Кечиккан ишқ

0

Қишнинг совуқ шамоли шундоқ ҳам сени деб шикаста қалбимни дийдиратади. Нигоҳингдан сочилаётган муздек қор парчалари юрагимга қаҳратон совуқни уфуради. Кўнглим хиёбони яхмалакка айланади. Юрагим ана шу яхмалакда тойиб йиқилишидан, лат ейишидан ва сенинг совуқ нигоҳингдан озорланишидан жуда қўрқаман. Эндигина юрак тубида бош кўтарган ишқ чечакларига сен муздек нафасингни юбориб, уларни бевақт хазон қилдинг. Уларнинг қовжироқ гулларига ҳиссиз нигоҳингни қадаб, бепарво ва лоқайд ўтиб кетдинг. Сени деб очилган ишқ чечаклари сенинг ҳиссизлигинг қурбонига айланди. Ўтинч, кўз ёшлар сенинг муз юрагингни эритолмади, афсус.

Соғинч, ҳижрон, айрилиқнинг шамоли, муздек қорлари ортида қолган ишқ чечакларига ойлар ўтиб баҳорнинг илиқ меҳр нурлари тушиб, унинг бандларидаги музларни эритиб, унга жон бағишлади. Совуқ қишдан кейин муҳаббат баҳорининг келиши япроқларга, гулга, илдизга қайта ҳаёт бахш этиши хазон бўлган гулни қайта уйғонишга, яшашга ундайди. Олислардан таралаётган ҳазин хотиралар дилда бироз оғриқ уйғотади-ю, сўнг тумандек тарқаб, унинг ўрнини яшашга ҳавас, қизиқиш эгаллайди. Бемаврид келган айрилиқнинг изғиринли шамоллари елиб-елиб ўз поёнига етади.

Гоҳида чиройини кўз-кўз қилаётган алвон рангдаги бу «муҳаббат» гулларининг қип-қизил, хушбўй ғунчаларини мириқиб юзимга босаман. Эҳтимол, бир пайтлар унинг бандларини қовжиратган «армон» шамолларининг борлиги ҳам тўғридир. Бу чечак ўша совуқ хиёнатнинг, аччиқ айрилиқнинг қўлларида адо бўлмади. Аксинча, ўткинчи ва ёлғончи ҳисларга дош берди… Япроқларини узиб ташлаган аччиқ елларга кўз тикиб қайта япроқлади. Бу айрилиқ, ҳижрон, соғинч ғалаба қилди дегани эмас. Аксинча, ана шу совуқ ҳислар уни қайта гуркирашга, яшашга, яшнашга ундади.

Бевафо, хиёнаткор! Яхшиям сен борсан! Аввал сени жондан азиз суйдим, сўнг сенинг қалбсизлигингдан нафратландим, бироқ сенинг армонинг, сенинг ҳижронинг, сенинг хатоинг йўлимни топиб олишимга, ўзимни қадр этишимга, ҳақиқий муҳаббатимни топишимга имкон берди. Сендан миннатдорман! Чунки сен қайта кашф қилган бахтимни, муҳаббатимни, ҳақиқий бахт қўрғонимни топишга сабабчисан.

Шарбатой ЮЛДУЗ

(«Ҳордиқ плюс» газетасининг «Кўнгил» саҳифасидан олинди)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here