Оқ доғларнинг давоси борми?

0

Витилиго — пес ёки бошқача қилиб айтганда, оқ доғлар касаллиги инсониятга қадим замонлардан маълум, бироқ уни мохов касаллиги каби ўта юқумли, деб ўйлаш нотўғри. Тўғри, пес ва моховга чалинганлар қисмати жуда оғир бўлган. Уларни узоқ ерларга қувғин қилишган, ҳатто қадимги Миср папирусларида ҳам у ҳақда маълумотлар ёзиб қолдиришган. Ҳозирда бу касаллик ҳақида нималар маълум ва унинг давоси борми? Касалликнинг белгилари қандай?

Бу борада бизга «Малҳам» табобат марказининг раҳбари, малакали шифокор, профессор Абдуқодир САТТОРОВ Нурмуҳаммад ўғли батафсил маълумот беради.

 

ВИТИЛИГО БЕДАВО ЭМАС!

Касалликнинг нерв толалари бўйлаб пайдо бўладиган тури кўпинча ҳар хил нерв толаларининг шамоллашидан кейин юзага келади. Витилиго, яъни оқ доғлар бедаво касалликлар сирасига кирмайди. Кўпчилик бу касаллик ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмагани боис уни юқумли ва насл сурувчи касаллик, деб ҳисоблайди. Шу сабабдан ҳам унга мубтало бўлганлар ўзини жамиятдан айридек ҳис этишади.

Бундай беморлар руҳан сиқилганлиги боис ҳам касаллик кўпайиб бораверади. Натижада касаллик бедаво деган тушунча юзага келади. Аслида эса витилигони 70-80 фоиз ҳолатда даволаш, оқ доғлар кўпайишини тўхтатиш мумкин.

Меланин турли сабабларга кўра, яъни ички секреция безлари алмашинувининг ёки ҳазм қилиш тармоғининг бузилишида, гоҳида бош мия зарарланишининг ёки вақти-вақти билан қон касалликлари ва гижжа касалликлари туфайли «ўлади.» Инсон организмида В гуруҳидаги барча витаминлар, РР, С, Е дармондорилари, темир, кобальт, мис, рух каби микроэлементлар етарлича бўлиши лозим. Ана шу витаминлар ва микроэлементларнинг биронтаси бемор қонида ёки ҳужайраларида етишмай қолса ҳам терининг нормал ранги бузилади ва у оқариб кетади. Касалликнинг ғалати томони шундаки, доғлар йиллар давомида пайдо бўлиб, сўнг ўзидан-ўзи доктор ёки табиб аралашувларисиз йўқолиб кетади.

Бироқ сиз бепарво бўлманг, чунки пес касаллиги лимфома (лимфа тугунлари ўсмаси) қон саратони ва шу каби даҳшатли касалликларни аниқлашга сабаб бўлади. Шунинг учун, албатта, мутахассис шифокорга мурожаат этиш керак.

 

КЕЛИБ ЧИҚИШ САБАБЛАРИ

— Витилиго бошланаётганининг аниқ бир белгилари йўқ. Лекин терида оқ доғлар пайдо бўлиши билан дарҳол шифокор-дерматологга мурожаат қилиш керак. Доғлар доим ҳам витилигога сабаб бўлмаслиги мумкин. Айрим ҳолларда замбуруғли касалликлар ва гижжалар, шунингдек, камқонлик ҳам оқ доғлар пайдо бўлишига олиб келади. Витилиго ривожланяптими, йўқми, аниқ ташхисни фақат шифокор қўяди. Доғлар пайдо бўлиши билан қанча тез шифокорга мурожаат этсангиз, уни даволаш шунча осон кечади. Инсон саломатлигидан кўра кўпроқ унинг руҳий ҳолатига таъсир кўрсатадиган ушбу хасталикнинг келиб чиқиш сабаблари номаълум бўлгани боис уни даволаш ҳам қийин саналади.

Тиббиётда аниқланишича, касалликнинг юзага келишига қуйидагилар сабабчи бўлиши мумкин:

Ҳомиладорлик пайтида ҳомиланинг гипоксия (кислород ва бошқа озиқ моддаларнинг етишмаслиги)га чалиниши.

Туғилиш вақтида боланинг бош мияси жароҳат олиши туфайли.

Ошқозон-ичак тизими, гижжа, иккиламчи юқумли касалликлар, буйрак, сийдик йўлларининг яллиғланиши.

Ўт йўли, жигар хасталиклари, айниқса, вирусли гепатит (сариқ касали)га чалиниш оқибатида.

Инфекция ўчоқлари — ангина (бодомча) безларининг яллиғланиши.

Ёш болаларнинг ҳазм қилиш аъзоларидаги бузилишлар.

Мактаб ёшидаги болаларда бурун-ҳалқум йўлида юзага келадиган гайморит (бурун ёндош бўшлиқларидаги яллиғланиш), кариес (тишларнинг чириши).

Асаб тизимидаги ўзгаришлар (кучли руҳий зарба, узоқ вақтгача руҳий тушкунлик ҳолатига тушиш).

Ўспирин ва ўрта ёшдагиларда касалликнинг юзага келишига эндокрин тизимидаги ўзгаришлар, вақтида овқатланмаслик ёки
нотўғри овқатланиш натижасида гастрит,
ошқозон, ўн икки бармоқли ичак яраси каби хасталиклар сабабчи бўлади.

Танада рух, мис, йод каби фойдали моддалар етишмовчилиги оқибатида.

Қалқонсимон без фаолияти издан чиққанда (бунда, асосан, буқоқ касаллиги) бошқа эндокрин касалликлардан қандли диабет касаллигига чалиниш сабабчи бўлади.

Терига ранг берувчи меланин пигментининг етишмаслиги натижасида.

Оқ доғлар, одатда, 10-35 ёш атрофидаги одамларда учрайди. Умуман олганда, касалликнинг келиб чиқиш сабаблари ва уни даволаш йўллари ҳар бир беморда турлича, фақат уларни бирлаштирувчи нарса — терида оқ доғларнинг пайдо бўлиши ҳисобланади. Айримларда буқоқ, бошқаларда сариқ касали, жигардаги лямблия, яна баъзиларда эса руҳий изтироб оқибатида пайдо бўлиши мумкин.

Касалликнинг ривожланишига экологик шароитнинг ўзгариши ҳам таъсир қилади. Аёлларда эркакларга нисбатан витилиго 2-3 марта кўпроқ учраши кузатилган. Кўп ҳолларда бунга аёлларнинг туғруқ ҳамда климакс даврида рўй берадиган эндокрин ўзгаришлари сабаб бўлади.

Ҳозирда тиббиёт витилигони даволаш борасида катта ютуқларга эришди. Айнан шунинг учун давони фақат малакали мутахасис шифокорлар олиб бориши керак.

 

Ҳордиқ газетасидан олинди

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: