Нотиқ

1

Зиёд Йўлдошевич тўйда оташин ўтирди. Микрофон олдида сўз олган ҳар бир кишига қозонига бехос чўмич солган бегонага қарагандай ғайирлиги келаверди.

«Ҳали шошмай тур, сўзга чиққанда ҳақиқий нотиқ қандай гапириши кераклиги ҳақида дарс бераман». Шу ўйлар ғужғон урди Зиёд Йўлдошевичнинг кўнглида. Унинг одати шу: қанақа тадбир бўлмасин, кунда жилла қурса бир марта сўзга чиқиб, уч-тўрт бор қарсак эшитмаса, кўнгли жойига тушмайди. Бир гал-ку, мотам митингида қарсак кутавериб оломонни уч соат тик оёқда ушлаб турганди. Агар шу «режалар» бажарилмаса, уйдаги невараларга қийин бўлади. Тунда айни тўртинчи уйқуни уриб ётганларида…

Йўқ, тўй тугаб, ёр-ёр садолари янгради ҳамки, Зиёд Йўлдошевич ўз исмини эшитмади.

Ҳамияти тутди. Вилоят миқёсидаги катта-катта тадбирлару казо-казо йиғилишларни ўз нутқи билан безаган шундай ҳурматли шахсни аллақандай бетайин тўйда назар-писанд этмаганлари алам қилди. Ана шу дилсиёҳлик сабаб йўл бўйи қорни оғриб қолган кишидай тўлғаниб-тўлғаниб ўтирди. Ҳаммасидан эртага «Зиёд Йўлдошевич тумандаги ҳамкасби тўйига бориб, сўзга чиқмасдан қайтибди», деган гап урчиши мумкин. Обрўсига соя тушишидан хавотирланди.

Охири чидаёлмади. Даст ўрнидан турди-да, югуриб шофёр ёнига борди.

Автобус руль чамбарагига ёпишиб, бақира кетди:

— Тўхта, тўхтат деяпман.

Ҳайдовчи буйруқни бошқа маънода тушунди:

— Шошилманг, домла. Бу ер гавжумроқ экан, холироқ ерда тўхтатаман.

— Йўқ, шу ерда тўхтат! — Гап оҳанги янада кескинлашди Зиёд Йўлдошевичнинг.

Шофёр бир томони чолнинг важоҳати, иккинчи томони «ҳар ҳолда, кекса одам, зарурат безовта қилиб…» деган ўйда тормозни босди.

— Энди, ҳаммангиз тушинг. — Зиёд Йўлдошевичнинг автобусдагиларга қарата айтган сўзлари ҳаммани бемаҳал вақтга тўғриланган будильник овозидек безовта қилди. Ҳар ёқдан тажанг товушлар эшитила бошлади.

— Нима дейсиз, домла, шу ерда гапираверинг!

— Нутқ сўзламоқчидир-да. Тўйдаги аламини биздан олади энди.

— Бу кишининг онаси минбарга бошқоронғи бўлган чоғи…

Аммо Зиёд Йўлдошевич сиртига сув юқтирмади. «Бутун жаҳон тарихида нотиқларга осон бўлган эмас, — ўйлади у. — Цецерон суд залидаги нотинч, безовта оломоннинг овозини босиш учун денгиз шовқини олдида машқ қилган. Бобур улкан қўшиндан қўрққан аскарларини жанг майдонидаги ваъзи билан ғалабага бошлаган. Менинг чекимга эса мудроқ оломонни сергаклантириш тушибди. Ахир, айтишган-ку: «Воиз улдурки, мажлисига холи кирган тўлғай ва тўла кирган холи бўлғай». Қолаверса, ҳали ҳеч ким оломонни автобусдан тушириб, нутқ сўзлаган эмас. Демак, бу янгилик воизшуносликда менинг номим билан қолади».

Зиёд Йўлдошевич гўё юз йилдан кейинги тарих китобларидан ўз номини ўқигандек қувониб кетди. Кўнгли тўлиб, кўзига бир-икки томчи ёш айланди. Аввалги таъналарни батамом унутиб, илжайганча, дабдабали оҳангда сўз бошлади:

— Ўртоқлар, биз бугун жуда катта тарихий жараённинг гувоҳи бўлиб турибмиз…

— Об-бо, эски кассетани қўйдилар-ку, — деди кимдир эснаб.

— Йўқ, буниси янги «запис». Фақат эскисини сал-пал «корректировка» қилганлар.

Аммо Зиёд Йўлдошевич луқмаларга яна эътибор бермади. Жўшқин нутқини давом эттирди:

— Биз ҳозиргина катта тантаналар билан ўз висол айёмини ўтказганига гувоҳ бўлганимиз — икки бахтиёр ёш оила аталмиш янги ҳаёт академиясини яратиш сари йўлланма олдилар. Қалай…

Зиёд Йўдошевичнинг «қалай»и қарсак кутгани эди. Шу боис бироз тин олди. Аммо сўз тугади, деган маънода чалинган бир-икки қарсак ҳам бурчак-бурчакдан келаётган хуррак овозини босолмади.

Шундан кейин Зиёд Йўлдошевич узоқ маъруза қилди.

Ўз ваъзидан ўзи таъсирланган Зиёд Йўлдошевич ўйлади: «Бунақа илҳом ҳар қачон келавермайди, афсус, диктофон олмабман, ҳозирги нутқимни ёзиб олсам, бир китоб бўларди…»

Ниҳоят, узоқ тўлғоқдан қутулган аёлдай юзи ёришган Зиёд Йўлдошевич хаёлий қарсаклар оғушида унинг нутқидан безовта бўлмаган биргина киши — аёли ёнига ўтирди. Кампири норозиланиб сўз қотди:

— Маърузангиз бор бўлсин, хўжайин, одамни уятдан ўлдирдингиз —  «Зўр сўзладингиз», деган мақтовни кутган Зиёд Йўлдошевич, кайфияти яхшилигиданми, таънага эътибор бермади:

— Бу ҳам бодилик-да, хотин, — сўнг руль чамбарагига суяниб мудраётган ҳайдовчига қараб қичқирди. — Автобусни ҳайдайвер, шопир болам, энди кетсак ҳам бўлади.

Акбар РУСТАМОВ,

«Оила даврасида» газетаси

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

1 ТА ФИКР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here