ЎҒЛИМ БЕҲРУЗ ВА РАФИҚАМ СВЕТЛАНАГА…

0

 

Фарзандим, дилбандим, жужуқим,

Менга кўз тикарди, бўйларди.

Ётзабон, тилчаси чучугим,

Соғинса ўзбекча ўйларди.

Уйимнинг тўри — бу маҳталим,

Дардини деворга сўзларди.

Бир жумла кўрмаган дафтарим,

Боламнинг қўлида бўзларди.

Малика келбатли Нуройим

Бахтистон тахтини кўзларди.

Менга зор қолганда ўртаниб,

Ўғлимни ўзбекча “сиз”ларди.

Мен бўлсам парвойи фалакдек

Малаклар юртида кезибман.

Бунда боғ, гулзор кўп. Гулимнинг

Ифорин қайданам сезибман.

Еттинчи осмонда учибман,

Минг совуқ қучоқни қучибман.

Кўнглимнинг кўчасин оралаб,

Ул боғдан бул боғга кўчибман…

Эҳ, ғафлат олибди… Қурсин-а!

Кўп ёмон ботқоққа ботдимми?

Бир ранги сомонга ишониб,

Мен тўлин ойимни сотдимми?..

Боламга боқаман… Кулади.

Маъюслик кўзидан олибди.

Нуройим кўксимга бош қўйиб,

Гўёки тош қотиб қолибди…

— “Йўқ, — дедим. — Мен сизни суяман,

Нуройим, дилбандим, жужуқим,

Туш кўрган кўзимни ўяман,

Ўзимнинг тилчаси чучугим…”

Мен сизнинг кўнглингиз хушлайман,

Бахтимни бошқатдан бошлайман.

Таннозга талпинган тушимни,

Бурдалаб бурдалаб ташлайман.

Олимжон ҲАЙИТ

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: