ФИРИБ УСТАЛАРИ ёхуд кар-соқов фожиаси… (Реал воқеаларга асосланган)

0

 

* * *

Нима бўлди-ю, бир пайтлар бозорда ҳаммоллик қилиб базўр чориғини судраб юрган Темирвой бирданига бойиб кетди. Ҳа энди, бозордан-бозорга чопди, уни бунга, буни унга уриштирди. Ишқилиб, мўмай пул орттирди…

Аммо бу камдек туюлаверарди. Тўғриси, атрофдагиларнинг саройдек қўша-қўша уйларини, машина олиб машина сотишларини кўрганда ҳар гал ичи куярди.

— Йўқ, етар, — деди кунларнинг бирида ўзига ўзи, — Ортиқ бундай яшаб бўлмайди. Бирор йўлини топишим керак…

Ўйлай-ўйлай, яқин дўсти Султон қассоб ёдига тушди.

— Ҳа-а, ўшаям чойхонада нуқул ҳаётдан нолигани-нолиган, — кўнглидан ўтказди Темирвой бироз жонланиб. — Сўйган сигир-новвослари қопламаётгандир-да! Қани, бир юрагига қўл солиб кўрай-чи, ажабмас, бирор жўяли гап айтиб қолса!..

Темирвой бозорни йиғиштириб тўғри дўстининг қассобхонасига йўл олди. Хайрият, қош қорая бошлаганига қарамай, кетиб қолмабди.

— Оғайни, бир маслаҳатли гап чиқиб қолди, — деди Темирвой салом-аликдан сўнг. — Шунга… Сенинг олдингга келавердим.

— Нима маслаҳат? — оғир гавдасини ўриндиққа ташларкан, дўстига маъноли боқди Султон. — Биронтасининг семиз моли бормикан?

— Э, қанақа мол?.. Мана шу пичоғингни кўтариб умрингни ўтказяпсан сенам менга ўхшаб. Қани энди пичоғинг мой кўрса… Шундай ўтаверамизми?.. Қара, шаҳарда яшаб калласини ишлатганлар бирпасда бойиб кетишяпти!..

— Нима бўпти бойиса? Қандини урсин!.. Сенга нима?

— Ие, яна тушунмайди-я!.. Бизам бирор йўлини топсак, қўлимиз пул кўрса дейман!..

Султон қассоб ўйга толди. Хумдай бошини уёқдан-буёққа чайқай-чайқай, ниҳоят Темирвойга юзланди.

— Гапинг тўғри, — деди у дўстининг кўзларига тикилиб. — Қиламан деса ҳозир қанча ишларни қилиб юборса бўлади. Фақат… Каллани ишлатиш керак-да, оғайни, каллани ишлатиш керак!.. Бусиз бўлмайди.

— Менам шунинг учун ёнингга келдим-да! — бирдан жонланиб ўрнидан туриб кетди Темирвой. — Қанча ўйлаб бош қотирсам ҳам ҳеч иш чиқмаяпти.

— Э, сенам юрибсан-да бозорчиман деб! Шундай йўлини топишимиз керакки, чўнтакларимиз пулга тўлсин-у, аммо…

— Нима аммо?..

— Ўзинг биласан, ҳозир солиқ деган бало бор. Ана шундан сал чўчийди-да одам!.. Масалан, бирор фирма очсанг-у, солиғи оладиган фойдангдан ошиб тушса, унда нима бўлади?.. Борингданам айрили-иб, чув тушиб қолаверасан… Э, тўхта, бир йўли бор.

— Хўш, хўш, — умид билан Султонга боқди Темирвой. — Айт!..

— Россиядан ёғоч суриб келиш мумкин. Менинг бир-иккита «канал»ларим бор… Фақат… Боя айтганимдай, солиғиям отнинг калласидай бўлади… Эҳ, қаёққа бошингни тиқма, солиқ, солиқ!..

— Наҳотки, шу… Солиқдан қочишнинг имкони бўлмаса?.. Энди тўхта, мениям каллам ишлаб кетди… Биз-чи, фирма очишимиз керакми, керак… Бусиз барибир рухсат беришмайди… Ўша фирмани бор-ку, бировнинг номига очамиз…

— Каллангга қойилман! — дўстининг елкасига шапатилади Султон. — Худди шундай қиламиз… Фирмани… Менинг бир Мамат деган қўшним бор. Кар-соқов. Пенсиясини у ойдан бу ойга зўрға етказиб кун кўради… Ана ўшанинг номига очамиз…

— Рози бўлмаса-чи? Уям аҳмоқ эмасдир?!

— Бе, қўлига беш-тўрт сўм тутқазсанг, қандай рози бўлганини ўзиям билмай қолади. Қолаверса, қўшнисиман, ишонар, ахир!?

— Ҳа, гапинг рост. Қўшни бўлганинг айни муддао. Ишончини қозониш осонроқ кечади… Биласанми, яна каллам ишлаб кетди. Фирмани очишга очамиз, лекин солиғини тўламаймиз. Анави банкирниям қўлга оламан мен… Кўрибсанки, чўнтаклар қаппайгач, Россия томонларга жуфтакни ростласак ҳам бўлаверади…

— Тўппа-тўғри, вагонлаб ёғоч суриб келгандан кейин қаппаяди-да! Бу ерларда яшашнинг ҳожати қолмайди. Қани, мен дўконни ёпай, шу ишни би-ир ювамиз иккаламиз!..

* * *

Қоронғи тушгач, ширакайф ҳолда икковлари Маматнинг ҳовлисига кириб боришди. Султон анча йил ёнма-ён яшагани учунми, Маматнинг тилини яхши биларди. Кўз очиб юмгунча мақсадини тушунтирди. Ҳар бир имосини Темирвойга «таржима» қилиб туришниям унутмади. Мамат охири рози бўлди шекилли, боши билан «хўп» ишорасини қилган заҳоти, Султон чўнтагидан тахи бузилмаган бир даста беш мингталик чиқариб унинг қўлига тутди. Ва бу хамир учидан патир эканини уқтирган бўлиб, учта бармоғини кўрсатди. Темирвой билдики, дўсти Маматга кейин яна уч бойлам шунақа бешмингталикдан беришни ваъда қилди.

— Ана иш битди, — деди кўчага чиқишгач Султон. — Кўрибсанки, Мамат тўрга илинди. Биз фирмани ўшанинг номига очамиз. Солиқчилар келсаям, уни ушлашади, ҳи-ҳи-ҳи!..

Эртаси куни ишлар юришгандан юришди. Маматни ёнларига олиб улар янги фирма очишди. Бу фирма фақат савдо-сотиқ учун мўлжалланганди…

Ишлар битгандан сўнг Султоннинг ўзи банкир таниши Неъматали аканинг ҳузурига чопди. Чунки энди кредит ундиришнинг ҳаракатини қилиш лозим эди.

— Жон ака, сизниям бола-чақангиз бор, — юзларига фотиҳа тортиб юмшоқ ўриндиқларга ўтириш асносида Султон банкирга илтижо аралаш боқди. — Қуруқ қўймайман. Беш миллион кредит берсангиз бўлди. Ўн фоизини нақд қўлингизга топшираман. Гап битта, Худо битта…

— Бу нима деганинг? — ўрнидан туриб кетди банкир пул миқдорини эшитгани ҳамоно. — Шунча пулни қандай бераман сенга?.. Ҳазилакам пулми бу?!. Қўй, бошимни қотирма!..

Султон ваъда қилган фоизни камроқ айтганини ҳис этиб, янада жонланди.

— Вей, ака, шунча пайтдан берисига салом-алик қилиб келяпмиз. Юзимиз йўқми?.. Россияга бир марта бориб келай, тағин бошқатдан рози қиламан сизни… Э, ҳар бориб келганимда сизнинг ҳам улушингиз бўлади. Агар алдасам, юзимга туфлаворинг!..

— Шунақами? — энди банкир юзлари беихтиёр ёришиб, қайтадан ўриндиққа чўкди. — Мендан қочиб, алдаб қаергаям борардинг? Биласан-ку мени!.. Бўпти, гапингда турсанг бўлди… Эртага ҳужжатларни расмийлаштириб келавер, пулингни бервораман!..

— Яна бир гап бориди-да, ака!.. — деди Султон бўшашган кўйи.

— Оббо, гапир!.. Намунча чайналмасанг?

— Ўзингиз тушунасиз… Дўст бор, душман бор… Одамлар эшитса, фалончи давлатдан шунча пул олибди, бойиб кетибди… деган гап-сўзлар кўпайиши мумкин… Оёққа болта урадиганлар ҳам йўқ эмас, ака!..

— Нима дейсан? Гапнинг индаллосини айтсанг-чи, қизиталоқ!..

— Шу… Кредитни бошқа бир танишимнинг номига расмийлаштирсам девдим… Ўзингиздан қолар гап йўқ…

— Бу нима деганинг?.. Эртага қарзни ундиролмай югуриб юрмай орқангдан!..

— Нималар деяпсиз, акагинам?.. Гапидан қайтган… Ҳали айтдим-ку!.. Бу… Энди… Фирмамизнинг каттаси… Барибир…

— Фирма сенинг номингдамасми ҳали?..

— Ҳамма гап шунда-да!.. Ҳозир замонни кўриб турибсиз. Таваккал қилиб бўларканми?.. Сизминан бизга нақди дуруст, тўғрими, ака?.. Шунга… Фирмани бир қўшнимнинг номига очдим… Лекин пул менинг қўлимдан ўтади… Шундай экан, улушдан хотиржам бўлаверинг!..

— Бўпти, розиман, билганингни қил!..

* * *

— Бунақаси ҳаётда бўлмаган! — Султон Темирвойникига кирибоқ кафтларини бир-бирига ишқалади. — Ҳаммасини тўғриладим, оғайни!.. Эртага кредит чўнтагимизда бўлади…

— Наҳотки, кўндирган бўлсанг?..

— Кўнмай қаерга борарди? Пулнинг дарагини эшитгандан кейин бўшашди-қўйди баттол!..

— Боплабсан, дўстим!.. Ана, хотин ошни дамлаб тайёр қип турибди. Худо хоҳласа, эртага йўлга тушармиз-а?..

— Ҳа, — кўзларини айёрона қисди Султон. — Пулни белга туямиз-у, қаердасан Россия деб йўлга тушамиз… Лекин-чи, кредитниям анави найнов Маматнинг номига расмийлаштиришим зўр бўлди… Мана шунақа гаплар, акаси! Юрибсан-да сенам аканг бозорчи деб!..

Темирвой айбдорларча бош эгди. Шу тобда у дўстидан жуда-жуда мамнун эди…

* * *

Жиноят қидирув бўлими терговчиси Нусрат Маманқулов боягина келиб тушган аризани кўздан кечираркан, қайта-қайта бош чайқаб қўйди.

— Вой, фирибгарлар-эй! — деди овоз чиқариб. — Бунақасини умрим бино бўлиб ҳали кўрмагандим. Оббо ярамаслар-эй!.. Сержант Облоқулов!..

Чақирган заҳоти остонада баланд бўйли милиционер пайдо бўлди.

— Чақирдингизми, ака?

— Ҳа, чақирмасам, кабинетни бошимга кўтариб бақирармидим?.. Буёққа ўтиринг-чи!..

Сержант терговчи кўрсатган ўриндиққа итоаткорона ўтириб буйруқ кута бошлади.

— Ҳозир Қовунмаҳаллага борасиз-да, — деди терговчи босиқлик билан. — Мўллаев Мамат деган кимсани менинг олдимга бошлаб келасиз.

— Анави… Кар-соқов Маматми?

— Худди ўша. Тилини биласизми ўзи?

— Билмасам, қўл бор-ку, ака! — кулди сержант. — Тинчликмикан ўзи?

— Афсуски, тинчлик эмас. Ўшанинг устидан солиқчилар хат беришган судга. Суд эса, бу ишни тўғридан-тўғри кўришни истамади. Бу ерда катта жиноят иси бўлиши мумкин дейишяпти.

— Шунақа денг?.. Бўпти, ҳозир олиб келаман.

— Ўнингизга биронта шерик олволинг! Ҳар қалай, ёлғиз бормаганингиз маъқул!..

* * *

Солиқчиларнинг хатида ёзилишича, Мамат икки йилдан бери мўмай даромад олаверган-у, умуман солиқ тўламаган… Бу ҳам етмагандай, ҳар гал чақиришганда, елка қисиб ҳеч нарсага тушунмаётганини рўкач қилади, жаҳл билан қўл силтаб ночоргина уйини кўрсатаверади…

— Қизиқ, — бош қашиб хатни қайта-қайта кўздан кечириб чиқди терговчи. — Ҳақиқатан, Мамат ночор яшайди. Лекин… Фирмани қандай қилиб очган? Нима билан шуғулланади?.. Шунча даромад қилса-ю, нега ўзини ночор қилиб кўрсатади? Нега уйини ҳеч қурса таъмирлаб ололмайди? Нега ҳар куни дўкондан қарзга ароқ олиб ичади?..

Мана шу саволлар терговчини гўёки боши берк кўчага олиб кириб қўйганди…

Бир ҳафта ичида у фирма ҳужжатларига қўйилган Маматнинг имзосини ҳам экспертизадан ўтказиб кўрди. Ҳаммаси жойида. Ҳеч қандай қалбакилик йўқ…

Хўш, унда… Гап қаерда?.. Наҳотки, бу иш шунчалар чигал бўлса?.. Тўхта, балки, бирор ярамас унинг номидан иш қилиб юргандир?..

Худди шу савол терговчини ҳушёр торттирди.

— Ўзим бориб қўни-қўшниларидан суриштираман, — бир қарорга келиб ўрнидан қўзғалди у. — Қани, улар нима дейишаркин?..

Хато қилмаган экан. Биринчи қўшниникига кириб суриштиргандаёқ ҳаммаси маълум бўлди. Қассоб қўшниси Султон Мирзаев Россиядан ёғоч олиб келиб сотиш билан шуғулланаркан. Хўш, фирмаси қайси?..

Тажрибали терговчи учун жиноят изларини аниқлаш унчалик қийин кечмади. Айни шу куни Султон ва Темирвойлар бир вагон ёғочни «эга»ларига топшириб, пулни чўнтакка жойлаб Маматни рози қилиш учун уникига киришганди. Терговчи икковини ҳам бир савол билан қўлга туширди.

— Биз ҳам фирмангизга бир вагон ёғочга буюртма берсак бўладими?

Шу саволнинг ўзи айбларини бўйнига қўйиш учун етарли бўлди. Икки фирибгар ҳам тилини тишлаб, Маматга ёвқараш қилганча тош қотди…

ХОТИМА ЎРНИДА

Кейинги воқеалар ўзингизга аён бўлса керак. Инсонларнинг ногиронлигидан фойдаланиб давлат мулкига хиёнат қилганликлари ошкор бўлган Султон ҳамда Темирвойлар нафақат қонуний жазога тортилди, балки, маънавий зарар етказганликлари учун Маматга катта миқдорда товон пули тўлайдиган бўлди.

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here