Сиз сўраган асар. Ўлимга маҳкум қилинганлар (1-қисм)

6

Тинимсиз ёғаётган жала уст-бошимизни шалаббо қилиб юборди. Айниқса, устимиздаги шинел тобора оғирлашиб, елкамиздан босар, нам баданимизгача ўтиб кетган, совуқдан иякларимиз қалтирар эди. Лекин биз жойимиздан жилмасдик. Атайлабдан қилинганми ёки унутилиб қолдикми, ишқилиб, ёмғир остида сувга тушган мушукдай турар эдик. Қизиқ, ўзимизнинг шаҳардан самолётга чиқаётганимда ҳаво очиқ, қуёш қиздирар, битта кўйлакда ҳам одам жиққа терга ботар эди. Бу ерда эса, бутунлай тескариси…

Орадан чамаси яна ярим соатлар ўтиб казармадан чиқиб келган офицер ҳар биримизни ёнига чақириб афт-ангоримизга синчиклаб қараб олди-да, сўнг казармага киришимизни буюрди.

Канцелярияда бизни сариқ мўйловли, боши хумдай, бўйи икки метрлар чамаси, мундири озода, этиги ялтираган киши кулиб кутиб олди. Унинг кулгиси жуда бошқача, майин эди-ю, лекин одамнинг вужудида титроқ уйғотарди. У ҳар биримиз билан қўл бериб кўришди-да:

— Менинг исмим майор Батинков Владимир Анатольевич, бундан бу ёғига, то ҳарбий хизматни тугатгунларингча сизлар билан бирга бўламан. Характерим, иш услубимни йўл-йўлакай, яъни хизмат давомида билиб оласизлар. Энг аввал сизларга шуни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиманки, бизнинг бўлинма бошқа ҳарбий қисмларга умуман ўхшамайди. Шунинг учун спорт билан жиддий шуғулланган йигитларгина бу бўлинмага қабул қилинади. Яна спортнинг ҳам унча-мунча тури эмас, каратэ, дзюдо, бокс билан шуғулланганлар. Умуман, бизга булар ҳам кам, махсус текширув энг асосийси ҳисобланади. Сиз, ҳурматли дўстларим, ана шундай синовларнинг ҳаммасини ортда қолдириб келдингиз, бунинг учун мен сизларни табриклайман! — деб майор яна бир бошдан ҳар биримизнинг қўлимизни сиқиб чиқди. Ҳамма қатори мен ҳам жуда хурсанд эдим…

Шу куни бизни ўз ҳолимизга қўйишди. Хизматга келган ёш аскарлар бир-биримиз билан танишдик. Ўн беш кишининг учтаси рус, қолганлар бошқа миллат вакиллари экан. Бизнинг Ўрта Осиё томонлардан мендан бўлак ҳеч ким йўқ. Яхшиям, туман марказида яшаганим, акс ҳолда, бу ердагилар билан умуман гаплашолмасдим. Чунки қишлоқда бўлганимда рус тилидан оқсардим.

Эртасига бизни Ратенов шаҳридан ўттиз километр узоқликдаги ўрмонга олиб кетишди. Йўл-йўлакай “дед”лар билан қандай муомала қилишимиз ҳақида келишиб олдик. Аммо бекор ташвишланган эканмиз. Борган жойимизда учта офицердан бошқа ҳеч кимни учратмадик. Ҳа, энди бу ёғига ўзимиз хон, кўланкамиз майдон бўлиб яшаймиз, деб ўйлагандик. Йўқ, чучварани хом санаганимиз эртасигаёқ маълум бўлди.

Эрталаб соат олтида калта иштонда ташқарига олиб чиқишди-да, ялангоёқ югуртиришди. Умуман, ёшлигимдан югуришни яхши кўрганлигим боис, қийинчилик сезмадим. Фақат эрталабдан муздай ерга оёқ қўйиш ёқмасди. Бунинг устига, ўрмон ичидаги нам қумда югуриш ҳам бир мунча қийинчилик туғдираркан. (Мен Германияга учиб келишимиздан аввал бу жойларнинг ерини ўзимизникига ўхшаган тупроқли бўлса керак, деб ўйлагандим. Бироқ бу ерда тупроқнинг ўзи йўқ экан. Ҳаммаёқ қоп-қора қум).

Бутун бошли ўрмонни югуриб ўтганимиздан сўнг кичикроқ анҳорга дуч келдик. Старшинанинг буйруғига биноан, ўзимизни сувга отдик. Сув ҳам, бахтга қарши, муздай экан. Товуққа ўхшаб ҳурпайиб қолдик. Кейин сувдан чиқиб, яна ортга югуриб қайтдик. Икки қаватли қизил ғиштдан ниҳоятда пишиқ қилиб қурилган (ҳайронман, тупроқ бўлмаса, ғиштни нимадан тайёрлашган?) казармага етиб келганимиздан кейин маълум бўлдики, ёшлигимиздан спорт билан қанча шуғулланган бўлмайлик, барибир ҳали хом эканмиз. Казарма ёнидаги спорт майдончасида яна турли машқларни бажариб, роса ҳолдан тойдик.

Нонуштадан сўнг сиёсий ўқув бошланди. Кечагидан фарқли ўлароқ, ҳаво очилиб кетган, қуёш нури деразадан ёғилиб турар, одамни уйқу босарди. Ўзимни сергак тутишга қанча ҳаракат қилмай, барибир, кўзим юмилиб кетаверарди. Бир менинг уйқум келаяптими, деб атрофимга назар солсам, бошқалар ҳам эснар, баъзилар бошини столга ташлаб, ётиб олганди. Бир пайт:

— Ҳамма ўрнидан турсин! — деган буйруқ янгради. Ўрнимиздан сапчиб турдик-да, тек қотдик. — Иккинчи рақамли кийимда ташқарида сафланинг!

Биринчи куниёқ бизга тўрт хил кийиниш ҳақида маълумот беришганди: биринчиси — фақат калта иштонда, иккинчиси — шим ва этикда, учинчиси — шим, этик ва ХБ (ипак ёки пахтадан тайёрланган кўйлак, костюм), сўнггиси эса, ҳамма кийимлар устидан шинел кийган ҳолатда.

— Сиёсий дарс ўтилаётганда ухлаганингиз учун жазо сифатида беш чақирим югурасизлар! Сафни бузмасдан. Башарти биронтангиз орқада қолиб кетсангиз, яна шунча масофа қўшилади.

Югуриш бошланди. Бизни бундай жазога мубтало қилган уйқу бирпасда учди. Тахминан тўрт чақиримгача биз лейтенант айтгандай югурдик, бироқ кейин Мекиладзе деган грузин йигит оёғи чалиниб йиқилиб тушди. Биз эса, унга қарамай, югуришда давом этдик. Бу бизнинг йўл қўйган хатомиз эди. Йиқилган шеригимизни ташлаб кетганлигимиз учун яна беш минг метрга югуриш жазоси белгиланди. Бошқаларни билмадим-у, аммо мен адойи тамом бўлдим. Охирги метрларни ана йиқиламан, мана йиқиламан, дея зўрға босиб ўтдим.

Бир ҳафталик ҳарбий хизмат шу тариқа ўтди. Кейин кўникиб кетдик. Ўшанда бизга кун бўйи югурасизлар, дейишганда ҳам бўйин товламасдан югураверардик.

Германиянинг об-ҳавоси ғалати экан. Тушгача қуёш чарақлаб туради-да, кейин бирдан жала қуйиб қолади. Икки соатлардан сўнг ёмғир тўхтаб, яна ҳаво очилиб кетади.

Ёмғирдан кейин қуёш нурлари атрофни яшнатиб юборади. Менимча, бу ерда ҳам булбул бўлса керак — офтоб булут орасидан бўй кўрсатаётган маҳал дарахт шохлари орасида дилкаш хониш янграйди. Бу овоз ўзимизнинг боғлардаги булбулнинг сайрашига жуда ўхшаб кетади…

Орадан бир ой ўтиб, қасамёд қабул қилганимиздан сўнг, ҳақиқий хизмат бошланди. Қўл жанги, дзюдо, каратэ каби спорт турларини машқ қилардик. Шунингдек, бизга немис тили жуда чуқур ўргатиларди. Ҳатто тилни яхшироқ ўзлаштиришимиз учун шаҳарга онда-сонда бирорта офицер ҳамроҳлигида чиқиб, немислар билан гаплашишга изн бериларди. Майор Батинковнинг айтишига қараганда, олти ойдан кейин Ғарбий Германияга боришимиз ва у ерда ҳозирги олган билимларимизни қўллашимиз лозим бўларкан. Одам зоти ҳамма нарсага кўникувчанлигини ўша кезларда ҳис қилгандим. Бўлмаса, бунақанги оғир меҳнатга одамзоднинг дош бериши қийин-ов!

Кўп ўтмай кучга тўлдик, командиримиз буйруқларини у айтганидан-да яхшироқ бажара бошладик. Шундан кейин сезиш қобилиятимизни кучайтириш машқлари бошланди. Асалари қутилари келтирилиб, бизни яланғоч қилишиб, аъзойи баданимизга асал суришди. Сўнг арилар маконига “саёҳат” уюштиришга мажбурлашди. Тўғриси, бунақанги балойи офатдан омон қолиш даргумон. Ҳар томондан юзлаб арилар шунақанги ёпирилдики, на қочиб, на уларни уриб ўлдириб қутуласан. Яхшиям, ҳар бир аскар бор-йўғи уч дақиқадан бу ажал комига қўйилди, акс ҳолда, бемалол жанозамизни ўқиб юбораверишса ҳам бўлаверарди. “Жаҳаннам” ёнида тўрт томони ойна билан ёпилган махсус «жон сақлаш» хонаси бор эди. Уч дақиқадан кейин унинг эшиги очиларди. Шу ерга қочиб кириб жонимизни омон сақлаб қолдик. Мана шундай “ажойиб” машғулотдан сўнг, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бирорта аскар бир-бирини таниёлмади. Ҳамманинг жони ҳалқумига келган, алами нақ бурнининг учида турарди. Битта ари чақса, билинмаслиги мумкин, лекин соғ жойинг қолмаса ҳар нарсага тайёр бўлиб қоларкансан.

Қариндош-уруғи-ю, ота-онасигача обдон “сийланган”, шу кунгача айтаётган гапига қалампир қўшмаса туролмайдиган офицерлар бирдан юмшоқ тортиб қолишди. Оиламиз, севган қизларимиз ҳақида сўрашди. Ўзларининг ҳаётларидаги қизиқ воқеаларни эслашди, эҳтиросли, кулгили латифалар айтишди. Қарабсизки, бир зумда аскарлардаги асабийликдан асар ҳам қолмади.

Орадан уч кун ўтиб худди ўша машғулот такрорланди. Бироқ бу сафар буйруқдан бош тортганлар бўлди. Айниқса, Мекиладзе: “Мен ўзимни ҳар қандай шароитда ҳам хор қилдириб қўймайман”, деди асабийлашиб. Унга дарҳол низом эслатилди, буйруқни бажармаслик оқибати нималарга олиб келиши уқтирилди. Бироқ Мекиладзе оёғини тираб тураверди. Шунда унинг юзига кутилмаганда мушт тушди. Зарба шунчалик кучли эдики, бечора гуржи йигит ўмбалоқ ошиб қулаганча бир муддат ҳушсиз ётди.

— Кўрдингларми, аҳмоқлар! — дея бўкирди майор Батинков кўзи қинидан чиққудек бўлиб. — Биттагина тасодифий зарбага чап беролмади! Эртага ҳаёт-мамот жангида ундан нима умид? Ё ичларингда ҳамма нарсани қойиллатадиганларинг борми?

Аскарларнинг боши эгилди. Зеро, ҳеч кимнинг калтак егиси йўқ эди. Машқ бошланди. Бирни кўриб анча фикр қилиб қолгандик. Таъзиримизни озроқ едик. Лекин негадир ҳеч ким асабийлашмади. Гуржи ҳам индамай танасини ариларга тутиб берди. Буни қарангки, ари чақса кимнинг қаери қанақа шишиши ҳам бизга маълум бўп қолди.

Олти ой мобайнида ариларга таланавериб, бу жониворлар билан қадрдонлашиб қолдик. Ўзиям тинимсиз ўлдираверганимиздан анча камайиб қолганди. Ютганимиз шу бўлдики, агар тошдай қотиб ухлаб ётганимизда ким ёнимизга келса, дарров сезадиган, хавфнинг олдини оладиган даражада сергаклашдик. Ухлаган ҳолатда энди исталган нарсани қўриқлашимиз мумкин эди. Албатта, ҳар қандай вазиятдан чиқиб кетишимиз, профессионал жангчига айланганимиздан қувонардик. Бироқ негадир хат жуда кам келар, келганлари ҳам қандайдир бошқача. Яъни, менга укам хат ёзадими, синглим хат ёзадими, дастхати, мазмун-моҳияти бир хил эди. Биз яхши, уйдагилар яхши ва ҳоказо гаплар. Маҳалламизда нима янгиликлар, синглим Саида ўқишга кирмоқчи эди, нима бўлди? Ботир футболга қатнашмоқчи эди, қатнашаяптими-йўқми, булар ҳақида уйдан келган хатларда лом-мим дейилмасди. Айниқса, ўзим ошиғу беқарор бўлган, лекин ҳеч қачон бирор оғиз ширин сўзини эшитолмаган Нафисага не умидлар билан ёзган хатимга келган жавоб таажжубга солди. “Ҳурматли, Собир ака, — дея бошланганди хат, — самимий тилакларингиз учун раҳмат. Мен сизни бирор дақиқа бўлсин, хаёлимдан чиқарганим йўқ. Доим сиз тўғрингизда ўйлаб юраман. Соғинаман. Шунинг учун ўша сиз билан суҳбатлашиб вақт ўтказган боққа тез-тез бориб тураман. Уйимизга бир-икки марта совчилар келганди, қайтариб юбордим. Отамга: “Менинг севган йигитим бор, ҳозир армияда. Мен унга ваъда берганман. Бошқага ўлсам ҳам тегмайман”, дедим. Отам тушунди. Совчиларни қайтариб юборди. Жондан азиз Собир ака, мендан мутлақо хавотир олманг, ўзингиз ёнимга, қучоғимга соғ-омон қайтиб келсангиз бўлди. Хўп, хайр! Сизни севиб қолувчи Нафиса”.

Қизиқ, умрим бино бўлиб Нафиса билан бирон жойда учрашмаганман. У мени кўриб қолса афтини бужмайтириб ўтиб кетарди. Унинг ваъдаси тўғрисида эса, гап ҳам бўлиши мумкинмас. Булар камлик қилгандай, “қучоғимга қайтинг”миш. Менимча, бу хат бошқа бировга ёзилган, адашиб менга келиб қолган, деган ўйда конвертнинг орқа томонига қарадим. Йўқ, бошқа бировга эмас, айнан менга юборилган. Назаримда, менинг хатим Нафисанинг дугоналаридан бирининг қўлига тушиб қолган-у, ўша қиз ҳазиллашиб Нафисанинг номидан хат ёзган. Асабим қўзиди. Нафисага хат ёзганимга афсусландим. Ҳойнаҳой, у дугонасига хатимни кўрсатиб, устимдан кулган. Тўғриси, агар ҳозир ҳарбий хизматда бўлмаганимда, одамнинг устидан кулиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўярдим ўша нозикниҳолга… Шунақа ўйлар гирдобида юрганимда, одессалик қуролдошим Олег Белоусов ёнимга келиб, дардини айтиб қолди.

— Ойимга хат ёзгандим. Яқинда жавобини олдим. Биласанми, ойимнинг дастхати бошқача эди. Кейин у бировга хат ёзса, албатта, украинчани аралаштирарди. Лекин жавоб хатида украинча сўз у ёқда турсин, дастхати мутлақо бошқача. Худди юрадиган қизимникига ўхшайди. Укамнинг хатиям шунақа дастхатда ёзилган. Ҳеч бўлмаганда, эркак билан аёлники бошқа-бошқа бўлиши керак-ку, тўғрими? — деди у пешонаси тиришиб.

Мен унга тайин бирор гап айтолмадим. Чунки хат масаласида ўзим ҳам ҳайрон эдим. Кейин билсам, ҳамма аскарларнинг аҳволи шундай экан. Аммо бу ҳақда ҳеч ким командирларга чурқ этмади. Гўё бу табиий ҳолатдай. Фақат кўнгилга шубҳа оралади.

Ҳарбий хизматимизнинг саккизинчи ойида бошқа десант полки билан биргаликда ўқув машғулоти ўтказдик. Ишонасизми, ўн беш киши бўлиб тўрт юз кишини “ер тишлатдик”. Одам яйраб кетаркан. Шунча одамнинг бизга кучи етмади. Полк командирига қўшиб уларга тегишли ҳамма ҳужжатларни “ўмариб” кетдик. Назаримда, ўшанда биз жиддий синовдан ўтгандик.

Ғалабамизнинг эртасига ротамизга генерал ташриф буюрди. Айтишларича, у дивизия командири экан. Ҳар биримизни билагимиздан ушлаб кўрди. Сиёсий мавзуда саволлар берди. Сўнг:

— Сиз мамлакатимизда тайёрланадиган ўнта гуруҳдан бирисиз, — деди салмоқ билан, — биз бошқа ҳар қандай ҳарбийлардан кўра, сизга кўпроқ таянамиз. Шунинг учун ҳам, бошқалардан бўлакча тайёргарликдан ўтдингиз. Куни кеча биз берган таълимнинг натижасини кўрдик. Аъло даражада. Шўрлик полковникни ўлдириб қўйишларингга оз қолибди… Энди йигитлар, ҳарбий хизматингизнинг қолганини бизга қарашли бўлмаган, яъни капиталистик давлатда ўтказасиз… Ўйлайманки, сиз ўзингизга берилган ишончни, албатта, оқлайсиз. Бугундан бошлаб сизлар ҳақиқий жосусларсиз. Шундай мақомга эришганингиз билан давлатимиз номидан табриклайман!

Генералнинг сўнгги гапидан кейин ҳаммамиз бир овоздан “Совет Иттифоқига хизмат қиламан!” дея бақирдик.

Ўн беш ўғлон Ғарбий Германиянинг ўн беш шаҳрига бўлиндик. Ўшанда ўн ой мобайнида битта казармада яшаб, бир хил овқат еб, қийинчиликларни биргаликда бошдан ўтказган йигитлар бир-биримизни охирги марта кўриб турганимизни билмасдик. Қолаверса, бизни қандай қора кунлар кутиб тургани хаёлимизга ҳам келмасди. Лекин уй манзилларимизни бир-биримизга ёзиб бериб, ҳарбий хизмат тугагач, албатта, учрашишга келишиб олдик.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Мухлислар талабига биноан асар қайта эълон қилинмоқда)

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

6 ФИКРЛАР

  1. Muhtaram muxlislar! Bu asar hali o’qimaganlar iltimosiga ko’ra qayta e’lon qilinmoqda. Nuriddin Ismoilovning yangi asarlariga ham buyurtma berganmiz. Tez kunda ularni ham chop etamiz.
    Siz so’ragan «Shams baldog’ining siri» asarini elektron shaklga keltirish biroz qiyinchilik tug’dirmoqda. Uni ham yaqin kunlarda e’lon qilish niyatimiz bor.
    E’tiborlaringiz uchun rahmat!

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here