АРОСАТ… (Йигирма бешинчи қисм)

0

 

Оллоҳим, ташаккур борлигинг учун,

Бошимга тизгинсиз дардлар ташладинг.

Беҳад хурсанд бўлдим ситамларингга,

Бандалар ичидан мени танладинг…

Ташаккур, тишимни тишимга қўйдим,

Руҳимда товушсиз нурли куласан.

Дардлар юборибсан… Ғамлар юборибсан…

                                                        Демак, борлигимни ўзинг биласан… (қўшиқдан)
 

«САРАТОН»

* * *

Наргиза оппоқ келинлик либосида бошини ҳийла эгганча ўтирар, биз умуман сўзлашмасдик. Очиғи, мен гапни нимадан бошлашни билмай гаранг эдим.

Ана, тоққа чиқиладиган жойда машиналар қаторлашиб кетибди. Бизнинг машина ҳам таққа тўхтади. Олим ака гап нимада эканини билиш ниятида пастга тушди.

Биз ёлғиз қолдик. Аммо ҳануз сукутдамиз. Наргиза аҳён-аҳёнда менга кўз қирини ташлаб оляпти. Нимадир демоқчи-ю, биринчи бўлиб мен сўз очишимни кутяпти.

Йўқ, таваккал қиламан. Шу тахлит ўтираверсам, шубҳаланиб юрмасин Наргиза. Барибир насиб этса у жуфти ҳалолим бўлади. Эртами-кечми гаплашишимиз керак-ку!..

Шундан кейин ҳам нима деб гапириш ҳақида бош қотиравериб хуноб бўлдим. Нима деса бўлади-а? Аёл кишининг ёшини сўраш ноқулай. Отасининг исмини сўрасаммикан? Э, шуям савол бўлдими? Энсаси қотиб қовоғини уйиб олса адойи тамом бўламан. Эҳ, Қодир, Қодир! Чиройли қизларнинг олдида тилинг танглайингга ёпишиб қоларкан-ку! Гапирсанг-чи! Ҳозир-ҳозир Олим ака машинага чиқиб ўтирса, тамом! Яна лаб тишлашдан, қор босган далаларни томоша қилишдан бўлак ишинг қолмайди…

— Сиз… Пивони яхши кўрасизми? — ниҳоят Наргиза томон ўгирилиб томдан тараша тушгандек савол ташладим.

Нафсиламбирини айтсам, бундай бўлмағур савол хаёлимга келгани учун ўзимни ўзим чавақлаб ташлагим келиб кетди. Бироқ кеч эди…

Наргиза саволимни эшитди-ю, ялт этиб менга қаради. Юзлари дув қизарди. Бир марта жилмайиш қилди. Лекин дарров жиддийлашди.

— Йўқ, — деди эшитилар-эшитилмас. — Жинимдан ёмон кўраман.

Ана, бўларкан-ку қиз болани гапга тутса!.. Ҳойнаҳой, унга кутилмаган саволим қизиқ туюлди! Акс ҳолда жилмайиб қўймасди.

— Менам ёқтирмайман, — дедим бош қашиб. — Ҳидига тоқат қилолмайман.

— Ишонмайман, — Наргиза энди юзларига табассум югуриб астойдил менга юзланди. — Эркаклар ичкилик деса ўзларини томдан ташлашади.

— Йў-ўқ, мен унақаларданмасман!.. Мен…

Афсуски, суҳбатимиз чала қолди. Олим ака машинага ўтирди-да, ортга ўгирилиб, иккаламизга маъюс тикилиб қолди.

— Йўл ҳали вери очилмас экан, — тоғ тарафга ишора қилди у. — Тўйни квартирада ўтказиб қўя қоламиз шекилли. Эҳ, уёқда қанча одам кутиб ўтирганди-я бизни! Ишимиз юришмади-юришмади-да!..

* * *

Тақдири азал бир бўлса, Худонинг ўзи мушкулларни осон қилиб қўяркан.

Тоғ йўли ёпиқлиги бахтимизга раҳна солмади. Олим ака квартиранинг ўзида тўйни ўтказишга қарор қилибди. Айтишларича, ҳаво юришиб кетгандан кейин қишлоққа борсак ҳам бўлавераркан…

Шу куни кечқуруноқ залга стол тузашди. Қаршимда мен умуман танимайдиган меҳмонлар ўтиришар, барчалари келин-куёвга бахт тилаб қадаҳ кўтарарди.

Қизиқ. Шаҳар дастурхони ўзгача бўларкан. Мен Шарифага уйланганимда бундай тўкинликка гувоҳ бўлмагандим. Бу ерда эса одамнинг жонидан бўлак ҳамма нарса топилади.

Ноз-неъматларга, бир-биридан гўзал таомларга суқ билан боқардим-у, иштаҳам карнайга айланиб борар, қўйиб беришса, дастурхонни шип-шийдон қилиб ташлагим келарди. Фақат… Куёвлигим ёдимга тушиб базўр ўзимни тиярдим.

«Шу кунимни Шарифа кўрсайди, — ўйлардим ўзимча. — Ҳойнаҳой, мени расво бўлди, кўчаларда тентираб, бир бурда нонга зор бўлиб кун кўради деб ўйлаётгандир. Агар шу тобда кириб келганда, тушунарди, афсусланарди, ҳасаддан сочини юларди… Нималар деяпман? Менга нима? Қорним таталаб боряпти-ку!.. Нега қўл қовуштирганча жим ўтирибман? Ҳов анави товуқ гўштидан бир бўлагини олиб есам ким мени уришади? Ҳеч ким. Бу қадар ёқимли ҳид таратадиган товуқ гўштини охирги марта уч йилча бурун бувим пишириб берганди. Ўшанда бурнимни жийириб, бир тишламгинасини оғзимга солгандим-да, қўлимни артиб қўя қолгандим. Ўша ношукурчиликларнинг жазосини уч йил тортдим. Энди бўлса… Эҳ, тортинчоқлик қурсин!.. Йўқсиллик мени шу кўйга солди. Мазали таомларни кўрдим-у, оч бўридек улардан кўз узолмай қолдим… Нималар деяпман ўзи?.. Уят эмасми?.. Ёш болага ўхшайман-а!.. Ана, ёнимдаги Наргиза ҳам индамай ўтирибди-ку!.. Яхшики, хаёлимдан кечган ўйларни билмайди. Билиб қолса борми, нақ шарманда бўлардим-а!..»

Ўзимдан ўзим хижолат тортиб аста Наргизага разм солдим. У ҳануз уялган кўйи ўтирар, қур-қур қадаҳдаги лимонаддан ҳўплаб оларди.

Ҳа, Наргиза росманасига гўзал. Шунчалар нафис ва чиройлики, ортиқча сўз айтишга ҳалиям юрагим дов бермайди. Айниқса, кундузги аҳмоқона саволимдан сўнг бўлганимча бўлганман… Йў-ўқ, яхшиси, ҳозир тилимни тияман. Барибир ёлғиз қоламиз-ку! Ўшанда тил топишишим енгил кечади. Кўзларимни чирт юмиб, жуфтимни бағримга босишга ўзимда куч топа билсам бас. Бекорга «висолга нима етсин» дейишмаган-ку! Висол қалбларни бирлаштиради, ўртадаги пардаларни йўқ қилади…»

* * *

Соат тунги иккиларга яқин меҳмонлар тарқалиб, мен кутган лаҳзалар яқинлашди. Юрагим ҳаприқиб, оҳиста биз учун ажратилган хонага кирдим.

Наргиза деразадан ташқарига тикилганча турарди…

Унга яқин бориб бир муддат иккиланиб турдим-да, елкасидан тутдим. Шу пайт Наргиза худди ҳуркак оҳу каби ўзини четга олди.

Бу карашмадан мамнун бўлиб жилмайдим ва ортидан қолмай, қайта елкасига қўл юбордим. Лекин бу гал ҳам қўлларимни итқитиб ташлади.

— Тегманг менга! — деди Наргиза тўсатдан йиғи аралаш. — Яқинлашманг!

— Ие, — дедим кулиб. — Нега ундай дейсиз? Биз энди бегона эмасмиз, жоним! Ё… Мен шунчалик қўрқинчлиманми?..

Наргиза жавоб бериш ўрнига нари кетди-да, бурчакдаги жавон устига ўтириб олди ва қўлларини олдинга чўзди.

— Келманг! Яқинлашманг! Йўқса, бақираман!

— Хўп, яқинлашмадим ҳам дейлик! Аммо токайгача шу тахлит ўтирамиз?..

— Керак бўлса бир умр ўтирасиз, — деди Наргиза титраб. — Менга тўғри келмайсиз, билдингизми?

— Оббо, жа опқочасиз-да! — гапни ҳазилга буришга уриндим. — Жудаям қайсар қиз экансиз!

— Ажаб бўпти! Ракларнинг ҳаммаси шунақа бўлишади.

— Нима?.. Нима дедингиз? Рак дедингизми? У нима дегани?.. Қизиқчимисиз?

— Бу ўладиган касал дегани! — баттарроқ йиғлай бошлади Наргиза. — Эшитдингизми?.. Ишонмаяпсизми?.. Ишонмаяпсизми?..

Беихтиёр қайсарлигим тутди. Бу қадар жасурликни қаердан олдим, билмайман. Наргизанинг қайсарликларига қараб ўтирмай, уни маҳкам қучиб олдим ва эгнидаги кўйлакни ечиб ташладим.

Не кўз билан кўрайки… Қаллиғимнинг бир сийнаси йўқ, ўрни қалин дока билан бойлаб ташланган, дока эса йирингга беланиб кетганди…

Наргиза менинг бақрайишимни титроқ аралаш кузатиб тургач, бор овозда қичқириб юборди:

— Кўрдингизми? Энди ишондингизми? Ракман мен, ракман!.. Энди кетинг! Йўқолинг!.. Ҳеч кимни кўришга кўзим йўқ, йўқолинг!..

* * *

Наргизанинг бақир-чақирини эшитиб, Соҳиба опа ичкарига чопиб кирди. У бирпас каловланиб турди-да, жонҳолатда келиб синглисини қучоқлаб олди.

— Бу нима қилганинг, ношудгинам? — сўради йиғи аралаш Соҳиба опа. — Сенга минг марта айтганман-ку ракмассан деб! Тағин бошладингми эски ашулангни-а! Одам дегани шунчалик қайсар бўладими? Қодиржонда нима гуноҳ? Нега уни ҳалитдан қийнайсан?

— Ишонмайман ҳеч кимга! — Наргиза шундай деб опасининг бағридан сирғалиб чиқди-да, терс ўгирилди. — Мен ракман! Ўзим биламан, барибир ўламан мен!

— Бекорларнинг бештасини айтибсан! — уни уришиб ташлади Соҳиба опа. — Сенга илми-аъмал қилишган! Ҳаммаси ярамас София келиннинг иши. Ҳали қараб турсин, қилган ифлос ишлари ўзига қайтади, ҳа! Сен кўнглингни чўктирма! Табиб айтди-ку! Худо хоҳласа бир ойда кўрмагандай бўлиб кетасан. Душманларинг аламидан куйиб ўлади ҳали, синглим! Қани, кел, сенга қайноқ чой бераман. Кейин ётиб дам оласизлар! Юрақол!

— Йиринглар-чи, опа? — изиллаб йиғларди Наргиза. — Эзилиб тамом бўлдим-ку!

— Ие, амал қаердандир чиқиб кетиши керак-ку! Табиб ўзингга ҳаммасини айтган. Дори ича бошлаганингга ўн беш кун тўлгач, йиринг чиқа бошлайди деган. Мана, айтгани бўлди. Ё ёлғонми?..

— Билмадим… — Наргиза йиғлашдан тўхтаб, опасига суянганча йўлакка чиқди.

* * *

Мен росманасига аросатда қолгандек эдим. Худди карахт кимса каби турган еримда чайқалар, на тураверишни, на йўлакка юришни билардим.

Қалбимни эса аччиқ бир афсус кемира бошлаганди. Иблис қиёфасидаги бу афсусга қарши миямда бир хаёл қўзғолон қиларди.

— Сен нималар қилиб қўйдинг? — дерди афсус. — Тағин боши берк кўчада қолдинг. Сени боплаб алдашди. Энди хор-у зор бўласан. Кунинг касалнинг қош-қовоғига қараш билан ўтадиган бўлди. Сен адойи тамом бўлган одамсан. Қарғишга қолдинг.

— Бекор гап, — унга қарши сўзларди хаёл. — Наргиза беозор ва меҳрибон. Бунинг устига гўзал, оқила қиз. Тез орада тузалади. Сен унга ишон! У билан бахтиёр бўласан…

Шундай хаёллар исканжасида бўшашганча балконга чиқдим. Олим ака сигарет чекаётган экан.

Мени кўриб қўлидаги сигарет қолдиғини кулдонга ташлади-да, оғир хўрсинди.

— Сен хафа бўлаверма, — деди менга эҳтиёткорона боқиб. — Наргизанинг касали унақанги қўрқинчли эмас. Соҳиба опанг ҳаққа ўхшайди. Табиб айтган кундан йиринг чиқа бошлади. Демак, ҳақиқатан кимдир илми-аъмал қилган… Э, шўрлик қайнсинглим. Ҳеч кимга ёмонлик қилмаган бўлса, нега бу кунга тушади?..

Олим аканинг бу сўзлари менга далда бўлгандек, иблис нари кетди. Кўнглимда жуфтимга нисбатан меҳр, ачиниш ҳисси уйғонгандек ҳушёр тортдим.

— Олим ака, мана кўрасиз, — дедим лаб тишлаб. — Ҳали ўша ярамаслар чапак чалиб қолишади. Биз уларни енгамиз. Қилган ёмонликларига минг пушаймон бўлишади.

— Баракалла, — елкамга қоқди Олим ака. — Сен жуда ақлли, фаросатли йигит экансан. Бардам бўл, ҳаммаси олдинда. Шундай яхши кунларни кўрасизки, бахтдан ёрилай дейсиз.

Бирпас балконда турган бўлдим-да, Олим акага хайрли тун тилаб ичкарига қайтдим. Наргиза аллақачон тинчланган, кийимларини алмаштириб бўлиб, диванга ўрин тўшаш билан овора экан.

Юрагим тўлиб унга яқин бордим-у, маҳкам қучдим.

Наргиза бу гал қаршилик қилмади. Бирпас сукут сақлагач, кафтларимни юзларига босганча силкиниб-силкиниб йиғлай бошлади.

— Йиғламанг, — дедим Наргизанинг майин сочларига юзимни босиб. — Сиз оғир касал эмассиз. Яқинда тузаласиз. Мен бунга кафилман.

— Мен оғирлашиб қолсам, ташлаб кетмайсизми? — йиғламсираб кўзларимга жавдираб боқди Наргиза. — Менга содиқ қоласизми?

— Албатта. Сизни зўрға топдим-у, нега ташлаб кетарканман? Фақат оғирлашиб қоламан деб мени қўрқитманг. Оғирлашмайсиз.

* * *

Орадан бир ой ўтди. Олим ака сўзида туриб мени муҳарририятлардан бирига ишга жойлаштирди.

Ҳар куни ишдан уйга шошар, Наргизанинг висоли ишқида елиб-югурардим.

Кунлар ўтгани сайин Соҳиба опанинг сўзларига ишониб борардим. Наргиза кунига бир неча марта дока алмаштиришини айтмаса, ҳеч қандай оғриқдан шикоят қилмаяпти. Аксинча, мазали овқатлар пишириб, дастурхон тузаб мени кутади. Кириб келганимда қайсидир китобни мутолаа қилаётганини кўриб кўнглим тоғдай кўтарилади.

Ҳа, мен энди ҳақиқий бахтимни топгандек эдим. Биз бир-биримизга жуда тез кўникдик. Тўпоричасига айтганда «аймоқи» бўлиб қолдик. Гоҳ ҳазиллашамиз, гоҳ ёлғондакам араз қилиб бир-биримизни куйдирамиз.

Бироқ ана шундай кунларнинг бирида…

Адашмасам ярим тун эди. Даҳшатли қичқириқдан уйғониб кетдим. Қарасам, Наргиза хонанинг у бурчидан бу бурчига бориб келар, тўхтовсиз дод соларди.

— Вой, жоним! Жоним оғриб кетяпти! Энди нима қиламан? Опажон, қаердасизлар? Ёрдам беринглар! Чидолмайман!

Олдинига нима қилишни билмай гарангсиб қолдим. Нима бўлди ўзи? Наргиза нега дод-вой қиляпти?..

— Сизга нима бўлди? — жонҳолатда хотинимга ёпишдим. — Қаерингиз оғрияпти?

— Ўл бўлди, дард бўлди! — баттар бақириб ташлади Наргиза. — Менга яқинлашмаларинг!.. Мен ўламан, ҳа, ўламан!..

— Ўзингизни босинг, — бу гапларига эътибор қилмай юпатишга уриндим. — Ундан кўра менга қаерингиз оғриётганини айтинг!.. Дорихонага чиқиб келайми?..

— Опамни чақиринг, опамни! — ҳайқирди Наргиза. — Табибини олиб келсин! Чидолмайман!

— Ҳ-ҳозир, бирпас чидаб туринг, қўнғироқ қиламан! Мана, кетдим!..

Орадан ярим соатча ўтиб Соҳиба опа ўрта яшар, бошига оқ дўппи кийган эркакни эргаштирганча кириб келди.

Ичкарига кира солиб синглисини қучди.

— Ҳа, Наргиз, оғрияптими? Қани, ўтир-чи! Мана, Маҳкам акани опкелдим. Ҳозир дам солиб қўйса, оғримай қолади… Ҳеч қаеринг оғримаётганди-ку!.. Ё бирор ерга урилиб кетдингми?..

— Йўқ, йўқ! — ингранди Наргиза. — Бирдан оғриқ турди. Аъзойи баданим узилиб кетгудай бўляпти.

— Илоё уйи куйсин ўша келиннинг! — қарғана кетди Соҳиба опа. — Сени шу кунларга солган бўлса болаларидан тортсин! Маҳкамжон, тезроқ бошлай қолинг! Юрагим ёмон бўп кетяпти.

— Хавотир олманглар! — деди эркак Наргизанинг рўпарасига чўнқайиб ўтириб. — Синглимиз ҳозир тинчланади. Ҳойнаҳой, жинлар қўзғолон қилаётган бўлса керак. Иложи бўлса, йўлакка чиқиб туринглар! Мен ўқиган пайтда ҳеч ким бўлмаслиги керак.

Биз итоат билан хонани тарк этдик.

Йўлакка чиққач, Соҳиба опага ер остидан билдирмай разм солдим. Унинг юзида хавотир аломати сезилмасди. Афтидан олиб келган табибига қаттиқ ишонар, Наргиза тез орада додлашни бас қилиб уйқуга кетишидан умидвор эди.

— Балки дўхтир чақирармиз? — сўрадим секин Соҳиба опадан. — Қаранг, Наргиза қийналиб кетяпти!

— Нима?.. — Қайнсинглим илк бор менга нафрат аралаш боқди. — Қанақа дўхтир? Эсингиз жойидами? Мени синглим касалмас, билдингизми? Шунчадан бери қулоғингизга танбур чалдимми-а? Ҳаддингизни билинг-да!

— Энди… Айтдим-қўйдим-да, — дедим бўшашиб. — Синглингиз қийналганига…

— Ҳозир Маҳкам ака тадбирини топади…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here