Анзур пиёзи қиш кунлари жуда шифобахш

0

Анзур тоғ пиёзи бўлиб, барча турдаги пиёзларнинг витамин ва минералларини ўзида мужассам этган. Анзур пиёзи кузги ва қишки шамоллашга шифолиги билан халқ табобатида машҳур.

ҚИШДА
ФОЙДАЛАНИШ УЧУН…

Баҳорнинг апрель-май ойларида ёш анзур пиёзини кавлаб, яхшилаб тозалаб, сирли идишга солинг ва устидан шўр сув қуйиб, 40 кун бостириб қўйинг. Бу даврда кунига икки маҳал маринаднинг сувини янги шўр сув билан алмаштиринг.

40 кундан кейин эса бодринг­ни қандай маринадласангиз, уни ҳам худди шундай қилиб, банкаларга ёпинг. Қарабсизки, беқиёс дармондори тайёр. Мазкур пиёздан исталган вақтда фойдаланишингиз мумкин.

ШИФОБАХШЛИГИ

Анзур пиёзи, энг аввало, қариликни секинлаштиради, ёшликни узайтиради, хотирани мустаҳкамлайди, бош айланишини йўқотади, кўриш ва эшитишни яхшилайди, хуллас, бутун организмга шифо бўлади.

Анзур тоғ пиёзининг яна бир ноёб хусусияти — пиёзни мунтазам истеъмол қилган кишининг ички органлари қувватланади, иштаҳаси очилади ва иммунитети кўтарилади. Бунинг натижасида эса организм ташқи таъсирларга, ҳар хил юқумли ва жиддий касалликларга қарши кураша олади.

Халқ табобатида бу сабзавот мигрен, бош оғриғи, эпилепсия, депрессия, шамоллаш, йўтал, қулоқ ва кўз оғриғи, ошқозонда ҳазм қилиш фаолиятининг бузилиши, қон-томир касалликлари, тери ва соч заифлиги каби кўпгина хасталикларни даволашга ёрдам беради. Бунинг учун уни исталган ҳолатда (сут ёки асал билан) истеъмол қилиш мумкин.

 

ТАРКИБИДА

Анзур пиёзининг шифобахш қиймати унинг таркибидаги С (оддий пиёздан 5 марта кўпроқ), Д, Е, каратиноид ва фитонцидлар билан юқори даражада баҳоланади. Бундан ташқари, анзур таркибида оддий пиёздан 2 баравар кўп қуруқ моддалар, минерал тузлар, қанд ва эфир мойи сақланади. Шу билан бирга фармакологияда мунтазам керак бўладиган алкалоид, сапонин ва стероннинг анзур таркибида сақланиши ҳам унинг қийматини оширади.

 

БОШ ОҒРИҒИГА ДАВО

Шамоллаш туфайли ёки асабийлашиш оқибатида бошингиз оғриса, анзур пиёзидан 2-3 бўлакчасини майда чайнаб енг. Бир пасда оғриқ босилади.

Агар тинимсиз бош оғриғи қийнаб, хотирангиз панд бера бошласа, 5-7 кун кечаси ухлашдан олдин 1 бўлакдан анзур пиёзи енг. Биринчидан, кечаси тинч ухлайсиз, иккинчидан, бош миянгизнинг тиниқиб дам олганлиги шарофати билан хотирангиз қайта тикланади.

 

ЗАРАРКУНАНДАЛАРГА ҚАРШИ

Маълумки, кўп асрлар илгари халқлар денгиз анзур пиёзи ёрдамида кемирувчилар — каламуш ва сичқонлар, уй ичи ва ҳовлиларда кўпайиб кетадиган зараркунанда ҳашарот ҳамда қурт-қумурсқаларга қарши курашганлар. Бунинг учун денгиз анзур пиёзидан тайёрланган қайнатилган картошкали қоришмани думалоқлаб, зараркунандалар инига, омборхонага, пол ости ва ертўлаларга қўйиб чиқиш лозим.

Бу заҳарли дорини денгиз анзур пиёзининг қизил ранглисидан тайёрласангиз, янада самарали натижага эришасиз. Энг муҳими, бу дорининг инсонга асло зарари йўқ. Ҳаттоки аллергияни ҳам қўзғатмайди.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: