Қора седана сутни равон келтиради оғриқни қолдиради ва яна…

0

ТАРКИБИ

Седана таркибида 0,4-1,5 фоиз эфир мойи, 40 фоизгача ёғ, мелантин ва нигеллин гликозидлари бор.

Шунингдек, таркибида организм учун керакли моддалар мужассам.

Инсон танаси ёғни ишлаб чиқара олмагани учун уни ташқаридан олишга мажбур. 1 г седана инсонга зарур кунлик ёғ эҳтиёжини қондира олади. Шифокорлар седанани истеъмол қилиш йўлининг энг унумлиси  уни эзиб ейиш эканлигини таъкидлашади. Седана иммун тизимини мустаҳкамлаб, саратон, ОИТС каби касалликларга қарши тавсия этилади. Қон босими ва иситмани тушириш, табиий антибиотик каби таъсир кучларига ҳам эга.

Шунингдек, тана тизиaмининг нормал ҳолга келиши учун седанани 4-6 ой истеъмол қилиш тавсия этилади. Яна айрим шифокорларнинг тавсиясига кўра, седанани маълум бир муддат эмас, умр бўйи истеъмол қилган яхшироқ, чунки инсон бир умр соғлом танага муҳтож бўлади.

 

ШИФОБАХШЛИГИ

Седана кераксиз рутубатларни иситувчи ва қуритувчи, пиширувчи ва уларни ташқарига ҳайдашга тайёрловчи ҳисобланади. Шунингдек, ички аъзолардан чиқиндиларни тортиб олувчи ва баданни покловчи ҳамдир.

Бундан ташқари, седана пешоб ва ҳайзни равон келтиради. Шунингдек, бола йўлдошининг ҳам тезда тушишини таъминлайди.

Седана ейилса ёки оғриқли жойга қўйиб боғланса, совуқ мизожли беморга таскин беради. Кўкрак қафасининг ички аъзолари, сариқ сув, сариқ касаллиги, юракнинг беҳузур бўлиши, талоқ хасталиклари ва бодли қуланжга ҳам даво бўлади.

Қора седана ҳар куни наҳорда оч қоринга давомли еб турилса, пешоб, ҳайз ва сутни равон келтиради. Агар ёғ билан ейилса, ранг-рўйни қизартиради, юзни мусаффо қилади.

Сирка билан ейилса, меъдадаги барча турдаги қуртларни ташқарига ҳайдайди.

Унинг 4,5-10,5 грамми илиқ сув билан истеъмол қилинса, қутурган ит қопганига дори ва қорақурт заҳрига ҳам қарши даводир.

Сув ва асал билан аралаштириб истеъмол қилинганда, қоражигар ва қовуқдаги тошларни майдалаб, тўкиб юборади.

Седана илитиб, бошга боғланса, тумовни даф этади ва бошқа аъзоларга иссиқ белбоғ қилинса, бодни бартараф этади. Уни сувда қайнатиб, ўша сувга сирка қўшиб, ушбу аралашмада оғиз чайилса, совуқдан бўлган тиш оғриғини босади. Седанани туйиб, бошнинг олд томонига боғласангиз, эски шамоллашни тўхтатади ва бош оғриғини босади.

 

Седана уруғидан ёғ ҳам тайёрланади. Бу ёғни ейиш ва суртиш фалажлик, юзнинг бир томонга қийшайиб қолиши, аъзоларнинг чангак бўлиши, бўғимларнинг совуқдан бўлган дардлари, жинсий заифлик, асабларда тиқилмаларнинг кўпайиши, толиқиш, бел оғриги, жинсий қувватсизлик, тери-таносил касалликлари ва ҳатто эркаклик қобилиятини йўқотган инсонларга қайта ғайрат бағишлашда даводир.

Седана мойи дорихоналарда сотилади. Агар истасангиз, бу мойни уй шароитида ҳам тайёрлашингиз мумкин. Бунинг учун аввал седанани туйиб, ун ҳолига келтиринг. Сўнгра ундан 100 г олиб устидан кўмилгунча узум сиркаси қуйинг. Кейин мазкур аралашмани етти кун қоронғу жойда сақланг ва ҳар куни бир маҳал чайқаб туринг. Вақти келгач, 500 мл зайтун мойи ёки ширин бодом мойи билан бирга токи узум сиркаси буғланиб кетгунга қадар қайнатинг. Бунда мой доғ бўлиб кетмаслиги керак. Сўнг мойни сузиб олинг.

Седана ёғи она сутини ҳам кўпайтиради. Бунинг учун эмизикли оналар ҳар овқатдан кейин ярим чой қошиқдан седана ёғи ичиб юриши ёки туйилган седанани суюқ таомларга қўшиб истеъмол қилиши лозим.

Седана дамламаси ичак йўлларини тозалашда шифо бўлади. Бунинг учун 0,5 литрли чойнакка 20 дона седана, 1 чой қошиқ кўк чой солиб, устидан иссиқ сув қуйинг ва паст оловда беш дақиқа димланг. Дамлама тайёр бўлгач, уни бирор ширинлик билан ичинг.

Қон босими ошганда эса наҳорда ва кечқурун оч қоринга овқатдан 15-20 дақиқа аввал 1 чой қошиғида седанани қовурилмаган кунжут билан биргаликда янчиб ейиш лозим. Муолажа муддати — 6 ой.

Седананинг хомидан бир мисқол олиб, матога ўранг ва 1 кеча-кундуз сиркада ивитиб қўйинг. Кейин уни эзиб, сиздириб олинг-да, эрта тонгда бурунга томизинг. Бу муолажани 2 кун давом эттирсангиз, кифоя. У совуқдан бўлган бош оғриғини даф этади. Бурун тешигидаги тиқилмаларни очади, тумов ва бурундан сув оқишни тўхтатади, шунингдек, юзнинг бир томонга қийшайиб қолиши иллатини бартараф қилади.

Седанани то ҳиди чиққунга қадар қовуриб, кейин туйинг ва зайтун ёғида пишириб, ўша ёғдан уч-тўрт томчи бурунга томизинг. Бу томизғи тез-тез акса келтирадиган тумовга яхши шифо бўлади.

Иммунитет пасайиб кетганида уни кучайтириш учун седанани янчиб, асалга аралаштириб, ҳар тонг наҳорда иккита нўхатчалик катталикда истеъмол қилинг.

Соч тўкилганида 15 г седанани 50 мг узум сиркасига аралаштириб, бир кунга бостириб қўйинг. Сўнгра сиздириб олинг-да, ҳовончада обдан туйиб, соч илдизига суртинг. Бу малҳам нафақат соч тўкилишининг олдини олади, балки сочларингизнинг ўсишига ва ёрқинлашишига ҳам ёрдам беради.

Седана чойи доим ичиб юрилиши керак бўлган чойдир. Бунинг учун 1 стакан қайноқ сувга 1 чой қошиғида янги янчилган седана солинг ва устини ёпиб, 10 дақиқа тиндиринг. Сўнгра сузиб олиб ичинг. Ундан 1 кунда 2-3 стакан ичиш мумкин.

Астма ва йўталдан халос бўлиш учун кўкрак қафасига седана ёғи билан зайтун ёғи аралашмасидан суртиб, яхшилаб уқаланг. Кечаси ухлашдан олдин эса 0,5 чой қошиқ миқдорида седанани тил остида ушланг.

Ич кетишида 1 чой қошиқ седана ёғини 1 пиёла қатиқ билан аралаштиринг-да, бу аралашмани 3 кун мобайнида кунига 2 марта истеъмол қилинг.

Агар бош оғриғи азобласа, овқатланишдан олдин 1 ош қошиқ янчилган қора седана, 1 ош қошиқ янчилган шивит, 1 ош қошиқ янчилган қалампирмунчоқ  аралашмасидан 1 ош қошиқ енг. Аралашмани ютиш учун у енгил бўлгунга қадар оғизда ушланг ва оҳисталик билан ютинг. Сув билан истеъмол қилманг!

Ревматизмда бироз миқдорда зайтун билан аралаштирилган седана ёғини қиздириб, оғриқ бор жойга суртинг ва яхшилаб уқаланг. Кечаси уйқуга ётишдан аввал асал қўшилган седанали чой ичинг.

Қулоғингиз оғриганда седана ёғини бироз қиздириб, илиқ ҳолатда қулоғингизга томизинг ва ана шу иссиқликда қулоқ атрофига суринг.

Седана уруғидан дамлама тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган идишга 1 стакан қайнаб турган сув қуйиб, устига уруғидан 1 чой қошиқ солинг ва идишнинг оғзини ёпиб, 1 соатга дамлаб қўйинг. Сўнгра докадан сузиб, дамламадан кунига 3 маҳал 1 ош қошиқдан ичинг.

Хотирангизни яхшиламоқчи бўлсангиз, ялпизни қайнатиб, асал ва 7 томчи седана ёғи билан аралаштиринг-да, иссиқ ҳолатда хоҳлаган пайтингиз ичинг. Чой ва қаҳва ичишни камайтиринг.

 

Ҳордиқ газетасидан олинди

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here