АРОСАТ… (Йигирма еттинчи қисм)

0

 

Оллоҳим, ташаккур борлигинг учун,

Бошимга тизгинсиз дардлар ташладинг.

Беҳад хурсанд бўлдим ситамларингга,

Бандалар ичидан мени танладинг…

Ташаккур, тишимни тишимга қўйдим,

Руҳимда товушсиз нурли куласан.

Дардлар юборибсан… Ғамлар юборибсан…

Демак, борлигимни ўзинг биласан… (қўшиқдан)

 

«МЕНИНГ РАФИҚАМ РАК ЭМАС!!!»

* * *

Бўшашганча йўлакка чиқдим. Жуда қўрқардим. Билиб-билмай Наргизага врач айтган сирларни ошкор этиб қўйишдан чўчирдим. «Мана, ҳозир беихтиёр қовоқ уйиб ёки оғир хўрсиниб қўяман-у, у гумонсирай бошлайди. Мени сиқувга олиб ҳақиқатни айтишга мажбур этади» деган ўй миямни кемирарди.

Бундай бўлмади. Наргиза кўксига кафтини босганча беҳис ўтирарди.

Менга кўзи тушиб истамайгина ўрнидан қўзғалди ва қўлтиғимга кирди.

— Ҳа, намунча узоқ қолиб кетдингиз? — сўради йўл-йўлакай.

Гап оҳангида хавотир сезилмаётганига амин бўлдим. Демак, ҳеч нарса билан қизиқаётгани йўқ.

Тўхтаб, икки юзини кафтларим орасига олдим-да, зўрма зўраки жилмайдим.

— Врач жуда сергап одам экан, — дедим ичимда кўтарилиб келаётган ғалаённи аранг босиб. — Оғриқ қолдирувчи доридан қандай фойдаланишни бир соат тушунтирди ўзиям.

— Қанақа дори экан ўзи? — сўради Наргиза ҳануз синиқ овозда. — Оғриқларимни йўқ қилармикан?

— Ҳа-да, оғриқ қолдириб, сизни ухлатаркан. Мана, энди яхши бўлади.

— Рак дегандир ҳойнаҳой? Яширмай айтаверинг!

Шундай деб Наргиза кўзларимга аламли нигоҳларини тикди. Бунга хотиржам қараб туришнинг имкони йўқ эди. Бир муддат ғўлдираб қолдим.

— Гапиринг! — баттарроқ қистовга ола бошлади у. — Нима экан? Ракми?..

Тағин мажбуран кулимсирашга мажбур бўлдим.

— Индамаётганимнинг сабабини айтайми? Ҳайрон қоласиз.

— Айтинг! — деди Наргиза тоқатсизланиб. — Илтимос, бўла қолинг!

— Опангиз ҳақ экан. — бу гапни ўз оғзимдан суғуриб олгандек бўлдим. — Сиз рак эмассиз. Дўхтир «эскича»дан бўлиши мумкин деди. Мана шу укол кучли экан, тузатаркан.

Наргиза аввалига индамади. Тескари ўгирилиб бир-икки инграниб олгандан сўнг қайтадан менга юзланиб, эшитилар-эшитилмас ғудраниб қўйди:

— Эскичасиям жувонмарг бўлсин, илойим!

* * *

Дунёнинг мўъжизаси кўп экан. Яқиндагина одам боласи чидаб тура олмайдиган даражада ҳайқириб, дод солган Наргиза битта уколдан сўнг тинчиди-қолди.

Дарддан фориғ қилганимдан мамнунлиги шундоқ кўз қарашларидан сезилиб турди. Дард нари чекинган кезларда ўзича менга атаб муҳаббат ҳақида шеърлар ўқийдиган, чарчаган маҳали елкамга бош қўйганча ухлайдиган бўлди.

Унинг жони ором ола бошлаганини, қувноқ лаҳзаларга ошно бўлаётганини, майин жилмайишлари, илгаригидек ҳазиллашиб «домлажон» дея эркалашларини кўриб севинардим. Табиатан унутувчанлигим сабаблими, Наргизанинг чеҳраси очилганини кўргач, Олим акага бўлган нафратим, алданиш аламлари ёдимдан кўтарилгандек эди. Жуфтимдан айланиб-ўргилиб, унга меҳр кўрсатиб чарчамасдим.

Шундай кунларнинг бирида квартира эшиги безовта тақиллади. Наргиза каравотда ўтирганча Навоий ғазалларини мутолаа қилар, қур-қур китобдан бош кўтариб, менга эркаланганнамо кулиб қўярди.

Эшик тақиллаши уни бирдан ҳушёр торттириб, шоша-пиша қўлидаги китобни ёстиқ орасига беркитди ва ўринга чўзилди.

— Илтимос, бориб эшикни очинг, — шивирлади Наргиза ранги оқаринқираб. — Опам келди. Тезроқ бўлинг!..

Мен ҳам юрагим увишиб йўлакка чиқдим-да, ташқари эшикни очдим.

Ҳақиқатан Соҳиба опа экан. Мен билан саломлашди-ю, қўлидаги пакетни қўлимга тутқазиб, Наргиза ётган хонага ўтди.

— Вой, опошмисан? — каравотнинг бир четига ўтириб синглисини қучди Соҳиба опа. — Ҳеч қаеринг оғримаяптими?

Наргиза боши билан «йўқ» ишорасини қилди ва менга сирли кўз ташлаб қўйди.

— Хайрият, табибнинг куф-суфлари кор қипти, — деди Соҳиба опа менга ғалатомуз қараш қилган бўлиб. — Айтгандим-ку сенга! Сенга илми-аъмал қилган ўша пес келин. Мана, дуолар кучини кўрсатибди. Мен бугуноқ тағин чақираман ўша табиб йигитни. Бостириб-бостириб ўқитворамиз. Кўрмагандай бўп кетасан.

— Керакмас ўша табибингиз, — Наргиза менга бир кўз қисиб қўйди-да, бошини эгди. — Куёвингиздан қўймасин!

— Нима? — Соҳиба опа беихтиёр сергакланиб мен томон юзланди. — Нима бўлди ўзи? Куёвим нима каромат кўрсатди? Мундай тушунтириброқ гапирсанг-чи, Наргиз?

Наргиза инқиллаб ўрнидан қўзғалди ва «айтсамми, айтмасамми» дегандек бир муддат иккиланиб қолди. Бироқ Соҳиба опа ўй суришга қўядиган ҳолда эмасди.

— Нима бало? Икковларингам мум тишлаб олганмисизлар? Нима гап?

— Биз… Дўхтирга бордик, — деди ниҳоят Наргиза. — Профессор зўр укол ёзиб берди.

— Нима?.. Нима дединг? Яна бир қайтар!

— Менга укол ёзиб беришди деяпман.

Соҳиба опа бу хабарни эшитиб безовталаниб қолди. Менга бир ўқрайиб олди-да, хонани бир неча марта асабий айланиб чиққан бўлиб, яна мен томон ўгирилди.

— Раҳмат, сизга, куёв, минг раҳмат! — дея бақирди киноя аралаш. — Синглимни олиб бердим, тўйингизни ўтказиб бердим, кўчада қолдирмадим. Бу менга билдирган ташаккурингиз-да-а? «Сенам одаммидинг» деганингизда-а бу?..

— М-мен нима қилдим? — елка қисдим гарчи қайнсинглимнинг миннатлари юрагимга тиғдек санчилган бўлса-да, ўзимни босиб. — Мен… Синглингизни оғриқлардан халос қилдим холос.

— Синглим ракма-ас! — энди бор овозда қичқирди Соҳиба опа. — Эшитяпсизми, ракма-ас!.. Нимага дўхтирма дўхтир судрайсиз уни?

— Опа, куёвингизда айб йўқ, — орага тушди Наргиза ўтирган ерида. — Нимага уни уришяпсиз? Мен илтимос қилдим дўхтирга оборинг деб!

— Ҳали…

Соҳиба опани кутилмаганда титроқ тутди. Ранги бўзариб, нима қилишни билмай қолди. Гоҳ синглисига, гоҳ менга нафрат аралаш нигоҳ ташлади. Ўзини хотиржам тутишга куч топа олмай, бошини чангаллаганча полга ўтириб қолди.

Шу аҳволда бир неча дақиқа сукут сақлагач, даст ўрнидан туриб қўлига рўмолини илди ва сўнгги бор иккаламизга ғазабнок тикилиб туриб «Бу кунингдан баттар бўлларинг» дея аламли шивирлади-ю, йўлакка чопди.

Афсуски, қайнсинглимнинг бу қилиғи Наргизага оғир ботганди. Анча вақтгача ўксиниб йиғлади. Қанча юпатишга уринмай, фойдаси бўлмади. Қўл чўздим дегунча мени силтаб ташлаб йиғлайверди. Шу орада дорининг кучи кетдими, йиғи дод-войга уланди. Энди зудлик билан навбатдаги уколни қилмасам бўлмасди.

* * *

… Орадан икки ой вақт ўтди. Борган сари укол таъсири сустлашиб борар, поликлиникадан дори ташиб улгурмасдим.

Соҳиба опа ҳам ўз билганидан қолмади. Икки ой ичида ҳар ҳафта турли табибларни етаклаб келиб, дам солдираверди. Лекин фойдаси сезилмасди. Наргиза ҳолдан тойди. Ранги оқаринқираб, бўлар-бўлмасга инжиқланадиган, оғриқлар бошланганда ҳеч кимни яқинига йўлатмайдиган бўлиб қолди.

Квартира унинг опа-сингиллари, жиянлари билан тўлганди. Қайсидир бири Наргиза ёқтирган овқатни пишириб, оғзига тутишга уринар, кимдир кир ювиш, хоналарни супур-сидир қилиш билан банд эди.

Сезишарди. Наргизанинг аҳволи, қисмати барчаларини ҳушёр торттириб бўлганди. Ҳадеганда ўзаро пичир-пичир ҳам қилиб олишарди.

Кунларнинг бирида ана шундай пичир-пичирлардан бири қулоғимга чалинди-ю, жоним қақшаб кетди…

Ўша куни Наргиза одатдагидан қаттиқроқ қичқириб йиғлай бошлади. Ҳаммамиз оёққа турдик. Кимдир уни қучиб овутишга уринди, яна кимдир янги дока қидиришга тушди.

Наргиза эса опаларининг ёлворишларига қулоқ осмасди. Куйиб-пишиб йиғлаганча хонани айланарди.

Уйдаги бақир-чақирлар худди азага ўхшарди. Ҳеч ким бир-бирига эътибор қилмас, қандай бўлмасин Наргизани тинчлантириш пайида эди.

Хайрият, бир соатча ўтиб Наргиза чарчадими, ё оғриқлар пасанда бўлдими, бўшашган кўйи каравотга ёнбошлади-да, пинакка кетди.

Шундан кейингина кўзларим мошдек очилиб, хотиржам тортдим ва «Энди нима қиламиз? дегандек Соҳиба опага боқдим.

— Жонимгаям тегиб кетди! — деди Соҳиба опа терс ўгирилиб. — Қачон ўларкин шу? Шунча одамни қийнашига бало борми?

Бу гапни эшитиб тургани еримда тош қотдим. Кутмагандим. Ахир… Опаси… Туғишган опасининг қандай тили борди? Нега ундай деди? Боягина меҳрибончилик қилиб ётганди-ку! Кўзига ёш олганини ўзим кўрдим-ку! Ёлғонмиди?

Шу кунга қадар қанча кўргиликлар бошимга тушган бўлса-да, бугунчалик азобда, аросатда қолмагандим.

Бошимга биров гурзи билан ургандек тарс ёрилаёзди. Хаёлларим, тасаввурларим чалкашди. Лабларим қуруқшаб, билинар-билинмас тамшана бошлаганимни ҳис этдим.

Тўғри, мен бу гал ҳам алдандим. Алдансам-да, Наргизадан ёмонлик кўрмадим-ку! У қурби етганича менга меҳрини бағишлади. Озми-кўпми менга ёстиқдош бўлди. Унга нисбатан қалбимда илиқлик туйдим. Кечгача кўрмасам, соғинадиган, хавотирланадиган бўлдим. Кўзларимиз, нигоҳларимиз тўқнаш келганда хотиржам тортдим. У пиширган мазали овқатларни мақтаб-мақтаб тановул қилдим. Унга нечталаб шеърлар бағишладим. Шеърларимни ўқиб кўзига ёш тўлганда қўшилиб йиғладим. Узундан- узун кечаларда бир-биримизга суянчиқ бўлдик. Бир-биримизга ҳеч қачон хиёнат қилмасликка сўз бердик. Биз ана шундай тотли лаҳзаларни биргаликда кечирдик.

Йўқ, мен бундай ҳақоратни кўтара олмасдим. Наргизага ўлим тилашларига чидаб туролмасдим.

— Сиз қанақа жигарсиз, опа! — дедим ғазабимни жиловлай олмай. — Одам ўз синглисига ўлим тилайдими ҳеч замонда? Виждонингиз борми?

Соҳиба опа кутилмаган муомаламни эшитиб турган ерида қотиб қолди. Ранги бўзариб, лаблари асабий титради. Пешонасида маржон терлар пайдо бўлди. Бир менга, бир ёнидаги сингиллари, сал нарида турган Олим акага жавдиради. Сўнгра овозининг борича қичқирди:

— Мен унақа деганим йў-ўқ!.. Синглимни ўлсин деганим йў-ўқ! Йўқо-ол сиғинди, йўқол! Уйни бўшатиб қўй!

Шубҳасиз, сингиллар ҳам айни чоғда менга нафратли нигоҳ ташлашар, баъзилари «ким бўлибсанки, бақирасан?» дегандек лаб буриб қўйишарди.

Фақат Олим акагина хотинига яқин келиб нари тортган бўлди.

— Бу нима қилганинг, Соҳиба? Куёвгаям шунақа муомала қиладими? Тинчлан! Ўзимиз гаплашволамиз! Қани, балконга чиқ-чи! Юрақол!

Соҳиба опа кичик синглиси Сарвиноз билан бирга балконга чиқиб кетгач, Олим ака мени ташқарига етаклади.

— Қодирбой, юринг, бир шамоллаб келайлик!

* * *

Ташқари жуда салқин бўлишига қарамай, биз подъезд рўпарасидаги ўриндиққа чўкдик. Олим ака дарров уф тортганча чўнтагидан сигарет чиқариб тутатди. Афтидан гапни нимадан бошлашни билмай ҳалак эди. Сукутга толган кўйи бир неча дақиқа ўтириб қолдик.

Олим ака сигаретини чекиб бўлгач, ниҳоят бошини кўтармаган ҳолда сўз бошлади.

— Ука, Соҳиба опангдан хафа бўлма, — деди у. — Феъли шунақа. Тутган еридан кессам дейди. Аёллар шунақа бўлади-да энди! Нимаям қилардик. Чидаймиз.

— Йўқ, мен бундай ҳақоратга чидай олмайман, — дедим қатъийлик билан. — Туғишган синглисигаям ўлим тилайдими? Ақл-фаросати жойидами ўзи?.. Тўғри, мен у кишининг наздида ҳеч киммасдирман. Лекин бу гапни эшитиб кўксимга пичоқ санчилгандек бўлди.. Майли, кетиш керак экан, кетавераман. Қўрқадиган ерим йўқ.

— Бекорларни айтибсан, — жеркиб берди Олим ака. — Сал ўзингни босвол-да, ука! Оила қуриш осон ишмас. Ўнқир-чўнқир йўллари бўлади, керак бўлса жарликларга дуч келасан. Шулардан ўта олсанг, ўшандагина ҳақиқий бахтга эришасан. Ўйлайсанки, менга енгил кечяптими? Ҳечам-да! Соҳиба опангнинг феъл-атворига илонлар пўст ташлайди. Ҳали сен мингдан бириниям кўрганинг йўқ. Аммо шу аёл билан йигирма йилдан бери яшаб келяпман. Ўлиб қолмадим-ку!

— Мен сиз эмасман, Олим ака. Шундоғам ҳаётда кўп аламлар тортдим. Буям майлийди, бўлиб ўтган ишларни юзимга солишлари ўтиб тушди. Қўйинг, Наргизага тинчлик керак ҳозир. Мени деб баттар азобланмасин. Яхшиси, кета қолай. Соҳиба опа шуни хоҳлаяпти.

Шу пайт юқори қаватдаги деразаларадн бири шарақлаб очилиб, Наргизанинг ингранган товуши янгради.

— Қодир ака! Қаердасиз? Киринг уйга! Мен ёмон бўляпман! Киринг тезроқ! Ўлиб қоламан ҳозир! Ҳеч бўлмаса ўлигимни кўриб қолинг! Киринг!

Бу товуш, дардли оҳанг борлиғимни ағдар-тўнтар қилиб ташлади. Суюкли инсондан айрилиш, ғазаб, меҳр, алам… Ҳаммаси бир зумда қоришиб кетди.

Қандай ўрнимдан сакраб турганимни, юқори қаватга чопганимни билмай қолдим…

Эҳ, Наргиза, мени нималар қилиб қўйдинг? Овозингни эшитдим дегунча дунёни унутиб қўймоқдаман. Алданиш-у, турфа ҳақоратларга кўз юмиб ҳузурингга талпина бошладим. Бу қандай қудрат ўзи? Сендан ростакамига айрилиб қолсам, нима қиларканман? Қандай аҳволга тушарканман? Тириклигим, тўрт мучам соғлиғи, шукроналикка йўғрилган туйғулар мени юпата олармикан? Йўқ, сендан айрилиш дўзахдан баттар кечади. Дунёда мени тик оёқда ушлаб турган ёлғиз ўзингсан. Кошкийди мўъжиза юз берса-ю, дардларинг бир неча дақиқа ичида ариб битса. Барча тортган азобларимиз оддий бир тушга айланиб қолса.

Қанийди…

Қанийди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here