Ўлимга маҳкум қилинганлар (4-қисм)

0

…Тезда костюмимнинг ички чўнтагидан овози чиқмайдиган тўппончамни олдим. Яқинлашиб келаётган душман пешонасидан ўқ еб, қулади, иккинчисини ҳам тинчитиш қийин бўлмади. Бироқ қолган иккитаси билан анча вақт бир-биримизга ўқ узишдик. Қарасам, ҳали-бери улар билан ҳисоб-китоб якунланадиганга ўхшамайди. Рақибларнинг гоҳ машина остидан, гоҳ орқа ойна томондан ўқ узаётганидан фойдаланиб, йўл четидаги қияликка думалаб тушдим-да, тез эмаклаб уларнинг орқа томонига ўтиб олдим. Бунга узоғи билан бир дақиқадан сал зиёдроқ вақт кетди. Ой ҳали чиқмаган, ҳаммаёқ қоп-қоронғи, фақат визиллаб учган ўқларнинг олов изи кўринарди… Душманлардан бири машина ичида жон берди. Иккинчиси эса, аввал эшикка суяниб бироз турди-да, сўнг шилқ этиб ерга қулади…

— Анна, аҳволинг қалай? — сўрадим мен ишни ниҳоялаганимдан сўнг.

— Зўр, келавер, — деди у. Мен тезда Анна ўтирган машинага етиб бордим. Ҳайдовчи машина эшигига осилган кўйи ўлиб ётар, Макс орқа ўриндиқда, унга Анна тўппонча ўқталиб турарди.

Биз кўприк остидан ўтиб ўрмон тарафга кетдик. Машинани шу ёққа ҳайдашимни Анна айтди. Мен “Макс билан ҳамма масалани ҳал қилиб олишим учун овлоқроқ жой керак”, деган фикрда эдим. Катта йўлдан ўрмонга борадиган кичик йўлга бурилиб, беш чақиримча юрганимиздан кейин, ертўлани эслатувчи кичкина уйча ёнида тўхтадик. Бу ерда шунақанги жой борлигидан Анна мени огоҳлантирмаганди. Таажжубланиб шеригимга қарадим.

— Ҳамма нарсани билиш учун вақт керак, — деди у кулиб.

Максни ярим соатча сўроқ қилдик. У кару гунгга айланган, ҳеч нарсани эшитмас, биронта ҳам саволга жавоб бермасди. Охири менинг сабрим етмади. Башарасига мушт туширдим. У орқасига қулади. Ёқасидан ушлаб ўзимга қаратдим-да, яна бир мушт туширмоқчи бўлганимда:

— Шошмай тур, — деган хаста овози чиқди. Кўнглимда умид пайдо бўлди.

— Хўш, айтасанми, ким сени бу ерга нима учун юборганини? — дедим унга еб қўйгудек тикилиб.

— Менинг қизим бор, беш ёшда. Мени жудаям яхши кўради, — деди Макс йиғламоқдан бери бўлиб. Мен унинг ёқасидан ушлаган кўйи тикилиб қолдим. Кўз олдимга синглим — Фароғат келди. Уям ҳозир беш ёшга кирди. Ҳар гал уйга келсам: “Эшак бўлинг, эшак бўлинг, мен минаман. Устингизга ўт ортиб келаман”, дерди беғубор кўзлари чақнаб. Овози бирам ширали, қилиқлари ўзига бирам ярашадики, одамнинг кўнгли очилиб кетади.

— Жуда яхши! Қизинг бўлса, биз сўраган нарсаларнинг ҳаммасига жавоб бер. Кейин сени қўйиб юборамиз, борасан ўша сени жонидан ортиқ яхши кўрадиган қизингнинг олдига, — деди Анна менинг ёнимга келиб майин овозда.

— Мени ўлдиришади, агар сизларга маълумотларни айтсам. Кейин қизим бир умр мени кўролмайди, — зорланарди Макс.

— Билсанг, мен ҳам бировнинг суюкли қизиман, лекин сен боя ўлдиришга ҳам тайёр эдинг-ку мени, буни нега ўйламадинг? — деди-да Анна унинг қорнига тепиб юборди. Кутилмаган зарбдан Макс букчайиб қолди.

Уни яна анча вақт калтаклашимизга тўғри келди. Ниҳоят, Макс жони кўзига ширин кўриниб, бор маълумотларни айтиб берди.

Албатта, уни тирик қолдириш мумкин эмас эди. Бироқ ҳимоясиз одамни ўлдириш ҳам инсофга тўғри келмайди. Шу боис, Макснинг тўппончасини ўзига шундай тўғрилаб кетдикки, у қимирлаши билан кўкрагидан ўқ ерди. Ертўладан йигирма қадамлар узоқлаганимиздан сўнг тўппончанинг овози янгради. “Жойинг жаннатдан бўлсин”, деб қўйдим мен ичимда.

Машинани шаҳарга кираверишда қолдириб, такси тўхтатдик-да, уйимизгача етиб олдик. Ўша куни Анна иккаламиз пешингача ухлабмиз. Уйқудан уйғонганимдан кейин бошим қаттиқ оғриди. Бунинг устига, тундаги воқеалар ёдимга тушиб, кўнглим айниди. Анна менинг аҳволимни тушунди шекилли, қадаҳга тўлдириб ароқ берди.

— Ичиб ол, фойдаси тегади. Ўзи биринчи марта доим шундай бўлади. Кейингиларида уйқудан уйғонсанг, қушдай енгил бўласан, — деди.

Мен кўзимни чирт юмиб, Анна узатган “дори”ни ичиб юбордим. Бошимнинг оғриғи қолиб, кайфиятим кўтарилди. Кейин Анна мени уйда ёлғиз қолдириб, ўзи Максдан олинган маълумотни керакли жойга жўнатиш учун кетди. Мен унинг бу қилиғидан ҳайрон бўлдим. “Нега маълумот қаерга жўнатилишидан мен бехабар қолишим керак? Балки, “у ёқдаги” кўринмас одамлар менга ҳали ишонишмас. Балки, Анна қилинган ишларни ўз номига ёздирар… Қизиқ, Анна қаерда таҳсил олган, нега баъзи ишларни мендан яширинча амалга оширади? Ҳаммаёқ сир. Лекин ҳар қандай ҳолда ҳам, эҳтиёт бўлишим керак. Бекорга майор Батинков хайрлашаётиб: “Ҳар қадамда ўзларингдан бўлак ҳеч кимга ишонманглар”, демаган. Бунинг устига, кун сайин номаълум нарсалар кўпайиб бораяпти. Бундан ташқари, мени бировларнинг ишидан кўра ўзимнинг тақдирим кўпроқ қизиқтирарди. Ана Макс ҳам, унинг шериклари ҳам кимларнингдир хизмати деб ўлиб кетишди. Уларни энди ҳеч ким эсламайди. Эртага менинг бошимга ҳам ўша йигитларнинг куни тушмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди-ку. Ишқилиб, ўлигим бу ерларда қолиб кетмасин-да”.

Икки соатлардан кейин келган Анна негадир хафароқдай кўринди. Сабабини сўрасам, бошини бироз эгиб турди-да:

— Тепадагиларга қилган ишимиз ёқмади, — деди.

— Нега? — дедим мен ҳайрон бўлиб. — Ўлишимизга озгина қолди-ку!

— Топшириқни бажаришда қўполликка йўл қўйибмиз, имкониятдан тўғри фойдаланмабсизлар, дейишди. Умуман, уларнинг гапида жон бор, биз эҳтиёткорликни йўқотиб қўйганмиз. Бошқача йўл тутишимиз керак эди. Ҳамма нарсани ими-жимида ҳал қилиш учун қўшимча имкониятлар топмаганимиз, менимча, энг катта хатомиз бўлди.

Мен гарчи ишимизга берилган баҳодан жаҳлим чиққан бўлса-да, индамай қўяқолдим.

Уч кун бизга топшириқ берилмади. Шу уч кун ичида деярли қамалиб ўтирдик, фақат ҳар кунига бир марта егулик сотиб олиш учун дўконга чиқиб келдик, холос.

Зерикдим. Мафтункор, ширинсухан, ақлли Анна билан уч кун бир жойда ўтириш меъдамга тегди. Кўчаларни эмин-эркин айлангим келди. Бироқ шаҳарда юз берган қотилликдан кейин ҳамма жойда полициячилар изғиб қолишган. Бундай пайтда кўчага чиқиш бошни ўз ихтиёри билан сиртмоққа солишдай гап.

Ниҳоят тўртинчи кун бизга буйруқ келди. Унда Боннга бориб, у ердаги жосусимиз (Боннга Мекиладзе кетганди) ҳамкорлигида Ғарбий Германиянинг 235698-полкидан бизга қарши ишлаб чиқилган махсус режа жамланмасини ўмариб келиш зарурлиги кўрсатилганди. Мен хурсанд бўлиб кетдим. Ҳарқалай, Мекиладзе билан анча яқин эдик. Кўришиб келаман, деб умид қилдим.

Бироқ мени Боннда худди Аннага ўхшаган чиройли қиз кутиб олди. Йўл-йўлакай у билан гаплашиб кетдик. Мекиладзени сўрагандим, негадир ёвқараш қилди-да:

— Борганда кўрасан, — деди.

Улар яшайдиган жойга борсак, Мекиладзе кўрпа-тўшак қилиб ётиб олибди.

— Тинчликми? — дедим кўришиш учун унга қўлимни узатиб. — Бурга тепдими?

— Ҳа, бурганинг зўри, биттамас, беш-олтита… — деди чуқур сўлиш олиб. Кейин кўрсаткич бармоғини лабига босиб, “Тсс”, деди-да, кўзини қисиб қўйди.

Мен Мекиладзе билан Наташа (Мекиладзенинг шериги) чиқиб кетгунча у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ўтирдим.

Наташа кетгач, Мекиладзе жонланди.

— Оғайни, бу ерда юришимиз менга кўпам ёқмаяпти. Бунинг устига, анави куни кечқурун Наташа билан айланиб юриб, қовун тушириб қўйдик. Ресторандан учтаси маст бўлиб чиқди-да, ёнимиздан ўтаётиб, Наташани туртиб юборишди. Мен: “Кўзингга қараб юрмайсанми?” дегандим, биттаси ташланиб қолса бўладими? Табиийки, «жойини солдим». Кейин шерикларининг ҳам жағларини силаб қўйишга тўғри келди. Бир пайт Наташа: “Қочдик, полиция!” деб қичқирди. Қочаётганимда ярамас полициячилар ўқ узиб қолишди. Биқинимдан яраландим. Лекин қўлга тушмадик. Қочишга улгурдик. Бу ёққа келганимиздан кейин, Наташадан балога қолдим. “Нима ишинг бор эди, мени туртиб ўтишгани билан? Кимлигингни унутиб қўйдингми? Қўлга тушганимизда нима бўларди…” деб анча вақт сайради. Аёллардан гап эшитиш ўлим билан тенг мен учун. Менимча, бу касаллик қонимда бўлса керак. Ўзиям тишимни тишимга босиб базўр чидадим… Наташанинг ўзи сайрагани етмагандай, юқорига ҳам маълумот бериб юборибди. Сабабини сўрасам, “Сен учун менинг ўлгим келгани йўқ”, дейди… Хуллас, оғайни, бу ёғи нима бўлишини билмайман. Балки мени “союз”га жўнатиб юборишар, балки “дисбат”га. Пешонага ёзилганини кўрамиз.

— Хафа бўлма, — дедим мен унинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилиб, — ҳеч ким сезмабди-ку жосусликларингни, ҳаммаси жойига тушиб кетади. Мана кўрасан, ҳали сенга қаҳрамонлик бериб юборишади.

Мекиладзе синиқ жилмайди. Афтидан, гапимдан қониқиш ҳосил қилмади.

— Яранг қандай, оғирмасми? — дедим мен унинг юзига тикилиб.

— Шунчаки ўқ ялаб ўтган, Наташанинг айтишича, бир ҳафталар ичида соғайиб кетаман…

Мекиладзенинг гапи чала қолди. Хонага Наташа кириб келди.

— Ўтирибсизларми ҳасратлашиб, — деди у кулиб. — Мен эса янгилик олиб келдим. Мекола, сен “союз”га кетадиган бўлдинг. Аввал даволанасан, кейин десант қисмида хизмат қиласан. Зўрми?

Наташанинг гапидан Мекиладзенинг афти бужмайиб кетди. Қўллари мушт бўлиб тугилди. Кейин кўзини юмди.

— Мекола, мен сени хафа қилмоқчи эмасдим. Қайтанга хурсанд бўласан, деб ўйлагандим, — деди қовоғи осилиб Наташа.

— Эй-й, шунга шунчами. Мен сенинг ўрнингда бўлганимда, жон-жон деб кетган бўлардим. Маззамасми, “саюз”да? Ҳеч нарсадан хавотир олмайсан, ўйнаб-кулиб хизмат қиласан! — дедим мен атай кулимсираб. Бироқ Мекиладзенинг ҳолати менинг гапларимдан кейин ҳам ўзгармади. У кўзини юмиб жим ётаверди.

Кечқурун мен берилган топшириққа доир маълумотларни Наташадан олдим-да, йўлга чиқдим. Борадиган жойим узоқ эмасди. Душман полки шундоққина шаҳар биқинида жойлашган. Бахтимга, ундан тахминан беш юз метрлар чамаси нарида емакхона бўлиб, туни билан ишларкан. Ярим кечагача шу ерда ўтириб кутдим. Одамларда шубҳа уйғотмаслик учун пиво ичдим. Рақсга тушаётган қизлар билан рақсга тушдим. Энг муҳими, кўз остимга олган ҳарбий қисмда хизмат қилаётган иккита йигит билан танишдим. Улар онда-сонда бу ерга келиб дилхушлик қилиб кетишаркан. Уларни ўлгудай ичирдим, азбаройи учиб қолишди, сўнг ўзимни мастликка cолиб, янги танишган “дўст”ларни кузатиб қўядиган бўлдим. Тунги ўн иккилардан ошганда биз емакхонадан чиқдик. Ҳамроҳларим бақириб-чақириб қўшиқ айтишарди. Юз қадамлар юриб, қоронғилик қўйнига шўнғиган жойимизда, “ўртоқ”ларимдан бирининг нариги дунёга кетишига кўмаклашиб юбордим. Хизматдоши сезмай ҳам қолди. Секингина бўғзига пичоқ тортдим-да, йўл четидаги ўт-ўлан орасига итариб юбордим. Яна бироз юрганимиздан кейин менинг ёрдамим билан оёғида зўрға турган Гюнтерни (иккинчисининг исми шундай эди) ерга ётқизиб қўйиб, нима сабабдан бу дунёдаги сафари эрта қариганини билмаган шеригининг ёнига бордим-да, кийимларини ечиб олиб, кийдим.

Гюнтер соқчиларга келганини айтганидан сўнг, дарвоза очилди. Қоровуллар уйқусираб туришган экан, менинг бегоналигимни сезишмади. Мен ишим осон кечаётганидан хурсанд эдим. Ичкарига кирганимиздан кейин Гюнтер менга штаб қаердалигини кўрсатиб, яна бир мушкулимни осон қилди.

Ишим енгил кечаётганидан хурсанд эдим-у, лекин кўнглим хотиржам эмасди. Нимадир содир бўлади-ю, қўлга тушиб қоламан, деб ўйлардим. Штабга кираверишда уйқусираб ўтирган соқчининг ҳам куни битди.

Қўлимдаги лазер нури тарқатадиган фонар ёрдамида қисм командири хонасининг тит-питини чиқариб ташладим, ниҳоят, ўн беш дақиқалар изланганимдан кейин қидирган нарсамни топдим.

Қайтишим бироз мураккаброқ кечди. Гюнтер ётоғига кириб кетган, ёлғиз ўзим қисмдан чиқиб кетишим керак эди. Биринчи қоровул ҳеч нарса сезмади, бироқ иккинчиси хитланиб қолди. Бу унга қимматга тушди. Бир неча марта қонга бўялган ёнимдаги пичоқ яна ишга тушди.

Наташа билан Мекиладзе турган уйга кириб борганимда, тонг ёриша бошлаганди. Наташа мени саросималаниб кутиб олди. Унинг кўзлари ҳадикка тўла эди. Гарчи жуда қаттиқ чарчаган бўлсам-да, қандайдир нохушлик содир бўлганини дарров сездим ва Наташадан:

— Тинчликми? — дея сўрадим. Наташа бошини эгди, бироз сукут сақлади. — Тинчликми, нима бўлди? — дея қайта сўрадим ундан.

— Мекиладзе?.. — дея Наташа кўзидан оққан ёшни енгига артди.

— Нима бўлди? — дедим мен сабрим чидамай.

— Ёмон яраланган экан, мен ёрдам беролмадим, — деди Наташа энди йиғлаб туриб. Мен қўлимдаги ҳужжатни Наташага беришни ҳам унутиб, Мекиладзе ётган хонага югуриб кирдим. Хона тўридаги каравот устига оқ чойшаб ёпиб қўйилганди. Шошганча чойшабни юлқиб очдим. Боши жағи билан қўшиб боғланган Мекиладзе беозор ҳордиқ чиқараётган одамдек кўзини юмиб ётарди.

— Яраси унчалик оғир эмаслигини ўз кўзим билан кўргандим-ку! — дея бақирдим Наташага.

— Мен ҳам шундай деб ўйловдим. Лекин бирдан иситмаси чиқиб, алаҳсирай бошлади. Шошиб қолдим. Югуриб бориб ошхонадан сув келтиргунимча тамом бўпти бечора, — деди Наташа киприклари пирпираб.

Наташанинг сўзларига ишонгим келмаётганди. “Бу ерда бир гап бор. Бор-йўғи терисини ялаб ўтган ўқ ўлимга олиб келиши мумкин эмас”. Шу гумоним боис, қуролдошимнинг баданини синчиклаб кузатиб чиқдим. Ўша ярадан бўлак танасининг бирон жойи тирналмаган. Бироқ жони чиқишида қаттиқ зўриққан шекилли, томоқ томирлари бўртиб қолган. Бошқа пайт бўлганда, албатта, уни экспертизага олиб борган, дўстимнинг айнан нимадан ўлганлигини аниқлаган бўлардим. Аммо ҳозир қўлимдан ҳеч вақо келмайди. Одамга шуниси алам қилади.

Нуриддин ИСМОИЛОВ

(Мухлислар талабига биноан асар қайта эълон қилинмоқда)

(Асарнинг кейинги қисмларини яқин соатларда ўқийсиз)

Аввалги қисмларни ўқиш учун қуйидаги ҳаволаларни босинг:

Ўлимга маҳкум қилинганлар (1-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (2-қисм)

Ўлимга маҳкум қилинганлар (3-қисм)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here