Куйдирги бедаво касалликми?!

0

Куйдирги касаллиги ҳақида эшитганда бироз қўрқувга тушамиз ёки унинг қандай хасталик эканига қизиқиш билдирамиз. «Куйдирги нимаси билан хавфли», «Бу касаллик ҳам юқадими ёки наслдан-наслга ўтадими», каби саволларга малакали шифокор — инфекционист Фароғат БОБОМЎМИНОВАдан жавоб олишга ҳаракат қилиб кўрамиз.

— Куйдирги зоонозлар (ҳайвонлардан юқадиган) гуруҳига кирадиган ўткир юқумли касалликдир.

 

КЕЛИБ ЧИҚИШИ

Куйдиргини қўзғатувчи микробни биринчи марта 1855 йилда шу касалликдан нобуд бўлган от организмидан рус олими Брауэлар топган. Куйдирги микроби  узунлиги 5-8мкм, йўғонлиги 1-1,5 мкм келадиган таёқчадир. Микроскоп остида занжирга ўхшаб, қатор бўлиб жойлашади. Таёқчанинг вегетатив формаси юқори температурада ва турли дезинфекцияловчи моддалар таъсирида бир неча дақиқа ичида ҳалок бўлади. Споралари эса ташқи муҳитга жуда чидамли, қайнатилганда 30 дақиқадан кейингина парчаланади. Тузланган гўштларда узоқ сақланади. 70 даражадаги иссиқда споралар бир неча соатгача ҳалок бўлмайди.

 

ПАЙДО БЎЛИШИ

Куйдирги микроби организмга шилинган тери, меъда ичак шиллиқ пардалари ва ҳаво йўллари орқали ўтади. Одам организмига кирган куйдирги таёқчасининг вегетатив формасининг бир қисмини фагоцитлар ютиб олади (фагоцитоз), қолганлари лимфа ва қон орқали организмга тарқалади. Куйдирги микроблари жигар, талоқ, ўпка, ичак девори, тери ости бириктирувчи тўқимасига етиб боради. Кейинчалик шу органларда улар организмнинг ҳимоя кучлари таъсирида ҳалок бўлади ёки инфекция ўчоқларини пайдо қилади. Бемор организмида преципитинлар, агглютининлар, комплементни бириктирувчи антителалар ҳосил бўлади. Вафот этган бемор жасади ёриб текширилганида қон қуйилиб, қорайиб қолганлиги, жигар ва талоқ катталашганлиги, тўқ қизил рангдалиги кўринади. Бошқа органларга қон қуйилади. Геморрагия юз берган жойларда кўплаб куйдирги таёқчалари топилади.

 

ТУРЛАРИ

Касалликнинг инкубацион даври бир неча соатдан 6-8 кунгача чўзилади, ўртача 2-3 кун давом этади.

Тери ва септик тури.

Тери турида куйдирги карбункули (pustula maligna) деб ҳам юритилади. Куйдирги карбункули кўпинча баданнинг очиқ жойи (юз, бўйин, қўллар)да жойлашади. Куйдирги таёқчаси кирган жойда аввало, қизил тугунча (папула) пайдо бўлади. Бу тугунча тез орада пуфакча (везикула)га айланади.

Пуфакча ичида қон аралаш сероз суюқлик бўлади. Пуфакча ёрилгач, ўрнида яра юзага келади, бу яра тезда қотиб, қурийди ва қўнғир рангли қора қўтир билан қопланади. Қора қўтир оғримайди, лекин аста-секин катталашиб боради. Қора қўтир атрофида майда пуфакчалар пайдо бўлади, бу куйдиргида жуда характерлидир. Куйдирги карбункули атрофидаги анча жой шишиб чиқади. Касалликнинг биринчи куни бемор бадани қақшаб, озгина боши оғрийди, дармонсизлик сезилади. Иккинчи куни беморнинг эти увишиб, қалтирайди ва тана ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилади, бош оғриғи кучаяди, уйқу бузилади.

Ҳарорат 5-6 кундан сўнг пасая бошлайди, беморнинг аҳволи яхшиланади, карбункул ҳам қайта бошлайди: аввал шиши камаяди, 2-3-ҳафта охирида қора қўтири кўчиб тушади ва тагида чандиқ кўринади.

Куйдирги оғир ўтганда касалликнинг иккиламчи септик хили бошланиши мумкин.

Бунда бемор тез-тез нафас олади, тахикардия аниқланади. Кўпинча беморнинг биқини санчиб, йўталади ва қон аралаш балғам ташлайди. Текшириб кўрилганда пневмония ва экссудатив плеврит белгилари аниқланади. Баъзан инфекцион токсик шок юз беради. Беморнинг қони ва балғамида жуда кўп касаллик микроблари топилади. Баъзи беморлар кўнгли айнаб, қон аралаш қусади, қорни қаттиқ оғрийди, қон аралаш ичи кетади. Баъзи ҳолларда беморда менинго энцефалит белгилари пайдо бўлади. Септик хили жуда кам учрайди. Касаллик алиментар ёки ҳаво-томчи йўли билан юққан ҳолларда пайдо бўлади. Баъзан тери хилининг асорати тарзида ҳам учрайди. Септик тури бирданига бошланади. Бемор эти увишиб, қалтирайди, ҳарорати 39-40 даражагача кўтарилади, беморнинг аҳволи бирдан оғирлашиб, қайта-қайта қалтирайди, кучли тахикардия ва терида геморрагик тошмалар кузатилади, шиллиқ пардаларга қон қуйилади, бемор қон аралаш балғам ташлайди.

Септик хилида беморнинг аҳволи кўпинча оғир бўлади. Тана ҳарорати 40-41 даражагача чиқади. Бемор олдин сопор, кейин кома ҳолатига тушиб, ўлим юзага келади.

 

ТАШХИС ҚЎЙИШ

Ҳар қандай касалликни даволашдан олдин унга аниқ ташхис қўйиш ва шу асосида даво чоралари кўриш талаб этилади. Бунинг учун керак бўлса, бир неча усуллардан фойдаланиш лозим. Чунки Абу Али ибн Сино бобомиз айтганидек, тўғри ташхис касалликнинг тузалишига 90 фоиз кафолатдир. Худди шунинг учун узоқ текширувлар натижасида аниқланган тўғри ташхис асосида даво чоралари кўринг.

Бактериологик усул — пуфакча суюқлиги, септик хилида бемор қони, балғами, ахлати, сийдиги махсус озуқа муҳитларига экилади.

Бактериоскопик — текширишга керак бўлган материалдан суртма тайёрланиб, бўялади ва микроскоп остида кўрилади.

Биологик усул — текшириладиган материални физиологик эритма билан 10 баробар суюлтириб, ундан 0,1-0,2 мл олинади ва оқ сичқон ёки денгиз чўчқасининг териси остига юборилади. Улар 10 кун кузатилади. Агар материалда куйдирги микроби бўлса, ҳайвонларда сепсис ривожланиб, 1-3 кунда ўлади.

Қиёсий ташхис-тери турини оддий карбункул ва ўлатдан фарқлаш керак. Оддий карбункул оғрийди, ўртасида йирингли учи кўринади, унинг атрофи қизарган бўлиб, сарғиш ранги қора қўтир ҳосил бўлади.

Ўлатнинг тери хили қаттиқ оғрийди, ўртасидаги қора қўтир атрофида майда пуфакчалар бўлмайди. Шиш куйдиргидан анча кам бўлади.

Куйдирги септик турининг ўлатнинг ўпка формасидан фарқи, ўлат билан касалланган бемор балғамида куйдирги таёқчалари топилмайди.

 

ОЛДИНИ ОЛИШ

1. Инфекция манбаларини йўқотиш лозим.

2. Ҳайвонлар билан иш олиб борадиганлар махсус вакцина билан эмланади.

3. Бемор касалхонада алоҳида хонага ётқизилади.

4. Бемор уйи дезинфекция қилинади.

5. Бемор билан алоқада бўлганлар 8 кун назорат остида бўлади.

6. Куйдиргидан ҳалок бўлган ҳайвон ва одам жасади куйдирилади ёки махсус тобутга солиб, 2 метр чуқурликка кўмилади.

7. Энг муҳими, инфекция ўчоғида бўлганлар вакцина билан эмланади. Ана шундан кейингина улар ўткир вирусдан ҳимояланишади.

 

 

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: