«Барселона» Гризманни «Атлетико»дан тортиб олмоқчими?

0

«Атлетико» «Барселона» устидан ФИФАга шикоят қилди. Сабаб: каталонияликлар клуби раҳбарияти вакиллари Антуан Гризманн ва унинг вакиллари билан учрашгани. Мадриддагиларнинг ҳисоблашича, бу орқали «Барса» рақобатчига зарар етказиб, уни чемпионлик пойгасидан чиқармоқчи – айни вақтда «Атлетико» турнир жадвалида каталонияликларни 6 очколик фарқ билан таъқиб қилиб, иккинчи ўринда бормоқда.

Мадридликлар клуби раҳбарияти ФИФА қоидаларига таянмоқда: «Профессионал футболчи билан шартнома имзолашни истаган клуб, у билан музокаралар бошлашдан аввал биринчи навбатда унинг жамоасига расмий хат билан мурожаат қилиб, ўз ниятини билдириши керак».

2017 йилнинг июнида «Атлетико» Гризманн билан шартномани 2022 йилгача узайтирди, янги шартномага кўра, унинг трансфер нархи 200 млн еврога етказилди, аммо бир мавсум ўтиб – 2018 йилнинг ёзида форвардни 100 млн еврога сотиб олиш мумкин бўлади. Шу туфайли мадридликлар клуби 18.3 моддага жон-жаҳди билан ёпишиб олган: «Профессионал футболчи бошқа клуб билан фақат шартнома муддати тугагач ёки шартнома муддати тугашига 6 ой вақт қолганида янги шартнома имзолаши мумкин бўлади. Акс ҳолда, тегишли санкциялар қўлланади».

«Атлетико» аввалдан суғурталаниб олмоқда – бу мантиққа тўғри келади. 2005 йилнинг июнида ФИФА «Рома»ни Мексеснинг «Осер»дан трансфери вақтида қоидалар бузилгани учун жазолаганди: ҳимоячи 2004 йил ёзида, француз клуби билан шартномаси бўлишига қарамасдан Римга келганди. Якунда италияликлар клуби «Осер»га 5,3 млн евро миқдорида жарима тўлади, футболчи 6 ҳафталик дисквалификацияга учради, «Рома» – икки трансфер ойнаси давомида янги футболчи сотиб ололмайдиган қилинди.

2007 йилда ФИФА шундай ҳолатни «Ланс» футболчиси Гаэль Какутанинг трансферида қайд этди. Икки йил ўтиб «Челси» икки трансфер ойнаси мобайнида янги футболчиларни трансфер қилишдан маҳрум этилди ва клубга 780 минг евро миқдорида жарима белгиланди. Аммо клуб кейинроқ апелляция бериб, Спорт арбитраж судида ютиб чиққанди.

Гризманнинг «Барселона»га трансфери ҳақида илк миш-мишлар Неймарнинг «ПСЖ»га кетишидан кейин урчиганди. Аммо бу ҳақдаги гаплар тезда тинчиди: «Манчестер Юнайтед» футболчи учун асосий даъвогарга айланди, испан матбуоти эса каталонияликларнинг асосий нишонида Дембеле ва Ди Мария турганини, буни жамоанинг янги бош мураббийи Эрнесто Вальверде истаётгани ҳақида ёза бошлади. Якунда Усмон Дембеле катта нарх эвазига Каталонияга олиб келинди. Гризманн эса инсонийлик кўрсатиб, янги футболчи сотиб олиши тақиқланган «Атлетико»га ёрдам бериш учун қолишга қарор қилди.

Сентябрь ойида «Барса» француз футболчисини қўлга киритишдан умид узмагани, унинг учун 140 млн евро тўлашга тайёрлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ғоя Леонель Мессига ҳам маъқул келгани айтилди, аммо трансферлар қилишдан маҳрум этилган «Атлетико» у билан хайрлашишни истамайди.

Ноябрь ойи бошида Sky Sports нашри Le10Sport манбасига асосланган ҳолда Гризманн «Барселона» билан 5 йиллик шартнома тузиш борасида келишувга эришгани, унинг маоши 20 млн еврони ташкил этиши ҳақида ёзди. Албатта, буни ҳеч ким жиддий қабул қилмади.

Mundo Deportivo нашри эса декабрь ойида муқовасига «Форвард «Барселона»нинг 2018 йилдаги асосий мақсади» дея ёзди ва ўқувчиларини ушбу трансфер амалга ошишига ишонтирди. Нашр хабарида, каталонияликлар раҳбарияти вакиллари француз футболчисининг вакиллари билан учрашгани ва трансфер жараёнлари бошлангани, Гризманнинг ўзи ҳам трансферга розилиги ҳақида айтилган. Музокараларда «Барса» бош директори Пеп Сегура ва техник котиб Роберт Фернандес иштирок этган.

Ўтган ҳафта охирида Mundo Deportivo тафсилотларни очиқлади: дастлабки келишувлардан кейин «Барселона» президенти Жозеп Бартомеу ҳам ишга аралашган. У Антуаннинг опаси, укасининг ишлари билан шуғулланувчи (унинг агенти йўқ) – Мод ҳамда унинг бошқа қариндошлари билан Каталониядаги ресторанлардан бирида учрашган. Томонлар ўша куни бўлажак келишувни муҳокама қилишгани айтилди.

«Барселона»нинг расмий шахслари бу хабарларни инкор қилиб чиқмади. «Депортиво» билан ўйиндан кейин эса клуб директорларидан бири Гильермо Амор янгиликларга шундай муносабат билдирди: «Футбол дунёсида миш-мишлардан қочиб бўлмайди: Гризманн билан алоқа қиладиган одамлар жуда кўп. Турли футболчилар билан алоқада бўлиб туриш – клуб учун зарурат». Шундан сўнг, «Атлетико» ғазабга минди.

Гризманнинг эҳтимолий трансферини «Барселона» футболчилари ҳам муҳокама қила бошлашди. Каталониядаги Rac 1 радиосига берган интервьюсида Луис Суарес шундай деди: «Клуб ҳамиша энг яхши футболчиларни жамлайди, Гризманн ва Коутиньо – айнан шундай, элитар футболчилар, улар ҳозирда юқори формада. Менимча, агар улар бу ерда ўйнаса, бизни катта келажак кутади».

Хорди Альба ҳам Onda Cero радиосига берган интервьюсида Гризманн ҳақидаги гаплар уни хурсанд қилганини билдирди: «Антуан – топ-футболчи. Охирги йилларда у «Атлетико» етакчиси. У ажойиб футбол намойиш этмоқда. «Барселона» шундай футболчи билан кучайиши керак».

«Барселона» мураббийи Эрнесто Вальверде эса тўғридан-тўғри жавоб беришдан қочди ва унинг ўрнига Иньестанинг «Депортиво»га қарши ўйиндаги ҳаракатлари ҳақида гапирди. «Гризманн – зўр футболчи, аммо у бизнинг жамоамизда эмас», деди у.

Диего Симеоне L’Equipe учун берган интервьюси орқали жараённи янада қизитди: «Албатта, Гризманн қачондир кетиши мумкин – худди, ўз вақтида Диего Коста ва Арда Турон билан шундай бўлгани каби. Мен ўз футболчиларимни ёқтираман ва менга уларнинг ўсиб боришини кузатиш ёқади. Мен нонкўр одаммасман. Агар бирон футболчи келиб, «Мураббий, менга орзуимдаги жамоадан таклиф тушди, энди кетишим керак», деса, муаммо бўлмайди. Бу Гризманн бўлса ҳам. Муаммо йўқ. Биламан, у яна ўсиши керак».

«Атлетико»нинг шикояти Футболчилар статуси қўмитасига жўнатилган ва у жиддий тарзда ўрганиб чиқилади. Шундан сўнг, шикоят Интизом қўмитасига юборилади.

Агар «Барселона» айби исботланса, клуб молиявий жаримага тортилиши ёки трансфер тақиқига учраши мумкин. «Барселона» ёш футболчилар билан шартнома имзолашда йўл қўйган фирибгарлиги учун, худди шу тарзда жазоланган, 2014-2015 йиллар мавсумида клуб янги футболчиларни таркибга қўшиб ололмаганди.

Бугун Mundo Deportivo «Барселона» Гризманн билан ҳеч қандай музокара ўтказмагани, жамоа ҳеч қандай трансфер қоидаларини бузмагани ҳақида хабар тарқатди.

 

manba: kun.uz

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here