ФОЛБИННИНГ КАСОФАТИ…

0

 

* * *

Эркак кишининг иши юришмай қолса, кўзига дунё тор кўриниб, киндик қони тўкилган уйига ҳам боши сиғмай қоларкан. Шерали ишлаётган тўқув фабрикаси хусусийлашди-ю, у «қисқартириш»га тушиб, бир ҳафтача бўлди — уйда ўтириб қолди, қани энди еган-ичгани ичига тушса.

Бўзчининг мокисидай ҳовлида уёқдан-буёққа бориб-келиб юргани-юрган, нари борса кўчага чиқади. Одамлар ола қараётгандек, нуқул уни масхаралаётгандек туюлаверади. Ўн йил бир синфда ўқиб, шу тупроқ кўчада тепишиб катта бўлган синфдош дўстларига ҳам юрак ютиб гапиролмайди. Гўё оғзини очгудек бўлса, «Учта болангни қантариб уйда ўтиргани уялмайсанми? Вей, қуруқ гап қулоққа ёқмайди, ҳеч бўлмаса шаҳарга бориб мардикорлик қилсанг-чи, эркак?», дея танбеҳ бериб қоладигандек…

«Мардикор эмиш, — ўзича ғудраниб томорқа тарафга юрди Шерали. — Шаҳарга бориш учун ҳам пул керак. Қаердан оламан? Хотин ҳам: «Энди бир камингиз мардикорчилик қилишмиди? Қўйинг, бир амаллаб кунимизни кўрармиз. Ишнинг уруғига ўт тушмагандир?!..», дейиши тайин… Мана, боримни болаларга кийим-кечак қилдим. Яхшиям, хотин боғчада ишлайди. Ҳеч қурса, кечки овқатни ўша ердан ташиб турибди…»

У томорқадаги помидор, бодрингларга сув тараб андармон бўлиб, кунни кеч қилди. Тушда хотини Хосият қолдириб кетган бир коса сутга нон бўктириб еди…

— Яхши ўтирибсизми, дадаси? — қош қорая бошлаганда болаларни етаклаб Хосият кириб келди. Шерали икки яшар қизчасини, кейин эгизак ўғилларини эркалаб ўпди.

— Ҳа, ўтирмай юрт ошиб кетармидим? Юрагим сиқилди, эрмакка томорқани суғордим.

— Вой, шунақами? Яхши қипсиз. Кўчатлар жа чанқаганди… Ҳа, айтганча, сизга бир гап топиб келдим.

— Гап?.. Нима экан?

— Бугун боғчадагилар айтиб қолишди: Қўрғончага шаҳардан Сокина деган фолбин аёл келибди. Ўлиб кетган Халча холанинг уйини маҳалладагилар унга ижарага берибди. Одам босиб ётганмиш. Икки-уч қатнасангиз, ишингиз юришиб, йўлингиз очилиб кетармиди… Роса мақташди қизлар.

— Оббо, ўша ғалчаларнинг гапига лаққа тушдингми-а! — хотинини койиган бўлди Шерали. — Худодан ҳам зўраканми ўша фолбин?..

— Намунча қайсар бўлмасангиз? — деди Хосият қовоқлари уйилиб. — Уйда сиқилиб ўтирибсиз, шунинг учун сўраб-суриштирдим-да. Сиз бўлсангиз…

— Хўп, нима демоқчисан? Борайми ўша фолбинга? Чўнтакда бир мири бўлмаса! Қуруқ қўлга фол очмаса керак!.. Бекордан-бекорга шаҳардан келмагандир?..

— Мана, мен боғчада қизлардан икки минг қарз олдим. Ярмини олинг-да, бир бориб кўринг!.. Зора, ишингиз юришиб, кўрмагандай бўп кетсак!..

Шерали гапни урчитиб ўтирмади. Қизчасини қўлига олди-да, тараган сувидан хабар олгани томорқа тарафга ўтди.

Кечки овқатни еб бўлишгач, Хосият елим халтачага шиша идишда сув, исириқ, туз солиб берди.

— Манави исириқ билан тузга дам солиб беради. — тайинлади у эрига. — Сувни қайтарма қилади, ичасиз…

«Ҳа, бу хотинлар бало, — кўнглидан ўтказди Шерали. — Икир-чикиригача билади-я!..».

Баҳор ҳавоси, бир зумда осмонни қуюқ қора булутлар қоплаб ёмғир томчилай бошлади. Шерали эгнига курткасини илиб, велосипедда йўлга тушди.

* * *

Фолбиннинг ижара уйи саккиз чақиримча келарди. Ўн беш-йигирма дақиқа йўл юриб, Шерали кўкимтир дарвоза рўпарасида тўхтади. Шу маҳал дарвоза ғийқиллаб очилиб, ичкаридан икки-уч аёл қўлларида тугунча билан чиқиб қолишди. Улар ҳаллослаб турган Шералига бир-бир олайиб қараб олишди-да, пичирлашиб жўнаб қолишди.

Шерали хижолат тортиб, бир зум бўсағада туриб қолди. Эркак киши фолбинга ишониб… Фолбинга аёллар қатнайди-да. Нимага Хосият ўзи келмай, уни жўнатди…

«Ҳа-я, шунча йўлга бир ўзи келмайди-ку, ахир! — ўйлади у секин бўсаға ошиб ичкарига қадам қўяркан. — Ишқилиб, шарманда қилмагин-да, Худойим!..»

Фолбин миқтигина, кулчаюзи оппоқ аёл экан. Этаги калталигидан қип-қизил иштон ёпишиб турган болдирлари бўртиб кўзга ташланарди. Шерали ҳайрон бўлди: «Шаҳарлик аёллар лозимда юрмасди-ку!.. Калта кўйлак киядиганлари оёқларини диркиллатиб юргич эди. Ҳа-а, бу аёл тақводор, шекилли. Шунга лозим кийиб, рўмол ўраб олган».

— Муллака, келинг, хизмат!? — кулимсираб сўради Сокина юзларига фотиҳа тортишгач.

— Таърифингизни эшитиб келдим, — деди Шерали кўзини олиб қочиб. — Шу десангиз… Ишлар сал юришмай турибди… Шунга…

— Тушундим. Қани, қўлингиздагиларни манави дастурхон устига қўйинг-чи!..

Шерали халтачадан шишадаги сувни, туз ва исириқни бирин-кетин олиб, кўрсатилган жойга қўйди.

— Яхши. Буларга дам солиб бераман. Исириқдан ҳар куни бир-икки чимдим тутатиб турасиз. Тузни ҳаммаларинг ейдиган овқатга солиб ишлатаверасиз. Сувга бўлса, ҳар куни эрталаб юз-қўлингизни чаясиз. Ундан кейин уч мартадан ҳўплаб ичасиз.

— Хўп бўлади…

Сокина кўз остидан Шералига маъноли қараб қўйди-да, қўлига оқ ғалтак ипни олиб, ярим метрчасини узди ва ипни тугиб туриб, ўзича пичирлаб афсун ўқий бошлади.

Шерали шу тобда сеҳрланиб, тош қотганча аёлнинг лабларидан кўз узолмасди…

Сокина афсунни ўқиб бўлиб, юзига фотиҳа тортди ва ўрнидан қўзғалди.

— Қани, муллака, — уй тўрини кўрсатиб деди у, — Манави ерга туринг-чи!..

Шерали итоаткорона тўрга бориб қаддини ғоз тутди.

— Энди иккала қўлингизниям олдинга чўзинг!.. Жуда яхши!.. Энди-чи, салом қилиб мен айтган сўзларни қайтарасиз!..

— Хўп!..

Сокина икки қўлини олдинга чўзиб таъзим қилди.

— Авлиёларга сало-ом!..

Шерали такрорлади:

— Авлиёларга сало-ом!..

— Ўтган ота-боболаримизга сало-ом!..

Машғулот ўн марталар такрорлангач, Сокина қўлларини тушириб, бир четга ўтди.

— Энди қўлларингизни туширмай, кўзларингизни юминг!.. Фақат қимирламанг!..

Шерали кўзларини юмиб ярим дақиқача тош қотиб турганди, беихтиёр чайқалиб кетиб, сал бўлмаса, юзтубан йиқилаёзди.

— Ана, кўрдингизми? — деди Сокина жонланиб. — Фаришталар белги берди!.. Эҳ, муллака, ишларингиз анча чатоққа ўхшайди. Агар ҳаммаси яхши бўлганда, сизни туртиб юборишмасди…

Умрида бунақа сеҳру жодуга дуч келмаган Шерали шу тобда буткул фолбиннинг таъсирига тушиб қолди. Хаёлида қаршисидаги аёл халоскоридек туюлар, унинг оғзидан чиққан гапни сўзсиз адо этишга тайёр эди.

— Қани, ўтиринг!.. — деди Сокина.

Шерали чўкди.

— Кўзларимга тик қаранг!..

— Мана, қарадим!..

— Хотинингизга кўнгилсиз экансиз-а? — фолбин Шералига қаттиқ тикилди.

— Йўғ-э!.. — Шерали елкасини қисди. — Унақамас.

— Ёлғон гапирманг, муллака! Фаришталарим айтиб турибди, аҳён-аҳёнда бегона аёллар билан бўлишни ўзингизча орзулаб қўяркансиз. Хотинингизнинг қомати эгик, қўллари қадоқ, оёқлари ҳам эркакларникидай беўхшов. Ё бошқачами?..

— Т-тўғри-ку-я!.. — ғудраниб жавоб қилди Шерали. — Аммо…

— Майли, буёғини менга қўйиб беринг!.. — Сокина гап тамом дегандек жимиб, дастурхондаги неъматларга дам солган бўлди.

— Эртага яна келасиз. То мен бўлди демагунимча келаверасиз.

— Яхши…

Шерали секин қўзғалиб, ўнг қўлини чўнтагига тиқди. Сокина унинг билагидан маҳкам ушлади.

— Шартмас, ахир, одамга савоб ҳам керак-ку!

— Йўғ-э, олиб қўйинг!.. Н-ноқулай-ку!..

— Айтдим-ку, олмайман деб!.. Эртадан пул-мул, деб ташвиш қилиб юрманг!.. Шундоғам ишингиз юришмай ётибди. Аҳволингизни кўриб, билиб туриб сиздан пул оламанми?..

— Раҳмат сизга, синглим! — кулимсираб мингталикни қайта чўнтагига тиқди Шерали. — Яхшилигингизни унутмайман!..

— Эртага кечикмасдан келинг!

— Бўпти!..

Шерали халтачани қўлига олди-да, шоша-пиша ҳовлига чиқди.

* * *

Кўз очиб юмгунча бир ҳафта ўтиб кетди. Шерали қоронғи тушди дегунча ичи қизиб, халтача қидиришга тушиб қолар, Сокинанинг олдига қатнарди. Бироқ савил қолгур иши юришай демасди.

«Эримга нима бўлди ўзи?», — дея Хосият ҳайрон, — Фолбин деса сакраб тушадиган одам оёғини қўлига олиб югургилаб қолди. Таъсирини сезаётгандир-да!..»

Сокина фолбин эса Шералининг икки қўлини олдинга чўздириб, салом қилдиришдан чарчамас, мижози тик турган жойида қаттиқроқ чайқала бошласа, «Фаришталарим ичингизга кириб олган жинларни ҳайдаб чиқаряпти», дея ваҳима қиларди.

Қатнаётганининг ўнинчи куни Шерали, одатдагидай, кўзларини юмиб, қўлларини олдинга чўзганча тек тураркан, беихтиёр мункиб кетди. Мувозанатини сақлолмай юзтубан йиқилди. Кўзларини очганда… Сокинанинг устида ётарди…

Олдинига хижолат тортиб, туриб кетмоқчи бўлди. Бироқ бўйнига чирмашган аёлнинг қўллари уни арқонлаб қўйганди.

— Оҳ, — дерди Сокина кўзларини юмган кўйи Шералининг бўйнидан, кўкрагидан қайта-қайта ҳидлаб, — Қандай яхши!.. Шу пайтгача қаерда эдингиз, муллака?.. Қаерда эдингиз?..

Эркак бўлиб бегона хотинга қўлини теккизиб кўрмаган Шерали нима қиларини билмас, турай деса, илон танасидек мулойим қўллар бўйнига чирмашган. Иягига тиралиб турган Сокинанинг кўкраклари оҳанграбодек ўзига тортарди…

Охири чидай олмади. Шерали аёлни маҳкам қучоқлаб, телбаларча дуч келган жойидан ўпа бошлади…

* * *

— Энди сиз менинг қулимга айландингиз! — деди Сокина анча вақт бир-бирларини ялаб-юлқаб ётишгач. — Розимисиз?..

— Жонимни сўранг, жонимни!.. — унинг майин сочларидан силади Шерали. — Фақат менга айтинг, эрингиз борми, ё йўқми?..

— Жудаям билгингиз келяптими?

— Ҳа… Энди… Сўрадим-да!..

— Яхши… Эрим бор. Аммо у сиздай барно йигитмас. Жуда ландовур!.. Оғзидаги ошиниям олдири-иб, мўлтираб ўтираверадиганлар хилидан… Кейин… Э, қолганини айтишга уяламан… Хуллас… Кўнглим тўлмайди ундан… Тушунтира олдимми?..

— Ҳа. — деди Шерали. — Тушундим.

— Энди-чи, муллака, ишингиз масаласида…

— Хўш?.. — Шерали ҳушёр тортиб, Сокинани қаттиқроқ қучди.

— Ҳозирча мен билан бирга ишлаб турсангиз.

— Қ-қанақасига?.. Нима иш қиламан?..

— Ҳовлида одамларга «Киринг, чиқинг», қилиб турасиз… Шу баҳона бирга бўлганимдан кўрган-билган гумонсирамайди. Уёқда хотинингиз ҳам шубҳага бормайди…

Шералининг ўзи ҳам энди Сокинанинг этагига ўралашганидан кайфи чоғ эди. Бу гап унга жуда маъқул тушди…

— Бўпти, мен розиман!

* * *

Шерали энди фолбинга зир қатнаб турган аёллардан тортинмай қўйди. Ҳовлига бемалол чиқиб Сокина тайинлагандек расму русумида мижозларни ичкарига бошлайди. Кечқурунлари уч-тўрт соат фолбиннинг қучоғида ишрат қилади. Уззукун ана шу ҳузурли лаҳзаларни кутиб яшар, маишат оби-тобига етсин, дея Сокина кундузи бир шиша ароқ ҳам опкелтириб қўярди.

— Вей, хотин, қўлларинг паншахада-а, нега оёқларинг бунча беўхшов? — сўраб қолди тун ярмида ширакайф бўлиб, фолбиннинг ёнидан қайтган Шерали гўдагини аллалаб ухлатаётган Хосиятга кўзи чақчайиб тикилиб.

— Нима?.. — Хосият «ялт» этиб эрига ўгирилди. — Нима дедингиз?

— Нега беўхшовсан деяпман, ғалча! — такрорларди эр чўнтагидан Сокина берган бир даста пулни чиқариб кўз-кўз қиларкан.

— Бу нима деганингиз, дадаси?.. Шунча яшаб қанақалигимни билмаганмидингиз?

— Ҳа, билмаган эканман! — кўзини лўқ қилди Шерали. — Дунёда-чи, шунақа аёллар бор… Ў, уларга қарасанг, кўзинг яйрайди. Сен-чи?.. Ўласанми мундоқ уёқ-буёғингга қараб юрсанг?..

— Ҳали шунақами? — ўрнидан туриб кетди Хосият. — Мен беўхшов бўлдимми?.. Бўпти, истасангиз, ўша кўзингиз яйрайдиганини топиб олаверинг! Фақат-чи…

Хосият ухлаб қолган қизчасини қўлига илкис кўтариб олди-да, нариги хонага йўналди:

— Фақат… Мени камситманг!..

* * *

Саҳар мардонда шошилинч чиқиб кетаётган эрининг ортидан ётсираб қараб қолган Хосиятни ўй босди: «Тағин ўша фолбин йўлдан урган бўлмасин!.. Жа-а сулувмикан-а, туппа-тузук эрим бирдан айниди-қўйди!.. Вой тавба-а! Одам ҳам шунча тез ўзгарадими?.. Йўқ, шошмай турсин ҳали! Бунинг тагига етмай қўймайман!.. Мен ўла қолай, уни фолбинга жўнатмай!.. Ишқилиб бир балони бошламаган бўлсин, Худойим!..».

Кеч кирган паллада ҳам юрагини шубҳа-гумонлар тарк этмаган Хосият шом маҳали болаларини етаклаб, йўлга тушди. Аламли ўй-хаёлларга берилиб, уч болани етаклаганча бирпасда қўрғончага етиб келди ва ўзи тахмин қилган дарвозага юзланди. Дарвоза қулф эди. Томорқани айланиб ўтиб ҳовлига кириб бормоқчи бўлди.

Хосият ҳовлига кирганда уй чироқлари ўчирилган, «тиқ» этган товуш эшитилмасди. «Қаёққа гумдон бўлди булар? — ҳайрон бўлди у. — Бирор ёққа кетиб қолишдими ё?..

У яқин бориб, уй эшигини тақиллата бошлади. Садо йўқ. Жаҳл отига минган Хосият эшикни оёқ билан тепа бошлади.

Шундан кейингина ичкаридан эркак ва аёлнинг шивир-шивири эшитилди.

— Ҳой, очаверинглар!.. — эрининг овозини таниб беихтиёр йиғламсираб бақирди. — Қўрқманглар, додламайман!.. Фақат очсаларинг бўлди!..

Орадан икки-уч дақиқа ўтиб уй чироғи ёнди ва бўсағада Шерали кўринди.

— Ҳа, нима қилиб юрибсан тун ярмида?.. Тинчликми?..

— Очинг эшикни!.. Нимага қаққайиб турибсиз?..

Шерали эшик зулфинини суғурди. Ичкарига болаларни етаклаганча бостириб кирди-ю, аланглаб фолбинни қидира бошлади.

— Қани у? — сўради эрининг қўлига қизчасини тутқазиб. — Қаерга беркитиб қўйдингиз ойимчангизни?..

— Қ-қанақа ойимча?.. Нималар деяпсан?..

Шу орада ичкари хона эшиги оҳиста очилиб, ич кўйлакда Сокина пайдо бўлди.

— Келинг, сингил!.. — ҳеч нарса бўлмагандек Хосиятга сўз қотди у. — Хўш, хизмат?..

— Н-нима?.. — Хосият кафтини манглайига босганча ортга тисланди. — Ҳали… Сен… Вой шўрим!.. Вой мен ўлиб қўя қолай!.. Қ-қандай шармандалик!.. Йўқ… Қўрқманглар!.. Бақирмайман!..

— Хосият, сен… Нотўғри тушунмагин-да! — уни юпатмоқчи бўлди Шерали.

— Яқинлашма менга!.. — кўз ёшлари юзини ювиб тушаётган Хосият овозини кўтарди. — Болам бор деб ҳам ортимдан излаб бориб юрмагин!.. Бўлди!.. Етар!.. Жазоингни… Худо берсин!..

— Ҳой, хотин, қаёққа?.. — Хосиятнинг ортидан бақирди Шерали. — Тўхтасанг-чи!..

Шерали унинг ортидан бормади, нимадир халал берди. Юраги ғашланиб ичкарига қайтиб кирганида… Не кўз билан кўрсинки, боягина ичкўйлакда оппоқ баданларини кўз-кўз қилган Сокина аллақачон кийиниб, қўлида катта сумка билан кетишга шай турарди.

— Мен энди тез кетмасам бўлмайди бу ердан, — деди у истеҳзоли тиржайиб. — Тағин гап-сўзга қолиб юрмай!..

— Нима?.. Мен-чи?.. Мен нима қиламан энди?..

— Билмасам… Сизга қийин бўлади, хотинингиз энди қайтмайди-ёв…

Бу унинг Сокинадан эшитган сўнгги гапи бўлди…

Шерали анча вақт турган жойида тошдай қотди. У босинқираб туш кўриб, чўчиб уйғонган одамдек карахт эди. «Нима қилиб қўйдим?.. Нега бундай қилдим?.. Нега фолбинга илакишдим?.. Нега?.. Йўқ!.. Мени… Мени ўша ярамас фолбин йўлдан урди!.. Ҳозир… Ўлдираман уни! Ўлдираман!.. Болаларим!.. Қани болаларим?..»

Шерали жонҳолатда чопиб чиққанда кўчада зоғ учмасди.

* * *

Бу воқеадан йигирма йилча ўтиб, яқинда қишлоққа борсам, ариқ бўйида соқоллари ўсиб, патаклашган, қоқсуяк бир эркакка кўзим тушди. Аввалига ҳайрон бўлдим, бизнинг қишлоқда бунақалар яшамасди-ку!

Яқинроқ бориб юзига қарадим:

— Ё алҳазар!..

Бу ўша Шералининг ўзи эди. У миқ этмай кўзи билан ер чизиб ўтирар, оёғи тагида бир-иккита қоғоз пул ташлаб қўйилган эски дўппи, дўппининг ёнида ярми ичилган вино шишаси…

Қўни-қўшнилардан сўраб-суриштирсам, Хосиятни уйга қайтариб олиб келолмагач, Шерали ичкиликка муккасидан кетибди, оқибатда ҳовлисиниям арзонгаровга сотибди… Ароқнинг касриданми, ақли-ҳуши ҳам жойида эмас, дейишади.

Ҳар куни сотиб ичган ҳовлиси ёнига келаркан-да, қоронғи тушгунга қадар тиланиб, вино ичиб, ўзича аллақандай қўшиқни минғирлаб хиргойи қилиб ўтираркан. Қўшиғига ора-сира болаларининг, Хосиятнинг номини қўшиб айтаркан…

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here