АРОСАТ… (Йигирма тўққизинчи қисм)

0

 

Оллоҳим, ташаккур борлигинг учун,

Бошимга тизгинсиз дардлар ташладинг.

Беҳад хурсанд бўлдим ситамларингга,

Бандалар ичидан мени танладинг…

Ташаккур, тишимни тишимга қўйдим,

Руҳимда товушсиз нурли куласан.

Дардлар юборибсан… Ғамлар юборибсан…

Демак, борлигимни ўзинг биласан… (қўшиқдан)

 

БИР КОСА ҚАЙМОҚҚА АРЗИМАС ҚАДР

* * *

Ҳаш-паш дегунча орадан бир ой вақт ўтиб, Наргизанинг маросимлари ҳам тугади. Уйдан фотиҳачиларнинг қадами ариди.

Мен кундан-кун тушкунликка туша бошлагандим. Айниқса, қоронғи тунлари бирдан уйқум қочар, марҳумамни қўмсар эдим. У билан қайта тиллашгим келарди, лекин яқинларидан андиша қилиб, дилимдагини тилимга кўчира олмасдим. Қолаверса, мени кейинги ҳаётим қандай кечиши изтиробга соларди. Ишдан ҳам кўнглим совиган, йўлигагина қатнар, ишхонамнинг остонасидан ҳатладим дегунча ортга қайтгим келаверарди.

Охири бўлмади. Ичимдагини Олим акага тўкиб солдим.

— Ака, энди мен кетсам, — дедим қовоғимни уйиб. — Мана, Наргиза ҳам йўқ. Буёғига ҳаётимни йўлга қўймасам бўлмайди шекилли.

— Бекорларни айтибсан, — уришиб берди Олим ака. — Ҳеч қаерга кетмайсан. Мана шу уйда яшайверасан. Бизга бегона эмассан-ку!

— Ундай қила олмайман. Бу уй менга фақат Наргизани эслатади. Азобланяпман. Унутишим керак. Чалғишим зарур.

Олим ака бу гапимдан кейин пича ўйланиб қолган бўлди. Ора-сирада залга қамалиб олган кўйи қайсидир қўшни билан гаплашаётган Соҳиба опа тарафга алам аралаш қараб қўйди. Сўнгра қаддини ростлаб менга аянчли боқди.

— Бир жиҳатдан сен ҳақсан. Бир-бирингизга қаттиқ ўрганиб қолгандингиз. Сал бўлмаса ақлдан озай дединг… Эҳ, сени қийнаб қўйдим-да, Қодиржон, қийнаб қўйдим!.. Фақат… Мени кечиргин! Ахир, қайнсинглимнинг ўлиб қолишини қайдан билибман? Бахтли бўлсаларинг, бола-чақа орттирсаларинг, савоб бўлармиди девдим-да! Майли, ўзинг биласан. Ажабмас, ўзингга муносиб қизни учратсанг. Лекин ҳайитда, Наргизанинг йил маросимида албатта келгин. Келмай қолсанг, опа-сингиллари ранжишади.

— Хўп, — дедим секин ўрнимдан қўзғалиб. — Мендан хавотир олманг. Бир танишим бор. Ҳов ўша ўзингиз қидириб борган Ваня амаки. Ўшаникида вақтинча бўлсаям ижарада тура тураман. Кейин бир гап бўлар.

— Қани, унда, ука, бир ачомлашиб хайрлашайлик!

Олим ака билан қучоқлашиб хайрлашдик. Шундан сўнг апил-тапил нарсаларимни йиғиштирдим-да, ташқарига отилдим.

Соҳиба опа билан хайрлашишни хоҳламадим. Шу тобда у кўзимга худди илон каби совуқ кўринарди.

* * *

Катта кўчага чиққанимдан сўнг фикрим ўзгарди. Ишдан воз кечишга қарор қилдим. Ваня амакиникига ҳам боргим келмади.

Қишлоғимга бораман, — дедим ўзимга ўзим. — Ўзим юрган, болалигимда чангитиб юрган кўчаларни соғиндим. Мириқиб томоша қиламан. Баҳонада бувижонимни кўраман. Асосийси, ёлғиз қоламан. Чин дилдан Наргизамни чақираман. Суҳбатлашамиз, ўзи айтганидек юзларини силайман. Кўнглим таскин топади. Кейин пешонамдагини кўрарман. Ўлмасам бир кунимни кўраман-да! Э, ўлсам ҳам розийдим. Тезроқ Наргиза билан топишардим… Йўқ, нималар деб валдираяпман ўзим? Худога ширк келтиряпман-ку! Одамзот пешонасига ёзилган умрни кечирмасдан ҳеч қаёққа кета олмайди… Яхшиси, яхшироқ даромад келадиган иш топаман. Балки Ваня амакидан бирор жўяли маслаҳат чиқиб қолар. Ҳар ҳолда шаҳарлик. Йўл-йўриқ кўрсатиб юборса, уёғини уддалаб кетармидим…

Шундай хаёллар билан чўнтагимдаги пулларни чамаладим. Бемалол бориб келсам бўларкан. Таваккал автобусга ўтирдим-да, йўлга чиқдим…

* * *

Водийга қатнайдиган машина ўқдек учиб борарди. Ёнимда икки кекса одам мудраб ўтирибди. Ҳайдовчи эса ёқимли мусиқани варанглатган. Куй оҳангига чайқала-чайқала, аҳён-аҳёнда қўшиққа жўр бўлиб ҳам қўярди.

Беихтиёр кўз ўнгимда она қишлоқ гавдаланди. Чанг кўчаларда ёмғир ёғса, юриб бўлмасди. Оёқ лойга ботарди. Болалигимда шунга қараб ўтирмай, ариқ сувига бувижоним ёпган иссиқ нон бўлагини оқизардим. Кейин ўн-ўн беш метр нарига бориб нонни сувдан кўтариб олардим-да, иштаҳа билан ердим. Таъми ҳам ажабтовур эди у ноннинг.

Зериксам, икки ёни кенг далалардан иборат зовур бўйига чиқардим. Бу ер жуда сокин эди. Зовур суви остидан таралаётган қурбақаларнинг қуриллашини эшити-иб пинакка кетардим. Шу кўйи тўйгунча ухлардим…

Эсиз, ўша дамлар аллақачон ортда қолди. Улғайганимдан кейинги ҳаётим эса заҳру заққумга айланди. Афсус…

Бир маҳал таниш овозни эшитдим ва дарров сергак тортдим.

— Қодир ака, мен келдим!..

Ҳа, бу Наргиза!.. Худди ўзи! Наҳотки орқамдан қувлаб келган бўлса? Қандай етиб олди менга?.. Ҳа-я, руҳлар учиб юради дейишади-ку! Етиб олиш уларга чўтмиди.

— Жоним, ростдан ўзингизмисиз? — бор овозда бақириб юбордим.

Қичқириғимдан ёнимдаги иккала чол ҳам баравар сакраб тушди. Улардан бири мен томон юзланиб қўл силтади.

— Секинроқ бақир-э, бола! Одамнинг ўтакасини ёриб юбораёздинг-ку!

— Ўзи нимага бақирди бу? — ёнидаги чол савол назари билан ҳамроҳига боқди. — Жинни-пинними?..

— Сан анақароқ шекилли, — деди униси. — Йўқса, ўтириб-ўтириб бирдан бақирмасди. Жин чалганми нима бало? Вей, йигит, уйга боргандан кейин ўзингни ўқитиб юборгин! Эсингдан чиқмасин! Жинлар ёмон бўлади-ҳа!

— Ким билсин? Балки ёмон туш кўргандир?

Мен уларнинг гап-сўзларига, танбеҳларига эътибор қиладиган аҳволда эмасдим. Вужудим қулоққа айланган, Наргиза билан суҳбатлашишга тушиб кетгандим.

— Мен қишлоққа кетяпман, — дедим Наргизага. — Уйингизда ортиқ қололмасдим. Қайси хонага кирсам, сизни эслатаверади, қийналавераман.

— Тўғри қилибсиз, — кулги аралаш сўз қотди Наргиза. — Менсиз уйда нима бор сизга? Ундан кўра бахтингизни изланг. Сизни ёлғиз кўриш мен учун азоб, азизим. Илойим тинч бўлинг!

— Тўхтанг! Шошманг! — янада қаттиқроқ бақириб машина ойнасидан ташқарига мўраладим. — Ахир, биз…

— Э, бўлди-да! — бобиллаб берди ёнимдаги чол. — Кимминан гаплашяпсан ўзи?

— Телефонда гаплашяпман! Нима дейсиз? — мен ҳам бўш келмай чолга ўшқирдим. — Гапингиз борми?

— Тилпонинг йўқ-ку! Ёлғон гапирма!

— Чўнтагимда! — дедим-да, тескари ўгирилиб тағин Наргизага сўз қотдим. — Кетманг, гўзалим, кетманг!

— Бас, кўп гаплашиб юбордик, — деди Наргиза маъюсланиб. — Энди қишлоққа борганингиздан кейин суҳбатлашамиз, хўпми?

— Майли, — дедим бўшашиб. — Сизни кутаман!

Шундан сўнг анча хотиржам тортдим. Қариялар эса анча маҳалгача устимга мағзава ағдаришдан, баъзида масхаралаб кулиб олишдан бўшамади.

* * *

Ниҳоят қишлоғимиз рўпарасида машинадан тушиб қолдим. Қўлимдаги майда-чуйдалар солинган сумкани елкамга илганча ариқ ёқалаб бувижоним яшайдиган ҳовли томон юрдим.

Қишлоқ ҳавоси бошқача эди. Бу ҳаводан нафас олиб тўймайсан киши.

Йўл-йўлакай далаларни тўлдириб тариллаётган тракторларни, чангга ботиб кетмон чопаётган деҳқонларни кузатдим. Қанчалар тотли бу лаҳзалар, Худойим! Кошкийди менинг ҳам шу қишлоқда ўз уйим бўлса! Мен ҳам ҳов анави одамлар каби хумордан чиққунча кетмон чопсам. Меҳрибон аёлим бўлса-ю, ҳар куни дала бошига тушлик кўтариб келса. Бир этак болаларим уйга кириб келганимда, чанг қоплаган бўйнимга осилиб олишса. Ҳар куни ишдан кейин кўча бошидаги қувурга бориб қўни-қўшни, тенг-тўшлар билан мириқиб суҳбат қурсам. Ҳазил-ҳузуллардан кўнглим яйраб яна уйга қайтсам. Худойим, нега мен сарсонман? Нима учун пешонамга мусофирчиликдан бўлак тақдирни ёзмадинг?

Кўнглим бузилди. Кўзларим жиққа ёшга тўлди. Ўзимни ўзим овутишга уриндим. Ариқ тўла сувга боқиб бироз тинчланган бўлдим-у, йўлимда давом этдим…

Ҳовли эшиги ланг очиқ. Ҳовлини ўраб турган кесак деворнинг ҳар ер ҳар ери нураб тушибди.

Нормат тоғамнинг трактори кўринмасди. Кеннойимнинг ҳам овози эшитилмаяпти. Демак, улар далада. Бемалол кириб келсам бўлаверади.

Оҳиста остона ҳатлаб ичкарига қадам қўйдим. Бувижоним менга терс ўгирилганча ўзича қўшиқ хиргойи қиларди.

Осмондаги самалот,

Қанотингни пастлаб ўт,

Қанотингга хат битай,

Қодиримга ташлаб ўт!

Шунчалик қараб туришга бардошим етмади.

— Бувижо-он! — дея бақириб юбордим.

Бувим кескин орқасига ўгирилди-ю, шошиб қолди. Даст ўрнидан турмоқчи бўлди, аммо кучи етмади. То қаддини ростлагунча югуриб бориб уни қучоқлаб олдим. Шу заҳоти димоғимда ўзим учун қадрдон, ёқимли ҳид туйиб кўнглим бўшаб кетди.

— Бувижоним! — дедим меҳрибонимнинг юзларидан қайта-қайта ўпиб. — Бормисиз? Мен сизни жудаям соғиниб кетдим, бувижон, жудаям!

Бувим индамасди. Пиқ-пиқ йиғлашдан, ора-сирада сочларимни сийпалаб қўйишдан нарига ўтолмасди.

Шу алфозда бир неча дақиқа турганимиздан кейин бувим сал ўзини босиб қўлтиғимга кирди ва мени ток остидаги сўрига етаклади.

— Хайрият, омон экансан, — деди йиғламсираб. — Сени кўрмай ўлиб кетаманми деб қўрқовдим, хайрият.

— Унақа деманг, буви! Ҳали кўп яшайсиз.

— Сени соғинганимдан самалотларга ялинаётгандим-да! Қуриб кеткурлар сира пастлай демайди-я сенга хат берворай десам!.. Болам, анави ўгай отанг ўлгур сени хотиниминан ажрашибди, кўчада қолибди, бошқасига уйланганакан, уям ўлиб берибди, энди Қодир расво бўлиб тиланчилик қилармиш деди. Шу ростми?

Бу гаплардан бир кулгим, бир хўрлигим келди. Жавоб ўрнига бувижонимнинг елкасига бош қўйганча анча вақт жим туриб қолдим.

* * *

Энди кетмасам бўлмасди. Бу уйда ҳам менга ўрин йўқлигини яхши идрок қилиб турибман. Бувим буни айта олмаяпти холос. Юзларидаги хавотир сирларини ошкор этиб қўйяпти. Йўқ, қариган чоғида тағин бир балога йўлиқтирмай. Яхшиси, туман марказидаги меҳмонхонага бора қолай. У ерда менга ўхшаганлар кўп. Фақат мендан битта фарқли жиҳатлари бор. Уларнинг барчаси ўзга шаҳарлардан бозор-ўчар қилишга келишади. Мен бўлсам, ўз юртимда, киндик қоним тўкилган қишлоқда ҳам мусофирман. Ўша меҳмонхонадан бўлак масканга сиғмайман. Ҳозир йўл-йўлакай онамни бирров кўраман-у, йўлга тушаман. Ҳар ҳолда мени оқ сут бериб боққан. У кишини норози қилсам бўлмас…

Онам яшайдиган ҳовли ичкарисидан Нурмат қоранинг бақир-чақири кўчага аниқ-тиниқ эшитилиб турарди. У томорқада турганча кимнидир бўралаб сўкарди. Эътибор қилмасликка уриниб секин дарвозадан мўраладим. Онам шундоқ ток остида пахта саваётган экан. Дарвоза ғийқиллаб очилганини эшитгач, шошиб орқасига ўгирилди ва мени кўрди-ю, «ие, ие» деганча ўрнидан туриб кетди.

— Бор, чиқ, ўзбошимчанг келди! — деди Нурмат қора менга кўзи тушгани ҳамоно сўкинишдан тўхтаб. — У кунги нарсаниям сўраб қол. Тағин қочиб қолмасин!

Ўгай отам нимани сўраш кераклигини назарда тутгани мени қизиқтирмасди. Менга пешвоз чиққан онамга кўришиш учун елка тутдим.

— Яхши юрибсанми, болам? — пичирлаб сўради онам кўз ёшларини кўйлаги енгига арта-арта. — Шарифаминан ажрашибсан, Наргиза ўтиб қопти деб эшитдим. Ростми?

— Рост. Пешона экан. Ўзингиз яхшимисиз?

— Гўр бўлармидим, болам? Яшаяпмиз-да бир амаллаб!

— Сизни бир кўриб ўтай девдим. — дедим гапни чўзмасликка уриниб. — Мана, кўрдим, тузук экансиз. Энди мен борай. Ҳали замон кеч тушади. Меҳмонхонага етиб олмасам, жойлар тўлиб қолади.

— Меҳмонхона?..

Онам нимадир демоқчи бўлди. Лекин дилидагини тилига кўчира олмади. Ичкарига бир қараб қўйди-да, бош эгди.

— Майли, бошинг омон бўлсин, ишқилиб! Йўқ бўлиб кетмагин. Ўтган-кетганда бўлсаям кириб тургин!

— Хўп, яхши қолинг!

Мен кетишга чоғландим. Шунда онам секин елкамдан тутиб сўради:

— Қодиржон, пулинг борми?..

Бу саволни эшитдим-у, танамга илиқлик югуриб, кўзларим чақнади. Онамга ҳам ачиниш, ҳам меҳр билан боқдим.

— Пулим бор, хавотир олманг!

— Йўқ… — деди онам ҳануз елкамни қўйиб юбормай. — Ростини айтгин…

— Бор дедим-ку! Менга берадиган пулингизни ўзингиз ишлатинг! Мендан хавотир олманг!..

— Болам, хафа бўлмагин-у… — бу гал онамнинг товуши титраб чиқди. — Отанг тайинлаганди.

— Нимани тайинлаганди? — сўрадим сергак тортиб. — Тинчликми?..

— Уйдан чиқиб кетаётганларингда… Шарифанинг сумкасига бир коса қаймоқ солиб қўйгандим. Ўшанинг пулини… Отанг «бериб кетсин» деганди-да!..

— Нима?..

Кутмагандим. Ўйламагандим. Тасаввур ҳам қилмагандим. Бу гап миямга яшиндек урилиб, карахт бўлаёздим. Қаймоқ воқеасини сира эслай олмасам-да, аламим келди.

Худди кечирилмас айб иш қилган бола каби каловланиб қолдим. Нима дейишни била олмай гаранг бўлдим.

«Наҳотки туққан онам мендан бир коса қаймоққа пул сўраса?» деган савол кўксимни кемира бошлади.

Бир неча дақиқалик сукут орасида хаёлимдан кўрган кунларим, яхши-ёмон кимсалар ўтди. Қопқонга тушган жонивордек уларни эсга олганим сайин безовталанавердим. Лекин онамга бу ҳолатимни сездирмадим. Лаб тишлаб титроқ тўла қўлларимни чўнтагимга солдим ва пул чиқариб онамга узатдим.

— Мана, олинг, она, — дедим иложи борича мулойимлик билан. — Қарз қиёматга қолмасин!..

Онам қўрқа-писа пулларни қўлимдан олди-да, пича иккиланиб тургач, бошини ердан кўтармай ичкарига кириб кетди.

Кириб кетаётганда кўрдим. Онамнинг кўзларидан дув-дув ёш оқарди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here