Бахтнинг олис манзили (30-қисм)

0

Биз қайси томондан келганимизни билмасдик. Шу боис, бошимиз оққан тарафга кета бошладик. Рена иккаламиз-ку, юришдан қийналмаймиз, кетаверамиз. Аммо неча вақтдан бери бир шиша вино эвазига (ҳойнаҳой, булар ҳам ароқхўр бўлишса керак) бутун кучини қора меҳнатга бериб бўлган тутқунлар жуда имиллаб қадам ташлашарди (дарвоқе, Пийянинг машинаси ҳам портлашда мажақланиб кетганди). Шу боис, биз анча илгарилаб кетиб, сўнг уларнинг етиб олишини кутар, кейин яна юришда давом этардик.

Тахминан ўрмоннинг ўрталарига етганимизда, занжир билан калтакланган киши жон таслим қилди. Шу ергача шериклари уни навбатма-навбат кўтариб келишаётганди.

Жасадни ўрмон ичига кўмишга қарор қилдик. Бироқ кўмиш ҳам муаммо экан. Ер қазийдиган ҳеч нарса йўқ эди. Дарахт шохлари билан ерни тимдалашга тушдик. Қабр қазиш уч соатларга чўзилди. Жасадни унча чуқур бўлмаган лаҳадга қўйганимиздан сўнг марҳум билан бирга ишлаганлар ўзларича чўқинишди.

Яна йўлга тушдик. Бир соатлардан сўнг ўрмоннинг охири кўрина бошлади.

— Шаҳарга борамизми? — сўради Рена дам олиш учун тўхтаганимизда.

— Ҳа.

— У ерда нима қиламиз?

— Билмадим.

— Манавилар билан бирга юраверамизми? — деди у кўзи билан уч-тўрт қадам нарида ерга чўзилиб, кўзларини юмиб дам олаётганларни кўрсатиб.

— Йўғ-э, булар билан юриб нима қиламиз? Ташвишимиз бошимиздан ошиб ётибди. Устига-устак, буларнинг аҳволини кўрган полициячилар бошимизни қотиради. Бораверайлик-чи, бир гап бўлар.

Ўша куни биз кўзлаган манзилимизга етолмадик. Шаҳар жуда узоқ экан. Аслида қаёққа кетаётганимизни билмасдик. Менинг шубҳам ортиб борарди.

— Биз, — деди энди ўрнимиздан туриб яна йўлга отланганимизда соч-соқоли ўсиб, кўзлари ичига ботган, ҳамма ёғи кир-чир, паст бўйли киши, — шу ерда қоламиз. Бундан бу ёғига юролмаймиз. Дармонимиз йўқ. Бизни қутқарганларинг учун раҳмат сизларга.

Рена менга қаради. Тўғриси, унинг таклифи менга ҳам маъқул тушганди. Чунки буларнинг борадиган жойи йўқ. Қаердан бир шиша вино топилса, ўша жойни макон қилиб кетаверади булар.

— Ўзларинг биласизлар. Лекин биз кетмасак бўлмайди, — дедим мен.

Қуёш уфққа ботиб, атрофга қоронғилик этагини ёза бошлаган маҳал ялангликнинг ўртасида ёғочдан қурилган бир уйга дуч келдик. Атрофга бир қур назар ташлагач, эшикни тақиллатдим. Ичкаридан садо чиқмади. Шундай эса-да, бир оз кутдим. Сўнг эшикни итариб кўрдим. Очилмади. Нима бўлса бўлар, деб қаттиқ тепгандим, эшик очилиб, бир томонига қийшайиб қолди. Секин ичкарига кирдик. Тахтадан қилинган полни айтмаса, хонада ҳеч вақо йўқ экан. Орқа томондан туйнук очилган, лекин ром ўрнатилмаган. Қандайдир ёқимсиз ҳид бор. Бунақанги ҳидга қаердадир дуч келгандим, лекин айнан қаердалигини эслаёлмадим.

Аслида, бизга бунинг аҳамияти йўқ эди. Қуруқ полга бўлса-да, ётиб бир амаллаб тонг оттирсак бўлгани.

Рена кўксимга бош қўйди. Чарчоқ зўр келиб, кўзимни юмишим билан ухлабман. Туш кўрдим. Қишлоғимиз, пастқам уйимиз, чорпояда менинг йўлимга кўз тикиб ўтирган отам. Унинг ёнида бошларини хам қилиб укаларим туришибди. Яна иккита келинчак. Уларнинг бири дастурхон тузаяпти, иккинчиси чойнак кўтариб келаяпти. Атлас кўйлакда. “Ким бўлди булар?” — деб ўйлайман. Укаларим уйланганми десам, улар кўзимга жуда ёш кўринаяпти. Мен кетаётганимда қандай бўлса, ўша-ўша. Негадир ҳамма ғамгин. Нима бўлган уларга, ҳайронман.

Мен отамдан нега бундай ўтирибсиз, деб сўрамоқчи бўлганимда, унинг ўрнида Пийя пайдо бўлди. Қўллари боғланган. Менга мўлтираб қараб турибди. “Нега жимсан?” — деб сўрасам, индамайди. “Шунча одамингни қириб ташладим. Ўзинг ҳам портлаб кетдинг. Ўшанда ҳам жим эдинг. Сенинг олғирлигинг, одамларга зуғум ўтказиб роҳатланишинг, ожизларни ишлатиб уларнинг устидан кулишинг қаёқда қолди? Бу аҳволингни кўрган одам қўй оғзидан чўп олмаган мўмин экан, деб ўйлайди”, дея сўрайман. Барибир миқ этмайди. Қараб тураверади. Қараши бирам совуқки, этни жимирлатади.

Бир маҳал эсимга оқсоқол берган брильянт тушди. Мени ҳушимдан кетказиб, мана шу бадбахт уни чўнтагимдан олганди. “Қани брильянт?” — деб сўрашим билан Пийя кўздан йўқолди. Мен эса уйғониб кетдим.

Аллақачон тонг отиб, қуёш бир терак бўйи кўтарилибди. Мен буни ёнимда Рена йўқлигидан хавотирланиб, ташқарига чиққанимда кўрдим. “Бунақа ухламасдим, қаттиқ чарчабман, шекилли”, хаёлимдан ўтди ва кўз югуртириб Ренани қидирдим. У узоқлаб кетмаган экан. Биз тунаган харобанинг сўл томонида кичкина кундачанинг устига ўтириб ўйга толганди.

Бечорага қийин бўлди. Уйида, оролида тинчгина, ғам-қайғудан холи яшаб юрган эди. Агар кўнгилбўшлик қилмаганимда, ҳомиладор бўлиб қолмаганида бу ёқларга келмас, бу оғир кунлар бошига тушмасди.

Ёнига бордим. Елкасидан қучдим. У менга юзланди. Кўп йиғлабди. Чеҳраси сўлғин, кўзи қизарган. Пешонасидан ўпиб, ёнида бир оз ўтирдим. Сўнг Ренанинг сочларини силаб:

— Оқсоқолнинг омонатини йўқотдим, — дедим.

— Қанақа омонат? — ҳайрон бўлиб менга ўгирилди у.

— Кетаётганимда бир дона брильянт берувди. Пийя бизни ухлатиб қўйганида чўнтагимни титкилаган экан. Уни қўлга туширганимизда қайтариб олиш эсимдан чиқибди… Эсиз, оқсоқолни доим эслаб юраман, деб ўйлагандим. Ҳатто тушимга ҳам кирди.

Рена кийимининг чўнтагига қўлини тиқди.

— Шуми? — деди юзида ним табассум билан.

— Сенга қандай тушиб қолди? — сўрадим ҳайратимни яширолмай.

— Пийя ўлишидан олдин унинг чўнтагини титкиладим. Қўлимга бир-иккита қоғоз ҳам илашиб чиқди.

Рена чўнтагидан чиқарган қоғозлар пул эди, бир даста.

— Аслида чўнтаккесар бўлишинг керак экан, — дедим унинг қўлидаги пулларни олиб санарканман.

— Нима деганинг бу?

— Оддий, ўғри.

Гапим ёқмади, шекилли, Рена терс ўгирилди. Уни хафа қилмоқчи эмасдим. Шу боис, маҳкам қучиб, юз-кўзларидан ўпдим.

Шу тахлит талай муддат ўтирдик. Гапим Ренанинг кўнглига қаттиқ ботган экан, қовоғи очилавермади.

— Мен билан келганингга афсусланаяпсанми? — сўрадим ундан.

— Йўқ, — деди у бош чайқаб, — ўтиб кетади.

— Балки қариндошларинг ёнига оборарман.

— Ҳожати йўқ. Улар энди мени қабул қилишмайди… Яхшиси, кўйлагингни еч. Анави ерда, — у қўли билан чап томонни кўрсатди, — ариқчада сув бор экан. Ювиб бераман. Ўзинг ҳам чўмилиб оласан.

Дарҳақиқат, уст-бошимга қараб бўлмасди. Баданим ҳам кийимимдан-да иркит.

Сувда чўмилиб чиққанимдан сўнг қуриб, сарғайиб қолган майсазорга чўзилиб осмонга қараб ётдим. Қуёш тафти элитиб, ухлаб қолай дебман.

Қўярда-қўймай Ренани елкамга кўтариб олдим. Ҳомиладор аёллар жисмоний меҳнат қилиши мумкин эмас, деб эшитгандим. Бу бечора кеча қанча пиёда юрди. Бунинг устига, асабийлик, тўс-тўполон… Ҳеч қурса, асфальт йўлга чиққунимизча елкамда кўтариб борай дедим.

Адашмасам, уч километрча юрганимиздан сўнг йўлга чиқдик. Аввалига машина кутдик. Келавермади. Сўнг ўзимизча шарқ томонда шаҳар бор, деб тахмин қилиб кетавердик. Офтоб тепага келган, иссиқ, пешонамдан тер селдай оқади. Ренанинг раҳми келди. Бир неча бор ерга тушир, деди, аммо мен унамадим. Анча юрдик. Бир маҳал орқа томондан мотор товуши эшитилди. Дарҳол Ренани ерга туширдим-да, ўгирилиб қарадим, трактор экан. Тележкаси ҳам бор. Қўлимни икки ёнга ёзиб, йўлнинг ўртасида туриб олдим.

Ҳайдовчи чапани одам экан, тракторини тўхтатди-да, бақира кетди. Гапига қулоқ солмадим. Жағи тинишини кутдим.

— Бизни олиб кет, чарчадик, — дедим уловини юрғаза бошлаганда тракторчига.

У менга анграйганча тикилиб қолди. Назаримда: “Бу бола аҳмоқ бўлса керак. Шунча вақт бунга нима деб вайсадим-у, бунинг топган гапини қара”, деган хаёлга борди-ёв.

— Сенлар ўзи қаердан келаяпсанлар? — деди тракторчи мендан кўзини узиб Ренага қараб.

— Ошналаримиз билан келгандик. Ўрмонда адашдик. Шаҳарга етиб олишимиз керак. Юравериб оёқларимиз шишиб кетди. Олиб кет, биродар, — дедим юмшоқ гапиришга уриниб.

— Шаҳарга бормайман.

— Ҳеч қурса яқинроғига борарсан.

— Икковинг кабинага сиғмайсан.

— Ҳечқиси йўқ. Тележкангга чиқиб оламиз.

— Бўпти, чиқинглар.

Одатда, бесўнақай одамлар кўнгилчан бўлишади. У кабинани тўлдириб ўтирарди. Ёнига нафақат икковимиз, биттамиз ҳам сиғмаслигимиз аниқ.

Трактордан тушиб, яёв юрдик. Кечки пайт шаҳарга кириб бордик. Машиналар тиғиз, уйлар баланд. Одамлар қаёққадир шошади, барининг ташвиши бор. Фақат Рена иккаламиз телбалардай санқиб юрибмиз. Борар жойимизнинг тайини йўқ. Юрагимизда ҳадик бор. Полициячиларнинг кўзига тушмасайдик. Аслида-ку, уларнинг қўлидан осонлик билан чиқиб кетиш осон. Аммо буям ортиқча ташвиш-да.

Юравериб охири бир хиёбонга дуч келдик. Дарҳол илк марта Таиландда бўлганим, хиёбонда нотаниш қизга дуч келганим, у билан бўлиб ўтган ҳангомалар ёдимга тушиб, эзилдим. Чунки ўшанда қора кунларни бошимдан ўтказгандим. Ҳозир-ку, ҳеч қурса, тил биламан, ҳунарим бор. Ўзимни бировга хафа қилдириб қўймайман. Лекин ўшанда ожиз эдим, мисоли гўдакдай. Агар она ўз ихтиёри билан кўкрак тутмаса, очликдан ўлиб кетадиган даражадаги гўдакдай.

Чироқлар нурида дарахтлари кундузгидан-да гўзал, тароватли хиёбонга кирдик. Бўш ўриндиқ топиб ўтирдик.

— Очликдан қийналмаяпсанми? — сўрадим Ренадан.

— Йўқ, — деди у бош чайқаб, — лекин боланг менинг оч юришимга кўнмайди.

— Бўпти, унда сен шу ерда ўтира тур, мен егулик топиб келаман.

Ренани ёлғиз қолдириб кетиш хавфли эди. Чунки бу ерларда полициячилар кўп изғишини биламан. Бирортаси ундан кимсан, қаердан келдинг, деб сўраб қолса жавоб беролмайди. Шубҳаланиб олиб кетмоқчи бўлишади. Лекин кучлари етмайди, Рена уларни ер билан яксон қилади. Қайтиб келганимда ҳамма ёқда шов-шув, қандайдир қиз полициячиларни обдан дўппослаб қочган, дейишади. Табиийки, Рена мен кетган тарафга қочади. Топса-ку, яхши. Тополмай қолса-чи?

Миямга келган ваҳимали ўйлардан қадамим секинлашди. “Йўғ-э, — дея ўзимни чалғитмоқчи бўлдим, — жа унчаликка бормас. Рена оддий қизлардан эмас-ку, полициячиларга тузук-қуруқ гап топиб беролмаса. Қолаверса, мен узоқламайман. Тезроқ қайтаман”.

Ҳартугул хиёбондан чиқиб чап томонга юргандим, кичкина дўкончага дуч келдим. Бахтимга фақат егуликлар сотиларкан. Колбаса, пишлоқ, нон ва икки шиша яхна ичимлик харид қилиб, ортимга қайтдим.

Рена хаёлга ботиб ўтирарди, ёнига борганимни ҳам сезмади. “Бечорага қийин бўлди. Ҳар қалай, туғилган гўшасини ташлаб, тайини йўқ одам билан бирга кетиш осонмас”.

— Сиз билан танишсам бўладими? — ҳазиллашдим унинг қаватига ўтирарканман.

Рена кулди. Бошини елкамга қўйди. Чуқур нафас олди.

— Мен сендан хавотир олдим.

— Мен ҳам, — жавоб қилди у.

— Мана, егулик олиб келдим. Икки кундан бери туз тотмадик. Қани, бир акула бўл-чи.

— Нега акула?

— Чунки у дунёдаги энг очофат жонзот.

Кулишдик. Сўнг ҳузур қилиб овқатландик. Қорнимиз тўйгач, хиёбонга ичкариладик. Одам кам, кўздан панароқ жой излаб, топдик. Бахтимизга, бу ердаги симёғочнинг чироғи ёнмаётган экан. Куйиб қолган бўлса керак. Ўриндиққа Рена иккаламиз ёнма-ён ўтирдик. Талай муддат гурунглашдик. Сўнг Рена ухлаб қолди. Мен эса ўтган тунда кўрган тушимнинг таъбирини ўйлай бошладим. Қанақасига ўйламай, уйдагилар менга аза очган бўлишса керак, деган фикрга келардим. Ахир, орадан қанча йил ўтиб кетди. Балки аввал мени роса қидиришгандир. Эҳтимол, менинг сарсон-саргардон бўлиб юришимга сабабчи бўлган падар лаънати Индиранинг уйига ҳам боришгандир. Отам кўзлари мўлтираб, мени ўша айёр хотиндан сўрагандир… Сўраганда нима? Индира соддагина одамни лақиллатолмаса нима қилиб юрибди? Қочиб кетди, дейди. Тузимни еб тузлуғимга тупурди, дейди. Мендан анча қарзи бор, уйимда ташвиш чиқиб қолди, танишларимдан бериб юбораман, деган дейди. Шу билан соддагина, бечорагина отамнинг бўйнига бир дунё нарсани қўйиб қайтариб юборади. Отам шўрлик менинг қарзимни тўлайди. Қўни-қўшнилардан пул олади. Уйдаги сигирни сотади. Ишқилиб, амал-тақал қилиб оз-оздан бўлсаям… Омон-эсон борай, ўлдираман у тўнғиз қўпгурни, анави суюқоёқ Нигораниям тирик қўймайман…

Хўрсиндим, кўзимда ёш қалқди. Отамнинг хор бўлиб, ҳар кимнинг эшигида пул сўраб юрганини ўйлаб ўрнимдан тура-сола югуриб кетгим келди…

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Бахтнинг олис манзили (1-қисм)

Бахтнинг олис манзили (2-қисм)

Бахтнинг олис манзили (3-қисм)

Бахтнинг олис манзили (4-қисм)

Бахтнинг олис манзили (5-қисм)

Бахтнинг олис манзили (6-қисм)

Бахтнинг олис манзили (7-қисм)

Бахтнинг олис манзили (8-қисм)

Бахтнинг олис манзили (9-қисм)

Бахтнинг олис манзили (10-қисм)

Бахтнинг олис манзили (11-қисм)

Бахтнинг олис манзили (12-қисм)

Бахтнинг олис манзили (13-қисм)

Бахтнинг олис манзили (14-қисм)

Бахтнинг олис манзили (15-қисм)

Бахтнинг олис манзили (16-қисм)

Бахтнинг олис манзили (17-қисм)

Бахтнинг олис манзили (18-қисм)

Бахтнинг олис манзили (19-қисм)

Бахтнинг олис манзили (20-қисм)

Бахтнинг олис манзили (21-қисм)

Бахтнинг олис манзили (22-қисм)

Бахтнинг олис манзили (23-қисм)

Бахтнинг олис манзили (24-қисм)

Бахтнинг олис манзили (25-қисм)

Бахтнинг олис манзили (26-қисм)

Бахтнинг олис манзили (27-қисм)

Бахтнинг олис манзили (28-қисм)

Бахтнинг олис манзили (29-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here