«Мени ҳаётда ҳам фолбин деб ўйлайдиганлар кўп»

0

Ўзбекистон халқ артисти Азиза Бегматовани танимайдиган, бетакрор ижроларидан завқланмаган инсон бўлмаса керак. 51 йилдан буён Ўзбек давлат драма театрида фаолият юритиб келаётган садоқатли ва ўз касбига фидойи актриса ҳамон фильм ҳамда телесериалларда фаол бўлишдан ташқари, оила деб аталмиш муқаддас даргоҳнинг ўзига яраша вазифаю қийинчиликларини ҳам бирдек уддалаб келаётир. Актрисанинг турли жанрдаги киноларда талқин қилган ҳар бир роли томошабин ёдида қолиши шубҳасиз. Аммо санъаткорнинг «ташриф қоғози»га айланган ўлмас образи ҳаммасидан бўлакча.

 

— Азиза опа, яқинда томошабинлар эътиборига ҳавола этилган «Қитмир кампир» фильмида бошқа ролларингизга ўхшамайдиган образни гавдалантирибсиз. Эшитишимизча, роль сиз учун махсус ёзилган экан…

— Биласизми, бу фильмнинг катта экранларига чиққанига анча вақт бўлса-да, аммо ҳалигача мухлисларим, ҳамкасбларим ва таниш-билишлардан илиқ фикрларни эшитяпман. Кино элимизга манзур бўлганидан, беҳад қувондим. Чиндан ҳам кўпчилик «Роль сиз учун махсус ёзилганми, фильмда ўзингизни ўйнабсиз-ку?!» дея мурожаат қилмоқда. Картина режиссёри Гўзалхон Юсупова менга қўнғироқ қилиб, «Азиза опа, қитмир кампир тўғрисида кино суратга олиш ниятидаман. Бош ролда фақат сизни кўряпман. Сценарийни ўқигач, фикр-мулоҳазаларингизни айтсангиз», деди. Орадан бир неча кун ўтгандан сўнг Гўзалхон билан учрашдик. Сценарий билан танишгач, роль ўйнашга розилигимни айтдим. Фильмдаги образим кейинги пайтда ўзим истаган роль бўлганлиги учун суратга олиш жараёнида яйраб ишладим. Кинони кўрган бўлсангиз, қаҳрамоним ҳазилкаш, қитмир кампир. Онахоннинг хатти-ҳаракати, қилиқларини ўхшатишга ва томошабинни ишонтиришга ҳаракат қилиб, ўзимдаги бор имкониятни ишга солдим.

— Фильмнинг тез фурсатда муваффақият қозониб, мухлислар қизиқишига сабаб бўлишини билганмидингиз?

— Режиссёр сценарийни қўлимга тутқазаётганда, «Қаҳрамонингизнинг ҳаётда прототипи бор. Барча воқеа-ҳодисалар реал ҳаётдан олинган», деган сўзларни айтди. Унинг фикрлари янада иштиёқимни ошириб, қитмир кампир ролини талқин қилишимга маълум маънода сабаб бўлди. Қаҳрамонимнинг деярли барча либоси гардеробимдан топилди. Айниқса, томошабинларнинг премьерадан кейин «Қитмир капмир» ҳам енгил-елпи, бачкана кино бўлиб, у орқали қайнона-келиннинг уриш-жанжалини олиб чиқишган бўлса керак-да, деб ўйлагандик. Аммо кинони кўрганимиз сари юқоридаги ўй-фикрларимиз тумандек тарқаб кетди. Маҳоратингизга қойил қолдик. Сизни яна қайтадан кашф этдик. Картина сўнгидаги гапларингизни эшитиб эса йиғладик. Фильм ижодкорларига катта раҳмат», дея билдирган сўзларини эшитиб, касбимга нисбатан меҳр-муҳаббатим янада юксалди ва ижодий жамоанинг меҳнатлари зое кетмаганига амин бўлдим. Ижарачи кампирнинг ҳолатига тушиш, яъни ёлғизликни ҳеч кимга раво кўрмайман. Ҳамма қариган чоғида бола-чақаси, набиралари ардоғида умргузаронлик қилсин. Бундай гўзал бахт ҳар биримизга насиб айласин.

— Сиз инжиқ актрисамисиз?

— (ўйланиб) Менимча, инжиқ актрисалар тоифасига кирмасам керак. Негаки шу пайтга қадар ҳеч бир режиссёр билан айтишиб, орамизга тушунмовчиликлар тушмаган. Ҳар қандай шароитда ҳам борига қаноат қилиб, мослашишга интиламан. Режиссёрлар мени муносиб, деб топган ролни улар айтгандек ўйнаб беришга ҳаракат қиламан.

— Ҳар бир даврнинг ўз томошабини бўлади. Бугунги томошабиннинг олдингисидан фарқи нимада?

— Ҳозирги томошабинларни ҳайратлантириш бироз мушкул эканлигини, тан олиб айтиш керак. Бугунги тараққиёт, глобаллашув асрида инсонларнинг ахборот олишга бўлган эҳтиёжи кун сайин ортиб боряпти. Телевизор, радио, газета-журнал, интернет орқали бир вақтнинг ўзида олинаётган турли ахборотлар ҳам кишилардаги ҳайрат туйғусининг сўнишига оз бўлса-да замин яратмоқда.

10-15 йил аввалги томошабинлар спектакль жараёнида қаҳрамон йиғласа йиғларди, кулса куларди. Бугун бундай ҳайратдан ёқа ушлайдиган мухлислар жуда кам. Кейин олдин томошабин бугунгига ўхшаб уйига шошилмасди, жуда сабрли эди. Театр залида ҳар куни бирортаям бўш жой қолмасди. Спектакль тугагач, томошабинлар биз билан мулоқот қиларди. Актёрлар билан биргаликда томошабиннинг ҳам савияси ҳар спектаклдан кейин бир поғона ўсганини кўрардик. Бугун ҳам ҳақиқий томошабин бор. Бироқ уларнинг сони оз. Ўйлайманки, яқин йиллар ичида асл мухлислар сафи янада кенгаяди.

— Бир қанча фильмларда фолбин ва лўли аёллар образларини маромига етказиб ижро этгансиз. Айтишларича, сизни фол очаркан деб, театрга ҳам излаб келишган экан…

— Мақтанишга йўйманг-у, эпизод бўлса ҳам образларимнинг юки борлиги боис ҳамиша томошабин ёдида қолади. Бундай ролларни ишонарли тарзда ўйнашимда ҳаётда, ён-атрофимда, бозорда, кўча-кўйда кўрганларим асқатади. Шу кунгача ўнга яқин фолбин, лўли аёллар ролини талқин қилдим. Ҳаётда фол, фолбин бир ёқда турсин, ҳатто ирим-сиримларга ҳам сира ишонмайман. Бироқ халқимизнинг соддалигини кўрмайсизми, ёнимга фол очишимни сўраб келган аёллар ҳам бўлган (кулади).

Адашмасам, бундан ўн йиллар олдин театрга бир аёл мени излаб келиб, қизининг ҳомиладорлигини, туғилажак набираси қиз ёки ўғил эканини айтиб беришимни сўради. Гап орасида куёви бу гал ҳам қиз фарзанд туғилса, тўрт нафар қизидан ҳам воз кечиб, ажрашиш ниятида юрганини айтди. Унинг кўнглига оз бўлса-да, ёруғлик олиб кириш мақсадида, «Худо хоҳласа, қизингиз ўғил фарзандли бўлади», десам, у аёл қувончи ичига сиғмай, «Агар ўғил набира кўрсам, сизга сарпо қиламан», деди. Орадан бир неча ой ўтиб, эшитсам, ўша аёлнинг қизи ҳақиқатдан ўғил фарзанд кўрибди. Бундан ўзим ҳам қувонганман.

— Илк бор саҳнага «Тошкент — нон шаҳри» спектаклидаги Серёжа ролингиз, яъни ўғил бола қиёфасида чиққан экансиз. Бу ёш актрисага қийинчилик туғдирмаганми?

— Ўзига яраша қийинчилилар бўлган, албатта. Ўшанда Ёш томошабинлар театрига ишга борганимда бутун жамоа Александр Неверов қаламига мансуб «Тошкент — нон шаҳри» спектакли устида ишлаётган экан. Тасодифан ўша куни Серёжа ролини ўйнаётган актёр касал бўлиб, ишга келмабди. Шу ролни менга ишониб топширишди. Партнёрларимнинг барчаси ўғил болалар эди. Аввалига уларнинг бир-бири билан уришадиган саҳналари борлигини билгач, мени қаттиқроқ туртиб юборишса, нима қиламан, дея ўйланиб, бироз қўрққанман. Буни тан олмай иложим йўқ. Қаҳрамонимнинг бир қанча хатти-ҳаракатларини бажаришдан бош тортиб, ҳатто ролни ўйнамасликка ҳам қарор қилганман. Аммо бир амаллаб Серёжани ўйнатишган. Спектакль ўша пайтда роса шов-шув бўлган. Премьерага олимлар, санъаткорлар, буюк шахсларнинг ташрифи ҳеч ҳам ёдимдан чиқмайди. Айнан шу ролим учун Театр фестивалида «Энг яхши актриса» деб топилганман.

— «Чеча» спектаклида чанқовуз чаладиган саҳнангиз бор. Чанқовузни чалишни махсус ўрганганмисиз?

— Таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошевнинг катта хизмати ва ёрдами туфайли актёрнинг иқтидори режиссёрнинг қўлида эканини тушуниб етганман. Чечанинг яратилишига ҳам айнан Баҳодир Йўлдошев сабабчи бўлган. Бу саҳна асарида халқнинг ўлмас урф-одатлари, етти пуштни билиш шартлиги, оилага муҳаббат, ўзбек тили ва шеваларнинг бетакрорлиги — барчаси мужассамлашган. Шунинг учун ҳам спектакль катта муваффақият қозонди.

Чанқовуз чалишни кимдандир махсус ўрганмаганман. У онамдан ёдгорлик. Аслида, чанқовуз чаладиган саҳна спектаклда йўқ эди. Уни режиссёр билан маслаҳатлашган ҳолда киритганмиз. Ҳозир ҳам қаерга тўй-тадбирларга борсам, албатта, ёнимда чанқовузимни олиб юраман. Уни чалиб беришимни мухлислар талаб қилишади. Спектаклда кийган барча кийимларим ҳам онамники. Уларни Сурхондарёга борганимда, олиб келганман. Айримларини волидамнинг ўзи тикиб берган. Уларни учрашувларда, саҳнада кийганимда онамнинг руҳи ҳам мен билан бирга эканлигини  қалбан ҳис қиламан.

Спектакль намойиш этилганидан сўнг юртдошларимиз мени Чеча деб чақиришадиган бўлишди. Албатта, бу мени қувонтиради. Чеча ролим бўлмаганида, бугун «Бутун умр театрда ишлаб ҳеч нарса қилмабман-а», деб ўзимдан-ўзим аниқ хафа бўлардим (кулади).

— Илоҳим, ўйлаган барча орзу-мақсадларингиз ижобат бўлсин. Самимий суҳбат учун раҳмат!

Миролим ИСАЖОНОВ суҳбатлашди.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here