Янги йил ҳақида эски шеърлар

0

КЕМАЛАР

Кеманг қай сувларда сузиб борар, айт,
То сўнгги кунгача сарфлаб сўнг кучин.

Булат Окужава

Янги йил ҳам, мана, эскирди,
Лекин тўлиб-тўлмади кўнгил.
Наздимизда жуда тез кирди
Ҳар йилгидан шошиб Янги йил.

Сарҳисобга ҳали улгурмай,
Янги ҳисоб чўт тутар бизга.
Гоҳ тамаки, гоҳо ўткир май
Мадад берар ўйлашимизга.

Биз ўйлаймиз: «Хўш, умр нима?» –
Яратгандан туюб хижиллик.
Аслида у – чайқалган кема,
Ботмай сурар сувга уч энлик.

Бўронларга у туриб беткай,
Мавжлар билан курашар беҳол.
Лекин ҳамон узоққа кетмай
Елканида ўйнайди шамол.

Ҳар бир кема денгизда танҳо,
Гарчанд бошқа кемалар ҳам кўп.
Битта издан юрмайди асло:
Ўз йўлим бор, дейди ҳатто чўп.

Қора кема, оқ кема… Боқ-чи,
Лол қолдирар ранги, бўёғи:
Шоҳлик даъво қилган қароқчи
Ва подшонинг бир хил байроғи.

Не байроқлар, не-не кемалар
Ўзларининг тонар рангидан.
(Бўялмайди дейсиз нималар
Денгиздаги яшаш жангида!)

Гоҳо шоир, гоҳо файласуф:
«Тўхта!» дея кўтарса ҳам қўл,
Қора нафсдан кечмас, таассуф,
Кема бўлиб сузаётган йўл.

Лекин бир кун навбатма-навбат
Чўкиб кетар бари кемалар:
Бири шафиқ, бири бешафқат,
Ёш кемалар, қари кемалар.

Баъзисини тортиб оларлар,
Қанот боғлар унга ёш авлод.
Сўнг ташлаб у қуёшга лангар
Яшар бўлиб ёниқ хотирот.

Ҳеч ким боқмас баъзиларига
Кўринса ҳам мачтаси ҳатто, –
Ботиб кетар зулмат қаърига,
Унутилар маҳшаргача то.

Бизнинг кема шулардан бири,
Навбат келиб чўкади у ҳам
Ва ҳаёту мамотнинг сири
Аён бўлур фақат ўша дам.

Шукр, ҳозир кемамиз, аммо,
Чайқалса ҳам мавжни ёради.
Сер солсангиз, кемамас – хато,
Тоғдек хато сузиб боради.

Келганида ҳар гал Янги йил
Сал эскирар, не тонг, кемамиз.
Сиғмаса ҳам гоҳ кўнгилга қил,
Тешикларни тезроқ ямангиз.

Келинг, дўстлар, яна сузайлик,
Янги йиллар кўп-кўп эскирсин.
Эзгуликдан умид узмайлик,
Бизларга ҳам андак эс кирсин

Ва кемамиз, шишиб елкани,
Омад тилаб Синдбод қўлидан,
Сузиб кетсин бахтли бўлгани
Ой йўлидан, Қуёш йўлидан!

Тошкент,
2007

Абдулла ШЕР,

«Ёмғирлар оралаб» китобидан

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: