Ўлимга маҳкум қилинганлар (3-қисм)

0

Биз саҳарлаб аэропортга бордик. Анна ичкарига кириб Бонндан келадиган самолётларнинг вақтини аниқлаб чиқди ва бу ҳақда менга тўлиқ маълумот берди.

Биринчи самолёт қўнмагунча ён-атрофимизда бирорта ҳам такси йўқ эди. Ердан чиқдими, осмондан тушдими, самолёт қўниши билан ҳаммаёқни такси босиб кетди. Мен бундай манзарани ўзимиздаям кўргандим. Бу мамлакатда бунақа бўлмаса керак, деб ўйлагандим. Чучварани хом санаган эканман — ҳаммаёқда хўроз бир хил қичқираркан. Миллатидан қатъий назар, ҳамма бирдай пулни яхши кўраркан.

Биринчи самолётда биз кутган одам келмади. Ҳатто, иккинчисида ҳам уни учратмадик. “Наҳотки, уни ўтказиб юбордик?” дея хавотир ола бошлаганимизда, учинчи самолёт ерга қўнди. Анна билан дарров аэропорт ичкарисига кирдик. “Мижоз” бу сафар кўп куттирмади. Мийиғида кулиб, сумкасини судраганча пайдо бўлди. Зумда Анна унинг ёнига борди-да, такси керакми, деб сўради. Шундай гўзал таксичи қизга ким ҳам йўқ дерди.

— О-о, — деди америкалик, — сиздай офатижон билан, албатта, бирга кетаман.

Анна унга майин табассум ҳадя қилиб сумкасини қўлига олди. Назаримда, сумка оғирроққа ўхшади, Анна уни судраганда бироз қизарди. Анави сўтак эса, аёлнинг қийналганига эътибор ҳам қилмай, Аннанинг орқасидан эргашди. Мен улардан беш-олти қадам орқада борардим. “Мижоз” Аннага сездирмасдан икки-уч марта атрофга олазарак қаради. Шундан билдимки, уни кимдир кутиб олиши керак. Адашмаган эканман. Аннанинг машинасига эски “Мерс” дум бўлиб эргашди. Унинг ортидан мен кузатиб борардим. Табиийки, шеригим билан махсус алоқа воситаси орқали боғлангандим.

— Берлинга биринчи келишингизми? — сўради Анна.

— Ҳа, — жавоб қилди мижоз, — лекин Берлинга ёшлигимдан келишни орзу қилганман. Тарихий шаҳар.

— Немис тилини қаерда ўргангансиз? Яхши гапираркансиз.

— Раҳмат. Очиғини айтадиган бўлсам, ўзим мустақил ўқиб ўргандим. Бунгаям азбаройи Берлиннинг сеҳри сабаб бўлган. Лекин сизнинг ўзингиз ҳам немис аёлига ўхшамас экансиз.

— Қойил, — деди Анна ҳамкасбини мақтаб, — миллатларни бир-биридан яхши фарқлар экансиз. Мен славянман. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, онам швед, отам поляк, метисман.

— Мен бошқача деб ўйлагандим. Сиз славянлардан кўра, русларга яқинроқсиз. Албатта, кўринишингиз билан.

Миямдан: “Бир ниманинг ҳидини олдимикан?” деган ўй яшин тезлигида ўтди.

— Ҳамма шунақа дейди. Билмадим, пешонамга ёзиб қўйилган шекилли, — деди Анна дарров.

— Одамларни билмадим қаердан билишганини, лекин менинг касбим шунақа, элшунос. Русияда бўлганман, ўқиганман. Ломоносов университетида. Ўша ўлканинг одамлари сизга жудаям ўхшаб кетади.

— Ростданми? — деди Анна кулиб. — Унда, албатта, Русияга бораман. Ўзимга ўхшайдиган одамларни кўриш истагини кўнглимга солдингиз.

— Рухсат этсангиз, ўзим олиб бораман. Совуқроқ жойлар-у, лекин томоша қилишга арзийдиган шаҳарлари кўп.

— Ҳали сиз билан танишмадиг-у, қандай олиб борасиз? — кулди яна Анна.

— Макс исмим.

— Меники эса, Елизавета. Унда бундай қиламиз, мен қарздор бўлишни ёқтирмайман. Аввал сизга Берлинни томоша қилдираман. Биринчи бор келишим, дедингиз-ку, шундаймасми? Кейин сиз қарзингизни узасиз…

Макс суҳбат бунақа тус олишини кутмаган шекилли, бироз жим бўлиб қолди. Назаримда, режаси тўғрисида ўйлади. Мен эса, Аннанинг маҳоратига тан бердим.

Бу пайтда деярли шаҳар марказига келгандик. Макс айтган меҳмонхона ҳам кўриниб қолди. Энди, режа бўйича, Анна “мижоз” билан яна учрашувга келишиб олиши зарур эди.

— Яна бир марта қойил қолишимга ижозат беринг, — деди Макс бироз сукут сақлаб, — сиз ниҳоятда гўзалсиз. Шундай гўзал қизни таксичилик қилиб юриши одамнинг ақлини шоширади. Сиз модель бўлишингиз керак эди. Ишонмасангиз, исталган одамдан сўрашингиз мумкин.

— Хушомадни қойиллатар экансиз. Чиройимга ўзим ҳам ишонаман. Балки, бошқаларнинг айтганини қилганимда, модель ҳам бўлишим мумкин эди. Лекин ўжарлигим, бир сўзлигим, эркакларни кўпам ёқтиравермаслигим мени таксичи қилиб қўйди, — деди Анна чуқур хўрсиниш билан.

— Демоқчисизки, ҳозир эркагингиз йўқ.

— Ҳаётингизда неча марта эркак бўлган, деб сўраганингизда тўғрироқ бўларди.

— Ана сўрадим. Хўш, неча марта?

— Икки марта. Улар ҳам ёшлигимда. Ҳозир кўриб турибсиз, иш билан бандман.

— Агар мен ҳаётингизга учинчи бўлиб кириб келсам, йўқ дейсизми?

Орага сукунат чўкди. Мен гарчи, ўзимнинг хоҳиш-истагимдан каттароқ, муҳимроқ иш билан машғул бўлсам-да, Аннанинг жавобини кутдим. Майли, кўрамиз, шароитга қараймиз, буни вақт кўрсатади каби мойилликни англатадиган жавоб бўлмасин, деган умид бор эди кўнглимда. Менимча, бу айнан Анна билан бўлиб, ҳаётимда илк маротаба ҳақиқий эркакликни ҳис қилганимдандир. Мен хаёлимни йиғиштириб олмасимдан бурун Аннанинг овози қулоғимга эшитилди.

— Манзилга ҳам етиб келдик.

— О-о, наҳотки, ҳеч қачон манзилимга бу қадар тез етиб келмаган эдим, — деди америкалик жосус. Унинг қувончи овозидан билиниб турарди.

Аввал Анна бошқариб бораётган машина, ундан чамаси ўн беш метрлар берида уларни кузатиб келаётган машина тўхтади. Мен кузатувчилардан ҳам узоқроқда кутадиган бўлдим. Анна машинадан тушиб, Макснинг юкларини олди-да:

— Хонангизгача олиб бориб қўяман, — деди Максга.

— Аёлларни уринтирадиган одатим йўқ. Бироқ сиз мен турадиган хонани билиб олишингизни истайман. Балки, бу сизга керак бўлиб қолар.

— Яхши, — деди ҳеч бир иккиланишсиз Анна.

Улар олдинма-кейин меҳмонхона ичига кириб кетишди. Худди шуни кутиб туришган кузатувчилар дарров машинадан чиқишди-да, (улар икки киши экан) аввал Аннанинг машинасини кўздан кечиришди. Сўнг улар ҳам меҳмонхона томонга юра бошлашди. Мен ёнимдаги рация орқали “Эҳтиёт бўл, шериклари бор”, дея ниҳоятда паст овозда Аннани огоҳлантирдим.

Беш, ўн дақиқа ўтди. Лекин Аннадан дарак йўқ. Безовталандим, ичимни ит тирнай бошлади. Анна негадир алоқа воситасини ўчириб қўйган эди. “Наҳотки, Макс орқасидан тушганимизни сезиб қолган бўлса ёки анави кузатувчилари бирор нарсадан “ҳид”ландимикин? Бунча кўп қолиб кетди? Озгина кутай, кутай… Балки кечагина мени қучоқлаб эркалаган қўллар ҳозир Макснинг бўйнидан қучоқлаб тургандир? “Ҳаётимда америкалик бўлмаган. Тананг спортчиларникидай экан”, дея худди мени эркалагандай эркалаётгандир униям Анна. Хизматчилик ўз йўли билан, лаззатланиш ўз йўли билан экан-да, қойил!.. Йўқ, балки унақамасдир. Ҳарқалай, Анна бирдан унинг тўшагига ётмас, унда обрўсини йўқотиб қўяди-ку!.. Сабр қилиш керак. Кутиш керак”. Ниҳоят, Анна кўринди. У мен томонга бир қур назар солди-да, машинасига ўтирди.

— Жа, қолиб кетдинг? — дедим уйга борганимиздан кейин.

— Рашк қилаяпсанми? — дея кулди Анна.

— Бунинг нима алоқаси бор?.. Иш мени кўпроқ қизиқтиради.

— Ёлғон гапирма. Мен ёшгина қизча эмасман… Бугун кечга Макс мени ресторанга таклиф қилди. Насиб қилса, бугуноқ ҳамма масалани ҳал қиламиз, — деб Анна бўйнимдан қучоқлади. Кейин:

— Сен ҳамма синовларимдан ўтгансан, фақат рашк қилма. Тушунаман сени. Ҳатто ҳаётингда биринчи аёл мен бўлганимдан хурсандман. Биринчи бўлиш лаззатини ҳеч англаб етганмисан?.. Бўпти, ортиқча валдираганимиз етар. Сен мени бошқа рашк қилма. Ишимизга тўғри келмайди, — деди.

Кечқурун Анна одамнинг ҳиссиётини қўзғайдиган даражада кийиниб, менга бироз жилмайиб қараб турди-да, йўлга отланди. Албатта, мен ҳам унинг ортидан кузатиб кетдим. Йўл-йўлакай газета сотиб олдим. Ҳартугул газета ўрни келганда яширинишда асқотади. Бунинг устига, немислар жуда ўқийдиган халқ экан. Бир неча бор уларнинг емакхоналарда газета ўқиб ўтиришганини кўрганман. Нега шунақа, ҳайронман. Ёки газеталари одамнинг ақлини шоширадиган даражасида зўрми, ё буларнинг бошқа қиладиган иши йўқми?.. Ишқилиб, бу ёғига ақлим етмайди.

Ресторанга Аннадан бироз кейин кирдим. Бу пайтда Анна Макснинг ёнидаги столда ўтирарди. Мен имкон қадар уларга қарамасликка ҳаракат қилдим. Максни «ҳид»лантириб қўйишдан чўчидим.

Аввалига Макс билан Анна озгина у ёқ-бу ёқдан гаплашиб туришган бўлишди-да, сўнг ишқий мавзуга ўтиб кетишди.

Аввалига уларнинг гаплари менга қизиқ туйилди. Кейин зерика бошладим. Ҳатто костюмимга ўрнатилган алоқа воситасини ўчириб қўйсаммикин, деган фикрга ҳам бордим. Зерикканимдан газетани варақладим. Падарингга лаънат, келиб-келиб яланғоч қизларнинг сурати билан тўла газетани сотиб олибман. Албатта, бошқа пайт бу газетани миридан сиригача ўқиб чиққан бўлардим. Ҳарқалай, менинг ёшимдагилар учун қизиқ-да! Лекин ҳозир вазият бошқа. Бунинг устига, анави иккаласи фақат шу ҳақда гаплашавериб, зериктириб юборишди.

— Мен сизни меҳмонга чақираман, — деб қолди бир маҳал Макс.

— Нега бунча тез? — сўради Анна.

— Ўйлайманки, бир-биримизни яхши тушуниб турибмиз.

— Сиз ҳақсиз, — дея иқрор бўлди Анна.

Улар ўринларидан туришди. Мен бирдан стол устидаги газетага термилдим. Ёнгинамда оёқ товуши эшитилди. Назаримда, Макс менга қараб қўйгандай бўлди. Ниҳоят, эшик очилиб ёпилди. Мен бироз кутдим, чунки Макснинг айғоқчилари бўлиши эҳтимоли ҳам бор эди. Айни пайтда мен бу ерда узоқроқ қололмасдим. Шу боис, ресторандагиларга бир-бир қараб чиқдим. Ҳеч ким менда шубҳа уйғотмади. Секин ўрнимдан туриб, эшик томон йўналдим.

Ташқарида мен кузатаётган одамлар такси тўхтатишиб, энди машинага ўтиришаётган экан. Дарҳол мен ҳам йўл ёқасига чиқдим. Бахтимга дарров такси келиб тўхтади. Бироз юрганимиздан кейин ортимга ўгирилиб қарадим. Мен эрталаб кўрган қора “Мерс” изимиздан тушган эди. Англадимки, ишнинг пачаваси чиқди. Секингина Аннага “Сезиб қолишди”, дедим алоқа воситаси орқали. Бу пайтда у Максдан ҳозир Англияда аёллар асосан қанақа кийинишаётгани ҳақида сўраётган эди. Менинг хабаримни эшитгач, овози бироз ўзгарди.

Олдинда кетаётган машина негадир шаҳар ташқарисига қараб йўл олди. Бу мутлақо кутилмаган ҳолат эди. Чунки Макс шаҳар ташқарисига чиқиш тўғрисида Аннага ҳеч вақо демаганди. Кўнглимдан кечган гапни Анна сезди чоғи:

— Қаерга бораяпмиз? — дея Максдан сўради.

— Мен сенга сюрприз қилмоқчиман, — деди Макс кулиб. Унинг кулгиси бошқача — кинояли эди. Шу орада ёнимда машинани бошқариб бораётган ҳайдовчи менга ғалати қараб қўйди. Бирдан кўнглимда унга шубҳа уйғонди. “Демак, Анна иккаламиз ҳам қармоққа илиниш арафасидамиз”, деган фикр ўтди хаёлимдан.

Шаҳардан ташқарига чиққанимиздан кейин биринчи дуч келинган кўприк ёнида Анна ўтирган машина тўхтади.

— Нега тўхтадик? — дея сўраган Аннанинг саволи жавобсиз қолди. Унинг ўрнига:

— Хўш, ойимқиз, бир гаплашиб олсак-а, нима дедингиз? — деди Макс.

— Фақат гаплашиш учун машинани тўхтатиш шартмиди? — кулди Анна.

Шу пайт бизнинг машинамиз ҳам тўхтади. Мен гўё ўзимни ҳайрон қолган одамдай кўрсатиб ҳайдовчига қарашим билан у тўппонча ўқталди-да:

— Манзилингга етиб келдинг, йигитча, — деди хунук тиржайиб.

Мен ҳайдовчининг тўппончани ушлаб туришидан қурол ишлатишда малакаси анча сустлигини пайқадим. “Шу ҳолатингда мени қўлга олмоқчимисан?” дея унинг устидан ичимда кулдим. Айни лаҳзада ўзимни баттар ажабланган кўрсатиб:

— Нималар деяпсиз? Машинани ҳайданг! — дедим ўзимни саросимага тушган кўйга солиб.

— Ўзингни гўлликка солма, нима мақсадда юрганингни яхши биламиз. Билмаганимизни анави хонимчанг билан бирга айтиб берасан…

Ҳайдовчининг қолган гаплари бўғзида қолди, чаққон ҳаракат билан қўлидаги тўппончани олиб қўйдим-да, юрагига пичоқ санчдим. Бечора бир мартагина хириллади, холос. Кейин боши ёнига қийшайиб қолди. Мен унинг кўкрагидан пичоқни суғуриб олмадим, чунки ҳаммаёқ қонга беланиб кетарди. Ниҳоят, бизни кузатиб келаётган “Мерс” мен ўтирган машинанинг орқасига келиб тўхтади. Мен ёнимдаги ҳайдовчининг мурдасини орқа ўриндиққа ошириб ташладим-да, ўзим ҳайдовчи томоннинг эшигини очдим. Кутганимдай, “Мерс”дан тўрт киши тушиб, биттаси мен томонга яқинлаша бошлаганди…

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Мухлислар талабига биноан асар қайта эълон қилинмоқда)

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Ўлимга маҳкум қилинганлар (1-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (2-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here