АРОСАТ… (Йигирма олтинчи қисм)

0

 

Оллоҳим, ташаккур борлигинг учун,

Бошимга тизгинсиз дардлар ташладинг.

Беҳад хурсанд бўлдим ситамларингга,

Бандалар ичидан мени танладинг…

Ташаккур, тишимни тишимга қўйдим,

Руҳимда товушсиз нурли куласан.

Дардлар юборибсан… Ғамлар юборибсан…

Демак, борлигимни ўзинг биласан… (қўшиқдан)

 

ТАНАЗЗУЛ ОСТОНАСИ

* * *

Афсуски, табибнинг «куф-суф»лари Наргизани тинчлантира олмади. У энди ҳеч кимга қулоқ тутмас, гоҳ ошхонага, гоҳ балконга чопиб изилларди.

Мен ҳам Наргизанинг ортидан чопардим-у, қўлимдан бир иш келмасди. Тинчлантириш, юпатишдан нарига ўтолмасдим.

Чарчадими, ниҳоят хотиним йиғлашдан тўхтаб, мени маҳкам қучоқлаганча титрай бошлади. Пешонасидан совуқ тер қуйилар, танаси чўғ каби қизиб борарди.

Тоқатим тоқ бўлди. Ахир, токайгача чидаш мумкин? Наргиза деярли ўлим билан олишяпти-ку! Нега туғишган опаси томошабин бўлиб тураверади? Инсофи борми ўзи? Олим ака-чи? У ҳам ғиқ этмаяпти. Наҳотки, хотинига тушунтира олмаса? Бунинг ўрнига сукут сақлашдан бўшамаяпти.

— Бас, етар! — беихтиёр бақириб юбордим мен. — Баннисага борамиз! Ортиқ бардошим етмайди!

Шундай деб Наргизага ёпишдим.

— Юринг, жоним! Ўзим сизни обораман! Бу кетишда ҳолдан тоясиз. Адойи тамом бўласиз!

— Нима? — шу пайт Соҳиба опа чопиб келиб билагимга чанг солди. — Ҳой куёв, ҳаддингиздан ошманг дедим! Синглимнинг баннисада қиладиган иши йўқ. Бўлди, ҳозир оғриқ қолдирадиган укол қилиб қўяман. Ухлайди-қолади. Қани, киринг Олим акангизнинг ёнига!..

— Илтимос, опамнинг айтганини қилинг, — Наргиза титроқ орасида мени ўзидан нари итарди. — Опам укол қилса, оғриқлар қолади. Кейин… Кейин хонамизга кириб дам оламиз.

Олим ака табибни кузатиш учун пастга тушиб кетганди. Норози бош чайқаганча ётоққа кирдим-да, ўзимни каравотга ташладим.

* * *

Мен чалкаш хаёллар, шубҳа-ю гумонлар қуршовида қолгандим. Қандай йўл тутишни, кимга нима дейишни билмасдим. Оғриқ қолдирувчи уколдан сўнг тинчланиб ёнимга чўзилган Наргизани маҳкам қучганча ётардим-у, қулоқларим остида унинг ҳайқириқлари, додлари, инграниб йиғлашлари жаранглар, миям косасидан чиққудек даражада қаттиқ оғрирди.

Нима қилиб қўйдим? Нега бу гал ҳам адашдим? Олим акани шу тобга қадар қаттиқ ҳурматлардим. Устоз дея этагидан тутишга аҳд қилгандим. У-чи? Нимага билиб туриб мени ўтга ташлади? Унга нима ёмонлик қилиб эдим? Менда ўчи йўқ эди-ку!..

Умуман, нима сабабдан хаста қизни турмушга беришди? Муддаолари нимайди ўзи?..

Бувижон, агар ҳозир ёнимда бўлсангиз, роса уришардингиз. Чунки мен ғирт аҳмоқ ва овсарман. Чўкиб кетишимни биламан-у, аммо ўйламай-нетмай дарёга шўнғийман.

Мана, бугун ҳам яна бир марта алдандим. Аслида бу алданишми, тақдирми, ёки қора қисматми, билмайман. Биламан, Наргизада заррача гуноҳ йўқ. Ҳойнаҳой, хасталигини билгани учун чимилдиқ кўришни орзулагандир. Ҳа, у мени яхши кўради. Бир ойдан бери жуда тотув яшадик. Бир-биримизга шунчалар ўрганиб, суяниб қолдикки, ҳар сонияда қалбимиз соғинч, ҳижронни ҳис этиб туради. Лекин… Унинг касали оғирлашди. Оҳ-войларига чидай олмаяпман. Гўёки ҳаммасига мен айбдордек ўзимни чавақлаб ташлагим келяпти, бувижон! «Илми-амал» деганлари шунчалик ёвқурми? Нимага келиб-келиб бизнинг бахтимизга раҳна солади? Нима қилай? Жуфтимни бу чангалдан қандай қутқарай?..

Шундай хаёллар билан аста Наргизага назар ташладим. Азоблари ариб, кўзини уйқу элтибди.

Эндигина устини кўрпа билан ёпган эдимки, хона эшиги оҳиста тақиллади.

Сакраб ўрнимдан турдим-да, бориб эшикни очдим.

Соҳиба опа экан. У бирпас нима дейишни билмай ўйланиб тургач, билагимдан тутди.

— Қодиржон, энди биз борайлик, — деди сал нарида қўлида сумка билан шай турган Олим акага ишора қилиб. — Мана, Наргизаям тинчланди. Буёғига сизларни Худога топширдик. Бирор гап бўлса, қўнғироқ қилинг. Лекин зинҳор баннисага чопа кўрманг! Табиб бир-икки кундан кейин яна келиб дам солади. Кўрмагандай бўп кетади синглим. Хўпми? Тушундингиз-а?..

Гарчи эр-хотинга нисбатан қалбимда нафрат туғён ураётган бўлса-да, аранг ўзимни қўлга олиб Соҳиба опанинг сўзларини маъқулладим.

— Хавотир олманг, мен ёнидаман. Ҳаммаси сиз айтгандай бўлади.

* * *

Минг афсус, табиб қанча қатнамасин, Наргизанинг аҳволи яхшилана қолмасди. Ҳар куним фарёдлардан иборат бўлиб қолганди. Бемор бемор-да!.. Инжиқликлари, дард орасида мени силтаб ташлашларига кўникмай иложим йўқ. Гоҳ дока ювишга тушиб кетар, гоҳ ўзимча Наргизани аллалашга тутинардим. Соҳиба опа эса ҳануз сўзида туриб олган. Қаерларгадир бориб табиблардан янги дорилар олиб келади, мажбурлаб уларни Наргизага ичиради. Баъзи дориларни ичгач, хотиним қайт қилади, тўхтовсиз йўтала бошлайди. Мен юрагим оғригандан оғриб унга сув тутқазаман…

Хуллас, бўлганча бўлгандим. Худди тубсиз жарликда яшаётгандек, юқорига чиқишдан умидларимни узгандек ҳиссиз бир кимсага айланиб қолгандим…

Ахир, нима қилай? Бу нима касалки, ортга чекина қолмаса?.. Ким бизга кўмак бера олади? Ҳеч кимми?.. Наргиза умрининг охиригача шундай ўтадими?

Мана, тағин тонг отди. Хўрозлар қичқира бошлаганда иккаламиз ҳам мудрай бошлагандик. Тун бўйи дард билан олишиб чарчаганмиз. Айниқса, Наргиза ҳолдан тойди. Шўрликнинг йиғлашга, дод солишга-да қурби етмай қолибди. Ҳозир яна касали хуруж қилади-ю, ҳаммаси бошидан бошланади. Йўқ, бундай яшаш мумкин эмас. Нимадир қилиш керак.

Тахмин қилганимдек, яна Наргизанинг фарёди қулоқларим остида янгради.

Қандай ўрнимдан сапчиб турганимни ўзим ҳам сезмай қолдим. У хонани айланиб, саннаб йиғларди.

— Художон, тезроқ жонимни ола қолсанг-чи! Ҳаммаёғим оғриб кетяпти, ахир! Нега Азроилингни юбора қолмайсан? Ё менда қасдинг борми? Қасдингни олиб бўлдинг. Энди мени тинчлантир!..

— Наргиза, бўлди, йиғламанг! — дея уни маҳкам қучиб олдим. — Укол қилиб қўяйми? Оғриқларингиз пасанда бўларди… Айтинг, нима қилай? Бундай йиғлайверсангиз, баттар бўлади-ку!..

— Илтимос, мени дўхтирга оборинг, — деди Наргиза бирдан йиғлашдан тўхтаб. — Ортиқ бардошим етмайди. Бундан кўра ўша баннисаларда ўлиб кетганим яхши.

— Опангиз…

— Э, у гапираверади. Дард тортишиб қўйяптими опам? Тезроқ бўлсангиз-чи!

— Хўп, ҳозир, кийиниб олай!

— Олдин докамни олиб чиқинг. Ҳаммаёғим расво бўлиб кетди.

Мен оёғимни қўлимга олиб ваннахонага чопдим…

— Худога шукр, — дердим ўзимга ўзим. — Фикримиз бир жойдан чиқди. Ўзиям ишонмай қўйган кўринади опасига! Ишқилиб, шундай бўлсин! Қайсарлиги тутмай турсин. Касалхонага борсак, ҳаммаси ойдинлашади. Ҳеч бўлмаса дори-пори ёзиб беришар.

* * *

Биламан, менинг фикрим, айтадиган гапларимни бир пулга олишмайди. Наргизанинг мени севишига ишонсам-да, бу хонадонда ҳам сиғинди эканимни яхши англайман. Ҳозирги тутаётган ишим Соҳиба опани оёққа турғазиши, бошимга не кунлар тушиши муқаррарлигини аниқ-тиниқ ҳис этиб турибман. Аммо хотинимнинг азобда яшаши ҳаммасидан устун. Майли, мен кимларнингдир қўлида ўйинчоққа айландим. Кимлардир менга барибир паст назар билан боқади, менсимайди, керак бўлса устимга мағзава ағдаради. Мен бўлсам, бош эгишга, туҳматлар, ҳақоратлар, ёлғонлар остида қолган қаддимни букканча барчасига тоқат қилишга маҳкумман. Асосийси, Наргиза дарддан халос бўлсин. Қаршимда илк лаҳзалардаги каби жилмайибгина турсин, рўзғор ташвишларига кўмилсин, ишқимизнинг тотли онларига тўйсин. Қўрқмайман! Дардига албатта малҳам бўламан…

Касалхона ҳовлисидан ўтишимиз билан теваракдаги беморларга кўзим тушиб алланечук бўлиб кетдим. Уларнинг бири юзи дока билан ўраб ташланган ҳолда букчайганча ногиронлар аравачасида ўтирар, чўпдек озиб кетган бошқа бир беморни замбилда ичкарига олиб киришарди.

Йўлакдаги манзара бундан-да қўрқинчлироқ. Йиғи-сиғи, бақир-чақирдан юракларим эзилиб Наргизамни қаттиқроқ қучдим.

«Энди менинг хотиним ҳам шуларга ўхшаб қоладими? — дердим хаёлан. — Анавилар каби озиб кетадими? Замбилга солиб юришадими? Йўқ, у кучли. Наргизам бунақанги касалга чалинмагани рост. Соҳиба опанинг айтганлари тўғри бўлиб чиқсин. Худойим, ўзингдан сўрайман, шундай қилгинки, у оғир касалга чалинмаган бўлсин! Акс ҳолда кўтара олмайди. Ўзим ҳам адо бўламан…

Аксига олгандек, врач қабулига кириш ҳам осон кечмас экан. Эшик олдида ўндан зиёд бемор навбат кутиб ўтирибди.

Наргизанинг инқиллаши, елкамга суянган кўйи оғир нафас олиши бағримни эзиб уни эҳтиёткорона курсига ўтқаздим.

— Ҳаммаси тугайди энди, ишонинг! — дедим кўнглини кўтариш учун атайин. — Мана кўрасиз, дўхтир иккаламизниям уришиб беради. «Бу ерда пишириб қўйибдими сизларга?» деб ташқарига ҳайдайди.

— Оғриқ-чи? — менга умидвор жавдираб термулди Наргиза. — Дардимни аритишмайдими?

— Нега аритишмас экан? Кучли дориларнинг ҳаммаси шуларда бўлади, жоним. Ёзиб берасан деб туриб оламан. Шундай чиқиб кетармидим? Сиз дод солганингизда жоним узилиб кетай дейди. Бермай кўрсин…

— Яхшиям сиз борсиз, — шивирлади Наргиза кўзлари ёшланиб. — Оғринмай қараяпсиз менга.

— Қизиқчимисиз? — ўзимча койинган бўлдим. — Сиз менинг бору йўғимсиз. Жонингиз оғриса, дунёга сиғмай кетаман… Йўқ, келинг, ўша оғриқдан гапирмайлик. Яхшиси, ўйлайлик. Тузалганингиздан кейин биринчи қиладиган ишимиз нима бўлади?

Наргиза елка қисди.

— Ҳа, сизга янги кийимлар сотиб оламиз-да, — давом этдим мен. — Сизларникига, кейин бизнинг қишлоққа борамиз. Икковимиз велосипедда роса катайса қиламиз. Хўпми?..

Наргиза маъюс жилмайиб бош ирғаб қўйди…

Шу гапларни айтишга айтдим-у, ичимни нимадир тирнаб ўтгандек энтикдим.

Кошкийди шу сўзларим ҳақиқатга айланса. Саробнинг лойқа сувлари қуриб битса…

* * *

Ярим соат шу қадар секин ўтгандек туюлдики, гўё шунча вақт игна устида ўтиргандек бўлдим. Ўзим эмас, Наргизанинг тўсатдан дод сола бошлашидан қўрқардим. Касалхонада бўлишимизга қарамай, бу аянчли ҳайқириқлардан юрак олдириб қўйганим сўнгги паллада кўпроқ сезиларди.

Ниҳоят бизнинг навбатимиз етиб биргаликда ичкарига кирдик. Тўрда олтмиш ёшлар атрофидаги жиккаккина врач ўтирар, ёнидаги стол қаршисида ёшамол ҳамшираси нималарнидир ёзиш билан овора эди.

— Келинглар, — врач бизни очиқ чеҳра билан қарши олди ва ўтириш учун жой кўрсатди. Ўзи эса кўзойнагини тақиб Наргизанинг тепасига келди.

— Хўш, қизим, нима бўлди? — сўради мулойимлик билан. — Қаеринг оғрияпти?

Наргиза гапира оладиган аҳволда эмасди. Ўрнига мен жавоб бердим.

— Чап сийнаси, — дедим овозимни ҳийла пасайтириб. — Оғриқ кучайиб кетди. Қаттиқ азобланяпти.

— Қани, кўрсат-чи! — буюрди врач. — Тортинма, мен кўришим керак.

Наргиза уяла-уяла касалланган ерини кўрсатди. Врач синчиклаб кузатган бўлди-да, ортга тисланди.

— Бўлди, сен чиқавер! Ука, сен қол! Гаплашиб олишимиз керак.

Бу гапни эшитдим-у, ичимга муз югурди. Вужудимда титроқ турди. Наргизани авайлаб йўлакка олиб чиқиб курсига ўтқазгач, кабинетга қайтиб врачга савол назари билан боқдим.

— Оғриқ қачон бошланганди? — сўради врач қовоғини уйиб.

— Бир ҳафта бўлди. Бирдан дод сола бошлади.

— Иним, адашмасам сиз беморнинг турмуш ўртоғига ўхшайсиз. Шундайми?

— Ҳа, шундай.

— Унда эшитинг. Хотинингиз рак бўлибди. Афсуски, касаллик сўнгги паллага кириб бўлган. Операция қилган тақдиримиздаям, кўтаролмайди. Энди ука, беморга бир укол ёзиб бераман. Укол рўйхатда туради. Текин. Оғриқни қолдириб, ухлатади. Нимаям қилардингиз? Борган еригача шу уколминан амаллаб турасиз-да!.. Фақат беморга чурқ этманг. Тилингизни тийинг.

Йўқ, врачнинг сўнгги сўзлари қулоғимга кирмасди. Шу қадар карахтланиб қолгандимки, миям ишламас, жуссам ўзимга бўйсунмаган каби тош қотганди.

Бир неча дақиқа ичида хаёлнинг не кўчаларига кириб чиқмадим. Бўғзимга тиқила бошлаган ҳайқириқ нафас олишга қўймай нуқул ҳансирардим.

«Эй Яратган эгам! Аввалги шижоатим, журъатим, меҳрим, ҳаловатим, ҳайратим қайга ғойиб бўлди? Нега ҳеч нарсани ҳис этмаяпман? Ўзим кимман? Бу хонада нима қилиб турибман? Тошга айланган бўлсам, нима учун қулаб тушмаяпман? Кимдан мурувват излаяпман ўзим?..

Дарвоқе, Наргиза қаерда? Нима сабабдан менинг олдимда эмас?.. Тўхта, у касал, ҳа, оғир хаста! Унга қарашим, парваришлашим, ҳолидан хабар олиб туришим лозим эмасми? Нима қилиб қимир этмай турибман? Ташқарига чопсам, Наргизимни қучсам бўлмайдими? У эътиборга муҳтож. Муҳаббатимга ташна. Шошилишим керак. Маҳтал қилиб қўймаслигим зарур…»

Шундай дердим-у, қимир эта олмасдим. Лабларим қуруқшаб, бир врачга, бир ҳамширага жавдирардим.

— Ўзингизни қўлга олинг, ука! — Мен врачнинг турткисидан сесканиб кетдим. Шундагина тасаввурларим уйғониб, дунёни янгитдан идрок эта бошладим.

— Мана бу дори рецепти, — давом этди врач. — Келинга шунчаки оғриқ қолдирувчи дори деб айтинг. Юрагида шубҳа уйғотиб қўйманг. Кейин… Йигит киши сал ўзини қўлга олади, бардам бўлади. Тушунаман, бу оғир савдо. Лекин бирдан тушкунликка тушиб кетишингиз яхши эмас. Худо билади, балки шу дори баҳона тузалиб кетар. Ажабмасийди шундай бўлса. Омадингизни берсин!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here