Бахтнинг олис манзили (28-қисм)

0

Кўзим билан сарой эшигигача бўлган масофани чамаладим: ўн қадамча келади. Рена боғланган жойгача тахминан етти-саккиз қадам. Улгуришим қийин. Лекин бу ёғи — Худодан. Агар ҳозир оқсоқолни сотган тақдиримда ҳам (аслида оқсоқолнинг брильянтларни қаердан олишини билмасдим, буни у менга айтмаганди. Берган маълумотим барибир нотўғри чиқарди) отиб ташлайди. Ундан кўра муштлашганим маъқул.

Мени уриб ҳушимдан кетказганидан сўнг Пийянинг шотирлари ҳовурларидан тушиб, анча талтайишибди. Менимча, улар: “Йигитнинг суроби тўғри бўлди, энди у ёқдан-бу ёққа ўйноқламайди”, деб ўйлашаётганди.

— Майли, — дедим ўрнимдан туриб жилмайишга уринарканман, — бориб кўрсатсанг, ёмон бўлмасди. Менимча, у ерда бошқалар ишлашаётгандир. Уларни бир кўрсам, кўнглим хотиржам тортарди. Ҳозир ўзим сендан шуни сўрамоқчи бўлиб тургандим. Яхши, ўзинг айтдинг.

— Ҳей, — кулди Пийя, — жуда соддасан-а! Ҳеч вақони билмайсан. Ўрмон ичидан ўтгунимизча нинза қурғур нималарни бошимга солмайди, дейсан. Биласанми, дунёда шунақанги ўтлар борки, унинг кўкариши учун ҳавонинг намлиги ҳам етади. Сенлар шунақасанлар. Лекин мен сенга қуп-қуруқ ҳаво бераман. Шунда ҳам кўкарсанг, ёқиб юбораман… Дарвоқе, мен сенларни тешик қайиқда сувга ғарқ бўлиб кетган бўлсанглар керак, деб ўйловдим. Қолганлар қани? Ё битта ўзинг тирик қолдингми? Унда қандай қилиб нинзалар яшайдиган оролга бориб қолдинг?

Индамай унга термилиб туравердим. Гапиргани сайин у юмшаётганди. Одам озгина юмшаса, ундан нимадир кутиш мумкин. Мен буни ҳаётда кўп кўрганман. Қолаверса, оқсоқол ҳам: “Ҳар қандай қаттиқ нарса озгина юмшаса, демак, уни синдирса бўлади”, деганди.

Саволига жавоб ололмагач, у яна гапида давом этди:

— Сени тирик кўрганимга ҳайрон қолаётганим йўқ. Тасодиф туфайли омон қолиш мумкин. Нинзаларнинг қизига қандай эга чиққанингдан таажжубланаяпман. Одатда, улар бегонани яқинига йўлатишмасди. Сен бўлсанг, уни ҳомиладор қилиб қўйибсан. Демак, қўлингдан кўп иш келади… Бойиб кетишни хоҳламайсанми? Агар менга қўшилсанг, умринг кайфу сафода ўтади.

— Нинзалардан яхши таълим олганимга шубҳа қилмасанг керак. Акс ҳолда шунча одаминг менга “матоҳ”ини тўғрилаб турмасди. Шундай экан, менга қандай ишониб ёнингга олишинг мумкин? Бир куни ўлдириб кетишимдан қўрқмайсанми? — дедим мазахомуз кулиб.

— Қўрқаман, лекин сен нинзалар авлодидан эмассан. Қўлингга озгина бойлик тушса ўзгаришинг мумкин. Қолаверса, дангал гапираяпсан. Бунақа одамлар панд бермайди. Оқсоқол нинза ҳам сени шунинг учун ёқтириб қолган бўлса керак.

— Менимча, кўп валақлашиб қолдик. Агар сенга қўшилишимни, катта бойликни қўлга киритишингда ёрдам беришимни истасанг, ўша мени ишлатган жойингга олиб бор, бир кўрай. Ундан кейин…

— Яхши, — деди у гапимни бўлиб, — унда яна ҳушингдан кетасан. Чунки оёқ-қўлинг боғлиқ ҳолда ҳам сен билан ўрмондан ўтиб бўлмайди.

— Машинада кетамиз-ку.

— Машинада узоқ юришга тўғри келади, пиёда борган маъқул.

Пийянинг ишораси билан бир шиша ароқ олиб келишди. Ёнида бир бурда колбасаям бор. Мен дарҳол оғзимга тупугимни тўпладим. Пийя стаканни ароққа тўлдирди ва қўлимни бўшатмай, ўзи ичкизди. Тўғриси, тупугимни ютиб, ароқни оғзимда сақлаб қолмоқчи эдим, стакандаги ароқ кўплик қилди. Барибир ютиб юбормадим. Оқсоқол бутун ички аъзолардан тортиб, мускулларгача измимга бўйсундиришни ўргатганди. Ароқни томоғимда сақлаб қолишнинг уддасидан чиқдим. Шу ҳолда бир оз турдим-да, гўё ҳушдан кетгандай ерга ағанадим. Пийянинг шотирлари шошиб қолишди. Энди уларга менинг соғлиғим керак эди, албатта.

— Агар шу болани, — деган товушини эшитдим Пийянинг, — ўзимники қилиб олсам, кўп иш беради менга.

Унинг овози қувноқ чиқди, демак, у оқсоқолнинг бор-будига эга чиқмоқчи, сунъий брильянт ишлаб чиқаришни давом эттирмоқчи. Қолаверса, Рена туғадиган болани ҳам ўзиники қилиб олмоқчи. Буларнинг барини қўлга киритиш — дунёнинг манаман деган бойлари қаторига киришдай гап. “Жуда-а кўпмасми, жаноб? Иккала қўлингизнинг бармоқлари оғзингизни йиртиб юбормасмикин?” — дея хаёлимдан ўтказдим.

Буларнинг елкасига чиқиб олиб бир маза қиларканман, деб ўйлагандим. Бироқ мени машинага ортишди. Бу ҳам кутилганди. Чунки Пийядай одам мени алдолмаса, нима қилиб юрибди шунча шотирига бош-қош бўлиб?

Машина жойидан жилди. Шу маҳал мускулларим бўшашиб, томоғимдаги ароқ ичакларимга ўтиб кетай деди. Ароқни томоғимда сақлаб қолишга зўрға улгурдим. Тахминимча, икки-уч дақиқадан сўнг ўрмонга киришимиз керак. Ҳамма ёқ дарахт билан қопланган, ҳар қандай шароитда ҳам уларни оралаб ўтишимиз лозим.

Кутилган муддатда аввал оёқ-қўл мускулларим бўшашди, қўлимдаги кишандан осонгина қутулдим. Кейин ўхчиб юбордим, томоғимдаги заҳри қотил оғзимдан отилди, ўзим энгашиб қолдим. Машина орқа ўриндиғида икки ёнимда ўтириб кетаётган қўриқчи йигитлар буни хаёлларига ҳам келтирмаган, шекилли, довдирашди. Шунинг ўзи менга етарли эди: чап томондаги қўриқчининг гарданидаги томирига кўрсаткич бармоғим билан жуда катта тезликда урдим, унинг боши ёнига қийшайди. Ўнг томондагиси эса тирсагимдан зарба еди ва кўзини очишга-да мадори етмади. Ҳайдовчининг бўйни синди. Унинг ёнида ўтирган йигит пичоғини олишга улгурган экан, ажали пичоқдан бўлди, қўлини қайирганимда пичоқ кўкрагига санчилди.

“Оқсоқол шунча илмни ўргатган экан-у, машина бошқаришга келганида эсидан чиқарибди”, дедим ичимда. Ваҳоланки, унинг бир юз ўттиз йилдан зиёд умри давомида машина деган матоҳнинг изиниям кўрмаганини яхши биламан.

Қоп-қора баланд машинанинг (ўша пайтда унинг “Жип”лигини билмасдим) салобати босар экан. Ҳайдовчининг жасадини ўриндиқдан олмай, рулни маҳкам ушлаб, машина бирор дарахтга урилиб кетмасин деб рулни бошқараяпман, аммо тезлик аста-секин сусайяпти. Орқадан келаётган улов чироғини ёқиб ўчирди. Менимча: “Нима гап?” — деб сўраётган бўлса керак. Сўнг ҳайдовчининг чўнтагидаги телефон жиринглади. Жавоб бермадим. Умуман, бунақанги телефонни ҳали қўлимга ҳам ушламаганман. Автобусда Тошкентга келаётганимизда шунақасини бир кўрганман.

Телефоннинг овози ўчди. Лекин анча илгарилаб кетган машинанинг тезлиги ҳам сусая бошлади. Демак, қўнғироққа жавоб бўлмагач, олдиндагиларга қўнғироқ қилинган. Эртароқ тушиб қолмасам бўлмайдиганга ўхшайди, деб қулайроқ жой келишини чамалаб озгина кутдим. Аммо ўрмон жуда қалин, сакрасам бирор дарахтга урилиб кетишим мумкин эди. Шунда оқсоқол билан бирга югурганларимиз хаёлимга келди. Бундан бу ёғига сезгимгагина ишонишим лозимлигини англадим. Рулни қўйиб юбориб, орқадаги эшикни очдим-да, ўзимни отдим. Тез илғаш ва ҳаракат қилиш қобилиятимни ишга солиб, биринчи дуч келган дарахт шохидан ушлаб қолдим ва шу лаҳзада иккинчи дарахт томон сакрадим. Ундан учиб ерга тушдим. Ортимиздан келаётган машина тўхтагунча югуриб унинг ортига ўтиб олдим.

Бу пайтда мен сакраб тушиб қолган машина дарахтга урилган, унинг ортидан изма-из келаётгани икки-уч қадам орқада тўхтаганди. Нима содир бўлганини ҳали илғамаган орқа уловдаги йигитлар бирин-кетин машинадан сакраб тушишди. Иккитаси дарахт билан тўқнашган машинани бориб кўришди. Қолганлари мен сакраган тарафга автоматларини тўғрилашди. Шериклари жон таслим қилишганини билганларидан сўнг уларнинг қўлларидаги қуроллари тариллашга тушиб кетди. Ўқлар дарахтларнинг тана пўстлоғини титиб ташлаётганди. Отишма Пийя етиб келгунча давом этди.

— Тўхта! — қичқирди у шотирларига. — Каллаларинг жойидами, маразлар!!! У аллақачон қочиб қолди!

Пийя ён телефонини олиб шошганча рақам терди ва баланд овозда:

— Эшикни қулфланглар! Ўзларинг ташқарига чиқиб, ҳамма томонни назорат қилинглар! Бирор қора кўринса, ўқни аямасдан отинглар! Нинза қочди! — дея томоғини йиртгудай бўлиб қичқирди.

Мен ич-ичимдан қувониб кетдим. Демак, мен боргунимча улар Ренага тегинишмайди. Унгача буларни бир ёқли қилиб улгураман.

Жиғибийрони чиққан Пийя шотирларига менинг изимдан боришга буюрди. Ўзи эса битта йигити билан машина ёнида қолди. Киши бир нарсани қойиллатса-ю, бошқалар уқувсизлик қилганини кўрса, кулгиси келар, жаҳли ҳам чиқар экан. Балки оқсоқол таълим бера бошлаганда мен ҳам Пийя ва унинг шотирларига ўхшагандирман. Эҳтимол, булардан ҳам батарроқ бўлгандирман. Лекин айни дақиқада жаҳлим чиқмади, қайтанга хурсанд бўлдим. Ахир, булар менга, ўзлари билмаган ҳолда қулай имконият яратиб беришганди-да.

Бемалол энг ортдаги машинанинг орқасига яшириндим. У ердан Пийя билан шеригини кузатдим. Улар ора-сира дарахтларни нишонга олиб ўқ отганча, ўрмон ичкарисига кириб кетаётган йигитлардан кўз узмасди. Ердан кичкина бир таёқ олдим-да, четроққа отиб юбордим. Улар дарҳол қуролларини шу тарафга ўқталишди. Пийянинг асаби дош бермади, икки марта тепкини босди. Мен уч-тўрт қадам сакраб уларнинг ёнида пайдо бўлдим ва Пийянинг шотирининг орқа миясига зарба бердим. Айни дамда Пийянинг қурол ушлаб турган қўлига уришга ҳам улгурдим. Рақибим буни мутлақо кутмаган шекилли, довдираб қолди ва мен осонлик билан қўлини  орқасига  қайириб, уни ўрмонга судрадим. Бир оз ичкарилашимиз билан кўйлагини йиртиб ечиб олдим-да, қўлларини чандиб боғладим.

— Агар, — дедим унинг юзига кўрсаткич бармоғимни тираб, — озгина ортиқча ҳаракат қилсанг, ўлдираман!

У худди соқовга ўхшаб бақрайганча тураверди. Бундай қараши негадир кўнглимни хижил қилди. “Майли, келгунимча “дам” олиб турсин”, деб башарасига мушт туширдим. У бир мартагина “иҳ” деди, сўнг кўзи олайиб орқасига қулади.

Ўқ товушидан ўрмонга ичкарилаётганлар сергакланиб, изларига қайтишди. Хўжайинлари йўқолиб, у билан қолган шериги ҳушидан кетиб ётганини кўрганларидан кейин баттар саросималаниб, доира ясаб туриб олишди. Бирор дарахтнинг шохи шитирласа, улар ўша тарафга ўқ ёмғири ёғдиришарди. Шунинг учун ўрмондан чиқиб кетмасдан, дарахт тагига ётиб, бир муддат кузатдим. Уларнинг бироз бўшашишини кутдим. Мўлжаллаганимдай, уч-тўрт дақиқадан кейин улар бир-бирларига қараб олишди. “Шитир” этган шохни нишонга олаверишмади. Аввал машиналарни бирма-бир кўздан кечириб чиқишди. Кейин Пийяга соқчи бўлиб қолган йигитни ўзига келтириб, сўроққа тутишди. Ундан тайинли жавоб чиқмади, чамаси.

— У аллақачон хотинчасини қутқаргани кетган, — деди биттаси.

— “Босс”-чи? — сўради ундан иккинчиси. — У қаерда?

Бу савол жавобсиз қолди. Улардан бири чўнтагидан жимитдай матоҳини олиб рақам тера бошлади. Аммо охиригача теришга улгурмади. Кўкрагига теккан ўқдан ағанашга мажбур бўлди. Найза ёки пичоқни мўлжалга уришда адашмасдим. Лекин тўппончани биринчи ишлатишим. Ҳар қалай, мўлжалда адашмадим. Энг муҳими, мен қулатган йигитнинг шериклари ўқ қайси томондан отилганини сезмай қолишди. Шу боис, ҳар тарафга пала-партиш ўқ ёғдиришга тушиб кетишди. Бу гал мен ҳам қараб турмадим. Чунки айни пайтда тўппончани ишлатсам, улар мени сезмасди, менинг тўппончамнинг товуши уларники билан қоришиб кетарди.

Уларнинг тағин иккитаси жон таслим қилди. Буни кўрган шериклари ўқ отишга тушиб кетишди. Мен дарахт орқасига яшириндим-да, қимирламай ётавердим. Ниҳоят кутганим содир бўлди. Рақибларимнинг тўппончалари чиқиллашдан нарига ўтмай қолди. Шундай эса-да, ҳар эҳтимолга қарши, осмонга ўқ узиб кўрдим, жавоб бўлмади. Шундан кейин яширинган жойимдан чиқиб, тез-тез юрганча уларнинг ёнига боравердим. Сафи камайиб, бор-йўғи тўртта қолганди, мени кўриб душманларим енг шимаришди.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Бахтнинг олис манзили (1-қисм)

Бахтнинг олис манзили (2-қисм)

Бахтнинг олис манзили (3-қисм)

Бахтнинг олис манзили (4-қисм)

Бахтнинг олис манзили (5-қисм)

Бахтнинг олис манзили (6-қисм)

Бахтнинг олис манзили (7-қисм)

Бахтнинг олис манзили (8-қисм)

Бахтнинг олис манзили (9-қисм)

Бахтнинг олис манзили (10-қисм)

Бахтнинг олис манзили (11-қисм)

Бахтнинг олис манзили (12-қисм)

Бахтнинг олис манзили (13-қисм)

Бахтнинг олис манзили (14-қисм)

Бахтнинг олис манзили (15-қисм)

Бахтнинг олис манзили (16-қисм)

Бахтнинг олис манзили (17-қисм)

Бахтнинг олис манзили (18-қисм)

Бахтнинг олис манзили (19-қисм)

Бахтнинг олис манзили (20-қисм)

Бахтнинг олис манзили (21-қисм)

Бахтнинг олис манзили (22-қисм)

Бахтнинг олис манзили (23-қисм)

Бахтнинг олис манзили (24-қисм)

Бахтнинг олис манзили (25-қисм)

Бахтнинг олис манзили (26-қисм)

Бахтнинг олис манзили (27-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here