Ўлимга маҳкум қилинганлар (2-қисм)

0

Менинг чекимга Ғарбий Берлин тушганди. У ерда мени Елизавета (асли исми Анна Саратова) исмли аёл кутиб турарди. Менга топшириқлар шу аёл орқали бериларкан. Ҳарбий хизматга алоқадорлик ҳужжатим олиб қўйилди, ўрнига Ғарбий Германия фуқаролиги ёзилган қалбаки паспорт беришди. “Паспортим”га қарасам, исмим Абрам, фамилиям Романов. “Одамнинг бир миллатдан бошқа миллатга айланиши ҳозирги замонда ҳеч гап эмас экан”, дея ўзимча кулиб қўйдим.

Елизаветани топиш менга мушкуллик туғдирмади. Вокзалда поезддан тушсам, ўзи кутиб турибди. Оппоққина, сочлари сариқ қиз кулиб ёнимга келди-да:

— Яхши етиб келдингми, Абрам? — деб юзимдан чўлпиллатиб ўпиб, қўлтиқлаб олди. Мен унинг бу ишидан ажабланмадим. Ўзи шундай бўлишини кутгандим. Қолаверса, менга “Елизавета хотининг вазифасини бажаради. Ўзи аввал қизлар билан юрганмисан?” — деб сўрашганди. Мен “йўқ” деган маънода бошимни қимирлатганимдан сўнг “Омадинг бор экан, йигитча, Анна ниҳоятда кетворган қиз, борганингдан кейин ўзинг ҳам бунга амин бўласан… Яна асосий ишни унутиб қўймаларинг… Бу ёғи тушунарлидир?” — дея уқтиришди.

— Аввалгидан ҳам очилиб кетибсан, — хушомад қилдим мен Аннага немис тилида.

— Раҳмат, — деди у майин овозда ва қўлимни беозоргина чимдиб қўйди.

Биз таксига ўтирдик. Йўл бўйи гаплашмадик. Мен кўз қирим билан шаҳарни томоша қилиб кетдим. Очиқчасига, биринчи марта кўраётган одамдек берилиб, ютоқиб томоша қилиш мумкин эмасди. Биздан ҳатто такси ҳайдовчиси ҳам хитланмаслиги даркор. Шаҳарнинг таърифига тил ожиз. Мен илк бор Шарқий Германияни кўрганимда оғзим очилиб қолган. Бу шаҳар эса ундан ўн чандон чиройли эди. Мен номини билиб-билмайдиган ярақлаган машиналар, кўчалар озода, бир-биридан ҳашаматли бинолар… Лекин худди шарқдаги шаҳардаги каби бу ернинг одамлари ҳам хунукдан-хунук. Назаримда, ёнимда ўзича хаёл суриб кетаётган Аннадан гўзалроқ қиз йўқдай.

Ниҳоят, биз манзилга етиб келдик. Икки юз йил аввал қурилган (бино пештоқига 1783 йил деб ёзилганди) бинонинг учинчи қаватига кўтарилдик. Бошқалардан асло фарқ қилмайдиган, ўттиз беш рақами ёзилган эшикни Анна калити билан очиб мени ичкарига таклиф қилди. Уй ичи шинамгина экан. Ётоқхона, ошхона ва иккита махсус магнитофон жойлашган ишхона билан таништиргач, Анна:

— Қалай уйимиз? — деб сўради кулиб.

— Умуман олганда ёмон эмас, чидаса бўлади, — дедим мен ундан кўзимни узмай, — фақат иккаламиз битта каравотда ётишимизни ўйламаган эканман.

— Мен билан ётишни истамайсанми? — дея Анна икки қўлини бўйнимдан ўтказиб қучоқлади.

— Сен билан ётиш учун келмаганман, шекилли?

— Шунақами, — деди-ю, Анна дзюдо услубида мени устидан ошириб отиб юбормоқчи бўлди. Бироқ ғайриихтиёрий куч ишга тушиб, унинг ўзини чалқанчасига ағдариб ташладим. Қиз хафа бўлмади.

— Зўрсан, қани энди туришимга ёрдам бериб юбор-чи! — дея у қўлини узатди. Ўшанда мендаги сезгирлик қисқа муддат панд берди: Анна икки оёғим ўртасига чунонам тепдики, жоним чиқиб кетай деди. Эгилиб-букчайган кўйда:

— Мараз! — дедим.

— Хафа бўлма, сени… — бироқ у гапини охиригача айтолмади. Биқинига тирсаклаб урдим. Энди у букчайганча полга қулади. Бироз ўтгач, ҳушимни йиғиб, ваннада юзимни ювиб қайтиб келсам, Анна ҳали ҳам ўзига келмаган экан. “Ўлдириб қўйдимми?” деб қўрқиб кетдим. Кейин секин бўйин томирини ушлаб кўрдим.

— Тирикман, — деди у хириллаб. Уни кўтариб ювиниш хонасига олиб кирдим. Юзини, бўйнини ювганимдан кейин бироз чиройи очилди.

— Энди мен билан бунақа ҳазиллашма, — дедим унга жиддий тикилиб. У бошини қимирлатиб “хўп” ишорасини қилди ва:

— Ҳали ўлишимга эрта, ўзи ҳаётга келиб одамга ўхшаб яшамаганман. Ҳеч қурса, умрим озгина чўзилсин… Сени шундай кутиб олганим учун узр. Бошқа такрорламайман. Энди бориб музлатгични оч-да, ичимликларни ошхонадаги стол устига ол, овқатланамиз, — деди.

У столга ўтиришдан олдин обдон бўянди. Тўғриси, ундан буни мутлақо кутмаган эдим. Таажжубланиб қараб турганимни кўриб Анна кулди.

— Шунақа чиройли бўлиб ёнингда ўтирсам, балки урмассан? — деди. Мен ҳам унинг гапидан кулиб юбордим.

— Хавотир олма, энди бўғзимга пичоқ тортиб юборсанг ҳам урмайман. Сенга қўл кўтарганимдан ўзим хижолатдаман, — дедим, — ўзим истамаган ҳолда шунақа бўп қолди. Тўғриси!

— Урмаганингда ҳозир сени ҳайдаб чиқарган бўлардим. Бу бўлмас экан, деб. Аслида мен сени синаётгандим… — Анна дастурхонга бироз қараб турди-да, ўрнидан туриб кетди. Мен унинг бу қилиғига ҳайрон бўлдим. Бироздан кейин Анна қўлида бир шиша ароқ билан келди. Ёшлигимдан спиртли ичимликни ёмон кўрардим. Қўшнимиз бўларди — Акмал ака деган. Деярли ҳар куни ичиб келиб хотинини урар, бечора болалари қўрққанидан бизникига қочиб келиб ўтиришарди. Шўрлик хотини калтакнинг зарбидан жигари эзилиб ўлиб кетди. Акмал ака кўп ўтмай яна бошқа аёлга уйланиб олди. Аммо бу хотиниям унинг ичкилигига дош беролмади, қочиб кетди. Болаларига эса, биринчи хотинининг отаси эгалик қилди. Кейин Акмал ака тўсатдан бетоб бўп қолди. Касалхонага ётди. Лекин ҳолидан хабар оладиган одам топилмади, хор-зор бўлиб ўлди. Айтишларича, ўлигигаям эга чиқмабди. Ўша одамни энам доим эслатиб, бизларга: “Биронтанг ичадиган бўлсанг, Акмал пиёнга ўхшаб қоласанлар”, дерди. Бу ичкиликни ёмон кўриб қолишимга биринчи сабаб бўлган бўлса, иккинчидан, бизни жосусликка тайёрлаётганларида барча касофатнинг бошида ичкилик туришини қулоғимизга қуйишганди. Шу боис, Аннанинг қўлидаги ароқни кўрибоқ афтим бужмайди.

Қиз ҳолатимни дарров сезди. Сезди-ю, ўша ўзининг гўзал табассумини менга ҳадя этиб:

— Ичкиликни ёқтирмайсанми? — деб сўради. Мен “йўқ” дегандек бошимни қимирлатдим.

— Тўғри қиласан. Аслида мен ҳам ёқтирмайман, буни сенга расмиятчилик юзасидан айтаётганим йўқ. Мени синаяпти, деб ҳам ўйлама. Баъзилар бу матоҳ учун жонини ҳам беришга тайёр, шунчаки удум учун стол устига қўядиганлар ҳам йўқ эмас. Биз ана шу удумни ҳурмат қилайлик. Ҳатто, бир қўл ичиш ниятим ҳам йўқ эмас. Албатта, сен учун. Сабабини кейин ўзинг билиб оласан, балки билмассан ҳам.

Анна, ўзи айтганидай, қадаҳни тўлдириб бир кўтаришда сипқорди. Мен эса, шунчаки лабимга теккизиб қўйдим. Шундан сўнг Анна иккаламизнинг суҳбатимиз қизиб кетди. У шўх-шодон ёшлиги ҳақида тўлиб-тошиб гапирди. Биринчи севган йигити уни деб учта синфдоши билан муштлашгани, учаласининг ҳам бурнини қонатиб қўйганини тўлиб-тошиб, ғурурланиб гапириб берди. Бироқ унинг қалбида илк муҳаббатни уйғотган йигит кейин бошқа қиз билан юриб кетибди. “Камида еттита йигит билан юрганман. Орамизда ҳар нарса бўлган. Мен бундан афсусланмайман. Қайтанга ёшлигимни яйраб ўтказганман. Ахир, ёшлик бир марта берилади-ку. Қолаверса, йигитлар билан “юриш” мен учун айб эмас. Биласанми, мен бир китоб ўқигандим. Ҳозир муаллифиям, роман қаҳрамонлариям ёдимда йўқ. Эсимда қолгани, бир фоҳиша қиз юртига душман бостириб кирганида мислсиз қаҳрамонликлар кўрсатади. Ватани учун жонини беради. Лекин унинг устидан доим кулиб юрадиганлар, қизни керакмас матоҳга айлантириб қўйганлар ўз тупроғи, киндик қони тўкилган Ватанни сотишади. Эшитаяпсанми, сотишади, хиёнат қилишади. Менингча, бундан оғирроқ хиёнат бўлмаса керак. Шунинг учун мен ҳам сенга очиғини, тўғрисини айтсам, шунча йигитлар билан юрган бўлсам-да, юрагим тоза… Керак бўлса, ўнта эркакнинг ишини бир ўзим бажаришим мумкин”, дея у бироз ўйланиб қолди. Сўнг:

— Мақтанишни бопларканманми? Билсанг, одам баъзан мақтаниб қўйишни ҳам эсидан чиқармаслиги керак. Ана, кўрдингми, мен ўзимнинг қанча сирларимни очиб ташладим. Энди сен гапир, севган қизинг тўғрисида гапир. Ёшлигингдаги энг зўр пайтлар ҳақида гапир, мен эшитаман, – деди.

Мен бу маҳал бошқа нарса ҳақида ўйлаётгандим. Ҳозир Анна мени авраб ичимдаги бор гапларни суғуриб олади-да, кейин керакли жойга етказади. Қарабсизки, мени камида “ДИСБАТ” кутиб турибди. Чунки ўзи бу ерга қандай келиб қолгани, қаерда қандай тайёргарликдан ўтгани ҳақида лом-мим демади-ку!.. Ҳозир севган қизим ҳақида сўрайди, кейин гапни айлантириб тайёргарлик кўрган жойларим ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилади… Бизга ҳар қандай гапдан хавфсиранглар, деб бекорга ўқитишмаган-ку!..

— Ёшлигим сеникидек қизиқ ўтмаган, — дедим сохта табассум билан.

— Нима, шу ёшгача биронта қизни севмаганмисан?! — деди у ҳайратдан кўзлари ёниб.

— Севишга-ку севганман, лекин у рози бўлмаган.

— Рози бўлмади деб юравердингми? Топмадингми рози бўладиганини?

— Бошқа қизлар ёқмасди.

— Ҳеч қурса ўпишганмисан?

— Бе, қаёқда?.. Ёнига йўлатмасди у. Ундан кейин, бизда севишсаям, йигит қизга тўйгача яқин йўламайди. Шунчаки гаплашиб юраверишади. Тўғри, бир-бирини ялаб-юлқайдиганларам бор…

— Эҳ, бечора, — дея сочимни силади Анна, — ҳали биронта қизни қўлиданам ушламаганман дегин.

Мен индамай бошимни қимирлатганча маъқулладим. У эса, ўзининг қадаҳига ароқ тўлдирди-да, менга:

— Сенам қадаҳингни ол, — деди.

— Барибир ичмайман-ку, шартми олишим? — дедим мен кулиб.

— Бу сафар ичасан! Ичмасанг бўлмайди, ҳар нарсадан гумон қилаверма! Юракдан айтаяпман бу гапларни.

Дарҳақиқат, Анна бутунлай ўзгариб кетганди. Қандайдир ўзгача… Мен буни таърифлаб беролмайман. Тушунганим шуки, ҳозир унинг айтганини қилмасам, йиғлаб юборадиган ёки бўлмаса қўлидаги қадаҳни башарамга отадиган шашти бор. Бунинг устига, сўзлари самимий. Қўлимга қадаҳни олдим-у, у билан чўқиштирмасдан, унинг ичишини кутиб турмасдан охиригача ичиб юбордим. Ичимлик бўғзимни куйдириб ўтгандай бўлди.

— Бало экансан-ку, — деди у бужмайган башарамга қараб. Сўнг ўзи ҳам шошилмасдан қадаҳини бўшатди-да, қўлидаги идишни столга қўяр-қўймас лабимга лабини босди. Мен умримда ўпишмаганимданми, бир зумда Аннанинг қулига айланиб қолдим. Юрагим ҳаприқиб, баданим ўт бўлиб ёнди, қиз чаққонлик билан аввал ўзининг, кейин менинг кийимларимни ечиб ташлади… Кейин қулоғимга “тўшакка олиб бор”, дея пичирлади…

Эртасига шаҳар айландик. Анна менга зарур “объект”ларни кўрсатди. Шундан сўнг уйга қайтиб, кўрганларимизни харитага туширдик. Аслида бу жойларни Анна беш бармоғидай биларкан. Харита чизишимиз, шунчаки менинг хотирамни синаб кўриш учун керак бўлгандир. Хотирамдан ҳеч қачон нолимаганман, шу боис, ҳамроҳим — “хотиним”дан бироз ранжидим. У ҳолатимни тушунди. Бироқ эътибор қилмади.

Ўша куни кечқурун ишқий ўйинлар оғушидан сўнг:

— Қанча вақтдан бери бу ердасан? — дея сўрадим Аннадан.

— Анча бўлди, нимайди? — деди у сочимни силаб.

— Мендан олдин нечта йигит келган бўлса, ҳаммаси билан ётганмисан? — дедим унинг бошимни юмшоқ қўли билан силашидан роҳатланиб, кўзимни юмиб ётарканман.

— Қўйсанг-чи, шунақа гапларни, — деди Анна қўлини бошимдан олиб, шифтга қараб ётаркан.

— Шунчаки сўрадим-да!

— Кеча сенга гап биров билан ётиб-туришда эмас, деб айтгандим-ку!

— Бўпти, бошқа сўрамайман. Эртага нима иш қиламиз?

— Уйдан чиқмаймиз, буйруқни кутамиз.

— Бўпти, энди ухлайлик, хайрли тун!

Эртаси тушдан кейин Анна айтган буйруқ келди: Бонндан АҚШ жосуси учиб келаркан, биз унинг бу ерга келишидан мақсади нималигини аниқлашимиз лозим.

— Бу топшириқни бажариш осон кечмайди. Бизга биргина имконият берилибди, у ҳам бўлса, келадиган одамнинг сурати… Фикримча, америкалик жосуслар ўзларини олиб кетишлари учун махсус машина чақиришмайди. Аэропортдан дарҳол таксига ўтиришади — ўзларини оддий одамдай тутишади. Бу бизга қўл келиши мумкин. Хўш, сен машина ҳайдай оласанми? — деди Анна юзимга жиддий тикилиб. Унинг қараши мутлақо сирли эди.

— Йўқ, — дедим мен кулиб.

— Эҳ, йигит, — деди у хўрсиниб, — ёлғон гапирмагин-да!.. Режа тузамиз. Фикрингни айт.

— Иккаламиз ҳам машинада таксичи қиёфасида борамиз. У ё сенинг машинангга ёки меникига ўтириши шарт.

— Бунинг учун иккаламизга ҳам машина керак.

— Бу сен учун муаммо бўлмас.

— Бўпти, келишдик.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Мухлислар талабига биноан асар қайта эълон қилинмоқда)

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Ўлимга маҳкум қилинганлар (1-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here