Қулоқни қачон тешса бўлади?

0

— Эгизак қизларим борУлар эндигина уч ойлик бўлишди. Қайнонам уларнинг қулоқларини тештириб, зирак тақмоқчи. Қизларимнинг қулоғини айни пайтда тештирсак бўладими?

Зиёда ЭШНАЗАРОВА,

Тошкент шаҳри.

«Оила даврасида» газетаси.

Олти ойгача қулоқни тешманг!

— Шифокорларнинг айтишича, қиз бола олти ойлик бўлгунга қадар қулоғини тешиш тавсия этилмайди, — дейди косметологшифокор Мадина ­МАҲМУДОВА— Чунки бу даврда бола танаси ҳали мустаҳкам бўлмайди, тешилган жойга турли инфекциялар тушиши эҳтимоли катта. Бир ёшли болага ҳам зирак тақмаган маъқул. Чунки бола бехос тушиб қолган майда буюмни оғзига солиб ютиб юбориши ёки қулоқ ичига киритиб юбориши мумкин. Бу эса, жиддий оқибатларни келтириб чиқариши аниқ. Бола қулоғини 1,5 ёшдан кейин тешган маъқул. Бу ёшда бола ҳали қўрқувни ҳис этмайди ва оғриқни тез эсдан чиқаради. Катта ёшли бувиларимиз «Қалдирғоч келгунига қадар қулоқни тештириш керак», дейди. Бу гапда ҳам жон бор. Негаки, қишда совуқ ҳарорат туфайли қулоқ йиринглаб кетиши мумкин. Ёзда эса чанг ва иссиқ ҳарорат туфайли тешилган жойнинг битиши чўзилиб кетади. Айнан шунинг учун ҳам эрта баҳор ва кеч куз палласи қулоқ тештириш учун энг қулай фурсат ҳисобланади.

Айтиш жоизки, қулоқнинг юмшоқ қисмида биологик фаол нуқталар жойлашган бўлиб, улар танамизнинг маълум аъзоларига ўз таъсирини ўтказади. Қулоқнинг хавфсиз, яъни биологик нуқталардан ҳоли жойини мутахассис шифокор аниқлаб бериши мумкин.

«Тўппонча» услуби

Ҳозирги вақтда «Тўппонча» усули билан қулоқни тешиш урф бўлган. «Тўппонча» билан тешишнинг фойдали томони шундаки, тешиш жараёни тез, енгил ва оғриқсиз бўлади. Болада қўрқув ҳисси пайдо бўлишга улгурмайди. «Тўппонча» ичидаги зиракча махсус тиббий гипоаллерген металлдан ясалган бўлиб, у келиб чиқиши мумкин бўлган барча аллергик таъсирларни камайтиради.

Парвариш қилинг

Қулоқ тешилганидан сўнг, энг асосий вазифа яра ва йиринг пайдо бўлиши олдини олишдир. Қулоқ тешилгандан сўнг тўрт ҳафта давомида (тешик бутунлай битгунча) махсус зиракларни қизалоқ қулоқларидан ечмаслик керак. Икки-уч кун давомида бошни ювиш мумкин эмас.

Ҳар куни 3-4 маҳал тешик атрофини антисептик восита (фурацилин эритмаси ёки водород пероксидини сув билан аралаштириб) билан артиш, зиракни бироз бўшатиб, қимирлатиб қўйиш керак.

Махсус сирғаларни биринчи марта ечиш бироз қийинчилик туғдириши мумкин. Уларни эҳтиёткорлик билан, шошмасдан ечиш лозим.

Озода ВАЛИЕВА

тайёрлади.

Facebook'даги саҳифамизда янгиликларни кузатиш янада қулай!

Марҳамат! Аъзо бўлиш учун "Нравится страница" тугмасини босинг: