ШИМОЛИЙ КОРЕЯ РАҲБАРИНИ ҚАНДАЙ ҚЎРИҚЛАШАДИ?.. (ФОТО)

0

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг ўз хавфсизлиги йўлида тутган усули ҳар қандай одамни ҳайратдан ёқа ушлашга мажбур қилса керак. 120 минг ҳарбийдан иборат хавфсизлик хизмати, махфий танкчилар ротаси, махсус танлаб олинган тансоқчилар фақат Ким Чен Инни қўриқлашади.

Ушбу материалда сиз Кимлар сулоласи қандай қилиб ҳокимиятни ўз қўлида ушлаб келаётгани, ким ва қачон уларга суиқасд уюштиргани ҳақидаги фактлар билан танишасиз…

ИМПЕРИАЛИСТЛАР

Ким Ир Сен Шимолий Корея раҳбари лавозимини эгаллаган куниданоқ ўз хавфсизлиги ҳақида қаттиқ қайғурган. 1946 йил февралида Шимолий Корея вақтинча халқ қўмитаси раиси лавозимини эгаллаган бўлса, шу йил 1 мартида унинг жонига суиқасд қилишган. Душманлари Ким Ир Сен турган ерга граната улоқтиришди. Яхшики, кичик лейтенант Новиченко ўз танаси билан корейслар даҳосини ўлимдан сақлаб қолди. Шундан кейин собиқ советлар доҳийси Сталин Ким Ир Сен учун шахсий қўриқчилар взводини ажратиш ҳақида фармон берди. Взводга Пхеньяндан унча узоқ бўлмаган Саривон шаҳар коменданти Елокин раҳбар этиб тайинланди.

Ўша пайтларда Шимолий Корея раҳбарига ўлим тиловчиларнинг саноғи йўқ эди. Радикал миллатчилар, собиқ советлар мамлакатининг душманлари, Шимолий Кореяда ўрнатилган тартибдан норозиларнинг барчаси Ким Ир Сенни ўлдириш тарафдори эди. Шунинг учун унинг резиденциясини отлиқ патрул қўриқлай бошлади. Оммавий тадбирларда эса алоҳида соқчилар отряди танлаб олинадиган бўлди.

Лекин бу ҳам Ким Ир Сен душманларини тўхтатиб қола олмади. Байрам тадбирларидан бирида америкаликларга сотилган корейс тилмочи Ким Ир Сенни совуқ қуролдан ўққа тутди. «Даҳо»ни соқчилар батальони командири ўлимдан сақлаб қолди. Ёлланма тилмочни қўлга олишди. Бироқ у киссасига заҳар солинган идишни беркитиб қўйган экан. Соқчиларнинг кўзини шамғалат қилиб заҳарни ичиб юборди. Шундай қилиб корейслар ушбу суиқасд ташкилотчиси ким эканини аниқлай олмай қолишди.

1948 йили қўриқчилар отрядлари билан бирга Шимолий Корея халқ армияси тузилди. Орадан маълум вақт ўтиб Корея демократик республикаси эълон қилинди. Шундан кейин собиқ советлар ўз қўшинларини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди. Ва энди ўз хавфсизлигини ташкил этиш Ким Ир Сеннинг ўзига қолиб кетди.

ДУШМАНЛИК БЕЛГИЛАРИ

Ким Ир Сен қўриқчилар бригадасига ўзига қарашли одамларни, жумладан, қариндошларни, дўстларини раҳбар этиб тайинлади. Улар билан 1930 йили Японияга қарши жангларда танишиб дўст тутинганди. Барчаларига қаттиқ ишонарди. Бахтга қарши, энди Ким Ир Сеннинг хавфли душманлари мамлакат ичкарисида пайдо бўлди. Оппозиция вакиллари қандай бўлмасин Ким Ир Сенни ҳокимият тепасидан ағдариш ҳаракатига тушди. Лекин Шимолий Корея раҳбари ҳам бўш келмоқчи эмасди. Қўриқчилар сонини кўпайтирди.

«МЕРОСХЎР» ОПЕРАЦИЯСИ

Хавфсизлик масаласида, мамлакат раҳбарини қўриқлаш масаласидаги жиддий ўзгаришлар ҳокимият тепасига Ким Ир Сеннинг ўғли Ким Чен Ир келиб ўтиргач содир бўлди. 1977 йили унинг ихтиёрига янги, алоҳида тайёргарликлардан ўтган, синалган жангчилар отряди бериб қўйилди. Орадан бир йил ўтгач, махсус гвардия тузилди. Гвардия 300 нафар профессионал соқчилардан иборат эди.

Соқчиликка танлов талаблари жуда қаттиқ кечди. Мамлакат доҳийсини қўриқлаш гвардияси аъзолигига даъвогар шахс жисмоний, руҳий жиҳатдан кучли бўлиши билан бирга қариндошлари ҳам ишончли одамлар бўлиши лозим деб ҳисобланди. Шунинг учун даъвогарнинг тўрт аждодини хавфсизлик хизмати вакиллари синчков назоратдан ўтказишди. Кейин эса энди 17 ёшга етиб, гвардия сафига қабул қилинган жангчилар идеологик тайёргарликдан ўта бошлашди. Тхэквандо, қуролдан ўқ отиш машқларига жалб этилди. Улар кучайтирилган режимда шу сифатларни эгаллаш ҳаракатида бўлишди. Барчаси аъло даражада тугатилгач, уларни мамлакат раҳбарини қўриқлаш хизматига жалб этишди.

Қўриқчилар сони 1, 5 минг кишига кўпайтирилди. Қўриқчилар нафақат Ким Чен Ирни, балки унга тегишли 14 та дала ҳовлини ҳам кўз қорачиғидек асраши лозим эди. Бундан ташқари, қўриқчилар отрядларининг махсус бўлинмалари мамлакатни кучайтирилган назоратда қўриқлаши белгилаб қўйилди. Мудофаа вазирлигининг махсус қўмондонлиги эса АҚШ ва бошқа мамлакатлар ҳужумидан, тартибсизликлар, давлат тўнтаришларидан Шимолий Кореяни қаттиқ туриб ҳимоя қила бошлади.

2011 йил 17 декабрида Ким Чен Ир ўз ажали билан ёруғ дунёни тарк этди. Душманлари қанча пойламасин, ёвуз ниятини амалга ошира олмади. Шимолий Корея раҳбарлигини эса Ким Чен Ин эгаллади.

У қўриқлаш хизмати масаласига аждодларидан-да жиддийроқ, эътиборлироқ муносабатда бўлди ва тез орада қўриқчилар сонини 120 минг кишига етказди. Шунга қарамай, ҳануз Ким Чен Инга суиқасдлар уюштириш тўхтагани йўқ. Қўриқчилар ҳам ҳар бир суиқасдни ўзига хос, профессионал тарзда ўз вақтида бартараф этишмоқда.

Лента. ру

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here