Ҳордиқ ошхонаси: Киевча котлет

0

Керакли масаллиқлар: 1 дона бутун товуқ, 70 г сариёғ, 40 г ун, 70 г қотган нон, 1 дона тухум, 50 мл сут, туз, мурч, қовуриш учун ўсимлик мойи, кўкатлар ва гарнир.

Тайёрланиши:

Киевча котлетлар тайёрлашнинг усуллари кўп. Кимдир гўштни суяги билан тайёрлайди, кимдир суяксиз, кимдир қиймадан, кимдир яхлит гўштдан.

1. Товуқдан тўшини ажратинг. Унутманг, товуқнинг териси керак эмас. Аммо тўш яхлит чиқсин. Истасангиз, суякни олиб ташланг. Суяксиз ишингиз осонроқ бўлади.

2. Кейин кесиб олинган тўшни ёнламасига бир томонидан кесиб, юпқароқ иккита бўлакка ажратинг. Кесаётганда эҳтиёт бўлинг, бирор жойи тешилиб қолмасин. Сабаби, тешикдан ичидаги сариёғи оқиб кетиши мумкин.

3. Кесилган гўшт бўлагининг устига целлофан тўшаб, ёғоч болғача билан уриб-юмшатиб олинг.

4. Кўкатли сариёғни тайёрлаш учун шивитни майда тўғранг ва юмшоқроқ сариёғ билан аралаштиринг. Туз ва мурч қўшишни ҳам унутманг.

5. Бир тусли қоришма ҳолига келгач, сариёғдан унча катта бўлмаган конуслар думалоқланг. Сўнг ҳар бирини унга белаб, музхонага жойланг. Сабаби, котлетни думалоқлаётганда сариёғ қаттиқ бўлиши керак.

6. Энди юмшатилган, туз-мурч сепилган гўшт бўлагининг устига битта сариёғ конусидан қўйиб, маҳкам қилиб ўранг.

7. Кейин бу ўрамнинг яна битта гўшт пластинкасига сиқиб ўрайсиз. Ана энди котлетимиз тайёр. Уни ликобчадаги унга белаб, сўнг целлофанга ўраб, 10-15 дақиқага яна музхонага қўйнг.

8. Энди тухумни сут билан бирга кўпиртириб олинг-да, туз-мурч қўшинг.

9. Кейин нондан йирикроқ талқон тайёрланг.

10. Товага ўсимлик мойи солиб, қиздиришга қўйинг. Унгача совуткичдаги котлетни олиб, аввал тухумли аралашмага ботиринг, кейин талқонга беланг. Бу ишни икки марта такрорланг.

11. Сўнг қизиб турган мойда котлетнинг усти қизаргунча қовуринг.

12. Ана шундан кейин 200 даражада қиздирилган печда 10-12 дақиқа пиширинг.

Тайёр котлетни иссиқлигида қовурилган картошка ва кўкат билан дастурхонга тортинг.

 

Ҳордиқ газетасидан олинди

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here