Бахтнинг олис манзили (27-қисм)

0

Икки нафар қорувли полициячи ёнимизга келиб ҳужжатларимизни сўрашди.

— Тўфонда қолиб кетдик, ҳамма нарсамизни сув оқизиб кетди, ўзимиз зўрға омон қолдик, — дедим миямга келган гапдан хурсанд бўлиб.

— Шунақами, яхши, — дея илжайди мўйловли полициячи, — қани, биз билан юринглар-чи, аниқлаштирамиз ўша тўфон қаерда бўлган экан?

— Мана, — дея бир парча оддий қоғозни полициячига узатди Рена, — чўнтагимизда экан, эсимиздан чиқибди…

Сўроққа тутаётган полициячи қоғозга диққат билан тикилди. Сўнг бизга қараб жилмайди-да:

— Фақат кийимларингни алмаштиринглар, бу аҳволда шаҳарда юриб бўлмайди, — деди. Сўнг шеригига юзланди-да: — бизга нотўғри маълумот беришибди, — деб мўйловини силаб қўйди.

— Қоғозни қаёқдан ола қолдинг? — сўрадим Ренадан полициячилар кетганларидан сўнг.

— Сени яна муштлашишга тушиб кетмасин, деб уларни алдаб қўя қолдим, — жавоб қилди Рена.

У нинзалар учун жуда оддий, лекин бошқаларга сирли туйиладиган усулни қўллаганди. Бу усулни оқсоқол менга ҳам ўргатган. Хаёлингни бир жойга жамлаб, қўлингдаги нарса нималигига аввал ўзингни ишонтирасан, кейин шу фикрни кўзингнинг нури орқали рақибга жўнатиб, унга руҳан таъсир ўтказасан. Қарабсанки, рақиб оддий қоғозни ҳужжат, тошни эса олма деб қабул қилади.

Бандаргоҳдан энди чиқиб кета бошлаганимизда (аллақачон асфальт йўл, зувиллаб бир-бирини қувиб ўтаётган машиналар кўриниб қолганди), полициячилар ортимиздан қувиб етишди. Уларнинг ёнида йўлимизни тўсган безори ҳам бор эди.

— Биз сизларга ҳужжатимизни кўрсатдик-ку, яна нима гап? — дедим афтимни бужмайтириб.

— Тартибни бузгансизлар. Қолган гапни кейин гаплашамиз, қани юринглар, — деб полициячилардан бири қўлимдан ушлаб етаклай бошлади.

Қўлимдан етаклатиб қўядиган вақтлар ўтганига анча бўлган, шу боис, полициячининг бу қилиғи асабимни ўйнатиб юборди. Айниқса, шериги Ренанинг билагидан тутганини кўриб жон-поним чиқиб кетди. Ҳеч нарсани ўйламай, иккиланмай, мўйловли полициячининг қулоғи тагидаги томирига урдим. Зарба кучли эмасди, аммо мўлжални аниқ олгандим. У бирдан юзтубан йиқилди. Шеригининг эса қошлари ўртасига мушт туширдим, у ёнбошига қулади.

Полициячига қўл кўтариш бировни ўлдириш билан баравар. Аввал индашмасаям, энди қамашлари аниқ. Бунинг устига, анави падар лаънати йўлтўсар яна қочишга улгурди. У тағин кимни етаклаб келади, ёлғиз худога аён.

Биз аввал тез-тез юрдик, кейин югурдик. Одамлар ажабланиб қарашарди. Югурганимизни кўриб шубҳаланишди, шекилли. Серқатнов йўлга чиқиб, бошимиз оққан томонга кетаётганимизда, ёнгинамизда қоп-қора “Мерседес” тормоз бериб тўхтади. Эшиги очилиб, биласизми, ким тушди: ўша, мени итдай  ишлатиб, тешик қайиқ  совға қилган, оқсоқол билан олди-берди қилиб юрган нусха! Уни кўришим билан таққа тўхтадим.

— Тушимми-ўнгимми?! — деди у бизга тикиларкан. — Бу ерда қандай пайдо бўлиб қолдиларинг?!

— Осмондан тушдик, — жавоб қилдим унга. Жиддий гапирмоқчи эдим, бироқ гапим кулгилироқ чиқди.

— Машинага чиқинглар, — деди у юзида табассум билан, — шаҳарда бунақанги аҳволда юриб бўлмайди.

Бу таклиф айни муддао эди. Шу боис, дарров орқа ўриндиққа чиқиб олдик. Бироз юрганимиздан сўнг олдинги ўриндиқдаги итимдан ҳам баттар ёмон кўрадиган ўша нусха орқасига ўгирилиб, оқсоқолни, оролдагиларни сўради. Жавобимни эшитгач, бизни кўриб қолгани яхши бўлганини айтди. Кейин ўзини таништирди. “Пийя”, деди у ўзининг исмини айтиб ва илжайганча менга ғалати қараб қўйди. Сезиб турибман, унинг кўзига иссиқ кўринаяпман. У мени қаердадир кўргандай бўлаяпти-ю, лекин эслолмаяпти. Шуниси маъқул. Танимаса ортиқча ғалвага ҳожат қолмайди. Оролдагиларни у қаттиқ ҳурмат қиларди. Оқсоқолга: “Сенинг одамларингга ёрдам бердим”, деса обрўси, ҳурмати янаям ошади.

Қаёққа бораётганимизни билмасдик. Лекин яёв юргандан кўра, машинада узоқроқ кетганимиз тузук. Рена машинага биринчи бор ўтиргани учун бир оз безовталанди, қўлимдан маҳкам ушлаб олди.

Бир соатлардан сўнг маҳобатли ресторан ёнига тўхтадик. Пийя машинадан тушгач, орқа-олдига қараб олиб, биз ўтирган тарафдаги эшикни очиб:

— Марҳамат, тушинглар, — деди ўзгача илтифот билан.

Ресторан ичкариси шинам, деворлари антиқа бўёқларга бўялган, шифтига жуда катта қандил осиб қўйилганди. Беш-олти хўранданинг тамадди қилаётганини айтмаганда, одам йўқ ҳисоби. Хўрандаларнинг кўзи бизга тушиб, ажабланишди.

Пийя бизга ҳаммомни кўрсатиб, ўзи ортига қайтди. Чўмилиб чиққунимизча кийим-бош тайёрлаб қўйишган экан. Худди бизга ўлчаб тикилгандай, меники ҳам, Ренаники ҳам ўзимизга лойиқ келди. Шундан кейин тамаддихонага ўтдик. Бояги хўрандалар кетиб бўлишибди. Битта стол ноз-неъматлар-у турли хил ичкиликлар билан тўла. Пийя Гавана сигарасини лабига қистирганча, газета ўқиб ўтирибди. Бизни кўриши билан ўрнидан туриб, жой кўрсатди.

Овқатдан олдин бир қадаҳдан ароқ ичдик. Рена қадаҳни қўлига олганда унга қараб “ичма” деган ишорани қилдим.

Пийя билан гапимиз қовушмади, чунки гаплашадиган гапнинг ўзи йўқ эди.

Қанча овқат едим эсимда йўқ, бир маҳал бошим айланди, аввал Ренага, сўнг Пийяга қарадим. Иккиси ҳам туман ичида. Қоп-қора костюм-шим кийиб, оппоқ кўйлагининг устидан қизил бўйинбоғ таққан, нуқул иржайиб турадиган Пийя тинмай жағ ураётир. Бироқ унинг гапи қулоғимга кирмасди. “Кўп ичиб қўйдим, шекилли, энди бошқа ичмайман”, дея хаёлимдан ўтказиб, кўзимни шунча йириб очишга уринмай, фойдаси бўлмади. Охири чидолмай, ухлаб қолдим.

Бир маҳал оёқ-қўлим қақшаб оғриганига чидолмай кўзимни очсам, иккита қўлимдан шифтга, оёқларимдан эса пастга маҳкам тортиб боғлаб қўйишибди. Аллақандай темир-терсаклар уюлиб ётган омборга ўхшаш жойдаман. Аланглаб Ренани қидирдим. У ёнгинамда, худди мендай осилиб турарди. Фақат боши бир томонга қийшайган.

— Оҳ! — деган овоз келди. Рўпарамга қарасам, Пийя турибди иржайиб. Ёнида ўн беш чоғли ўзига ўхшаб қоп-қора костюм-шим кийган йигитлар, улар орасида бандаргоҳда бизга биринчи бўлиб йўлиққан йўлтўсар ҳам бор. — Сизни қўлга тушириш қанчалик қийин бўлганини билсангиз эди! Фақат бу сафар тўримга осон  тушдинглар.

— Нима истайсан биздан? — дедим унга ўқрайиб. — Сенга нима ёмонлик қилдик?

Пийя жавоб қилмади. Бир-бир қадам босиб ёнимга келди. Сўнг тиржайиб туриб чўнтагига қўлини тиқди-да, оқсоқол менга совға қилган брильянтни олиб кўрсатди.

— Жуда нодир матоҳ. Бу матоҳни деб қанча-қанча одамлар ўлиб кетади. Европада, Америкада кўз-кўз қилиб тақиб юришади. Шунақанги ноёб, қимматбаҳо тош бу. Сендан бир нарсани сўрамоқчиман. Оқсоқол буларни қаердан олади? Ҳар сафар борганимда, беш-олтита майдасидан беради. Агар шуни айтиб берсанглар, бутун бошли кемада оролларингга етиб олишларингга ёрдам бераман. Ёки шунақанги қаср қуриб бераманки, манави, — деб у Ренани кўрсатди, — ойимчанг билан кайфу сафо қилиб яшайсан.

— Айтмасам-чи? — дедим киноя билан.

— Биламан сенларни. Сирни ошкор қилгандан кўра, тилларингни ғажиб ташлаш осон сенларга. Қани энди ҳамма сенларга ўхшаса… Лекин шу сафар айтмасдан иложинг йўқ. Чунки хотинчанг ҳомиладор. Агар керакли жавобни ололмасам, ҳомилаям, хотинчанг ҳам нариги дунёга равона бўлади. Албатта, ортидан сени ҳам гумдон қиламан. Унгача тилингни ғажиб ташлашингга шубҳам йўқ. Ҳа-а, эсимдан чиқай дебди. Эшитишимга қараганда, қавминг жуда камайиб қолган эмиш. Арзимаган тошни деб бутун бошли уруғ қирилиб кетиши шартми?

Мен юзимни ўгирдим. Кўз ўнгимда оқсоқол, Сёхэй ва бошқалар гавдаланди. Пийя бўлса, Ренанинг ёнига борди. Бир муддат унга тикилиб турди. Сўнг қорнини ушлаб секин силай бошлади.

— Тегинма! — бақириб юбордим. — Ўлдираман, тегинма!!!

— Ў-ў, зўрсан-у, — Пийя мийиғида кулди. — Шу аҳволдаям бемалол ўлдирмоқчи бўлаяпсан-а. Гап йўқ, бу сенинг қўлингдан келади.

Шу пайт Рена ҳушига келди, кўзини очиб атрофга аланглади. Мени кўргач, юзи аламли тус олди.

— Ҳечқиси йўқ, — дедим унга кўнглини кўтармоқчи бўлиб, — булар ҳали жавоб беришади.

Пийяга қарадим. Қоним қайнади. Қани ҳозир, ҳеч бўлмаганда, оёқларим бўш бўлса, оғзи-бурнини қора қонига белардим.

— Силаш одамга ёқади, лекин, — деб Пийя костюмининг ички чўнтагидан тўппонча чиқарди ва Ренанинг қорнига тиради. — Мановдан отиладиган қўрғошин парчаси жонни ёмон оғритади. Хонимчанг азобланади-ю, боласи ҳеч балони сезмайди. Бешгача санайман. Агар айтганимни қилмасанг, мендан ҳам яхшилик кутма. Би-ир!..

— Келишдик, — дедим чуқур нафас олиб ва Ренага қарадим. Биласизми, шу пайт унинг кўзлари гўё мисоли олов пуркаётганди. Нафрати шу қадар кучли эдики, қарашга ботинолмасдингиз.

— Айтишга улгурмайсан, — деди шивирлаб ғазабли оҳангда Рена, — тирик қўймайман сени!

Пийя ҳиринглади ва қўлидаги темир матоҳини айлантириб ўйнаганча ёнимга келди. Хунук қараш қилиб, мушти билан қорнимга уриб-уриб қўйди. Бу билан гўё: “Сенларда ҳам иссиқ жон бор экан-ку, қўрқитса бўларкан-ку сенларни ҳам”, деяётгандай. Сўнг у ортига бурилиб, шотирларига буюрди:

— Хонимча гаров сифатида шу ерда осилганча қолади. Бунисини бўлса, — у кўрсаткич бармоғини менга ниқтади, — нариги хонага олиб ўтинглар. Иккови бир жойда бўлса, гап олиш қийин булардан.

Мени саройдан ташқарига олиб чиқишди. Атрофимни тўрт-бештаси ўраб, тўппончаларини тўғрилаб туришарди. Сал қалтис ҳаракат қилсам, қуроллар ишга тушар ва мени илма-тешик қилиб ташларди.

Ташқарига чиққач, шаҳарда эмаслигимизни билдим. Ҳушсиз ётганимизда ҳеч ким қадам босмайдиган бир вайрона саройга олиб келишган экан. “Балки, — ўйладим ичимда, — итдай ишлаб сохта брильянт ясаган жойимиз ҳам шу атрофдадир”.

— Сизни аввалдан танийман, — дедим Пийяга тик боқиб. — Зўр тадбиркорсиз, ҳатто сиз сунъий брильянт ясашни ҳам биласиз.

Пийя менга тикилганча бир муддат жим қолди. Пешонаси тиришди, ранги оқарди. Бу унинг нимадандир ҳадиксираганидан далолат берарди.

— Гапларим ростлигини ўзингиз ҳам тасдиқласангиз керак. Ҳартугул, асосий даромадингиз шунинг орқасидан. Адашмасам, бу ернинг қонун-қоидасига кўра, гиёҳванд модда билан олди-сотди қилганлар қаттиқ жазоланади. Лекин ҳеч кимнинг хаёлига сохта брильянт ясаш мумкинлиги келмайди.

Пийя жаҳл билан ёнидан тўппончасини олди-да, пешонамга тиради.

— Сиз мени ҳозир отиб ташлаёлмайсиз. Чунки кўзбўямачилик учун сизга тоза брильянт ҳам керак бўлади. Уни қаердан топишни мен яхши биламан.

Бу гапларим ҳам Пийяни тешиб ўтди, чамамда. У қўлидаги қуролининг дастаси билан бошимга чунонам туширдики, кўзимдан ўт чиқиб кетаёзди. Бир муддат атроф қоронғилашди, ҳеч нарсани кўрмай қолдим. Мувозанатни йўқотиб, ерга йиқилибман. Буни юзимга сув сепиб ўзимга келтиришганидан кейин билдим. Қаердалигимни англаганимдан сўнг хурсанд бўлдим. Чунки, озми-кўпми, вақтдан ютгандим.

— Кўзимга иссиқ кўрингандинг, — деди тепамда тиржайиб турган Пийя, — яхши эслатдинг. Хоҳласанг, ўша ишлаган жойингга олиб бораман, бу ердан унча узоқ эмас. Манави томонга юрсанг, — у орқа томонидаги дарахтларни кўрсатди, — ўша жойдан чиқасан.

Менга айни шу керак эди. Энди оқсоқол ўргатган усулларни қўллаб, ҳаммасини ер тишлатаверсам бўлади. Фақат Ренанинг ёнида Пийянинг иккита одами қолган, мен етиб боргунимча уни отиб қўйишлари мумкин, шундан чўчирдим.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Бахтнинг олис манзили (1-қисм)

Бахтнинг олис манзили (2-қисм)

Бахтнинг олис манзили (3-қисм)

Бахтнинг олис манзили (4-қисм)

Бахтнинг олис манзили (5-қисм)

Бахтнинг олис манзили (6-қисм)

Бахтнинг олис манзили (7-қисм)

Бахтнинг олис манзили (8-қисм)

Бахтнинг олис манзили (9-қисм)

Бахтнинг олис манзили (10-қисм)

Бахтнинг олис манзили (11-қисм)

Бахтнинг олис манзили (12-қисм)

Бахтнинг олис манзили (13-қисм)

Бахтнинг олис манзили (14-қисм)

Бахтнинг олис манзили (15-қисм)

Бахтнинг олис манзили (16-қисм)

Бахтнинг олис манзили (17-қисм)

Бахтнинг олис манзили (18-қисм)

Бахтнинг олис манзили (19-қисм)

Бахтнинг олис манзили (20-қисм)

Бахтнинг олис манзили (21-қисм)

Бахтнинг олис манзили (22-қисм)

Бахтнинг олис манзили (23-қисм)

Бахтнинг олис манзили (24-қисм)

Бахтнинг олис манзили (25-қисм)

Бахтнинг олис манзили (26-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here