. Лекин кечаю кундуз дуо қиламан. Фақат сен бева аёлнинг қизи эканлигингни унутмасанг, бас! Бошқаларнинг тиззасидан баланд кўйлагини кўрмаганлар ҳам сенинг кўйлагингдан оёғинг кўринса, сезишади. Исминг яхши-ёмон оғизларда чайналмасин! — деди.

Рухшона-ку ўзига ишонарди. Шунинг учун онасига ваъданинг каттасини берди. «Институтга кирсам, тугатгунча ҳеч ким билан гап-сўз бўлмайман, ишонаверинг. Тўйларгаям бормайман», деди.

Контрактга тушиб қолишини ўйламаган экан-да, ўшанда.

Сўнг онаси қаёққа бош уришини билмай юрганида дадасининг дўсти, хўжалик ишлари ҳисобчиси — қизнинг ўқишига ҳомийлик қиладиган бўлди. «Қоратолдан кўз дўхтир чиқди, адвокат чиқди, артист ҳам чиқса, чиқа қолсин. Ҳар сессиянгда битта фермерга айтиб, контракт пулингни тўлаб бераман», деди. Ўшанда Рухшонанинг боши осмонга етганди. Мана, иккинчи курснинг ярмигача ўша ҳисобчи Тўланбой ака гапида турди. Аммо ёзги сессия яқинлашганида Тўланбой ака:

— Қизим, фермерларнинг ўз ташвиши ўзига етиб турибди. Ҳозир улардан пул сўрасам, йўқ, деган жавобни эшитишим аниқ. Онанг шу гал эплаб турсин. Қариндош-уруғларингга айтсин, сендаям қолиб кетмас, — деди.

Ҳозир Рухшонанинг ичига чироқ ёқса, ёришмайди.

Тўйга… Курсдошлари юришади. Қиз эса онасига, тоғасига ваъда берган. Қолаверса, бир-иккита тўй билан контрактни тўлашга етадиган пул ҳам йиғилиб қолмайди. Рухшона шундан паришон. Муниса жўмрагидан буғи чиқиб турган човгумни кўтариб кирганида дугонаси ҳануз ўйчан ўтирарди.

* * *

— Дониёр, бир нарса қилмасак бўлмайди, — Муниса киприкларини пирпиратиб, курс сардорига юзланди.

— Нимани нима қилиш керак? — Дониёрнинг кўзи қўл телефонида, тугмаларини босиб, нималарнидир ахтарарди.

— Қўлингиздаги матоҳингизни қўйсангиз-чи! Айтмоқчи бўлганим — жиддий гап!

Мунисанинг аччиғи чиққандек бўлди.

— Хўш, бир маълумот ахтараётган эдим, узр… Нима гап ўзи? — Дониёрнинг қошлари чимирилди.

— Рухшонанинг ҳомийси контракт пулини тўламайдиган бўлибди…

— Номард экан-да, ваъда бериб…

— Йўқ, Дониёр, билмасдан гапирманг. У одам бизнесмен эмас, оддий ҳисобчи. Уям бировларга сарғаяди. Келинг, яхшиси, Рухшонага бир ярим йил кўмак берган одамни танимай-билмай, муҳокама қилмайлик-да, курсдошимизга ёрдам беришнинг бир йўлини излайлик.

Дониёр бошини қашиди:

— Ҳали тўйлар мавсуми бошланмади. Бунинг устига, курсимизда ҳамма ҳам тўйга чақирилавермайди. Рухшонага қандай ёрдам берсак экан?

Дониёр билан Муниса чекка-чеккада, Рухшонанинг кўзидан четроқда пичирлашишарди.

— Бутун курс бир ойлик стипендиямизни ўртага ташласак, Рухшонанинг ярим йиллик контракт пулини тўлаб юборамиз, — деди Дониёр.

— Ҳамма бир ойлик стипендияни ўртага ташламас. Ахир фақат стипендия билан яшайдиганлар ҳам бор-ку.

— Пул жигардан бўлади, деган гап бор. Осон эмас бировга пул бериш.

Дониёр билан Муниса орасидаги суҳбат анчага чўзилди.

— Мен курс сардори бўлсам-да, «Рухшона учун бир ойлик стипендиядан воз кечайлик», деган гапни гуруҳдагиларга айта олмайман. Бу яхшигина гап-сўзга сабаб бўлиши мумкин. Лекин ўзим бераман.

— Ўзингиз беринг-да, «Рухшона қобилиятли қиз. Оилавий аҳволини биласизлар. Онаси зўрға ўзидан орттириб, беш-ўн сўм бериб туради. Агар ҳозир унга ёрдам бермасак, ўқиши ҳам, иқтидори ҳам аросатда қолади», деган гапни айтасиз. Ахир биз ўзимиз саҳнага қўядиган асарларда одамларни саховат, олижанобликка чорлаймиз-ку. «Биз фақат айтамиз, бошқалар қилсин», деган гап унча тўғри эмас-ку, а, Дониёр…

Муниса нима қилиб бўлса-да, Дониёрни шу ишга кўндиришга ҳаракат қиларди.

— Билмадим, бу жарангдор гапларимга ким кўниб, ким кўнмайди.

* * *

Дарҳақиқат, бир қарашда осон туюлган айтиш маросими оғиргина бошланди. Дониёр нечоғлик гапга чечан бўлмасин, Муниса айтган гапни курсдошларига бир-бир етказгунча қора терга ботди. Чунки хонада Рухшона борлиги учун ҳам ҳамманинг орасида овозини баралла қўйиб, гапира олмасди. Боя айтилганидек, пулнинг жигардан бўлиши рост экан, шекилли, ҳар кимдан ҳар хил гап чиқди.

— Ваъда берган бўлса, охиригача ваъдасини бажарсин-да. Пул тўплашдан кўра ўша лафзсизнинг ёқасидан тутиш керак.

— Тўғри, Рухшона иқтидорли қиз. Лекин бир марта пул берсак, «Булар ўзлари ўзларини эплар экан», деб ўша одам ҳомийлик қилмай қўйса-чи?!

— Бир ой ошхонага кирмасмиз. Нон-чой қилармиз, аммо бир иқтидорни асраб қоламиз. Қаҳрамонлик осмондан тушмайди-ку. Талабалар учун буям бир жасорат-да!

— Жа олдинг-да! Эллик минг сўмдан кечиш жасорат бўлса, юртимиз қаҳрамонларга тўлиб кетарди.

— Мен ярмини бераман. Менга яримта жасорат ҳам етади.

— Хайр қилсанг, бутун қил, барака топгур!

* * *

Курс раҳбарини бутун гуруҳ орзиқиб кутарди. Самимий, дилкаш инсон. Иложи борича «қуён» талабалар ҳам дарсни ташлаб кетмасликка ҳаракат қилишади. Бугун талабалар анча хотиржам. Бурчак-бурчаклардаги шивир-шивирлар тинган, чунки Рухшонанинг контракт пули тўланган эди. Бир-иккита кўпга қўшилгиси келмаган талабалар ўрнига саҳна нутқидан таълим берувчи Зарнигор Низомовна ўз маошини қўшиб юборди.

— Зарнигор опа, сиз билдингиз, бошқа устозлар билишмасин. Институтда шов-шув бўлишини хоҳламаймиз, Рухшонанинг олдида битта-яримта гапириб юборса, у сиқилиб қолади. Шусиз ҳам «Ҳаммангизнинг нонингизни тортиб олгандек ўзимни ноқулай сезяпман», деб йиғлаб юрибди.

Мунисанинг бу гапига Зарнигор Низомовна «хўп», деган бўлса-да, ҳозир аудиторияга курс раҳбари Нуриддин Қобилович кириб келганида унинг юзидаги ифода Зарнигор Низомовна гапида турмаганлигини кўрсатаётганди. Чунки Нуриддин Қобиловичнинг юз-кўзлари ажиб бир нурдан порларди. У саломлашгач:

— Шунқорларим, «Халқ бўл, элим» деган қўшиқни биласизлар, а? — деди.

— Ҳа! — аудитория баланд-паст овозлардан зириллаб кетди.

— Қачон одамларда халқлик белгилари намоён бўлишини ҳам биласизларми?

Аудиториянинг у ер-бу еридан «Биламиз», деган яккам-дуккам овозлар эшитилди.

— Билганлар билмаганларга айтинглар: агар бир қавмга мансуб одамлар бир-бири учун пулдан кечишни бошласа, бу уларнинг халқ бўлаётганидан дарак. Чунки пулдан кечганлар жондан ҳам кеча олади.

Талабалар нимадир демоқчи эди, Нуриддин Қабилович: «Шунқорларим, бугун дарсни очиқ осмон остида ўтамиз. Қани, ҳаммамиз китоб-дафтарларни йиғиштириб, оёқ учида юриб, ташқарига чиқамиз», деди.

Шатир-шутур бошланган эди, Нуриддин Қобилович:

— Оёқ учида, — дея шивирлади ва қўшиб қўйди:

— Ҳаммамиз «Шалола»га борамиз. Ким кўнгли нимани тусаса, буюртма беради. Зиёфат мендан…

Талабалар қарсак чалиб юборишди.

Қутлибека РАҲИМБОЕВА

«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here