«Севганимга тегмаганимдан бахтлиман!»

0

— Бундан ўн беш йил аввалги воқеаларни худди кечагидек хотирлайман. Айни ўйнаб-куладиган ёшлик даврим эди. Йигирмага кириб ҳам ҳали биров кўнглимни жиз эттирмаганди. Бир куни қариндошим билан туғилган кунга бордик. Ўша ерда қошу кўзлари қоп-қора бир йигитга нигоҳим тушди-ю, юрагим ҳаприқиб кетди. Ҳарчанд ҳаракат қилмайин, уни босиб ололмасдим. Бу муҳаббатлигини ўшандаёқ ҳис этганман. У йигит билан гаплашмаган бўлсам-да, ўша кундан кейин уни унутолмадим.

Йиллар ўтди, мен бошқа вилоятда ўқий бошладим. Бир куни тасодифан бир тадбирда ўша йигитни кўриб қолдим. Вақт ўтган бўлса-да, бир кўришда уни танидим. Юрагим яна ўша пайтдагидай гупирлаб кетди. Ўзим истамаган ҳолда қалбимдаги чўғ аланга олди. Умумий танишлар бизни таништириб қўйди. Ўшанда у ҳам менга ўзгача боққанини сездим. Суйганинг нигоҳи сенга қадалганини билиш эса бахт эди. Ўша куни у мени учрашувга таклиф этди. Кутилмаган бахт бошимга қўнганидан бахтиёр эдим. Бу саодат юрагимни орзуларга тўлдирди. Учрашувга юриб эмас, гўё учиб бордим. Хиёбонда биз каби айланиб юрган йигит-қизлар кўп эди. Мен ўзимни улардан бахтлироқ ҳисоблардим. Ўша кунги ҳаяжон ва бахтни сира-сира унутолмайман. Шу-шу, иккимизнинг дилларимиз боғланди. Мен усиз ҳаётимни тасаввур қила олмасдим. Ўқишни тугатиб, бир идорага ишга кирдим. У иш жойимга тез-тез келиб турарди. Иккимизнинг қўл ушлашиб юрганимизни қишлоқдошлардан кимдир кўрибди. Қишлоқ жойда эса гап тез тарқайди… Кўп ўтмай менинг «юриб кетганим» ҳақидаги хабар уйимизгача етиб борибди. Аммо ота-онам менга ишонарди. Ҳатто «Бир йигит Дилрабони ўғирлаб кетибди», деган гаплар ҳам чиқди. Бу миш-мишлардан дилим оғриб, дарҳол суйганимнинг ёнига бордим.

— Мен ҳақимда қўшнилар гапиряпти… — деб гап бошладим.

У:

— Сени менчалик ҳеч ким билмайди, қўй, эътибор берма… — деди-да, гапимни охиригача ҳам тингламади.

Севганим ишонса бўлди, деган хаёл билан бу сўзларга парво қилмай қўйдим. Аммо… менинг фақат унга турмушга чиқаман, деган хаёлим саробга айланди.

Бир куни кутилмаганда:

— Онам мени бошқа қизга уйлантирмоқчи… — дея гап бошлаб қолди у.

Устимдан кимдир совуқ сув қуйгандай бўлди. Вужудим музлаб қолди. Уни бошқа қиз тугул, ҳатто ўзимдан ҳам қизғанардим. Умрбод бирга бўлишимизга ишонганим учун бу гапдан тош қотиб қолдим. Аммо ғуруримни асрадим, кўз ёш ва дийдиё қилмай, тилимдан шу сўзлар учди:

— Ота-она фарзандига ёмонлик тиламайди. Бахтли бўлинг!..

— Ўзга билан яшасам-да, сени унутмайман… — деди у ҳам.

Мен ундан бошқа сўзларни кутгандим. «Мен сен учун курашаман. Сени ҳеч кимга бермайман. Онамга сен ҳақингда айтаман. Уни ўз хоҳишимга кўндираман. У менинг кўнглимни деса, сени уйимизга келин қилиб олиб келади. Ҳали ҳаммаси яхши бўлади», дейишига умид қилгандим. У эса индамади. Муҳаббатимиз шу тариқа якун топди.

Унинг тўйи бўлган кун ҳаётимдаги энг бахтсиз кун эди. Ўша кеча тўйиб-тўйиб йиғладим. Муҳаббат ширин туйғу экан-ку, лекин изтироби жуда оғир экан. Унинг қийноғига дош бериш қийин бўлди. Ўзимни аранг қўлга олдим. Аммо нима бўлганда ҳам, мен суйганимга фақат яхшилик тилардим. Вақт ўтиб, унинг фарзандли бўлганини эшитдим. Ўшанда аёзли бир кун эди. Иккимиз ўтирадиган ўриндиқ томон йўл олдим. Қанча ўтирганимни билмайман, таним совуқдан қотиб қолди, бироқ қалбимдаги аланга ўчмасди. Мени дард куйдирарди… Муҳаббат дарди, соғинч дарди. Тўрт кун иситмалаб ётдим. Ҳозирга қадар эса совуқ тушса, томирларим зирқираб оғрийди. Неча марта даволандим, фойдаси йўқ. Севгим менга ҳам руҳан, ҳам жисмонан зарб бериб кетганди.

Бир йилдан сўнг уйдагилар мени узатишди. Мен учун кимга турмушга чиқишнинг аҳамияти йўқ эди. Шукр, бахтимга турмуш ўртоғим ёмон одам бўлиб чиқмади. Унинг ҳам ўз сирлари бордир, аммо ўн тўрт йилки мен билан бирга. Кўнглимда унга бўлган муҳаббат уйғонмагандай. Баъзан турмуш ўртоғимнинг олдида виждоним қийналади. У менга меҳр кўрсатгани-кўрсатган, бироқ менинг қалбим жиз этмайди. Фарзандларим туғилгач, ҳаётимга янгича маъно, орзулар кириб келди. Ҳа, уч фарзандим мени азобли хотиралардан юлиб олди. Балки, севгилимни ҳамон унутмагандирман, аммо болаларим туфайли ҳаёт завқини туйдим. Яқинда ўша муҳаббатимни учратиб қолдим. Тўйидан бери уни кўрмагандим. Кўзларига боқиб, ундан аввалги меҳрни тополмадим. У ўзга инсон эди… Шунда тақдир ҳукми тўғри бўлганини тушундим. Мен турмуш ўртоғимга аталган эканман. Тақдиримдан жуда миннатдорман. Ҳозир “Хайрият, ўша йигитга тегмабман”, дейман. Умр йўлдошим билан мени муҳаббатдан азизроқ туйғулар боғлаганини тушундим.

ДИЛРАБО

Хоразм вилояти

— Бир ёш йигит келажакда ўзига ҳамроҳ бўладиган жуфт излашга киришибди. Аммо учратган қизларининг ҳеч бири кўнглига ўтирмабди: бирининг қомати ҳипча эмас, бири эса ўта озғин, яна бирида истара етишмайди… Қачон ўз кўнглимдаги ёрни учратаман, деб нолиб ўтирган вақтда қаршисидан бир мўйсафид чиқиб қолибди.

— Дилингдагини уқиб турибман, ўғлим. Хафа бўлма, сенга ёрдам бераман.

— Аммо қандай қилиб? — жонланибди йигит.

— Муаммоларинг ечими мана бу гугуртда. Уни ол ва орзуингдаги гўзални учратганингда унинг қаршисида гугуртни ёқ! Шунда у бир умр шу ҳолича қолади ва ёнингда бўлади.

Йигит гугурт донасини олганча хурсанд бўлиб, чолга раҳмат айтибди. Кўп ўтмай бир қизни учратибди. Унинг қадди-қомати ҳам, ақл-ҳуши ҳам ҳавас қилса арзигулик эди. Ёшлар бир-бирига кўнгил қўйишибди. Шунда йигит ўша гугурт донасини чақибди ва ёнидаги ҳурлиқо шу ҳолича қолибди: вақт ўтса-да, унинг ҳусни малоҳати ўзгармас эди. Йигитнинг дўстлари ва оиласи ҳам бу муҳаббатдан хабар топиб, жуфтликни қутлашибди. Кўпчилик даврасида чиройли тўй бўлиб ўтибди.

Аммо бир йилдан сўнг йигитнинг хотинидан кўнгли тўлмай қолибди. Аёл кундан-кун семириб, юзи ҳам сўлиб борарди. Бундан кўнгли бузилган йигит ўша мўйсафидни излашга тушибди ва топибди ҳам.

— Сиз мени алдабсиз! Гурурт сеҳри кор қилмай қолди. Атиги бир йил ичида хотиним ўзгариб кетди. Нега бундай бўлди, айтинг?!

— Сеҳр кучи ўз жойида, — хотиржам жавоб берибди чол, — аммо сенинг нигоҳларинг ўзгарган. Аёлинг бир йил аввал ҳам шундай эди. Аммо сен унинг фақатгина яхши томонларини кўришга интилгансан. Тўйдан сўнг эса камчиликларини излай бошладинг ва уларни топдинг ҳам. Унутма, нимани кўришни истасанг шуни кўрасан! Атрофдагиларга чиройли боқсанг, улар ҳам гўзал кўринади. Маслаҳатим, ундан нуқсон излама. Шунда аёлинг яна гўзаллашади.

Севги дарди тузалмас… Бизга ҳаётингизни сўзлаб берганингизда дардингиз янгилангани табиий. Бироқ ҳаёт ато этган неъматларнинг қадрига етган маъқул. Ҳаётда муҳаббатдан қадрлироқ ва азизроқ туйғулар бор. Оила эса муқаддас. Ҳеч ким бир умр азобда яшамайди. Ўтмиш қанчалик ширин бўлмасин, келажак ҳам нурли бўлишига ишонинг!

Шаҳноза РАҲМОНОВА

(«Ҳордиқ плюс» газетаси хазинасидан)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here