Санжар Ҳолиқов Шаҳло Аҳмедова билан муносабатларига ойдинлик киритди

0

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рашид Холиқов ўзининг кўп йиллик ижоди билан тингловчилар дилидан чуқур жой олиб улгурди. Бугун у санъат оламида ёлғиз эмас. Хонанданинг ўғли – Санжар ҳам хонандалик йўлида ижод қиляпти.

— Санъаткорнинг фарзанди ижод йўлини танласа, у энг камида отасининг даражасига эришиши керак. Хўш, сизнинг мақсад ва режаларингиз қандай?

—Ижод қилаётганимга энди бир ярим йил бўляпти. Дадам эса 26 йиллик тажрибага эга профессионал санъаткор. Мен ҳақимда хулоса чиқаришга ҳали эрта. Насиб қилса, мен ҳам худди отам сингари санъатда ўз ўрнимни топиб, тажриба ошириб, халқимизнинг кўнглидан чуқур жой оламан. Бугун шу мақсадда изланяпман.

— Фамилиянгизни, отангизнинг машҳурлигини суистеъмол қилган пайтларингиз бўлганми? Виждонан жавоб беринг!

— Йўқ! Одамлар ташқи кўринишимдан кимлигимни билиб олишади (кулади). Шундай бўлса ҳам ҳеч қачон бирор муамммо ёки масала юзасидан кимнингдир эшигини қоқсам, дадамнинг номидан фойдаланмайман. Ўзимни шахс сифатида қабул қилишларини хоҳлайман.

— Шоу-бизнесга кирганингизда сиз учун энг кутилмаган ҳолат нима эди?

— Хонандалик фаолиятини бошлаётганимни эшитганлар «Шоу-бизнес дунёси машаққатли. Қийналиб қоласан», дейишганди. Тўғри, ҳар бир соҳанинг қийинчилиги бор, буни билардим. Аммо бу даражада, деб ўйламаган эканман. Одамларнинг гап–сўзига ҳайрон қоламан. Қизиғи, танимаган, бирор марта мен билан гаплашмаган, айниқса, айрим тенгдошларим мен ҳақимда салбий фикрда. Бировга зиёним тегмаса, нега менга бундай муносабат билдиришяпти, билолмайман. Бундай ҳолатларга эътибор бермасликка ҳаракат қиляпман. Асосий эътиборим ўқиш ва ижодимга қаратилган.

—Клипларингизни томоша қилиб оз мунча пул сарфланмаганини билиш қийин эмас. Қиммат клип суратга олишдан мақсад?

— Мен видео кетма-кетликларимни қиммат эмас, балки сифатли ижод махсули, деган бўлардим. Мақсадимиз эса халқимизни сифатли маҳсулотга лойиқ деб билганимиздир.

— Ким билан дуэт куйлашни орзу қиласиз?

— «Орзуимдаги санъаткор мана шу» деёлмайман. Аммо Шаҳло Аҳмедова билан ҳамкорлик қилиш режамизда бор.


— Шаҳло билан муносабатларингиз ҳақида гап тарқалди. Ўзингиздан эшитсак…

— Шаҳло Аҳмедова билан санъатга кириб келишимиздан аввал танишиб, дўстлашганмиз. Бизнинг муносабатларимизни муҳаббатга йўйиш хато.

— Яхши. Уйланиш режангиз қачон?

— Ҳозирча бу ҳақида ўйламаяпман. Вақти соати келганида, кўнглимдан жой оладиган қизни учратсам, оила қуриш ҳақида бир қарорга келишим мумкин. Бугун эса фақат ижод билан бандман.

— Қай бир таъриф сизга маъқул: Рашид Ҳолиқовнинг ўғли Санжар Ҳолиқовми ё Санжар Холиқовнинг отаси Рашид Ҳолиқов?

— Фикримча, ўз йўлимни топгунимга қадар, Рашид Ҳолиқовнинг ўғли, Санжар Ҳолиқов дея аташади. Балки йиллар ўтиб, Санжарнинг дадаси Рашид Ҳолиқов дейишар. Лекин бу қийин масала. Негаки, санъатда отам биринчи танилган. Мен эса дадамнинг ишини давом эттираётган кейинги авлодман. Ва бундан ғоят фаҳрланаман.

Алия СУЛАЙМАНОВА,

Даракчи.уз

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here