Бир умрлик йўлдошингиз қандай сифатларга эга бўлиши керак?

0

— Уйдагилар яқинда мени турмушга узатишмоқчи. Уйимизга тез-тез совчилар келиб турибди. Лекин мен улардан қайси бирини танлашга ҳайронман. Ўзи умр йўлдоши танлашда қайси жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш зарур? Оила қуриш арафасидаги йигит-қизларга бу борада қандай маслаҳат ва тавсиялар бера оласиз?

(Асакалик мухлисимиз исм-фамилиясини сир тутишимизни сўради)

Нигора ШОМУРОДОВА, Республика «Оила» илмий-амалий маркази илмий ходими, оила психологи:

— Бу савол турмуш қуриш остонасида турган ҳар бир йигит-қизни ўйлантириши табиий. Ёшлар бундай пайтда кимдан маслаҳат олишни билмай, қийналишади.

Аслида умр йўлдоши танлаш анча мураккаб масала. Бу борада катта ҳаёт тажрибасига эга, ёши улуғ, ҳурматли инсонлар ва мутахассислар билан маслаҳатлашиш зарур. Чунки ҳали турмуш тажрибасига эга бўлмаган ёшлар оила қуриш учун қайси жиҳатлар муҳимлигини яхши фарқлаб, фаҳмлаб ололмайди. Шунинг учун кўпчилик фақат ташқи кўриниши ёки ташқи хусусиятларига (бой хонадондан экани, ота-онасининг мол-давлати, юқори лавозимда ишлаши каби…) асосий эътиборни қаратиш билан кейинчалик катта ҳаёт йўлида бир умр адашиб қолиши мумкин.

Инсоннинг хулқ-атворидаги ички хусусиятларига эса кўпчилик унча эътибор беравермайди. Аввало, умр йўлдош танлашда унинг фикрининг кенглиги, мулоҳазалилиги, катталардай хулоса қилишга ўргангани, хулқ-атворидаги ижобий ва салбий сифатлар, воқеа-ҳодисаларга некбинлик ёки бадбинлик билан қараши, ҳаётда самимийлиги, жиззаки эмаслиги, кечирувчан ва сабрлилиги, худбин эмаслигини суҳбат ва кузатишлар орқали билиш лозим. Шунингдек, унинг саломатлиги ва ташқи кўринишини ҳам назардан четда қолдириб бўлмайди.

Умр йўлдошининг бирор касб эгаси сифатида рўзғорни таъминлай олиши ёки оила бюджетига ҳисса қўша олиши ҳам муҳим. Айниқса, эркак киши боқимандалик билан ҳаёт кечиришга ўрганган бўлса, оила қургандан кейин бу иллатнинг касофатидан бутун оила азият чекади.

Сиз ҳаётингиз давомида бир умр бирга яшайдиган инсоннинг қизиқишлари, ёқтирган нарсалари, орзу-мақсадларини билиш ҳам муҳим. Биргаликдаги ҳаёт ҳамроҳингизнинг бундай жиҳатларига ҳурмат кўрсатиб, ёрдамчи бўлиб туришни тақазо қилади. Энг асосийси, у сизни фикран ва ҳиссиётлари билан қаноатлантириши зарур!

Бўлажак турмуш ўртоқ туғилажак фарзандларимнинг отаси, деган талаб билан кузатсангиз, ўзингиз учун мос ёки мос эмаслигини аниқлайсиз.

«Оила даврасида» газетасидан

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: