АРОСАТ… (Йигирма саккизинчи қисм)

0

 

Оллоҳим, ташаккур борлигинг учун,

Бошимга тизгинсиз дардлар ташладинг.

Беҳад хурсанд бўлдим ситамларингга,

Бандалар ичидан мени танладинг…

Ташаккур, тишимни тишимга қўйдим,

Руҳимда товушсиз нурли куласан.

Дардлар юборибсан… Ғамлар юборибсан…

Демак, борлигимни ўзинг биласан… (қўшиқдан)

 

ҚАБРИСТОНДА ҚОЛГАН ҚАЛБИМ

 

* * *

Мана, йил айланиб тағин баҳор юз кўрсатди. Квартира деразасигача эгилиб тушган улкан дарахт ҳам куртак ёзиб, теварак қалдирғочларнинг чуғур-чуғурига тўлди. Очиқ ойнадан баҳор нафаси уфуриб, хоналарни чулғади. Бироқ буларнинг ҳеч бири кўнглимга сиғмайди. Наргиза тобора оғирлашиб боряпти. Дори ҳам кейинги кунларда таъсир қилмаётгандек. Уколдан сўнг беш дақиқа тинчланган бўлади-ю, қайтадан инграй бошлайди. Иштаҳаси ҳам вақт ўтган сари йўқолмоқда. Тез-тез сув сўрайди. Чўпдек озиб кетган…

Мен хона деразаларини маҳкам ёпдим-да, Наргиза томон ўгирилдим. У каравотда чўнқайиб ўтирганча пинакка кетганди. Ҳа, кейинги кунларда фақат ўтириб ухлайдиган одат чиқарди. Ётса, бадани симиллаб оғрирмиш.

Секин каравотга яқинлашиб тепасига энгашдим. Эссиз, яқиндагина юзлари тўлишган, икки ёноғи қип-қизил эди. Озиб, лунжи ҳам осилиб тушаёзибди.

Наҳотки, унинг сўниб бораётганини энди сезган бўлсам?.. Қандай даҳшат? Шу кунга қадар рўмол ўраб юргани сабабми, пайқамаган эканман. Бугун бош яланг ҳолда кўрдим-у, қўрқиб кетдим. Кеча ҳам шундаймиди? Ё бирдан бошландими? Бошини яра босибди. Сочлари тўкилиб туша бошлабди.

Шу пайтгача кўзим қаёқдайди? Нега бирор марта бўлсин рўмолини ечиб кўрмадим? Ахир, бирор малҳам суриш керак-ку! Ўзи қандай чидаётган экан?

Даст ўрнимдан турдим-у, йўлакка чиқдим. Соҳиба опа супур-сидир қилаётган экан. Менга кўзи тушиб лаб буриб олган бўлди-да, супуришда давом этди.

Нима қилсам бўлади? Қайдан топай ўша малҳамни? Топганимдаям ёрдами тегадими-йўқми? Тўхта, дўхтир нима деганди? Узоғиминан олти ой яшайди деганди. Энди нима бўлади? Наргиза ростдан ўлиб қоладими?

Юрак ютиб Соҳиба опага айтмоқчи бўлдим. Бир неча марта сўз бошлашга чоғландим. Барибир уддасидан чиқа олмадим. Биламан, бу аёл ўшандан бери менга орқа ўгириб юрибди. Саломимга ҳам жони чиққудек зўрға алик олади. Агар ҳозир нимадир десам бобиллаб беришдан ҳам тоймаса керак. Яхшиси, тилимни тияман-у, ортимга қайтаман.

Тўғри қилган эканман. Наргиза уйғонибди. Ёнига ўтирдим-да, елкасидан эҳтиёткорона қучдим.

— Йў-ўқ, — шивирлаб қўлимни елкасидан олиб ташлашга тутинди у. — Оғриб кетяпти. Сочларимгаям қўл теккиза олмаяпман. Ҳаммаёғимни яра босди.

— Нега шивирлаяпсиз? — сўрадим баттар хавотирим ортиб. — Сизга нима бўлди?

— Мен… Тушимда бобомни кўрдим, — яна шивирлаб кўзларимга қўрқув аралаш боқди Наргиза. — Эшитяпсизми? Бобом тепамда айланяпти. Ана, ҳозир ҳам рўпарамда турибди. Қўлимдан тортқилаяпти. Мени олиб кетгиси келяпти. Кўряпсизми сизам?

— Бу нима деганингиз? — унинг икки елкасидан маҳкам тутиб ўзимга қаратдим. — Қўрқитманг унақа! Қанақа бобо? Ҳеч ким йўқ хонада!

— Сиз кўрмаяпсиз-да, — янада секинроқ пичирлади Наргиза. — Мен аниқ кўриб турибман. Фақат-чи, опамга айтманг! У билмасин, хўпми? Биласиз-ку, қизғанчиқ! Бобомни менга тескари қилиб қўйишданам тоймайди у.

Шундай деб Наргиза қайтадан ёстиққа ёнбошлади ва кўзларини юмиб олди.

Йўқ, бундай қараб тура олмайман. Опасига айтишим керак. Шошилишим зарур, шошилишим.

Таваккал ўрнимдан туриб йўлакка чиқдим ва ошхонада идиш ювишга тушиб кетган Соҳиба опага яқинлашдим.

— Опа, Наргиза алаҳлай бошлади, — дедим ётоққа ишора қилиб. — Бобом ёнимга келди, рўпарамда турибди деяпти.

Соҳиба опа бу гапимни эшитгани ҳамоно ётоққа чопиб кириб мудрай бошлаган Наргизани силтай кетди.

— Ҳой, Наргиз, бу нима қилганинг, сингилжон? Қанақа бобо? Эсингни еганмисан? Кўзингни очсанг-чи, очақол!

Йўқ, Наргиза шу тобда ўлим билан олишарди. Унинг қур-қур титраб қўяётган озғин жуссасига боқиб беихтиёр бўғзимга нимадир тиқилгандек бўлди. Қандайдир ёввойи куч мени ортга тисланишга мажбур этди. Танамни тер босди. Кўзларимдан дувиллаб ёш оқа бошлади.

Наргиза эса жон талвасасида титроқ аралаш ўрнидан қўзғалишга уринди. Кучи етмагач, қўлларини олдинга чўзиб мени чорлай бошлади.

— К-келинг! Мени бағ-ғрингизга босинг, Қ-Қодир ака!..

Ҳалитдан дод-вой қилишга тушган қайнсингилларимни нари сурдим-да, жонҳолатда Наргизани қучоғимга олдим.

Жуфтимнинг оёқ-қўллари музлай бошлаганди. Оғир-оғир нафас олар, ҳар гал хўрсиниб-хўрсиниб қўярди.

— Нималар бўляпти, Наргиза? — дея ҳайқирдим мен. — Нега мени қўрқитяпсиз? Сизсиз нима қиламан?

Афсуски, бу фарёдимга жавоб ололмадим. Наргиза нималардир дея алаҳлай-алаҳлай бошимни, юзларимни силашга тутинди. Аммо улгурмади. Бирдан титрашдан тўхтади-ю, жимиб қолди.

— Йў-ўқ!.. Наргиза-а!.. Ундай қилманг!..

— Нарги-з!.. Сингилжо-он!

Бизларнинг оҳ-фарёдимиз ҳаммаёқни тутиб кетди.

Ҳа, бир неча ой бўлса-да, меҳрини бағишлаган инсон жон таслим қилиб бўлганди.

* * *

… Қабристон сув қуйгандек жимжит. Наргизани дафн қилганимиздан сўнг ҳамма ортга қайтди. Мен бўлсам кетишни ўзимга раво кўрмадим. Худди менсиз суюклигим қабристонда ёлғизланиб қоладигандек, мендан ранжийдигандек туюлаверди.

Сезиб турибман. Наргизанинг руҳи шу атрофда, менга жуда яқин жойда беркиниб турибди. Ҳар бир ҳаракатимни, сўзлаган сўзимни кузатяпти. У ҳам мендан воз кеча олмаётганини чуқур ҳис этяпман. Демак, қабр тепасидан кетмайман. Ўзини кўрмасам-да, гаплашавераман, дардлашавераман. Умуман, энди кимга керакман? Менга яқин бўлган аёл бу дунёни тарк этди. Ҳаётлигида тортган азоблардан халос бўлиб жони, жасади тинчланди. Энди унга фақат менинг ширин сўзларим, эркалашларим, қабр тепасида ўтириб кун ўтказишларимгина керак. Энди Наргиза олдингидек оҳ чекмайди. Хотиржам сўзлаша олади. Мени сира оғринмасдан тинглай билади.

Шу маҳал жуда таниш товуш жаранглагандек бўлди.

— Қодир ака, қалайсиз?..

Мен сесканиб бошимни кўтардим-да, атрофга алангладим. Ҳеч зоғ йўқ.

Товуш яна такрорланди:

— Қодир ака, омонмисиз?

Шундагина англадим. Бу Наргизанинг овози эди. Ер остидан шу қадар кучли жарангладики, гўё бутун қабристонни тутиб кетгандек бўлди.

Ранги қутим учиб олдинига ура солиб қочдим.

Чамаси йигирма-ўттиз қадам нарига етгач, таққа тўхтадим. Қадрдон овоз сеҳри мени кетишга қўймасди.

Юрагим орзиқиб, қўрқувни-да унутдим. Ҳатто бу маскан абадият майдони экани ҳам ёдимдан чиқди.

Наргизамни кўриш, овозини эшитиш иштиёқи кучли келиб эҳтиёткорлик билан орқамга қайтдим.

Қабрга яқин келганим заҳоти тағин ўша товуш қулоқларим остида жаранглади.

— Зерикмаяпсизми?

Очиғи, гангиб қолдим. Наргизанинг қаердан туриб гапираётгани маълум эмасди. Овози қаердандир самолардан келаётгандек бўларди.

— Меҳрибоним, қайдасиз? — ҳайқирдим қабрни айланиб чопиб. — Айтинг, қаердасиз ўзи? Мен сизни соғиниб кетяпман! Юзингизни кўргим келяпти!

— Мана, мен шундоқ яқинингиздаман, — деди Наргиза кулиб. — Ҳов анави чинорни кўряпсизми?

— Ҳ-ҳа, кўрдим! — қичқирдим ўша чинор томон югуриб. — Қанисиз? Йўқсиз-ку!..

Жавоб ўрнига Наргизанинг шўх-шодон кулгиси қабристонни тутди.

— Менинг ҳеч қаерим оғримаяпти! — энди Наргиза кулги аралаш шивирлади. Лекин шивирлаш ҳам шундоқ қулоқларим остида аниқ-тиниқ эшитиларди. — Эшитяпсизми? Мен энди касал эмасман. Кайфиятим ҳам аъло!

— Нега унда сизни кўра олмаяпман, азизам? Наҳотки, яна мени қийнашни хоҳлаётган бўлсангиз?

— Сиз ҳеч нарсани ўйламанг. Буёғига азобда бўлмайсиз. Ҳали жудаям бахтли бўласиз.

— Менга сизсиз бахтнинг кераги йўқ. Ҳа, керакмас ҳеч нарса!

— Бўпти, келинг беркинмачоқ ўйнаймиз! — деди Наргиза. — Эсингиздами, уйимизда тез-тез ўйнардик. Мен шкаф орқасига ўтиб олсам тополмай роса хуноб бўлардингиз? Шу ўйинни ўйнасак, кайфиятингиз кўтарилади. Ўйнаймизми?

— Хўп, — дедим телбаларча жавдираб. — Ўйнайман. Сиз кетиб қолмасангиз бас.

— Қани, унда бошладик! Хўш, мен қаердаман? Топинг-чи!..

Мен бошқа бир чинор тарафга қараб югурдим. Лекин Наргиза йўқ эди.

Бу гал у ўттиз қадамча наридаги айвонча томондан овоз берди.

— Ку-ку! Мен буёқдаман!

* * *

Шу кўйи ярим соатча итдек ҳакиллаб чопдим. Наргизани топа олмадим.

Нафсиламбрини айтгганда, уни топа олмаслигимни ҳис этиб турардим. Шундай бўлса-да, елиб-югурар, ҳар сафар қўнғироқдек овозини эшитганимда сархуш бўлардим.

Бир пайт қадрдон овоз умуман эшитилмай қолди. Ваҳимага тушиб баттарроқ ела бошладим.

Наргизани йўқотиб қўйишдан шу қадар қаттиқ қўрқдимки, бир гектар келадиган қабристонни бир неча марта айланиб чиқиб уни қидирдим.

Энди қабр ичидан бўғриққан товуш эътиборимни тортиб тиз чўкдим.

— Қодир ака, мени топинг!

— У ерда нима қиляпсиз? — телбаларча бақирдим. — Нафасингиз қайтиб кетади-ку! Чиқа қолинг ташқарига!

— Чиқмайман! Чиқмайман! — хандон отиб кулди Наргиза. — Ажаб бўпти! Ажаб бўпти!

— Илтимос, мени зор қилманг! — юзимни қабрга босганча йиғлагудек ёлворардим. — Биласиз-ку, сизни бир дақиқа кўрмасам, тамом бўламан!

— Хўп, сиз айтганча бўла қолсин! — тағин кулди у.

Аммо овоз бу сафар шундоқ орқамда жаранглади. Мен жонҳолатда ўрнимдан туриб товуш келган томонга қарадим.

Ҳеч ким йўқ. Лекин Наргиза сўзлашда давом этарди.

— Чарчадингизми? Бўлди, энди дам олинг! Мениям кетар вақтим бўлди шекилли.

— Қаёққа? Нега кетасиз? Энди ҳеч қачон овозингизни эшита олмайманми?

— Эшитасиз. Қачон соғинсангиз, чин юракдан чақиринг! Дарров етиб бораман. Фақат-чи, ҳеч кимга билдирманг! Илтимос, хайрлашишдан олдин юзимни силаб қўйинг!

— Қ-қанақасига? — бироз довдираб атрофимга алангладим. — Сиз… Йўқсиз-ку!

— — Қўлингизни олдинга чўзиб худди юзимни силаётгандек ҳаракат содир этинг! Мен албатта ҳис қиламан.

Афсуски, улгурмадим. Қўлларимни олдинга кўтаришим билан айвонча томондан келаётган Олим ака ва ёнидаги икки қайнимга кўзим тушди.

Улар жадал юриб келишар, мендан кўз узишмасди.

Олдинига таққа тўхтаб, негадир қочиб қолмоқчи бўлдим. Бироқ тезда бу фикримдан қайтиб, мен ҳам уларга пешвоз чиқиш илинжида олдинга интилдим…

Юрагимнинг аллақаерида оғриқ турганини, кўнглим ағдарилиб, бошим гир-гир айланаётганини ҳис этдим. Танамни муздек тер қоплади. Шу орада Наргизанинг «Қодир ака-а-а!» деган қичқириғи қулоғимга чалинди.

Аммо ортга ўгирилишга қурбим етмади. Наргизамнинг қабри ёнига юзтубан йиқилдим ва ҳушимдан кетдим.

* * *

Кўзимни очганимда, квартирадаги каравотда ётар, тепамда қайним, Олим ака ва Соҳиба опалар хомуш ўтиришарди.

Ҳануз ҳеч нарсани идрок этмасдим. Қулоқларим остида Наргизанинг сўнгги ҳайқириғи янграрди.

Секин ўрнимдан туриб ўтирдим-да, атрофга алангладим.

— Ҳа, ука, тузукмисан? — хавотир аралаш сўради Олим ака икки елкамдан маҳкам сиқиб. — Нима бўлди? Кимни излаяпсан?

— Наргиза! — дедим хириллаб. — Наргиза мени чақирганди. У шу ерда бўлиши керак.

— Йўқ, сен қаттиқ асабийлашганинг учун шундай туюлган, — мени юпатди Олим ака. — Наргизани қабрга қўйиб келдик-ку, ука!

— Биламан. У билан гаплашдим, нега ишонмайсизлар? Иккаламиз бекинмачоқ ўйнадик. Анча гаплашиб ўтирдик… Наргизанинг ҳеч қаери оғримаяпти экан. Жони тинчланиб, ўзини жуда яхши ҳис эта бошлабди. Ўзи айтди.

— Хайрият, — пиқиллаб йиғлаганча гапга аралашди Соҳиба опа. — Ҳеч қурса, ўлгандан кейин ором олаётган экан. Ишқилиб рост бўлсин!

Олим ака хотинининг бу гапидан сўнг унга бир ўқрайди. Аммо қайнимга сездирмай, зўрма-зўраки жилмайиб курсида турган пиёладаги чойни қўлига олди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here