Ўйлаб кўрдингизми? 2017 йил 24 декабр куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?..

0

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

Асосийси, бугун хаёлпарастликка зеб берманг. У сизни ҳатто тўғри йўлдан чалғитиши мумкин. Нимаики қилманг, тажриба ва билимингиздан келиб чиқинг. Муҳаббатда ҳам вазиятлар сиз хоҳлаганчалик кечмаслиги мумкин. Илож қанча, баъзида вазиятга бўйсунган ҳолда ҳаракатлар содир этишга тўғри келади. Саломатлигингизни жуда эҳтиёт қилинг. Кечқурун баъзилар интернет орқали янги танишувларни бошдан кечириши мумкин. Барчаси ўз йўлига, сиз дам олиш кунингизни мазмунли ўтказишга ҳаракат қилинг.

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

24 декабр куни ҳар жабҳада омадингиз кулади. Қайси йўлдан борманг, вақт ҳам, вазият ҳам фақат сиз учун ишлай бошлайди. Фақат қалбингиз тубига жойлашиб олган эски гумонларни ҳайдаб солинг. Иқтисод, сиёсат ва бизнес билан шуғулланувчилар тўғри йўл танлашда сергак туришлари талаб этилади. Чунки уччала соҳада ҳам арзимас хатолик қимматга тушиши турган гап. Кечқурун ёлғиз қолиб, ўзингизни руҳан эртанги кун учун тайёрланг.

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

Бугун ўзингизни камроқ ўйланг, қариндошларингиз ташвишига шерик бўлинг. Аммо ёрдам бериш экан деб жанжаллар ташкил этиб юборманг. Вазиятни янада кескинлаштириб қўясиз. Молиявий муаммоларингиз сиз хоҳлагандек, бир зумда ижобий ҳал бўлмаслиги мумкин. Лекин ҳал бўлади. Фақат кечқурунга бориб. Кун давомида саломатлигингизни жиддий назорат қилиб боринг. Грипп юқтириб олишингиз хавфи бор. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

24 декабр сиз учун қувончлар кунига айланади. Ҳаётингизда йўқотишлар, ёлғонлар, нафрат-у аламлар умуман бўлмайди. Оиласиз бўлсангиз, муҳаббат осмонида парвоз қилиб чарчайсиз. Фақат фойда келтирадиган ишларнинг кетидан қувманг, қизиқарли юмушларга ҳам эътибор қаратиб қўйинг. Шунда омад сизни тарк этмайди. Кечқурунга бориб турли ёмон хаёллар миянгизга чирмашиб, тинчингизни бузиши кутилади. Барчаларини ҳайдаб солинг.

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

24 декабрда кайфиятингиз аъло даражада бўлади. Ташвиш, хавотирларга умуман ўрин қолмайди. Куч ва имкониятларни ақл билан сарфласангиз бас. Муҳаббатда мағрурлик, ўзингизга ҳаддан зиён зеб беришингиз муваффақиятсизлик келтиради. Мулойимлик ва дипломатларча муносабат сизга фақат фойда беради. Кечқурун тоза ҳавода сайр қилинг. Шу маҳал сизни танишларми, дўстларми, меҳмонга таклиф этиши кутилмоқда.

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

Мақсадга етишингизда сизга тўсиқлар ҳам, муаммолар ҳам халал бера олмайди. Ҳатто, муҳаббатда учраши кутилган кўнгилсизликларни ҳам четлаб ўтасиз. Молиявий муаммоларни ижобий ҳал этишда бадавлат танишларингиз ёрдам беради. Ёши улуғ қариндошлардан албатта хабар олинг. Уларнинг дуоларига муносиб бўлинг. Бошингиздан кун давомида қандай ишлар ўтмасин, барчасига ҳазил аралаш муносабат билдиринг. Сурункали хасталикка йўлиққан бўлсангиз, доимий равишда соғлиғингизни кузатиб боринг.

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)

24 декабр куни қалбан тайёр турсангиз, олдинда кутилаётган ташвишлар, жанжалли, баҳсли лаҳзаларни айланиб ўта оласиз. Шу алфозда ҳеч қачон тил топиша олмаганлар билан ҳам дўст тутинасиз. Бошқа уйга кўчиб ўтиш, саёҳат ва касбни ўзгартириш учун бугунги кун муваффақиятли ва хайрли кечади. Кўчадаги ўткинчи хушомадлар, шайтоний чеҳраларга асир бўлишдан сақланинг. Бу саломатлигингизга ҳам путур етказиши мумкин.

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

Атрофдагилар билан мулоқотда танқиддан, тирноқ орасидан кир қидиришдан тийилинг. Шунда мақсадингизга етасиз иншооллоҳ. Анча кундан бери жуфтингиз билан муносабатларга илиқлик бахш эта олмай азобда эдингиз. Бугун шу мўъжиза юз беради. Фарзандларингиз билан кўпроқ тиллашишга ҳаракат қилинг. Уй юмушлари билан банд бўлинг. Моддий манфаат, муваффақиятнинг ўзи сизни қидириб келади.

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

24 декабрда олдингизда тўсиқлар етарлича топилади. Бироқ сиздаги куч ва имкониятларга бу тўсиқлар чикора. Пул масаласида тежамкорликка эътибор қаратинг. Пулнинг келиши қийин, кетиши осон бўлади. Кечқурун ҳаво совуқ бўлишига қарамай, тоза ҳавода сайр қилсангиз, куч ва имкониятларингиз янгиланади. Ғийбатларга, кўнгли қора одамларга сукут ёрдамида жавоб беринг. Кечқурун уйингизга меҳмонлар ташриф буюриши кутилади.

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 20. 01)

Кунингиз ишда илҳомга, унумга, шахсий ҳаётда истакларнинг ҳақиқатга айланиши ва ёрқин ҳодисаларга бой бўлади. Руҳан тузилган дастур кучингизни тўғри сарфланишига катта ёрдам беради. Олис сафарга чиқмоқчи бўлганлар олдиндан муҳим ҳужжатларни кўздан ўтказиб қўйишлари тавсия қилинади. Саломатлигингиздан бугун шикоятингиз бўлмайди. Ҳар қандай хасталик сизни четлаб ўтади. Овқатланиш меъёрлари, режими ҳам саломатлигингиз яхши сақланишида муҳим аҳамият касб этишини унутманг.

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

24 декабр куни эрталабдан гўё еттинчи осмонда парвоз қиласиз. Булутларни кетма-кет ёриб ўта бошлайсиз. Лекин фавқулодда ерда муваффақиятсизлик юз бериши кутилаётганини илғайсиз-у, пастга шўнғийсиз. Яхшиям ўз вақтида илғайсиз. Бўлмаса, бу кўнгилсизлик сизни жуда-жуда баланд масканлардан ерга қулашга мажбур этиши тайин эди. Рўзғор муаммоларини тез фурсатда ҳал этинг ва молиявий масала билан шуғулланинг. Иммунитетни кўтаринг, бу ишда мевалар катта ёрдам беради. Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

Бўлар-бўлмас орзулардан юз ўгиринг. Улар бугун сизга ҳамроҳ бўла олмайди. Кун давомида бошқа шаҳарда яшовчи қариндошингиз сизга моддий жиҳатдан ёрдам қўлини чўзиши мумкин. Билимларингизни янада мустаҳкамлаш йўлидаги ҳаракатлар ҳам моддий манфаат ҳадя этади. Кечқурун жуфтингиз ёки бўлғуси жуфтингиз билан театргами, киногами тушсангиз ҳам ярашади.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

О. ҲАЙИТ тайёрлади

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here