ИККИТА ЁНҒОҚ ЁХУД БИР КИЙИМЛИК ХОНАТЛАС ВОҚЕАСИ… (ярим ҳазилга қоришиқ фожиа)

0

 

«Ҳақиқатни тан олиш ҳам мардликка киради», деганди бир ошнам. Мундоқ дўппини бошдан олиб, калсираган бошни қашла-аб ўйласам, болаликдаям бало эмас эканман. Ўшанданоқ бошланган экан юрак жизиллаш касалим…

Эсимда, иккинчи синфда мени бувижоним ва бобожоним рус тилига ихтисослашган интернатда ўқитишни ният қилишди. Қўлимдан етаклаб олиб бориб ўша ерга жойлаштиришди. Жуда яхши интернат эди. Душанбадан шанбагача ўқийман, ўша ерда яшайман. Шанба куни тушдан кейин бобожоним мени уйга олиб кетади. Асосийси бу эмас. Асосийси синф сардоримиз Маърифат деган қақажон қиз эди. Аниқ эслайман, жа кетворган, чиройли қиз эди. Ўша қизга кўнгил кетибди-да! Аммо қасам ичаман, бу биринчи марта кўнгил кетиши бўлган. Яъни, ўшандан бошланган муҳаббат можаролари.

Хуллас, 8 яшар боламан-у, ётсам ҳам, турсам ҳам, юрсам ҳам фақат Маърифатни ўйлайдиган бўлиб қолдим. Уям менга эътиборсиз эмасди. Қизлар дарров сезаркан-да биров бошқача қараётганини! Маърифат тез-тез менинг партам ёнидан ўтадиган, менга баъзан чирой-йли қилиб жилмаядиган бўлди. Мен бўлсам, адо бўлай дердим. Ичимдаги сирларим тошай-тошай, юрагимни ёрай-ёрай дерди. Лекин уларни Маърифатга тўкиб сола олмасдим. Қўрқардим. Ўшанда ўйлардимки, агар айтсам, Маърифат мендан юз ўгиради, гаплашмай қўяди…

Ана шундай «қийноқ»лар исканжасида нари борса 15 кунни ўтказдим. Уйда ўтириб кутилмаганда хаёлимга бир фикр келди.

«Ҳа, хат ёзсам-у, душанба куни борганда партасининг остига беркитиб қўйсам-чи? Китоб-дафтарларини қўймоқчи бўлганда, қўли хатга тегади ва ўқийди…»

Фақат… Хат ёзиш осон кечмади. Бир-иккида бунақа ишларга қўл уриб кўрмаган одамга қийин бўларкан. Бироқ ўйлайвердим, бош қотиравердим. Охири топдим…

Қоғоз-ручка олдим-да, ташқарини кузатдим. Бобом ҳам, бувим-у тоғам ҳам ҳовлида ўзлари билан ўзлари овора. Айни муддао бўлди. Ниҳоят қўлларим титрай-титрай севги мактуби ёзишга киришдим.

Мактубим жуда қисқа ва лўнда эди.

— Маърифат, мен сени яхши кўраман! Агар менга иккита ёнғоқ берсанг, сенга хонатлас кўйлак олиб бераман!..

Шу сатларни қоғозга туширдим-у, шоша-пиша хатни кўздан панароқ токча устига қўйдим…

Адашган эканман. Муҳаббатим ошкор бўлди. Хатимни тоғам кўриб қолибди ва бобом-у бувимга баланд овозда ўқиб берди. Улар қотиб-қотиб кулишди…

Мен бўлсам, ўшанда жуда ранжигандим. Хатим, муҳаббатим, сирларим ошкор бўлгани алам қилганди. Аммо бошқа тарафини ўйламаган эканман. Умуман… Севги мактуби ҳеч замонда шунақа ёзиладими, айтинг, биродар? Ақлли одамлар иккита ёнғоққа бир кийимлик хонатласни алмашадиларми?..

Айниқса, бувижоним узоқ вақт кулди. Кулгидан тўхтагач эса, мен аҳмоқ набиранинг бошини қучиб ҳар галгидек тиззасига ётқизди-да, бошимни силай-силай деди:

— Болажоним, ўша хонатласни менга олиб бергин, мен сенга иккитамас, икки қоп ёнғоқ олиб берай!..

Мана, орадан қирқ йилдан кўпроқ вақт ўтди. Ҳануз ўша воқеа кўз олдимдан кетмайди. Бувижонимнинг кулги аралаш бўлса-да, айтган ўша гапи бағримни тиғлайди. Армон, афсус-надоматлар тинчлик бермайди.

Ҳақиқатан, нега ўша хонатласни бувижонимга олиб бермадим, худойим?..  Ахир, бувижоним бутун умр мен кўрнамак набирасини ёнғоқ билан боққанди-ку!..

Олимжон ҲАЙИТ

Олимжон Ҳайитнинг турли мавзулардаги хабарлари, мақолалари, ҳикоялари энди “Телеграмм” даги алоҳида каналда! Бизга қўшилинг, афсусланмайсиз!

t.me/olimjonhayit

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here